Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Расмий хабарлар

Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб бормоқда.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

1. Белгилаб қўйилсинки:

ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади;

болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъий назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;

болаларнинг давлат органларига бевосита қилганмурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди;

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли;

болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва кенг жамоатчиликнинг:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этишва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи бошқарув ходимларининг чекланган сони 2 нафардан иборат сектор тузиш;

2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгилаш;

қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойиллари ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилиши ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

3. Маълумот учун қабул қилинсинки, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъий назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Олий суди уч ой муддатда боланинг оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

 

4. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш
ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тизимида фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган “ишонч телефони” (республика доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган “тезкор алоқа”) ташкил этилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

 

Марказга мазкур “ишонч телефони” орқали болаларга кўмаклашиш механизмларини жорий этиш ҳамда махсус имкониятларга эга бўлган веб-сайтни ишга тушириш тавсия этилсин.

5. Ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаган, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаган, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаган ҳолларда;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этган жинояти учун суд томонидан белгиланган жазо ижро этиб бўлинган ёки ўтаб бўлинганидан кейин ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ҳолларда.

 

6. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан “Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилсин.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси икки ой муддатда иловага мувофиқ оналик ва болаликка оид статистик маълумотларни “stat.uz” веб-сайтига жойлаштиришни ва маълумотларни доимий равишда янгилаб боришни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашиш тизимининг тўлиқ ишлашини таъминлашга ҳамда муассасаларга оптик толали алоқа тармоғини ўрнатишга қаратилган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ҳамда йил якунига қадар мазкур тизимнинг тўлиқ жорий этилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунга ушбу қарордан келиб чиқадиган ҳамда унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга ва жамоатчиликнинг кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган ўзгартиришларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 сентябрга қадар:

а) Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий мақоми ҳамда бундай болаларни тарбиялаш учун жойлаштириш шакллари;

фарзандликка олувчи оилаларни тайёрлаш ва уларга кўмаклашиш тартиби;

етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ижтимоий ҳимояси, мулкий ва номулкий ҳуқуқларининг кафолатлари;

етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқий ёрдам олиш ва суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш;

етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар “Меҳрибонлик” уйлари ва интернатларни ўқиб тугатганидан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

б) Адлия вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда болалар уйлари, ногирон болалар учун “Мурувват” интернат уйлари, сил касаллигига қарши болалар санаторийси, “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчалари ва мактабгача таълим муассасаларида суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва қонунийликни таъминлашга қаратилган жамоат назоратини ўрнатишни назарда тутувчи амалий механизмни жорий қилишни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда уч ой муддатда:

а) Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига:

болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари ҳамда унинг олдини олишга оид чораларни;

судгача ва суд жараёнида жиноят процесси иштирокчиси бўлган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

б) Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олиш ўрнига, уларнинг жамиятга мослашувини таъминловчи механизмларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

в) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни ёлланма сифатида жалб этиш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди, шунингдек, ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш жинояти учун жавобгарликни оғирлаштирувчи нормалар билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни;

г) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг одам савдоси учун жавобгарликни назарда тутувчи 135-моддасини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир Факультатив протоколга (2000 йил 25 май, Нью-Йорк) имплементация қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда ходимларнинг ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар билан ишлаши бўйича методик қўлланма ишлаб чиқсин ҳамда ўз ходимларининг малакасини тизимли равишда ошириб борсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда:

Бош прокуратура, Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда васийлик ва ҳомийлик органлари тизимини қайта кўриб чиқиб, уларнинг мақомини белгилаш ҳамда фаолиятини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида қатнашиши учун қулай шароит яратиш мақсадида қонун ҳужжатларидаги “вояга етмаган” ва “бола” каби тушунчаларни бирхиллаштириш юзасидан ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ой муддатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини;

уч ой муддатда Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастурини тасдиқласин.

16. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия (О.Б.Муродов) ҳамда Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро эксперт гуруҳи (А.Ю.Мавлонов) бир ой муддатда тегишли кодекслар ишлаб чиқилишида фойдаланиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ювенал адлия тизимини жорий этиш бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда меҳнат қонунчилигига кўра ишга кириш ҳуқуқига эга бўлган болаларнинг меҳнатидан фойдаланишда уларнинг ҳуқуқлари кафолатланишини таъминловчи қоидаларни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

19. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А.Абдуҳакимов ва Т.К.Норбоева зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2019 йил 22 апрель

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!