Депутат халқ орасида: уйи бузилаётган фуқаролар мурожаатлари ўрганилди


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Fraksiya yangiliklari
Viloyat: НАМАНГАН

“Шарқ тонги” – Наманган шаҳрининг қоқ марказида жойлашган маҳаллалардан бири. У шундоққина марказий “Чорсу” бозорининг ёнгинасида. Атрофда савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш бинолари. Навоий номли театр, Бобур номли боғ ҳам узоқ эмас. Бу, бир жиҳатдан катта қулайлик туғдиради. Аммо очиғини айтганда, маҳалланинг аксарият кўчалари қинғир-қийшиқ, ҳовлилар тор, соя-салқин жойлар кам. Аҳоли узоқ йиллардан бери “уйларимиз ана бузилади, мана бузилади, шунда яшаш шароитимизни яхшилаб оламиз”, деб юрар эди.

Яқинда, аниқроғи, икки ой илгари шундай пайт ҳам келиб қолди. Шаҳар марказини қайта қуриш режасига мувофиқ маҳалладаги бир қатор эски ҳовлилар бузиладиган бўлди. Халқимиз аксарият ҳолда ҳар бир вазиятга тўғри тушунадиган, яхши гапга кўнадиган одамлардан иборат. Фақат кўнгилни ола билиш, фуқароларнинг дардини эшитиш керак. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган ҳолатда шундай ҳол юз бермади, шекилли...

Рамазоннинг дастлабки кунлари “Шарқ тонги”даги қатор хонадонларга шаҳар ҳокимлигининг вакиллари ташриф буюришди. Аҳолига уйларни бузиш ва кўчишга тайёрланиш ҳақида айтишди. Албатта, одамлар ҳам ўзларининг мулоҳазаларини билдирдилар. Уларнинг мазмуни шундай эди: “Бизларни рози қилсангизлар, дарҳол кўчишга тайёрмиз”. Бироқ ҳокимият вакиллари бу гапларга, юмшоқ қилиб айтганда, бепарво қарашди. Фуқаролар ҳам майли, рамазонни ўтказиб олайлик, кейин бир гап бўлар, деган фикрга бордилар.

Мана салкам бир ойки, маҳалланинг шу қисмидаги аҳоли хонадонларининг тинчи бузилган. Деярли ҳар куни ҳокимлик вакиллари одамларга тезроқ кўчиш кераклигини эслатишади. Улар ҳам ўз навбатида бизни рози қилиш керак, деган иддаони билдиришади. Масала шаҳар ва вилоят раҳбарлари қолиб, Тошкентгача етиб борди. Вазирлар Маҳкамаси-ю Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам воқеадан хабардор бўлди.

Шуҳрат Якубов, Парламентдаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Мен шаҳарнинг шу қисмидан депутат бўлиб сайланганман. Аҳоли вакиллари билан бевосита уларнинг хонадонларида бўлиб суҳбатлар ўтказдик. Партиямиз вакиллари бизга ҳамроҳлик қилишди. Очиғини айтганда, бузиш режалаштирилаётган хонадонларда яшовчилар биринчи навбатда мурожаатларини ҳеч тингламаётганидан норози. Мажозий маънода айтсак, ҳокимият дарёнинг бир соҳилида, аҳоли эса қарама-қарши томонда. Лекин ҳар қандай ҳолатда одамларнинг фикрлари билан ҳисоблашиш керак, деб ўйлаймиз. Шундагина фуқароларни рози қилиш мумкин.

Аобатта, одамларни ҳам тўғри тушуниш даркор. Улар ўзлари ёки ота-оналари қурган уй-жойлардан айриладилар. Агар эвазига бериладиган товон пули, хонадон ёки ҳовли уларга маъқул тушса, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмайди. Мана, улардан айримларининг мулоҳазалари билан танишинг.

Самарқанд кўчаси, 4-берк кўча, 4-уйда яшовчи Муқаллас Ғафурова:

– Умумий майдони икки сотих кемайдиган ҳовлида тўрт оила, жами 13 киши яшаймиз. Онам, мен икки ўғлим билан, шунингдек икки укам хотинлари ва беш фарзанди билан. Лекин бизга битта икки ва битта уч хонали квартира беришмоқчи. Биз шунга якка тартибда уй қуриш учун тўрт сотихли ер учасикаси ҳам қўшиб берилишини сўрадик. Шунда бузиладиган ҳовлидан чиқадиган қурилиш материаллари ва бериладиган товон пулидан фойдаланиб, уй қуриб олардик. Мумкин эмас, дейишади. Лекин қайси ҳужжатда шундай ёзилганлигини ёки ким бундай деганлиги айтилмайди. Ҳаммаси мавҳум, бу эса бизга ёқмаяпти.

– Самарқанд кўчаси, 9-берк кўча, 18 уйда яшрвчи Нигора Эгамберлиева:

— Бизнинг хонадонда ҳам кўпчилик яшайди. Менинг уч фарзандим бор. Икки акам ўз оиласи билан истиқомат қилади. Ўнта хонадан иборат уйларимиз бор. Ёрдамчи бинолар ҳам талайгина. Улар бузилса, бизга товон пули тўланиши керак. Аммо белгиланган маблағ миқдори бизни қониқтирмаяпти. Чунки баҳолаш нотўғри ўтказилган. Энди ўзимиз бошқа мутахассисларга баҳолатамиз, десак, кадастр идораси тегишли ҳужжатларни бермаяпти. Беш марта мурожаат қилдик, масала ҳалигача ҳал бўлмади. Ёнимизда қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартира беришни сўрагандик. Бу мурожаатга ҳам ҳеч ким эътибор бермаяпти.

Шу куни Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов яна бир қатор фуқаролар хонадонида бўлди. Улар орасида Акрамжон Тўраев, Муҳаббат Узоқова, Ибодулла Ҳусаинов ва бошқалар бор эди. Ҳамма ўзининг юзага келган вазият юзасидан фикрини айтди. Депутат барчасини таҳлил қилиб, тегишли идоралар ёрдамида мурожаатларнинг ечимини топишга ваъда берди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!