Солиқ тизимидаги ислоҳотлар соғлом рақобат муҳитини шакллантирмоқда


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Партия Ҳаёти

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши Президентимиз раислигида 5 июль куни жорий йилнинг биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ва унда кўтарилган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан 2018 йил 29 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасига хизмат қилмоқда.

Видеоселектор йиғилишида солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва ундириш борасида айрим камчиликлар ҳам учраб турганлиги алоҳида таъкидланди. Давлатга тегишли ва ҳусусий секторга қарашли бўш турган бинолар бўйича жорий режалар барча вилоят ва туманлар миқёсида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида тасдиқланганлигига қарамасдан уларнинг негизида янги корхоналар ташкил этиб, солиққа тортиш базасини кенгайтиришда сусткашликка йўл қўйилган. Айрим ҳудудларда тушумлар йирик корхоналар ва аввалдан солиқ тўлаш амалиёти ҳисобига таъминланган.

Йиғилиш иштирокчилари Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу янги солиқ ислоҳотларининг яна бир муҳим босқичи эканлигини қайд этишди. Унга мувофиқ ички бозорда барча тадбиркорлар учун бир хил шароит яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида айни пайтда қўлланилаётган имтиёзлар 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилиниши депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Фракция йиғилишда депутатлар бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда масъулликни янада ошириш ҳамда қўшимча қиймат солиғини тўлашга ўтадиган тадбиркорлик субъектлари билан манзилли иш ташкил қилишда иштирок этиш ва уларга амалий ёрдам бериш зарурлиги каби вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда сўнгги икки йилда аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларини электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани ва бу соҳадаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, харажатларни оптималлаштириш талаб этилаётгани таъкидланди.

Айниқса, энергетика сохасига чет эл инвестицияларини тўғридан тўғри киритиш учун ҳозирги тарифларни оптималлаштириш замон талаби эканлигини ҳамда ислоҳотларни бардавомлигини таъминлаш мамлакат иқтисодиётини барқаролаштиришга қаратилганлиги алоҳида қайд этилди. Режалаштирилган амалиётни жойларда аҳолини барча қатламларига тўлиқ ва тўғри етказиш фракция депутатларининг ҳам зиммасидаги вазифа эканлиги фракция йиғилишида белгилаб олинди.

Депутатлар томонидан, “Адолат” СДП сайловолди дастурида белгилаб олганидек – ислоҳотларнинг босқичма-босқич ва халқ манфаатларини кўзлаб олиб борилиши тарафдори эканлиги, давлатнинг бошқарувчилик фаолияти иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида муҳим роль ўйнаши ва давлат бозор иқтисодиёти аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш йўлида хизмат қилишини таъминлаши алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, фракция йиғилишида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳа билан қуролли кучларнинг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олишга доир сарф-харажатларни камайтириш, фуқароларга имконият ва қулайликлар яратиш каби ҳолатлар бўйича ушбу Қонуннинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар, шу жумладан олий маълумотли шахслар учун, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун аниқ даврини белгилаш таклиф этилмоқда.

Бу орқали олий маълумотга эга бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш натижасида лавозимларни уч ой давомида бўш бўлиб қолиши ҳолатларига барҳам берилади, айниқса ДХХ Чегара қўшинлари ва ИИВ Қоровул қўшинлари бўлинмалари фаолиятда юзага келаётган ноқулайликларга чек қўйилади. Бунинг натижасида қўшинларнинг жанговар шайлиги янада ошади, Қуролли Кучлар резервидаги ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий тайёргарлик даражасини янада юқори бўлишига эришилади.

Шунингдек, чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш ишлари эндиликда мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Депутатлар юқоридаги масалалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, фракция йиғилиши якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!