Илмли ёшлар – ватан келажаги


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат
Viloyat: НАМАНГАН

Давлатимиз раҳбарининг жойларга ташрифини ҳар доим катта қизиқиш билан кузатаман. Чунки мана шу жараён давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий фикрлар, навбатдаги вазифаларга доир муҳим йўл-йўриқлар берилади. Ана шулар асосида иш юритилса, албатта муваффақиятга эришилади. Шулар ҳақида ўйларканман, кейинги пайтда Президентимизнинг шу йил 24 май куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлганида айтган бир қатор фикрларини қайта-қайта эсладим.

Дарвоқе, шу ўринда мен Шавкат Миромоновичнинг 2017 йил 2 декабрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биноси қурилиши билан танишиб, мамлакатимизда етакчи соҳа ва тармоқларни ривожлантириш, инновацион ғоя ва технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берганлиги ёдимга тушди. Бугунги кунда вазирлик илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли йўналишларини аниқлаш, хорижнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ихтисослашган илмий-экспериментал лабораториялар, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмалар ташкил этиш, замонавий илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўраётганлиги сезилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларининг инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилаётганлиги диққатга сазовордир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай, Вазирлик бежиз Талабалар шаҳарчасига жойлаштирилмаган. Чунки шу ердаги олий ўқув юртларида илм билан шуғулланаётган минглаб иқтидорли ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар билан яқиндан алоқа ўрнатиш имкониятлари мавжуд. Уларнинг изланишларини қўллаб-қувватлаш яхши самара келтириши аниқ. Бугунги кунда олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш ҳам катта аҳамият касб этади. Айни пайтда мамлакатимиз ёшлари орасида олий таълим муассасаларида ўқишга интилиш тобора кучаймоқда. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам билиш мумкин. Ўтган ўқув йилида олий ўқув юртларига республика бўйича 96 минг 950 талаба қабул қилинган эди. 2019-2020 ўқув йилида эса мазкур кўрсаткич 123 минг 170 нафарни ташкил этиши кутилмоқда. 2022 йилда эса у 180 мингтага етади.

Албатта, фақат миқдор ҳақида ўйламасдан, таълим сифати ҳақида ҳам бош қотиришга тўғри келади. Олий таълимга инновация инвестицияларини – хорижий таълим-илм технологияларини жалб этишга ҳам катта эътибор қаратилаётгани шундан. 2018 йилда юртимизда Россиянинг ва Жанубий Кореянинг 2 тадан, Латвиянинг битта олий таълим муассасаси филиаллари иш бошлади. Бу йил эса Ҳиндистон ва Россиянинг 2 тадан, АҚШнинг битта олий таълим муассасаси филиали талабаларни қабул қилади.

“Бизга сон эмас, сифат керак. Бунга эришиш учун эса хориж тажрибасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади. Илмий асосланган тажриба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш энг муҳим вазифамиздир”, деди давлатимиз раҳбари.

Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий-педагогик фаолияти ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, университет фаолиятини ривожлантириш ва унинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди. Университет ҳузуридаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги факультетлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Олий ўқув юрти кутубхонасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан ўтказилган учрашувда эса илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида фикр юритилди. Президентимизнинг келаси йилдан илмий муассасаларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимларга жуда маъқул тушди.

Учрашувда археология соҳасини янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Хусусан, Наманган вилоятидаги Ахсикент шаҳри харобалари тилга олинди. Маълумки, Х асрда пишиқ ғиштдан туннель шаклида қурилган ер ости сув таъминоти тизими топилгани юртимиз тарихи нақадар буюк эканидан далолат бериши эътироф этилди. Мутасаддиларга археологияни ривожлантириш бўйича алоҳида давлат дастурини қабул қилиш юзасидан топшириқ берилди.

Биз яқинда бир гуруҳ партиядошларимиз билан айнан мана шу археология ёдгорлигига саёҳат уюштирдик. Шунда аждодларимизнинг ўша пайтдаёқ шаҳарсозлик соҳасида катта салоҳиятга эга бўлганликларига ишонч ҳосил қилдик. Айни вақтда бу ерда очиқ осмон остида улкан музей ташкил этиш юзасидан кенг миқёсли бунёлкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу, илм-фан учун ҳам, аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий тарбияси учун ҳам нақадар муҳим аҳамиятга эгалигини ҳеч ким инкор эта олмаса керак.

Давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманидаги учрашувларида яна кўплаб зарур масалалар кўтарилди. Уларнинг ечимини топиш юзасидан бошланган ишлар албатта, самарали натижалар беради. Бу эса шак-шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини янги, янада юқорироқ босқичга олиб чиқади. Чунки илм-фанни ривожлантиришга, ёшларнинг изланишларини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳеч қачон ўзини оқламай қўймайди.

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!