Солиқ сиёсати концепцияси: Очиқ-ошкора, адолатли солиқ тизимини яратишнинг муҳим омили


Partiya yangiliklari: Янгиликлар Муносабат депутатлар нуқтаи назари

 

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни тубдан такомиллаштириш борасида қабул қилинаётган қонунлар, Фармон ва Қарорларда асосий эътибор аввало аҳоли фаровонлигини оширишга, салоҳиятимиздан самарали фойдаланган ҳолда мавжуд захира ва имкониятни сафарбар этишга қаратилмоқда.

Хусусан, солиқ ва бюджет соҳасида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда иқтисодиётга ва аҳолига солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигини ва солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, очиқ-ошкора ва адолатли солиқ тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Президентимизнинг жорий йил 29 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонида айнан ана шу масалалар — тизимли муаммоларни бартараф этиш, солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш ҳамда соғлом рақобат муҳитини таъминлашга ечим топилгани билан аҳамиятлидир.

Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси, уни амалиётга тўлиқ татбиқ қилиш масалаларига, солиққа тортишдаги тизимли муаммоларни бартараф этишга, солиқ юкини изчиллик билан камайтиришга, солиққа тортиш тизимини соддалаштиришга ва солиқ маъмурчилигини, ҳудудларни ва тадбиркорликни ривожлантиришда солиқ сиёсатини тубдан яхшилашнинг аҳамиятига бағишланди.

Йиғилишда таъкидланганидек Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида қабул қилинган мазкур концепцияда, аввало, солиққа тортиш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш ва чинакам бозор иқтисодиётини ривожлантириш, мамлакатимизда бизнес юритиш учун жуда катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар назарда тутилган.

Хусусан, солиқ турлари келаси йилдан 19 тадан 15 тагача қисқаради. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади. 

2019 йил 1 январдан бошлаб, ходимлар сонидан қатъи назар, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган субъектлар умумбелгиланган солиқ тўловига ўтиши, бунда товар айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналар қўшимча қиймат солиғини ихтиёрий равишда соддалаштирилган тартибда тўлашлари мумкинлиги, яъни, корхоналар сотиб олинган товарлар бўйича алоҳида ҳисоб-фактура юритмасдан ва солиқни товар айланмасидан келиб чиқиб, соҳалар кесимида табақалашган ҳолда тўлашлари белгиланмоқда.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишда умумбелгиланган солиқларни ҳисоблаш бўйича ҳудудий солиқ органлари ходимларининг малакаси ва амалий кўникмасини ошириш, тадбиркорлик субъектлари бухгалтерларини бунга тайёрлаш, умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда тушунтириш олиб бориш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш белгилаб олинди.

Шунингдек, норасмий бандликни камайтириш мақсадида жисмоний шахслар иш ҳақидан олинадиган табақалаштирилган даромад солиғи ўрнига 12 фоизлик солиқ тури киритилиб, 8 фоизлик суғурта бадали умуман бекор қилинмоқда. Бизнес елкасида оғир юк бўлиб келаётган ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилади. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ҳам 30 фоизга пасайтирилади. Бу, албатта, очиқ-ошкора, адолатли солиқ тизимини яратишга, халқимизга янада қулайликлар тақдим этишга ёрдам беради.

Янги қабул қилинган солиқ сиёсати концепциясининг амалиётга тўлиқ татбиқ қилиниши мамлакатимизнинг инвестиция салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Сармоядорларга узоқ муддатли бизнес лойиҳаларини режалаштиришдаги қийинчиликларга барҳам беради, чинакам бозор иқтисодиётини ривожлантириш, мамлакатимизда бизнес юритиш учун катта имкониятлар, халқаро даражадаги қулай шароитлар яратиши билан аҳамиятлидир.

Ўз навбатида, биз депутатлар мазкур концепциянинг мақсадини, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг сайловчиларга, кенг жамоатчиликка етказишимиз, унинг тўла-тўкис адо этилиши устидан парламент, депутатлик назоратини ўрнатишимиз лозим.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Ортга кайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!