Таълим тизимини ривожлантириш мамлакат келажагини ҳал қилувчи омилдир


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат Fraksiya yangiliklari

Мамлакатни янада тараққий эттириш, айниқса иқтисодиёти энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашида илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг аҳамияти жуда муҳим. Бунда, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ва демократик янгиланиш жараёнларида илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим ҳисобланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, юртимизда ўтган йилларда илм-фаннинг асоси бўлган таълим тизимини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, соҳанинг жадал ривожланишини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётига замонавий фан ютуқларини жорий этиш, мутахассисларга шароитлар яратиш, уларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам таълим ва фан соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Республика олий таълим муассасаларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, мамлакатимиздаги олий таълим тизимини ривожланган давлатлар олий таълим тизимига интеграция қилиш, касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, таълим дастурлари муддатини табақалаштирган ҳолда касбий таълимни ташкил этиш, рақобатбардош ва мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш механизмларини такомиллаштириш айниқса, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш ҳажмини босқичма-босқич оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳим вазифалар қаторида белгиланган. Бугунги кунда бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари куни кеча пойтахтимизнинг Олмазор туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан таниш мақсадида ташрифини дастлаб, Талабалар шаҳарчасидан бошлагани таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши бевосита Президентимизнинг назоратида эканлиги ва ушбу соҳанинг нечоғлик зарур аҳмиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Бугунги кунда Талабалар шаҳарчаси ҳақиқий илм масканига айланиб улгурган. Бу ерда жойлашган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида қарийб 25 минг талаба ёшлар таҳсил олиб, илмий фаолият билан шуғулланмоқда.

Президентимиз иштирокида Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилиш, мамлакатимизда илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга қаратилгани ўйлаймизки, ушбу соҳадаги яна бир муҳим қадамдир.

Учрашувда мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, илм-фан соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Фан тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, ўтган қисқа давр мобайнида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилингани натижада инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қулай замин яратилгани айтиб ўтилди.

Айниқса, “Буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” махсус портали ишга туширилиб, тижорат банклари билан 19 та янги стартап корхона ташкил этилгани илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш билан уйғунлашаётганидан далолатдир.

Бу эса партиямиз бир неча йиллардан буён кўтариб келаётган олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш, ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш каби ғояларнинг амалиётга тадбиқ этилаётганлигининг далолатидир.

Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш, ғолибларни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш, хусусан, мамлакат миқёсидаги ғолибларни тегишли мутахассисликлар бўйича магистратурага, халқаро олимпиада ғолибларини эса кейинчалик докторантурага ҳам синовсиз қабул қилиш чораларини кўриш белгиланди. Бу вазифалар ижросини таъминлаш биз депутатларга ҳам бир қатор масъулликни юклайди.

Хусусан, иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегиясини белгилашда, давлат таълим стандартлари ва малака талабларини қайта ишлаб чиқишда, талабаларнинг малакавий амалиётини самарали ташкил этишда биз бевосита масъул вазирликлар билан ҳамкорлик қилишимиз, соҳани ривожлантиришда назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш орқали амалий кўмак кўрсатишимиз зарур.

Айниқса, яқинда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президентимиз қарори билан олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишнинг янги механизмлари ва ёшларимиз учун бир қатор қулайликлар яратилди. Яқин кунларда олий таълимга кириш имтиҳонлари бошланишини ҳисобга олиб биз ўз чиқишларимизда аввало ушбу хужжатнинг маъмун-моҳиятини ёшларимизга тўғри етказишимиз ва Қарор ижроси сифатли бажарилишини назорат қилишимиз ҳам муҳим вазифаларимиздан бири.

Шунингдек, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган илм-фан соҳасини жадал ривожлантириш ва дунёнинг энг илғор давлатлари қаторига қўшилишимиз учун соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам маромига етказиб тайёрлаш ва қабул қилинишини тезлатиш олдимиздаги асосий вазифамиздир.

Шу билан бирга ушбу вазифаларни бажаришда “Адолат” СДП бош вазифаларидан ҳисобланган мамлакатимиз таълим тизимини фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга эътибор қаратишимиз лозимдир.

Зеро таълим тизими мамлакат келажагида ҳал қилувчи аҳамият касб этар экан, ундаги ислохотларни сифатли ва самарали амалга оширишда ҳаммамиз бирдек масъулмиз.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!