“Экстремизм ва терроризм – тараққиёт кушандаси” мавзусидаги тадбир пресс релизи


Partiya yangiliklari: Press relizlar

ПРЕСС-РЕЛИЗ

 

Жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон миллий университетида “Экстремизм ва терроризм – тараққиёт кушандаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстеримизмга қарши курашиш Бош бошқармаси масъул ходимлари, партия фаоллари, профессор ўқитувчилар, талабалар экспертлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда жорий йилнинг 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ёшларга эътиборни кучайтириш уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда бу борадаги ишлар ижросини таъминлашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Эътироф этилганидек, келажагимиз эгаларининг тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Абдулла Авлоний ҳам “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”, деб бежизга таъкидламаган. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари эртага салбий оқибатларга сабаб бўлувчи бўшлиқларнинг олдини олиш ва эртамиз эгалари бўлган ёшларни маънавий баркамол ва жисмонан бақувват бўлиши учун ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, ёшларни санъат ва адабиётга қизиқтириш, жисмоний чиниқтириш, интернетдан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш, маънавиятини юксалтириш ва улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш каби масалалар устувор аҳамиятга эгадир.

Экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказаётган бир шароитда бу каби масалаларга бефарқ қарамоқ – келажагимизга беэътибор бўлмоқ эканлиги айни ҳақиқатдир.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак.

Албатта, ушбу йўналишдаги вазифалар ижросида нафақат соҳага бевосита масъул бўлган вазирлик ва идоралар балки, жамоатчилик, айниқса, сиёсий партиялар четда туриши мумкин эмас. Айни шундан келиб чиқиб ташкил этилган давра суҳбатида ҳам амалиётчилар, мутахассислар, олимлар, депутатлар ва партия фаолларининг мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф-тавсиялари тингланди.

Хусусан, маърузачилар томонидан таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари халқаро террорчилик ва экстремизм асосида, бошқа омиллар билан бир қаторда, жоҳиллик ҳамда тоқатсизлик ҳам ётганини БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг юксак минбаридан туриб алоҳида айтиб ўтди.  

Шу боис инсонлар онги учун кураш асосий вазифадир. Биринчи навбатда, ёшлар тафаккурини эгаллаб олиш талаб қилинади. Чунки экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

БМТга аъзо мамлакатлар вакиллари Ўзбекистоннинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлади.

Ёшлар фаоллиги остида ўтган давра суҳбатида экспертлар ва талабалар томонидан ҳам бир қатор фикрлар билдирилди. Хусусан, бугун ёшлар мавзусида гап кетганда одатда ушбу қатламнинг замонавий гаджетларга, комьпютер ўйинларига берилиб кетаётгани тез-тез танқид қилиниши бор гап. Бироқ, ёшларнинг ушбу қизиқишларини ҳам фойдали соҳаларга йўналтириш, турли ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, миллий маданиятимизга ёт, оммавий маданиятни тарғиб қилувчи видеоларни тарқатаётган шахсларга нисбатан қўлланаётган жазо чоралари ҳақида айнан ана шу тармоқларнинг ўзида хабар бериб бориш орқали ёшлар орасида интернет фойдаланиш маданиятини шакллантириш мумкинлиги қайд этилди.

Давра суҳбати якунида Президентимизнинг ташаббуслари ижросини таъминлаш, ёшлар орасида экстремистик қарашлар тарқалишига қарши кураш тизимида ёшлар ташкилотлари билан биргаликда сиёсий партиялар салоҳиятидан ҳам фаол фойдаланиш бўйича ҳамкорлик ишлари белгилаб олинди.

 

adolat.uz, https://t.me/adolat_uz, 71 288 46 54 (111)

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!