Ташпўлат Матибаев: Ҳуқуқий маданият миллий ғоя даражасига кўтарилди


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат депутатлар нуқтаи назари
Viloyat: Тошкент шаҳар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, аҳолининг қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишига, жамиятда алдов, товламачилик, порахўрлик, коррупция каби иллатларнинг камайишига хизмат қилади. Фармоннинг рўёби йўлида давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, ижтимоий шерикчилиги муҳим ўрин тутади. Хуллас, бу жараёнлардан ҳеч ким четда турмаслиги лозим.

Ҳуқуқий маданият бўлмаса, биз фақат қонунларни ўргатиш ёки жавобгарлик билан қўрқитиш орқали ҳуқуқий бефарқликка барҳам бера олмаймиз, қонун устуворлигига эриша олмаймиз. Биз ўз ҳуқуқий маданиятимиз даражасини танқидий баҳолаб, муаммоларимиз сабаби аслида шу ерда эканини англашимиз керак. Шу сабабли ҳам юксак ҳуқуқий маданият миллий ғоя даражасига кўтарилаяпти. Президент фармонининг мазмуни, мақсади ва аҳамияти ана шунда аслида.

“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш дастури” бор эди, яна янги чора-тадбирларга не ҳожат дейишингиз мумкин. Ҳа, бор эди. Аммо 1997 йилда қабул қилинган дастур маънан эскиргани ва аниқ вазифалар қўйилмагани, амалга ошириш механизмлари белгиланмагани билан оддий атрибутга айланиб қолган эди. Оддий мисол: ҳуқуқ дарсларига боқинг. Мактабларда икки курс ҳуқуқий дарслар ўтилади: “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ҳамда “Конституциявий ҳуқуқ асослари”. Лицей-коллежларда эса “ҳуқуқшунослик” деган курс ҳам бор. Лекин қай биримиз паспортни вақтида олмасак, жарима тўлашимиз мумкинлигини мактабда ўрганганмиз? Ёки солиқ тўламаслик жиноят эканини ўқитувчиларимиз айтишганми?

Бизга Конституция неча бобдан иборатлиги, парламент нималиги, у ерда нечта одам ўтиришини ўргатишарди. Конституция кунига шеър ёдлардик, қўшиқ айтардик. Бироқ конституцион ҳуқуқларимиз бузилса, қаерга мурожаат қилишни билмас эдик. Кундалик ҳаётимизга, турмушимизга, тақдиримизга дахл қилувчи ҳуқуқларимиздан амалда фойдаланишни ўргатишмасди.

Эндиликда фармон билан мактабларда ҳуқуқ дарслари учун янги авлод дарсликларини яратиш ва ҳуқуқий таълим дастурини қайта кўриб чиқиш вазифаси белгилаб қўйилди.

Тан олиш керак, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Хусусан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида баҳоланиб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаганди.

Фармон билан мустаҳкамлаб қўйилдики, 2020 йил 1 январга қадар Ўзбекистон миллий ҳуқуқий интернет портали яратилади. Бундан ташқари, 2019 йил 1 июлга қадар аҳолига бепул маслаҳатлар беришни ўз ичига олган Advice.uz ҳуқуқий ахборот тизими ишга туширилади. Умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўлами янада кенгайтирилади. Аҳолининг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмалар тайёрланиб, хонадонларга бепул тарқатилади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун топшириладиган “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилади.

Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқий маданият кишиларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси, қонунларга бўлган ҳурмати, ҳуқуқий нормаларни ижро этиши, ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаси, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик, қонунларга итоаткорлик, ҳуқуқий фаоллик ҳамда ташаббускорлигини англатади. Жамият аъзоларининг юксак ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти жамиятимиз тараққиётини таъминлайди.

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг тўлиқ ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда фуқароларда қонунларга ва норматив ҳужжатларга нисбатан ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эга.

Айни шу мезонлардан келиб чиқиб, фармонда фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш бирламчи вазифалардан эканлиги таъкидланади.

Шу билан бирга, бу борада таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш назарда тутилмоқда. Бунда, айниқса, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституция моҳиятини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш бўйича ўзига хос тизим яратилади.

Ҳақиқатдан ҳам, ёш авлод онгида нима яхши, нима ёмон, нима мумкину нима мумкин эмаслигини, ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини одоб-ахлоқ нормалари асосида тушунтириб бориш ҳамда Бош қомусимиздаги энг муҳим тамойилларни содда тилда болалигидан ўргатиб бориш келажакда ўз самарасини беради.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли жуда муҳим. Шу боис миллий медиа маконда ҳуқуқий мавзулардаги рукнларга эътиборни янада кучайтириш, аҳоли ўртасида кўпроқ кўтарилаётган муаммоларни даврий нашрлар саҳифаларида, телевидение ва радио эшиттиришларида тушунтириб бориш зарур. Фармон билан ушбу йўналишда оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтиришга доир вазифаларнинг белгиланиши айни муддаодир.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раҳбарияти томонидан 2019 йил 24 январда қабул қилинган буйруқ асосида доимий фаолият кўрсатувчи ҳуқуқий тарғибот гуруҳи ташкил этилди. Буйруқ асосида ходимлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, раҳбар ва масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, тадбирлар ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланиш каби вазифалар қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, фармонда белгилаб берилган жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги муҳим йўналиш ва вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш барчамиздан масъулият ва фидойиликни талаб этади. Зеро, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гаровидир.

Ташпўлат Матибаев,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари,

 “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда жамоатчилик

асосида доимий фаолият кўрсатувчи хуқуқий

тарғибот гуруҳи раҳбари,

социология фанлари доктори

 

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

https://t.me/adolat_uz

https://www.instagram.com/adolat_sdp/

https://www.facebook.com/sdpu.adolat/

 

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!