Идоравий манфаатларни ифода этувчи нормалар фуқаролар манфаатини кўзлаб қайта кўриб чиқилди


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Fraksiya yangiliklari

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қуйи палатанинг мажлиси кун тартибига киритилган суд-ҳуқуқ, экология, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга оид бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция йиғилишида дастлаб, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан ушбу лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда қонун ҳаётий нормалар билан бойитилгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, қонуннинг дастлабки лойиҳаси идоравий манфаатларни ифода этувчи нормалар фуқаролар манфаатини кўзлаб қайта кўриб чиқилди ва амалиёт билан уйғунлаштирилди.

Шу билан бирга, меҳнат нормалари ва меҳнат шарт-шароитлари қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ишлари тўлиғича судга ўтказилди ҳамда лойиҳада келтирилган  бир қатор ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди. Хусусан, ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартибини, иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказишга доир қонун ҳужжатлари талабларини, ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш талабларини бузганлик учун қўлланилаётган жарималар лойиҳадан чиқариб ташланди.

Шунингдек, йиғилишда “Жиноятчиликка қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш орқали ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида охирги икки йил давомида жиноятчилик кескин камайишига эришилди. Хусусан, 2017 йилда жиноятчилик 16 фоизга, 2018 йилда эса 33,5 фоизга камайганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, ушбу соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларга қарамасдан айбланувчининг, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни, шу жумладан, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлашга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ҳамда суддан яширинган қидирувдаги шахсларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда. Бунинг натижасида содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирувдаги шахсларни қидириш учун катта куч ҳамда воситалар жалб этилаётгани амалдаги қонунларга зарур ўзгаришлар киритишни тақазо қилмоқда.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам бу каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, жиноятчиликка қарши курашишнинг энг самарали механизми бу жамиятда соғлом муҳитни ташкил этиш ва энг аввало салбий иллатларнинг олдини олиш – долзарб вазифа сифатида белгиланган.

Фракция йиғилишида депутатлар “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам мухокама қилдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасида атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонун мавжуд эмас. Мамлакатимиз иқтисодиётида атом энергиясидан фойдаланишни ривожланиши муносабати билан ҳамда Ўзбекистон “Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақида”ги бирлашган Конвенция (1997 й.) ва “Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликнинг асосий принциплари тўғрисида”ги Битим (1992 й.) ҳамда соҳасидаги бошқа халқаро ҳужжатлар иштирокчиси ҳисобланишини таъминлаш мақсадида ушбу лойиҳанинг ишлаб чиқиш заруриятини юзага келтирди.

Қонун лойиҳасининг асосий вазифаси атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ташкил этишдан иборат. Шунингдек, амалдаги атом энергияси тўғрисида барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлари билан мувофиқлаштириш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали миллий қонунчиликка атом энергиясидан муваффақиятли фойдаланаётган давлатларнинг ушбу соҳадаги энг самарали механизмларни жорий этиш режалаштирилган.

Фракция аъзолари томонидан, қонун лойихаси биринчи ўқишдан сўнг депутатларнинг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилганлиги, унда атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича  давлат сиёсатини асосий йўналишлари тўғрисида нормалар билан такомиллаштирилганлиги ҳамда ядро ускуналари ва мосламаларни сертификациялаш жараёнлари белгиланганлиги ижобий баҳоланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, қонун лойиҳаси “Адолат” СДП ғояларига мос бўлиб, партия дастурида мамлакат ривожига асосий таъсир кўрсатувчи қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланиш, ушбу соҳада норматив хужжатларни қабул қилиш ҳамда энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ва бу йўналишда бир қатор амалий ташаббусларларни ҳам илгари суриб келмоқда.

Йиғилишда муҳокама этилган ушбу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган таклифлар билдиришди ва фракциянинг муносабати билдирилди.

Анвар ЭГАМЫУЛОВ,

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!