121,7 млрд. сўм маблағларнинг ўзлаштирилмаганлиги депутатлар эътирозига сабаб бўлди


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Fraksiya yangiliklari

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ва 2019 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан олиб борилган ислоҳотлар натижасида ҳисобот даврида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

Натижада, 2018 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2017 йилга нисбатан 5,1 фоизга, жорий йилнинг I чораги якунига кўра эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоизга ўсиши таъминланди.

Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.

Таъкидланганидек, 2018 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 42,9 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 10,5 фоизни ташкил этади.

Таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига 2018 йилда ҳам биринчи даражали эътибор қаратилди.

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 48,3 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 20,7 трлн. сўм маблағ ажратилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан 4,7 трлн. сўмга ёки 29,6 фоизга кўп маблағлар йўналтирилганлиги фракция аъзолари томонидан ижобий баҳоланди.

Фракция аъзолари ҳисобот даврида, айниқса, мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мактабгача таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар ходимлари, дефектолог ва психологлари иш ҳақи миқдорлари сезиларли оширилди. Бу партия электорати ҳисобланган педагогларнинг фаровонлиги ва ижтимоий мавқеи кўтарилишига хизмат қилгани эътироф этилди.

Шунингдек, депутатлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида йил давомида давлат мактабгача таълим муассасаларига борадиган болалар сони қарийб 28 фоизга кўпайгани ва 838,7 минг нафарни ташкил этгани ижобий натижа эканлиги таъкидланиб, бу борадаги ислоҳотларни тизимли давом эттириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда болаларга тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолатини яхшилаш, тиббиёт хоналарини ташкил этиш ҳамда доимий ишловчи малакали мутахассислар билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига 2018 йилда Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 9,4 трлн. сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 21,9 фоизини ташкил этди.

Мамлакатда тиббиёт соҳасини тубдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида ушбу соҳада кўпгина ижобий натижаларга эришилаётгани билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар йил сайин ўсиб бораётганига қарамасдан, фракция аъзолари ушбу соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун режалаштирилган 121,7 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмагани алоҳида муҳокамага ва хақли эътирозларига сабаб бўлди.

Соғлиқни сақлаш тизимида асосий эътибор аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлашга қаратилаётгани бир пайтда юқорида қайд этилган бюджет маблағларини ўз вақтида ўзлаштирилмагани, тез тиббий ёрдам хизматларининг алоқа воститалари билан тўлиқ таъминлаш, фукароларнинг ягона электрон тиббий хартасини яратиш, ”Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ишлари якунланмаганлиги тизимдаги ислоҳотлар самарасига ўз таъсирини ўтказётгани таъкидланди.

Йиғилишда, шунингдек 2019 йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 2,8 трлн. сўм ажратилгани ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,1 фоизга ўсганлигига эътибор қаратишди.

Депутатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар партия Сайловолди дастурида белгиланган скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб боришга доир вазифаларга ҳамоҳанглигини эътироф этган ҳолда соҳага йўналтирилган маблағларни ўз вақтида ва мақсадли ишлатилишини таъминлаш уларнинг доимий назоратда эканлигини айтиб ўтишди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетларининг ижросини маъқулладилар.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!