Умиджон СУЛАЙМОНОВ: Ёшлар маънавиятини юксалтириш йўлида янги ташабус


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат депутатлар нуқтаи назари

 

Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кечаётган глобаллашув ва унинг таъсирида шиддат билан ўзгараётган ҳозирги даврда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласи ҳамон олдимизда долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Зеро, эртанги кунимизни, халқимизнинг тақдирини ва мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини белгиловчи асосий куч айнан ўсиб келаётган фарзандларимиз, ёшлар қатлами саналади.

Шу боис, ёшлар масаласига доимо давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилиб, замон талабларидан келиб чиқиб, янги-янги ташаббуслар, долзарб чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар масаласига масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида соҳада ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилиниб, истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилгани аҳамиятга моликдир.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган 5 йўналишдаги ташаббус нафақат ёшларимиз балки кенг жамоатчилигимиз томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Президентмизнинг кейинги бир ой мобайнида Сирдарё ва Наманган вилоятларига ташрифи доирасида амалиётга жорий этилган мазкур ташаббусни бугун юртимизнинг барча ҳудудларига татбиқ этиш юксак самарасини беришини ёшларнинг бунга бўлган қизиқиши ва интилишларидан ҳам англаш мумкин.

Видеоселектор йиғилишида барча туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш, ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, санъат, мусиқа ва спорт билан шуғулланган ёшлар ҳамиша эзгуликка ошно бўлади, ҳам маънан ҳам жисмонан баркамол бўлиб вояга етади. Бундай ёшлар ҳеч қачон турли ёт ғояларга эргашмайди.

Шу маънода йиғилишда ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Албатта, бугун ёшлар мавзусида гап кетганда одатда ушбу қатламнинг замонавий гаджетларга, комьпютер ўйинларига берилиб кетаётгани тез-тез танқид қилиниши бор гап. Бироқ, ёшларнинг ушбу қизиқишларини ҳам фойдали соҳаларга йўналтириш мумкинлиги навбатдаги ташаббусда ўз ифодасини топди.

Яъни, айни шу мақсадда илғор халқаро тажрибаларга таяниб барча шаҳарларда ва туманлар марказида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш, бу марказларда электрон тижорат ва дастурлашни бепул ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида бизнес бўйича инновацион кўникмаларни шакллантириш, “стартап” лойиҳаларга ёрдам кўрсатиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади. Шу ҳолатларни ҳисобга олиб, янги ташаббус асосидаги “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларгабадиий, маърифий, ижтимоий мавзуларда 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда китоблар етказиб берилади. Ҳар бир шаҳар ва туман марказида биттадан намунали китоб дўкони ташкил этилиб, барча шаҳар ва туманларда кўчма китоб павильонларини жойлаштирилади, янги “Библиобус”лар қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизматини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам китобхонликни ривожлантиришга йўл очади, аҳолининг кенг қатлами маънавий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.

Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга, албатта. Ушбу ташаббусга мувофиқ 2019-2020 йилларда барча туманларда тикув-трикотаж корхоналарини ташкил этиш орқали хотин-қизлар учун 24 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Умуман, Президентимизнинг юқоридаги ташаббуслари жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришга, аҳолининг энг катта қатлами саналган ёшлар ва хотин-қизларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳам “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Фарзандлари соғлом – юрт қудратли бўлур”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳалари доирасидаги ўрганишларимизда ва ҳар ҳафта амалга ошириладиган аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш мақсадида ижодий, бадиий ва техник тўгараклар, маданий хордиқ чиқариш масканлари, кутубхоналар етишмаслиги каби масалалалар кўтарилар эди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан “Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури” ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги ҳар бир туман, шаҳарларда маҳаллалар кесимида турли сабабларга кўра, чет элга чиқиб кетган, диний оқимларга кириб кетган, шунингдек, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар доирасини аниқлаш, улар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказиш борасида ҳудудлардаги ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, Ўзбекистон ёшлари иттифоқи ҳудудий Кенгашлари вакилларидан иборат тузилган Ишчи гуруҳлари томонидан ушбу қатламдаги ёшлар билан самарали ишлар ташкил этилди.

Юқорида белгилаб берилган ташаббусларни жойларда, энг чекка ҳудудларда ҳам тўлақонли ижросини топишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиши муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси айнан ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларига қаратилган 10 дан ортиқ лойиҳалари доирасида юқоридаги вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилмоқда. Бу жараёнда депутатлик корпусидан фидойилик талаб этилади.

 

Умид СУЛАЙМАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

https://t.me/adolat_uz

https://www.instagram.com/adolat_sdp/

https://www.facebook.com/sdpu.adolat/

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!