Сўровларга эътиборсизлик қилаётган мансабдорлар жазоланиши шарт


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат Fraksiya yangiliklari

Бугунги кунда Олий Мажлиснинг ва ҳудудларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишлар сезиларли даражада фаоллашмоқда.

Айниқса, маҳаллий Кенгашларда депутатлар маҳаллий бюджетни тасдиқлаш, унинг ижросини назорат қилишдан тортиб, ҳудуддаги энг долзарб масалаларни бевосита маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўриб чиқиб, ҳал этмоқда. Шу билан бирга, сессияларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси депутатлик корпусининг фаолиятини тубдан ўзгартириб, қонунчиликда белгиланган ваколатлардан унумли фойдаланиш самарадорлигини оширмоқда.

Бироқ амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим омиллар, хусусан, парламент назоратининг муҳим институтларидан ҳисобланган депутат сўрови ва сенатор сўрови институтидан фойдаланиш, унинг кафолатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий масалалар борасида муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек, мансабдор шахслар томонидан парламент сўрови, депутат сўрови, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш учун жавобгарлик белгиланган. Аммо бу борадаги ўрганишлар ушбу жавобгарлик чоралари амалиётда деярли қўлланилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда.

Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўтган икки йил давомида мансабдор шахслар номига жами 526 та депутатлик сўровлари юборилган бўлиб, улардан 31 таси умуман кўриб чиқилмасдан қолдирилган, 58 тасининг эса кўриб чиқиш муддатлари узрли сабабларсиз бузилган.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида депутатлик фаолиятининг кафолатлари билан боғлиқ вазият бундан ҳам мураккаброқ бўлиб, бу борада махсус ўрганишлар 2017-2018 йиллар мобайнида депутатлик сўровларига ўз вақтида ёки умуман жавоб берилмаган ҳолатларда сўров юборилган мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари амалда деярли қўлланилмай келинаётганини кўрсатади. Масалан, “Адолат” СДПнинг маҳаллий Кенгашлардаги жами 850 нафарга яқин депутатлари томонидан 2017-2018 йилларда жами 10342 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, депутатлик сўровларини кўриб чиқмасдан қолдириш ҳолатлари 507 тани, кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ҳолатлари эса 1084 тани ташкил этади.

Умуман, ўтган икки йил мобайнида республикамиз бўйича барча даражадаги депутатлик корпуси аъзолари томонидан мансабдор шахсларга жами 62714 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, улардан 4499 тасининг кўриб чиқиш муддатлари узрли сабабларсиз бузилган, 2956 таси эса умуман кўриб чиқмасдан қолдирилган.

Ҳолбуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради. Шу сабабдан ҳам депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”, дея таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-моддасига мувофиқ маъмурий судлар томонидан 2017-2018 йиллар давомида атиги 12 та иш кўрилган, холос. Судлар томонидан 2017 йилда 8 нафар мансабдор шахсга нисбатан 7 та маъмурий иш кўрилган бўлиб, шундан 5 та иш бўйича 6 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган, 2 та иш эса тугатилган. 2018 йилда эса судларда жами 5 та шахсга нисбатан 5 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича жазо чоралари қўлланилган.

Судларда кўрилган ишлар сони жуда камлигининг асосий сабабларидан бири содир этилган ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ва уни судга ошириш механизмининг амалдаги қонунчиликда белгиланмаганлигидир.

Масалан, агар депутат сўровига белгиланган муддатда жавоб берилмаса, тегишли мансабдор шахсни жавобгарликка тортиш ҳақида депутатнинг ўзи судга чиқа олмайди. Боз устига, депутат маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ҳуқуқига ҳам эга эмас. Шу боис депутат бу масалада бошқа органларга мурожаат қилишга мажбур бўлиб, бу эса ортиқча вақт ҳамда процедураларни талаб этади.

Қолаверса, мансабдор шахснинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш борасида депутат мустақил қарор қабул қила олмайди, балки тегишли давлат органининг депутат таклифига рози бўлиши ёки рози бўлмаслигини кутади. Яъни депутат киритадиган материалнинг тўғри ёки нотўғрилигига суд эмас, балки судгача бошқа орган баҳо беради.

Юқоридагиларга асосланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда депутат, сенаторга тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш бўйича қўшимча киритиш таклиф қилинмоқда.

Таклиф этилаётган мазкур норма хорижий мамлакатлар тажрибасига ҳам тўлиқ мос келади. Чунончи, депутатлик фаолиятининг кафолатларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини юридик жиҳатдан расмийлаштириш механизми юзасидан хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, Россия, Польша, Украина, Молдова каби мамлакатларнинг миллий қонунчилигида мансабдор шахслар томонидан депутатлар фаолиятининг қонунда белгиланган кафолатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу жавобгарликни расмийлаштириш депутатнинг тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши асосида расмийлаштирилиши тартиби белгилаб қўйилган.

Албатта, миллий қонунчилигимиздаги бу каби ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, шунингдек, депутатлик корпуси фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида бошқа бир қатор ташкилий тадбирларни амалга ошириш депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, депутатларнинг нуфузи ва салоҳиятини кўтаришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга, пировардида эса ҳокимиятнинг бўлиниши ва унинг тармоқлари ўртасидаги ўзаро мувозанат принципини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП

фракцяси аъзоси

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!