Қатъиятли йигит-қизлар мафкуравий таҳдидлардан холи бўлади

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда партия аъзоларининг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда сайловларга тайёргарлик кўришда номзодлар олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш мақсадида “Ёшлар маънавиятини юксалтиришда “Адолат”нинг ўрни“ мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Қарши давлат университети мажлислар залида ташкил этилган семинарда туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ўқитувчи ва талабалар, фаоллар, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда дастлаб талабалар томонидан тайёрлаб келинган бир қатор янги инновацион ихтиролар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Фарход Ишанкулов “Ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вазифалари тўғрисида” маъруза қилди.

— Барча эришилаётган ютуқлар замирида тинчлик деб аталмиш улуғ неъмат ётганини ёшларимиз тўғри англаб, уни асраб-авайлаш, ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшамоқдалар,-деди Фарход Ишанкулов.- Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мамлакат келажаги маънавиятли, қатъиятли, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшлар қўлида деб ҳисоблайди. Дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик кузатилаётган бир шароитда ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарур. Шу мақсадда партиямиз томонидан турли йўналишларда тадбирлар ташкил этиб келинаяпти. Айниқса, истиқболимиз эгаларининг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаш учун “Конституция билимдони” кўрик-танловини мунтазам ўтказиб келаётганимиз яхши самара бераяпти. Бугун ёшлар мавзуси ўртага қўйилаётган экан, ҳатто Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси” да ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилганини айтиб ўтмоқ жоиз. “Сайлов кодекси”га асосан бу йил сиёсий партиялар томонидан ёшлар кузатувчиликка тайёрланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, сайловларда иштирок этадиган партиядошларимиз ўртасида мунтазам равишда сиёсий ўқувларни ташкил этиш, номзодларни янги қабул қилинаётган қонунлар билан мунтазам таништириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, нотиқ, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ва давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишида қилган маърузаси ҳақида ҳам фикр мулоҳаза юритди. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш учун чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Шунга асосан, партия ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда биргина Қашқадарё вилоятининг Қарши, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши тумани маҳаллалари кесимида турли сабабларга кўра хорижга чиқиб, диний оқимларга кириб кетган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар доирасини аниқлаш, маълумотлар базасини шакллантириш, ота-оналари билан суҳбатлар ўтказиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилди. Энг аввало, ишчи гуруҳлари тузилиб, унинг таркибига ҳоким ўринбосарлари, ёшлар ташкилоти вакили, ички ишлар органи ходими ва партия депутатлик гуруҳи аъзолари жалб этилиб, самарали ишлар ташкил этилгани ҳақида маърузачи ўз фикрларини билдирди.

— Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг давлат ва жамият ташкилотлари билан амалга ошираётган ишлари ёшларни фақат фаолликка чорлаётгани қувонарлидир,- деди семинар йиғилишида “Ёшлар масаласида партиялараро дебатларни ташкил этиш тўғрисида” маъруза қилган партия фаоли, халқ депутатлари Китоб туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳаким Олимов. – Ёшларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, дунёвий билимларни, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда турли йўналишларда тадбиркорликка жалб этиш масаласида ҳам анчагина ишлар амалга оширилди. Айниқса, вилоят ва “Насаф” телевидениеси ҳамда “Олтин воҳа” радиосида, шунингдек, Қарши тиббиёт коллежида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга бағишланган дебатларда партия фаолларимиз алоҳида ибрат кўрсатишди. “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Ҳусниддин Бердимуродовнинг ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган лойиҳалари жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди ва ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Семинар иштирокчилари вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Мақсуда Мустафоеванинг “Партиянинг ёшларга оид дастурий мақсадларини тарғиб қилишда пиар технологиялардан фойдаланиш тўғрисида”ги, партия фаоли Дилрабо Чориеванинг “Ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш: ижобий тажриба ва муаммолар” мавзуидаги маърузаларини ҳам тингладилар.

Музокарада сўзга чиққанлар ушбу йўналишда инновацион усуллардан, хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаларидан етарли даражада фойдаланиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ҳам ўз таклифларини билдирдилар.

Дарвоқе, ёшлар масаласи бугун ва эртага, қолаверса, келажакда ҳам долзарблигини йўқотмайди. Шунинг учун ёшлар тарбияси ва маънавиятини юксалтириш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан бундан кейин ҳам изчил давом этаверади.

Партиянинг “Ватан келажаги — ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган самимий ва дўстона мулоқот ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган семинар якунида мутасаддиларга кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Биз семинар тугагандан сўнг унинг иштирокчилари билан мулоқотда бўлдик.

— Бугунги семинардан мен ўзим учун керакли билим ва кўникмаларга эга бўлдим,-деди Қарши давлат университетининг ўзбек филологияси факультети 1-курс талабаси Нилуфар Холиёрова.- Турли диний оқимларга адашиб кириб қолган баъзи ёшларнинг аянчли қисмати ҳақида ҳам мутахассислар сўз юритишди. Очиғи, бундан таъсирланиб кетдим. Биз Ўзбекистон ёшлари ҳеч қачон диний оқимларга аъзо бўлмаймиз. Семинарда бу йилги сайловларда ёшлар иштироки хусусида ва қонунчилигимизда киритилаётган ўзгаришлар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказилган бу семинар биз ёшлар учун жуда фойдали бўлди.

— Мустақил мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди,- дея суҳбатга қўшилди вилоят адлия бошқармаси ҳузуридаги юридик коллежи 1-босқич талабаси Аббосбек Саидов.-Қолаверса, Президентимиз ҳам биз ёшларга чексиз ғамхўрлик кўрсатиб келаяптилар. Бунга жавобан биз Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи вакиллари Президентимизга содиқ бўлишга, юртимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишда арзигулик улуш қўшишга ҳаракат қиламиз.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

 

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!