Маҳалла раислигига муносиблар сайланади


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат
Viloyat: Тошкент шаҳар

Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида маҳаллаларни янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, шу билан бирга, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг замонавий талаблари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боис Президентимиз томонидан 2018 йили имзоланган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунлар бевосита маҳалла ҳаётига дахлдор бўлиб, унинг тараққиётини, фаолият мезонларини белгилаб берди.

Эътиборлиси, мазкур қонунлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблар асосида амалга оширишга қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда шу йил май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайлови янги қонун асосида ўтаётгани билан аҳамиятлидир. Бу сайловда республикамизда 9019 нафар, хусусан, Тошкент шаҳрида 508 та фуқаролар йиғинида раислар сайланади.

Аввало, ўзини ўзи бошқариш деганда, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, миллий ва маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги қонунлар билан кафолатланган фаолиятини тушуниш жоиз. Конституциямизнинг 105-моддасида “Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни (оқсоқолни) сайлайди”, деб белгилаб қўйилган.

Бу борадаги муносабатлар янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиниб, унинг 8-моддасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, фуқаролар йиғини органлари фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича 8 та комиссия ва тафтиш комиссиясидан иборатлиги белгиланган.

Фуқаролар йиғини раиси сайлови Президент томонидан 2018 йил 15 октябрда имзоланган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун талаблари асосида амалга оширилади. Шу ўринда, қонунларимизга киритилган сўнгги ўзгаришларга биноан оқсоқолнинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилгани, оқсоқол билан маслаҳатчиларнинг сайлови алоҳида ўтказилиши, оқсоқолни сайлашда сайловда иштирок этиш ҳуқуқи бўлган фуқароларнинг камида 12 фоизи иштирок этиши шартлиги белгиланганини таъкидлаш жоиз.

Фуқаролар йиғини раиси сайловида шу маҳалла ҳудудида доимий яшовчи, муомалага лаёқатли 18 ёшга тўлган фуқаролар иштирок этади. Иштирок этиш ихтиёрий ва эркиндир. Оқсоқол сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади. Номзод икки ва ундан кўп бўлиши керак. Сайловни ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан белгиланади.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади. Унинг таркибига оқсоқол, маслаҳатчилари, йиғиннинг бошқа ходимлари, оқсоқолликка номзодлар киритилиши мумкин эмас. Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ўтказилишидан камида беш кун олдин шу ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади. Ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг вакиллар сайлови бўйича умумий йиғилишларини ўтказади. Вакиллар бўйича баённомалар тузади. Фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда тегишли комиссияга тақдим этиш учун оқсоқол лавозимига номзодлар рўйхатини шакллантиради, сайловни ўтказади ва сайловга оид мурожаатларни кўриб чиқади. Ишчи гуруҳ оқсоқоллик лавозимига номзодларни сайловдан камида ўн кун олдин ҳоким билан келишиш учун тегишли комиссияга тақдим этади. Ҳоким номзодларни кўриб чиқиб, асослантирган хулосалари билан комиссияга, комиссия ишчи гуруҳга юборади. Ишчи гуруҳ номзодлар рўйхатини сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биноси ва гузарларга осиб қўяди.

Фуқаролар йиғини раислигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчи, ҳаётий ва иш тажрибасига ҳамда аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ва судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар, ҳарбий хизматчилар ва диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари оқсоқоллик лавозимига сайланиш учун номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ишчи гуруҳ раҳбарлигида ўтказилади. Кун тартибида саноқ комиссиясини сайлаш ва оқсоқолни сайлаш масаласи кўрилади. Саноқ комиссияси камида уч кишидан иборат таркибда сайланади. Номзодларнинг маърузаси алифбо тартибида ўтказилиб, улар ўзининг келгуси фаолият дастурини эълон қилади. Оқсоқолни сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди. Сайлов қутилари овоз бериш тугагандан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади. Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан баённома тузилиб, раис ва аъзолар томонидан имзоланади. Баённома саноқ комиссияси раиси томонидан ўқиб эшиттирилади ва фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) томонидан тасдиқланади.

Фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан ками, вакиллар йиғилишида вакилларнинг учдан икки қисмидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод оқсоқол лавозимига сайланган деб ҳисобланади. Фуқаролар йиғини раис (оқсоқол)лигига икки нафардан ортиқ номзод қўйилиб, биронтаси ҳам сайланмаса, энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу вақтда бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод оқсоқолликка сайланган ҳисобланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлангач, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) томонидан бир ой ичида фуқаролар йиғини кенгаши шакллантирилади, оқсоқолнинг маслаҳатчилари, комиссиялар ва тафтиш комиссияси сайланади.

Амалиётда фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли)ни туман (шаҳар) ҳокими ишдан бўшатганлиги тўғрисидаги мурожаатлар кўп учрайди. Хўш, ҳоким ўзининг қарори билан оқсоқолни вазифасидан бўшатиши мумкинми? Йўқ. Аммо қонунчиликда ҳокимлар тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашига жамоатчилик асосида раислик қилиши белгилаб қўйилган. Бу кенгаш оқсоқолларнинг ахборотини эшитиш ваколатига эга. Шунингдек, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) мувофиқлаштириш кенгашининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин. Ҳар чоракда оқсоқол ҳисоботи эшитилиб, унинг фаолияти қониқарсиз деб топилса, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан оқсоқол ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши мумкин.

Тошпўлат Матибаев,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари

(оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга

 кўмаклашувчи комисссияси раиси

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!