Акмал Бурхонов: “Овозимизнинг янада баланд чиқиши учун жамоатчилик фикри ва ишончи муҳим”


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат

Cўнгги пайтларда юртимизда жамоат ташкилотларининг сони, фаоллиги ортиб бораётганини эътироф этиш жоиз. Хусусан, жорий йил 17 январь куни давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан нодавлат нотижорат жамоатчилик ташкилоти яна биттага кўпайди — “Юксалиш” умуммилий ҳаракати ташкил этилди. Ушбу ташкилотнинг ишлаш доираси кенг, фаолияти жуда муҳим. Хоҳ жамоатчилик, хоҳ қонунчилик ташкилоти бўлсин, юртимизда кечаётган ислоҳотларни кенг оммага етказиш, тушунтириш, экспертлик муҳокамаларида қатнашиш, шу орқали одамларга ёрдам бериш бош мақсаддир. Қуйида мазкур ташкилот раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов билан мухбиримизнинг суҳбати эълон қилинмоқда.

— Акмал ака, Сизни “Тараққиёт стратегияси” марказининг фаол раҳбари сифатида билардик. Эндиликда янги ташкил этилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати етакчисисиз. Ҳаракатнинг бугуни ва эртаси, асосий фаолият режалари ҳақида тўхталсангиз...

Хабарингиз бор, ушбу умуммиллий ҳаракат Юртбошимизнинг 2019 йил 17 январдаги фармонига асосан ташкил этилди. Фармонда белгилаб берилганидек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, давлатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга, эълон қилинаётган қонун ва қарорларга, энг асосийси, тараққиёт стратегияси бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлида халқнинг барча қатламини бирлаштиришдан иборат. Ҳаракатнинг аудиторияси чекланмаган, яъни ким қайси соҳада ва қайси лавозимда бўлишидан қатъи назар ташкилотимиз билан боғланиб, қонунлар бўйича ўз таклифларини киритиши мумкин. Шунингдек, хориждаги ҳамюртларимиз ҳам ўз таклиф-мулоҳазаларини, муаммоларини бемалол айтиш имконига эга.

— Демак, “Юксалиш”нинг энг устувор вазифаси бу... тарғибот-ташвиқот ишлари экан-да?

— Энг асосий мақсадимиз — ислоҳотлардан барчани бирдек хабардор қилиш. Чеккароқ ҳудудлардаги аҳолига етказиш, қизиқиш уйғотиш ва уларни ҳаракатга келтириш. Шу билан бирга, уларнинг таклифини, муаммоларини эшитадиган ва муҳокама қиладиган майдонни яратиб бериш. Шу орқали одамларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлаш. Маълумот учун қуйидагиларга эътибор қилинг. Давлат дастурлари лойиҳалари қабул қилинаётганда фуқаролардан 2017 йилда 1300, 2018 йилда 4000га яқин, жорий йилда эса 4200дан ортиқ таклиф келиб тушган. Бу рақамлар бутун Ўзбекистон аҳолиси сонидан анчагина паст ва таклифларнинг аксари ижтимоий тармоқлар орқали келган. Мақсадимиз қишлоқ ва маҳалла аҳолисига давлат дастури лойиҳаларини етказиб, уларнинг таклифини маҳаллий, халқ депутатлари кенгашлари ёрдамида республика даражасида ҳал қилиб беришдан иборат. Яъни, устувор йўналишларимиз билан фуқароларимизда дахлдорлик ҳиссини уйғотиш бизнинг асосий вазифамизга киради.

Бу борада биз кўп ташкилотларни ҳамкорликка чорлаганмиз.

Давлат идоралари олиб чиққан мавзуларни жамоатчилик эътиборини жалб қилиш билан қўллаб-қувватлаймиз. Гоҳида ҳудудларда қонун доирасидаги ишлар амалга оширилмагани ҳақидаги хабарлар ҳам келиб туради. Биз мана шундай вазиятларда тизимни мониторингдан ўтказамиз. Шикоятларни тегишли ҳокимлик ва вазирликларга жўнатамиз. Таҳлил қилиш ва содда тилда аҳолига етказиш, албатта, осон иш эмас. Қолаверса, жамоатчилик назорати деган тушунча тўлалигича шаклланмаган. Фуқаролик жамияти институтларида жамоатчилик фикрини ўрганиш энди-энди шаклланиб келмоқда. Фаолият доирасида кўряпмизки, бу борада ҳал этилиши керак бўлган муаммолар кўп.

Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, ОАВ орқали аҳоли эътиборига ҳавола этилганда, халқнинг “ҳазм” қилиши бирмунча қийин кечмоқда. Шу боис ҳам қонунларимизни содда тилда халққа етказишимиз керак. Бугунги кунда халқимиз “Mening fikrim”, “regulation” каби порталлар орқали ўз фикрини билдириши ва ҳатто ўринли таклиф бўлса, уларни ўзгартириш имкониятига эга. Афсуски, бундан фойдаланувчилар кам. Хоҳлардимки, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси давлатимиз қонунларини яхши билса ва ўзгартириш киритилаётганда ўз таклифини бериб, фаол фуқаролик позициясида турса, нур устига аъло нур бўлар эди.

— “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташкил этилганига ҳали бир йил ҳам тўлмади, шу қисқа муддат ичида қанча аҳолини ўз иш услуби билан таништиришга улгурди, аҳолидан қанча мурожаатлар келиб тушди?

— Ҳа, иш бошлаганимизга эндигина 8 ой бўлди. Шундан 2-3 ойини вилоят ва туманларда ташкилий бўлимларимизни очишга сарфладик. Ниятимиз, чекка вилоятлардаги аҳоли қатлами ҳам ташкилотимиз фаолиятидан бехабар қолиб кетмасин. Кейинги босқичда нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб бордик. Умуман олганда, шу қисқа вақт давомида кўплаб ташкилотлар, жамоатчилик билан ишлашда платформалар яратишга улгурдик. Қолаверса, сир эмаски, нодавлат-нотижорат ташкилотларига давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди, ўзини ўзи молиялаштиради. Мана шундай ташкилотлар учун Ҳаракатимиз қошида “Ковертинг маркази”ни ишга туширдик. Уларни зарур техника воситалари билан таъминлаб, жойлашган манзилидаги ижара пулларинитўлаб бердик. Ўтган вақт давомида республикадаги барча ҳудудларга шахсан ўзим бордим, аҳоли билан учрашдим. Уларни қийнаётган муаммоларни ўргандим. Учрашувларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг 4 та устувор йўналишини таништиришга ҳаракат қилдик. Яъни, булар — Фуқароларни қонунчиликда бўлаётган ислоҳотлар билан таништириш; қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда, таклифлари билан иштирок этишни амалга ошириш; тадқиқот ва сўровномалар ўтказиш; жамоатчилик назоратини самарали механизмини йўлга қўйиш.

Жамоатчилик ташкилотлари, жумладан, Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази ва Омбудсман билан ҳамкорлик лойиҳаларимизни кенгайтиряпмиз. Фаолиятимиз йўналишларида нафақат озодликдаги, балки қамоқхоналардаги фуқаролар билан ишлашни ҳам қамраб олиш кўзда тутилган. Тадбирларимизда шу пайтгача 5000 дан ошиқ аҳоли иштирок этди.

— Ўтган ой юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида “снос”, яъни аҳолининг уй-жойлари ва тадбиркорларнинг турли бино ва иншоотларининг бузилишига доир можаро давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ҳодисага интернет сайтлари орқали муносабат билдириб, ўз таклифларингиз билан ўртоқлашгандингиз. Бу борада Ҳаракат номидан амалда қандай ишлар амалга оширилди?

— Қушнинг ҳам уйи бузилмасин, деган нақл бор ва бу бежизга айтилмаган. Мавзу шу даражада долзарбки, ҳатто муҳтарам Юртбошимиз аралашуви даражасига етди.

Стратегиямиздан келиб чиқиб, ўз таклифларимизни аҳолига билдирдик. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали халқимизга мурожаат қилиб, кимнинг уйи бузилиш хавфида бўлса, телеграмда очилган махсус бот орқали мурожаат қилишларини сўрадик. Шу пайтгача аҳолидан юзлаб мурожаатлар келиб тушди. Ҳудудлардаги бўлинмаларимиз раҳбарлари ана шу мурожаатлар изидан тушиб, муаммоли ҳолатлар бўлса, тегишли идоралар билан бартараф этмоқда.

— “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолияти ташкилот сифатида айтайлик, “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи”дан нимаси билан фарқ қилади?

— Маълумки, “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи” ёшлар соҳасига оид давлат сиёсатини турли хил дастурлари асосида амалга оширади. Бизнинг ташкилотимиз эса бутун жамият қатламини қамраб олади ва қонунларни жамоатчиликка яқиндан танитишда, фикр бериш ва олишда хизмат қилади. Биз ёшлар билан индивидуал тарзда шуғулланмаймиз, шахсий ва ижтимоий муаммоларини ҳал этмаймиз.

Хабаримиз бор, жамоатчиликни “бир манзилда” йиғиш мақсадида жамоатчилик онлайн платформаси ишга туширилди. Дастлабки натижалар қандай?

— Жамоатчилик онлайн платформаси шу яқин кунларда ишга тушди. Қисқа муддат ичида фуқароларимиздан 400 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Келган муаммо ва таклифларни йиғиб, Президент администрациясига топширдик. Администрациямурожаатларни тегишли вазирлик ва идораларга жўнатади. Вазирликлар таклифларни ўрганиб чиқиб, ўз муносабатини билдирса, бундан кейин тизимни янада ривожлантириш ниятимиз бор.

Келинг, жамоатчилик онлайн платформаси ҳақида кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қиламан. Платформа айни пайт­да икки йўналишда ишламоқда. Илк мақсад фуқароларимизнинг бугунги кундаги давлатимизда олиб бораётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини ҳис қилиб, қонунларга бўлган муносабатини оширишдан иборат. Кейингиси жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабатни қисқа вақт ичида етказишдир.

400 дан зиёд таклиф ва шикоятлар тушди дедингиз, сир бўлмаса, таклифларнинг асосий мавзуси нималардан иборат?

— Яширмайман, аксарияти шикоятлардан иборат. Суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда фуқаролик ишларидан ва шу пайтгача энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган Тошкент пропискаси бўйича йиғилган. Таълим соҳасидаги камчиликлардан бири сифатида контракт миқдорининг юқорилигини айтишган бўлса, соғлиқни сақлаш тизимида хизматнинг сифат даражаси паст­лигидан арз қилишган. Фуқаролик ишлари бўйича ечилиши шарт бўлган муаммо — Тошкент пропискасига ўтиш тартибини соддалаштириш ҳақида таклиф берилган. Президент Администрацияси биз тақдим этган мурожаатларни тегишли вазирликларга етказишда ёрдам берса, вазирлик ва идоралар оператив тарзда муносабат билдирса, буларнинг бари халқнинг давлат идораларига бўлган муносабати ўзгаришига хизмат қилади, албатта.

Хориждаги фаол, илмли ёшларимиз билан ҳамкорлик ҳақида ҳам тўхталсангиз?

— Йўналишимизда хорижда таҳсил олган ва у ерда ишлаётган ватандошларимизни бирлаштириш ҳам бор. “Буюк келажак” нодавлат нотижорат ташкилоти бу борада биз билан ҳамкорлик қилмоқда. Йил бошидан бери ўндан ортиқ давлатда бўлган бўлсак, у ерда юртдошларимизнинг ўй-фикрлари, ташвишлари ҳақида суҳбатлашдик. Мурожаатлардан кўрамизки, уларни кўпроқ консулликка дахлдор масалалар қийнайди. Хориждаги Бутунжаҳон ёшлар федерацияси ташкилотидаги 300 дан ортиқ мутахассис билан ёшлар учун турли лойиҳаларни ҳамкорликда ишлаб чиқяпмиз.

Сиз докторантурани Японияда ўқиб келдингиз ва фаолиятингизда япон ҳамкасбларингизнинг қайси иш услубини киритишни истардингиз...

— Депутат бўлганимдан бери қонунчилигимизда Япония қонунчилигининг ижобий томонларини ўзимизда қўллашга ҳаракат қиламан. Халқининг давлат идораларига, ерига бўлган муносабатини юқори баҳолайман. Масалан японлар ёз фаслида энергияни тежаб ишлатади. Табиатини асраш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Япон халқининг меҳнаткашлиги, янгиликка ўчлиги ҳаммага маълум. Юртимизда японларнинг айтайлик, айрим иш услубларини ҳаётимизга татбиқ этсак, табиий ресурсларимизга улардек муносабатда бўлсак, ишонаманки, она диёримиз янада ривожланади.

Маълумки, бу йил мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Сир бўлмаса керак, сиз Олий Мажлисга қайси ҳудуддан депутат бўлиб сайланган эдингиз? Ғалаба қозонган сайлов округида нечта номзод бўлган, қандай фарқ билан овоз тўплагансиз?

— Асли Наманган вилоятиданман. Тўрақўрғон туманидаги 44-сайлов округидан 2014 йилда номзодимни қўйиб, биринчи натижадаёқ ғолиб бўлганман. Бу, албатта, осон кечмаган. Сабаби, 6 йил Японияда ўқиб келиб, пойтахтимизда ишлаётгандим. Наманган вилоятини ҳудудини яхшилаш бўйича амалга оширмоқчи бўлган таклифларим, қолаверса, мақсадли ғояларим билан халқнинг ишончини оқлаган эканман, сайловчилар 4 номзод ичидан мени сайлашган. Мени танлашганига тўхталадиган бўлсак, номзодимни қўйгунга қадар 50 дан ортиқ мамлакатда бўлиб, тажрибасини ўрганган эдим. Хорижда тўплаган тажрибаларимдан мисоллар келтириб, аҳолини ишонтира олганман. Қолаверса, касбим юрист. Бу ҳам сайловчиларни ишонтиришда бир восита бўлган бўлса керак.

Ўзбекистоннинг маданий бойликлари 2021 йилда Франциянинг Лувр миллий музейида бўлиб ўтадиган кўргазмада намойиш этилиши кўзда тутилган эди. Бу ишларни мувофиқлаштириш тегишли вазирлик ва идоралар билан бир қаторда “Юксалиш”гаҳам юкланган деб эшитгандик. Айни пайтда тайёргарлик ишлари қандай кетяпти ва унда нималар намойиш этилади?

— Бу кўргазмани ўтказиш бизнинг зиммамизга юклатилмаган. Япониялик ҳамкорларимиз билан суҳбатлашганимизда Илмий технология агентлигининг президенти, профессор Ҳаму Гучи Мучинари юртимизда бўлаётган ислоҳотларни кўздан кечириб, маданий ва моддий меросларимизга ҳавас қилган ҳолда 2021 йилда Франциянинг Лувр музейида бўладиган фестивалда, истасак экспонатларимиздан 3D версиясини тайёрлаб беришини ва Ўзбекистон ҳам Халқаро ҳамжамиятда ўз мақомини янада яхшилаш учун ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирганди.

Узр, кўнглингизга олмангу, барибир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “овози” бугунги давр талаби даражасида чиқмаётганга ўхшайди. Ё бундай эмасми?

— Ҳаракатимизнинг овози янада баланд чиқиши учун жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши, фикри ва ишончи муҳим. Энг асосийси, фаолиятимиз учун зарур бўлган платформани ишга туширдик. Қолаверса, юқорида таъкидлаганимдек ташкил топганимизга ҳали кўп бўлмади, кенг кўламли ишларимиз, мақсадларимиз сари илдамлик билан одимлаяпмиз. Янги ташкилотнинг такомиллашишига, албатта, вақт керак, йиллар керак. Биз эса имкон қадар зиммамизга юклатилган вазифаларни тезкорлик билан амалга ошириш, давр талабида ишлашга ҳаракат қиляпмиз.

Суҳбатингиз учун раҳмат!

—Сизга ҳам раҳмат!

Феруза РАҲИМОВА

Суҳбатлашди

 

“Hurriyat” газетасининг бугун — 14 август сонидан олинди

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!