Патронаж фаолиятидан халқ розими? Ушбу саволга фракция аъзолари жавоб излашди


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Fraksiya yangiliklari

Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар яққол кўзга ташлана бошлади. Аммо ушбу соҳани такомиллаштириш вазифасини фақат давлатнинг зиммасига юклаш тўғри эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада бош қотириб, амалий чора-тадбирлар олиб боргани билан бутун бир халқ розилигига эришиш осонга кўчмайди. Бу борада парламентнинг ўрни, қолаверса жамоатчилик назорати муҳим аҳамият касб этади. Президент Мурожаатномасида айнан шу масала тилга олинган. Яъни, соғлиқни сақлаш соҳасига Қонунчилик палатаси кўмакчи бўлиши таклиф этилади.

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда тўғри йўл танлангани натижаси ўлароқ жойларда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Масалан, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Яқин кариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик Низомни тасдиқлаш ҳакида”ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги донор ва реципиентнинг ҳужжатлари ва текшириш натижаларини назорат қилиш бўйича Комиссия таркиби ва Регламентини тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Буйруғи имзоланди. Буйруқ асосида яқин кариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш буйича ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил килинди.

“Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳам соҳада катта ўзгариш ясади. Асосийси, тиббий хизматга аҳолининг ишончи ортди, тиббий саводхонлик юксалди, беморларнинг ўз дардига шифо топишига умид уйғонди. 

Сайловолди дастур лойиҳасига таклифлар йиғиш жараёнида ҳам кўплаб фикрлар айнан соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилгани аёнлашди. Демак, соҳа ислоҳотларида халқнинг истаги аниқ, бизнинг вазифамиз эса улардан келиб чиққан ҳолда дастурий ғояларимизни тизимли йўлга қўйишдан иборат.

Бунда асосий эътибор қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалар фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилмоқда. Аммо мазкур соҳада ютуқлар билан биргаликда, муаммолар ҳам етарлича сақланиб қолмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан ташкил этилган “Шифокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан ўтказилаётган режали патронаж ишлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги давра суҳбатида ана шундай муаммоларни бартараф этиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни  янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, мамлакатимизда тиббиёт соҳасига эътиборнинг кучайганини давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга ошиб бораётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2018 йилда
2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўп маблағ ажратилган бўлса, 2019 йил учун 2018 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп бюджет маблағлари йўналтирилган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини юксалтиришга қаратилган қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни оммалаштириш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда патронаж хизматининг ўрни ҳам беқиёсдир.

Бугунги кунда туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий патронажлар сифатида умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалар ва зарур ҳолатларда тор мутахассислар қўшимча жалб қилинмоқда. Аммо патронаж ва УАШ, ҳамшира фаолияти тўлиқ манзилли амалга ошириляпти ва у ўз самарасини беряпти, дея олмаймиз. Ушбу соҳада ҳам ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжуд. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги 718-сонли қарорига илова сифатида тасдиқланган марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низомда уй хўжаликларининг тиббий ижтимоий ҳолатини ўрганиш мақсадида патронаж ҳамшира ойига 144 та хонадонга бориши белгиланган. Бу эса, кунига 6 та хонадонни ташкил этиб, натижада айрим аҳволи оғир беморлар ҳолидан хабар олиш имконияти камайишига сабаб бўлмоқда.

Шуларни инобатга олиб, фракция депутатлари шифокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан ўтказилаётган режали патронаж ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни замон талабига мослаштириш, эркин фаолиятини амалга оширишига замин яратиш зарурлигини таъкидладилар. Айни пайтда патронаж ҳамшираси томонидан тизимли патронаж хизмати билан аҳолини қамраб олиниши лозим бўлган контингентни ва хизмат кўрсатиш даврийлигини аниқ белгилаш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, умумий амалиёт шифокори томонидан хонадонга ташрифлар режаси ва даврийлигини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Фракция томонидан ушбу масала юзасидан жаҳон тажрибаси ўрганилганида, Италия, Испания, Греция, Германия каби Европа мамлакатларида асосан ўзгалар парваришига муҳтож қариялар ва руҳий касал беморларгагина ижтимоий патронаж хизмати амалга оширилиши маълум бўлди. Масалан, Россияда 46 та поликлиникада махсус автомобиль билан таъминланган бригадалар ташкил қилинган бўлиб, уларда 120 нафар шифокор, 264 ўрта тиббий ходимлари фаолият олиб боради. Қозоғистонда эса, эксперимент тарзида универсал ва такомиллашган патронаж тизимлари йўлга қўйилган бўлиб, бунда асосан болалар ва ҳомиладорларга такомиллашган патронаж хизматлари кўрсатилади.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда ушбу соҳага эътибор кучайганини инобатга олиб, патронаж ҳамшираси ва шифокор юкламаларини қайта кўриб чиқиш долзарб вазифалардан саналади.

Шунингдек, давра суҳбатида патронаж хизмати тўғрисида Низом ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди. Бундан ташқари, Низом доирасида патронаж хизмати учун алоҳида ҳақ тўлаш механизмларини жорий қилиш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда соҳа мутахассисларининг аҳоли билан мулоқотини янги мазмун билан бойитиш орқали тиббиёт муассасаларини халққа янада яқинлаштириш, касалликларнинг профилактикасини кучайтиш энг асосий мақсадга айланмоғи лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида билдирилган таклифларни умумлаштириб, мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқиш ҳамда мутасадди вазирликларга юборишга келишиб олинди.

Анвар Эгамқулов

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!