Ҳамкорларимиз фаолиятидан

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бугунги кунда ўз фаолиятини қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан узвий ҳамкорликда олиб бормоқда. Улар орасида республика Белбоғли кураш федерацияси ҳам бор. Яқинда мамлакатимизнинг барча минтақаларида биргаликда ташкил этилган “Адолат” кубоги мусобаларининг шаҳар (туман) ва вилоят босқичлари бўлиб ўтди. Наманган вилоятида мазкур мусобақани ташкил этишда ва ўтказишда Тўрақўрғон туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси партиядошларимизга катта ёрдам кўрсатди. Ушбу муассасага чорак асрдан зиёд вақтдан бери Неъматулла Сойиббоевич Тўйчиев 1958 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини битирган. Ўз вақтида жаҳон чемпиони бўлган, белбоғли ва миллий кураш бўйича халқаро тоифадаги ҳакам. Дарвоқе, наманганлик ёш курашчилар “Адолат” кубогининг республика босқичига айнан мана шу устоз етакчилигидаги мураббийлар бошчилигида тайёрланмоқдалар.

Салкам қирқ йилдан бери спортни, хусусан, курашни оммавийлаштириш бўйича фаол иш олиб боради. У ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати эвазига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Биз ундан ўзи раҳбарлик қилаётган мактаб фаолияти ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилдик.

- Ҳеч нарса мамлакатни спорт каби дунёга тез машҳур қила олмайди, деган ажойиб гап бор, - сўз бошлайди Н. Тўйчиев. - Чиндан ҳам бугунги кунда сайёрамизнинг миллион-миллион аҳолиси турли мусобақаларни, олимпиада ўйинлари, жаҳон биринчиликларини мунтазам кузатиб боради. У ёки бу жамоага, спортчига мухлислик қилган одам ўзи меҳр қўйган атлетларнинг муваффақиятидан олам-олам завқ олади. Биз ҳам ватандошларимиз халқаро мусобақаларда ғолиблар сафидан ўрин олганларида Ўзбекистон байроғи юқори кўтарилганида фахрланамиз, юртимиз шаънини олқишлаймиз.

Бизнинг болалар-ўсмирлар спорт мактабимиз бундан чорак аср муқаддам Тўйчи полвон Сиддиқов номли миллий кураш мактаби сифатида ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўтган давр мобайнида у катта йўлни босиб ўтди ва бугунги кунга келиб, вилоятдаги йирик болалар-ўсмирлар спорт муассасаларидан бирига айланди. Ҳозиргача у минглаб тўрақўрғонлик ёшлар учун жисмоний камолот мактабига айланди. Тарбияланувчиларимиз орасида кўплаб юқори малакали спортчилар, вилоят, мамлакат, қитъа ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқди. Уларнинг намунаси ҳозир таълим олаётган ёшларни ҳам маҳоратни ошириб бориш йўлида тинмай меҳнат қилишга чорламоқда.

Фаолиятнинг дастлабки даврида асосан миллий курашни оммалаштириш билан шуғулланган бўлсак, эндиликда унинг ёнига яна бир қатор спорт турлари қўшилди. Улар орасида футбол, бадиий гимнастика, баскетбол, дзюдо, юнон-рум кураши, гандбол, оғир атлетика, регби ва бошқалар бор. Мазкур спорт турлари бўйича ҳам ёш спортчиларимиз юқори натижаларга эришаётгани диққатга сазовордир. Ана шундай натижалар замирида мураббийлар маҳорати билан юзага чиққан истеъдодларнинг тўхтовсиз изланишлари мужассам, дейиш мумкин.

Масалан, юнон-рум курашида Шермуҳаммад Шарибжонов қўлга киритаётган ютуқларни олайдик. У ўз тенгдошлари ўртасида уч марта мамлакат чемпиони бўлган. Бир қатор халқаро мусобаларнинг ғолиби ва совриндори. Мураббийлар кўмагида маҳоратини тобора чархлаб бораётган Шермуҳаммад мамлакат терма жамоаси устозларининг ҳам эътиборида. У айни пайтда Аргентинада ўтказиладиган ёшлар ўртасида ўтказиладиган ёзги олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.

Кейинги йилларда мактабимизда ёшларимиз орасидан моҳир гандболчилар етишиб чиқаётгани ҳам бизни қувонтиради. Дилдора Маҳмудова, Дилдора Муродуллаева ва Моҳимбегим Бадиржонова шулар жумласидандир. Улар вилоят терма жамоаси таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллашган. Мактабдан етишиб чиққан миллий кураш усталари ҳақида сўз кетганда биринчи навбатда Рустам Умаров номи тилга олинади. У болалигидан шу ерда устозлар кўмагида кураш сирларини эгаллади ва кейинчалик кураги ерга тегмаган полвон номини олди. Уч карра жаҳон чемпиони бўлганлигининг ўзиёқ унинг спортда қанчалик юксак чўққиларни забт этганини кўрсатиб турибди. Халқаро тоифадаги спорт устаси унвонини қўлга киритганлиги ҳам барчани қувонтирди. Кейинчалик олий ўқув юртида таҳсил олиб, ёшларга курашдан саюоқ беришга киришди. Эндиликда унинг шогирдлари орасидан ҳам қатор-қатор чемпионлар етишиб чиқмоқда.

Бошқа спорт турларида эришилаётган натижалар ҳам чакки эмас. Мисол учун, оғир атлетикада Самидулло Абдуллаев мамлакат чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. “Чарм қўлқоп” усталаримизнинг жаҳон миқёсидаги ютуқлари боксга қизиқувчилар сафини кенгайтирмоқда. Кейинги икки йил мобайнида бу спорт тури билан шуғулланувчилар сони қарийб икки баравар кўпайди. Улар орасида қатор умидли спортчилар кўзга ташланмоқда. Ҳусанбой Абдуллаев, Абдували Асқаралиев, Ҳасанбой Рустамов шулар жумласидандир. Бу ёшларимиз қатор республика ҳамда халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришдилар. Улар астойдил шуғулланишни давом эттирсалар, бутун куч-ғайратларини малакали боксчи бўлиб етишиш йўлида ишга солсалар, қитъа, жаҳон ва олимпиада баҳсларида ҳам қатнаша оладилар, деб ўйлаймиз.

Ўтган давр мобайнида қўлга киритилган ютуқлар ҳақида гап кетганда, мактаб тарбияланувчилари орасидан етишиб чиққан юқори малакали спортчилар бизнинг фахримиз эканлигини мамнуният билан қайд этамиз. Ҳозиргача БЎСМда шуғулланган ёшлардан 11 нафари жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Совриндорлар эса 22 кишини ташкил этади. Қитъа биринчилиги ғолиблари 10 киши, совриндорлари ҳам шунча. Ўзбекистон чемпионлари эса 52 нафар. Юқоридагилардан 12 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси, 62 нафари спорт устаси унвонига сазовор бўлганликлари ҳам эътиборга моликдир. Мактабимиз битирувчиларидан 79 киши республикамиздаги олимпия заҳиралари спорт коллежларига қабул қилинганликлари ҳам биз учун яхши кўрсаткия ғисобланади.

Албатта, ёш спортчилар билан ишлашда яхши натижаларга эришиш учун малакали мураббийлар зарур. Мактабимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Устозларни танлаш ва тарбиялашда, қайта тарбиялашда уларнинг касб маҳоратини оширишга, педагогик хислатларини ривожлантиришга, болалар психологиясини пухта билишларига эътибор берамиз. Янги иш бошлаган мураббийларни тажрибалироқ ҳамкасбларига бириктириб қўямиз. Ҳозирги кунда мактабда фаолият олиб бораётган юздан ортиқ мураббийнинг 36 нафари олий маълумотли. Қолганлари эса ўрта махсус маълумотли. Айни вақтда сиртдан ўқиб олий маълумот олиш имкониятлари юзага келганлари учун уларнинг кўпчилиги университет ва институтларда таҳсил олишни режалаштирмоқдалар.

Жамоамиз устозлари эришилган ютуқлар билан кифояланмасликни ўзларига одат қилишган. Келгусида жисмоний тарбия ва спортнинг ҳар бир оилага кириб бориши учун бор имкониятларини ишга соладилар. Натижада ёшларимиз орасидан янада кўп чемпионлар етишиб чиқади, деб ўйлайман. Ўз навбатида “Адолат” социал-демократик партияси мамлакат белбоғли кураш федерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, хайрли ишга қўл урган, деб ҳисоблайман. Биз биргаликда турли мусобақалар ўтказиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш борасида салмоқли ютуқларга эришишимиз мумкин, деб ўйлайман.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Нурбек АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!