Юксак марралар белгилаб олинди


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат
Viloyat: СУРХОНДАРЁ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисидаги иштироки мамлакатимиз учун муҳим воқеалардан бири бўлди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти дунёдаги геосиёсий вазиятга баҳо берар экан, замонавий халқаро муносабатлар туб ўзгаришлар даврини бошдан кечираётган ҳозирги пайтда “Шанхай руҳи” тушунчаси қанчалик аҳамиятли эканига эътибор қаратди. Бинобарин, айнан ушбу ташкилотга асос солиниши халқаро муносабатлар тизимига “Шанхай руҳи”ни олиб кирди. Бугунги кунда ШҲТ кўп томонлама изчил ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш орқали жаҳон иқтисодиёти тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Бишкек саммити – ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик жараёнларида яна бир муҳим маррани забт этиш нуқтаси сифатида эътироф этилди. Бундай амалий мулоқотлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “минтақамизда замонавий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ёндашувларни мослаштиришга хизмат қилади”.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида, шунингдек, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар учун, бир томондан, хавфсизликни таъминлашда келишилган сиёсатни юритиш, иккинчи томондан, давлатларимиз барқарор тараққиёти ва равнақи учун қулай шароитларни шакллантириш муҳим эканига тўхталди.

Бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон Президентининг таклифи асосида Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш дастури қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун ШҲТ ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Илк босқичда асосий эътибор чегара муаммоларини ҳал қилишга қаратилган бўлса, эндиликда ўзаро ҳамкорликнинг кўламлари ва миқёслари тубдан кенгайди.

Бишкек саммитида ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритилганини таъкидлаш ўринлидир.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти “ШҲТни ривожлантириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди. Бунда, бешта устувор мезонга таянган ҳолда ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг биринчи мезони – иқтисодиёт. Бу ўринда аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга доир қўшма лойиҳаларни ҳаётга чуқур татбиқ этишдир. Бунинг натижасида мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатбардошлиги ошади. Аҳоли, авваламбор, ёшлар учун янада кўпроқ янги иш жойлари ташкил этиш мумкин бўлади.

Айниқса, Президентимиз Марказий Осиё бундан кейин ҳам ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши зарурлигини таъкидлагани ғоят аҳамиятлидир. Чунки минтақамиз нисбатан барқарор, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, кенг миқёсли ҳамкорликни ривожлантириш, муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай шароит ва ноёб имкониятлар яратади.

Давлатимиз раҳбарининг Бишкек саммитидаги ушбу ташаббуси нафақат юртимиз, балки минтақа ва дунё жамоатчилиги томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди. ШҲТ доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган Ўзбекистоннинг янги ташаббусларига бундай кенг қизиқиш ва катта эътибор замирида, албатта, муайян омиллар ўз аксини топган.

Бишкек анжумани кун тартибидаги долзарб аҳамиятга молик мавзулар қаторида транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, ШҲТ маконидаги мавжуд транспорт йўлакларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш ва янги транспорт йўлакларини барпо этиш истиқболлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Мамлакатларимизда замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг “Яшил белбоғ” дастурини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Президенти.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим мезонларидан бири – ахборот соҳаси. Давлатимиз раҳбари ШҲТ маконидаги барча мамлакатларнинг ахборот технологиялари ривожланишига масъул идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари механизмини жорий этиш таклифи билан чиқди.

Киберхавфсизлик масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ғояси ҳам диққатга лойиқдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шунингдек, биз партия вакиллари учун энг муҳим таклифлардан бири бўлган  ШҲТ доирасида парламентлараро мулоқотни тиклашга доир ташаббусларни қўллаб-қувватланишидир. Ушбу янги механизм ташкилот имкониятларини кенгайтириб, ШҲТ фаолиятига парламентарийлар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш имконини беради. Жаҳон парламентарийлари, сиёсий партияларининг ишлаш услублари, ғоя, мақсад ва вазифалари тўғрисида ахборотга эга бўлинади. Ўзаро тажрибалар алмашинади.

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ёшлар кенгаши йиғилишида илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиққан ҳолда, ШҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига доир 2019-2020 йилларга мўлжалланган дастурнинг 5 та лойиҳаси Ўзбекистонда амалга ошириладиган бўлди. Хусусан, “Стартаплар форуми”, “PROlogue” V халқаро кинофестивали, “Дўстлик учун!” веломарафони, ШҲТ ёшларининг қишки оромгоҳи, ҳаваскор ёшларнинг футбол бўйича биринчи чемпионати ва волейбол бўйича турнири Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилади. Бу эса ёшларимизни жаҳонга чиқиш учун яна бир янги босқични белгилаб беради.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим мезонларидан бири – хавфсизлик. Минтақамиз, умуман, ШҲТ маконидаги барқарорлик кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият билан узвий боғлиқдир.

Ҳозирги вақтда ШҲТга аъзо давлатлар Афғонистон билан асосан икки томонлама битимлар негизида ҳамкорлик қилмоқда. Бир қанча лойиҳалар бўйича ушбу мамлакатнинг энергетика ва инфратузилмалар тизимларини тиклаш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашилмоқда. Келгусида Афғонистон билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда кўп томонлама шартномаларга таяниш муҳим самаралар беради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди”.

Хулоса қилиб айтганда, Бишкек саммитида ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, тараққиёт ва фаровонликни оширишга йўналтирилган янги ҳамда юксак марралар белгилаб олинди. Бу марраларга эришиш ташкилотнинг узлуксиз ривожланиши ва мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилади.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!