Ҳар бир муаммо чуқур ўрганилиб, жойида ҳал этилмоқда

Мамлакатимизда одамлар турмуш фаровонлигини ошириш, қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган фуқаролар ҳолидан доимо хабар олиш, камчиликларни жойида бартараф этиш, аҳолини давлатдан, ҳаётдан рози қилиш давлат идоралари, раҳбарлар олдидаги энг устувор вазифага айланди. Шунга монанд, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутатлар Буюк Турон маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот уюштиришди.

Шу куни 12 та хонадонда бўлиб, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўргандик,— дейди халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Тоштурди Тўраев.— Мурожаатлар таҳлилидан шу нарса маълум бўлдики, маҳалла аҳолисини ички йўлларнинг носозлиги, тадбиркорлик қилиш учун ер, кредит олиш муаммолари қийнамоқда. Биз фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларнинг деярли барчасини маҳалла, шаҳар миқёсида ҳал этдик. Ички йўлларни тартибга келтириш юзасидан “Йўлқурилиш” вилоят бошқармасига депутатлик сўрови юбордим. Мурожаат қилган бошқа фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредит олиб, иссиқхона ташкил этиш, паррандачилик, чорвачилик, балиқчиликни йўлга қўйиш, лимон, ёнғоқ экиб қўшимча даромад олиш юзасидан тушунтиришлар бердик.

— Мурожаатим тезда қабул қилиниб, банкдан кредит олиш ва асаларичилик, паррандачиликни йўлга қўйиб, иссиқхона ташкил этишимда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутат Тоштурди Тўраевнинг беғараз ёрдамларидан мамнунман,— дейди маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Зокир Раҳимов. — Энди биз ҳам оиламиз аъзолари билан тадбиркорлик билан шуғулланиб, юртимиз равнақи, бозорларимиз мўл-кўллигига ҳисса қўшамиз.

Партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Собир Ахмедовнинг Сойбўйи маҳалласи аҳли билан ўтказган юзма-юз мулоқоти ҳам ғоят самарали кечди. Депутат иштирокида ишчи гуруҳ аъзолари 50 га яқин хонадонларга ташриф буюриб, аҳолини ўйлантириб келаётган турли масалалар ва таклифларни ўргандилар. Энг муҳими, ўртага ташланган муаммолар ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

— Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш мақсадида уюштирган учрашувларимизда аҳолини кўпдан буён суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш муаммо бўлиб келаётган экан,— деди Собир Ахмедов.— Мен бу жумбоқни тезда бартараф этиш юзасидан Чироқчи тумангаз филиали раҳбари номига депутатлик сўрови юбордим. Ушбу мурожаатга жавобан, тумангаз филиали мутасаддилари дарҳол муаммони бартараф этишди. Рўйхатга асосан аҳоли хонадонлари айни пайтда суюлтирилган газ баллонлари билан узлуксиз таъминлана бошлади.

Дарвоқе, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан партия фаоллари ва депутатлар томонидан одамларнинг дарду-ташвишларига ечим топиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, халқни ҳаётдан рози қилиш мақсадида уюштираётган жонли мулоқотлар юртдошларимизни тобора кенгроқ жалб этмоқда. Эътиборлиси, мазкур юзма-юз мулоқотларда аҳоли вакиллари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган бир қатор фойдали янги таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилаётир.

Худди шундай тўғридан-тўғри мулоқот партиянинг Ғузор, Муборак туман Кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ҳам уюштирилиб, аҳолининг ҳар бир мурожаати эътиборга олиниб, фуқароларнинг қонуний талаблари қаноатлантирилди.

Адҳам САЙНИЯЗОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

ижрочи котиби

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!