Талаба ёшларда толерантлик дунёқарашини шакллантиришнинг инновацион усуллари


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Партия Ҳаёти

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда ўтказилган 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Адолат” социал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Талаба ёшларда толерантлик дунёқарашини шакллантиришнинг инновацион усуллари” мавзусидаги жорий йилнинг 14 май куни бўлиб ўтган республика илмий-амалий конференцияси шу каби фикрлар билан ўз ишини бошлади.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н.Умаров, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Б.Очилов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, профессор Б. Ходиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенглик, аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтишди.

Конференцияда алоҳида қайд этилганидек, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Шу боисдан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам сайёранинг барча аҳолисини бағрикенгликка ва диний эркинлигини таъминлашга, жаҳолатга барҳам беришга қаратилган ҳужжат имзолаш бўйича ташаббусни илгари сурган эди.

2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди.

Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари, турфа дин ва эътиқодларни ҳурмат қилиш асносида барча даражада бағрикенглик ва тинчлик маданиятини рағбатлантириш мақсадида глобал мулоқотга кўмаклашишга доир халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ундашини қайд этиш лозим. 

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётгани юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.

Йиғилишда таъкидланганидек, “Бирдамлик”, бағрикенглик социал-демократиянинг асосий шиорларидан биридир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз сайловолди дастурида барча ижтимоий гуруҳларнинг миллий жипслиги, тотувлиги ҳамда уларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантиришни ўзининг бош мақсади сифатида белгилаб олган.

Конференцияда Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 140 га яқин миллий-маданий марказлар фаолияти, уларнинг ўз она тили, миллати тарихи, қадриятлари ва маданиятини ўрганиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ишлар тўғрисида келажак авлод эгалари – талаба-ёшларга маълумот берилди.

Анжуман доирасида Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини ўзида акс эттирган босма нашрлар, талабалар тақдимотлари, турли халқларнинг амалий санъати дурдоналари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, илмий-амалий конференцияси ишида фаол иштирок этган бир гуруг маърузачиларга сертификатлар топширилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!