Депутат аралашуви билан “Жизза” маҳалласидаги ички йўллар таъмирлаш учун дастурга киритилди

Депутатни халқ сайлайди. Халқни эзгу ният йўлида ўзига эргаштира оладиган киши ҳамиша элнинг ҳурмат эътибрида, эъзозида бўлади. Одамларни бир-бирига суяниб, таяниб, бир-бирларини тушуниб, муаммоларни биргалашиб бартараф этишга даъват қилиш мен каби ҳар бир депутатнинг ноёб фазилатларидандир.

Халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари халқ кўнглига йўл топиб, уларни эзгуликка, яхшиликка, бунёдкорликка даъват этиб, ўзлари ҳам одамлар юрагидан жой олмоқдалар. Иш фаолиятимиз давомида ёшлар ва хотин-қизлар масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. 

Шу мақсадда апрель ойининг бошида депутатлик гуруҳимиз аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПФ-5466-сон Фармони ижросини таъминлаш юзасидан “Yoshlar - kelajagimiz” давлат дастурининг туманда бажарилишини ўргандик. Мутасадди ташкилотлар билан жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш жараёнида ютуқ ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Шунга асосан 18 апрель кунидаги депутатлик гуруҳимиз йиғилишида “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармасининг туман филиали раҳбари Нодир Амирқуловнинг ҳисоботини эшитдик. У депутатлик гуруҳимиз йиғилишидаги маърузасида ўтган йили дастурга асосан 22 нафар ёш тадбиркорга 2126,2 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилганини қайд этди ва 63 нафар ёшлар иш билан таъминланганини қистириб ўтди. 2019 йил учун эса 71 нафар ёш тадбиркорларга 14614,0 миллион сўм кредит ажратиш мақсадида манзилли рўйхат шакллантирилган бўлиб, бунинг натижасида 538 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сонли “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида давлат-хусусий шериклик шартларида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибидаги низом асосида туманда 2018 йилда “Yoshlar mehnat guzari” қуриш истагини билдирган 25 нафар ёш тадбиркорларга туман ҳокими томонидан ер майдонлари ажратиб берилган.

АТ “Халқ банки” Касби филиали томонидан ПФ-5466 қарорига асосан кредит ажратиш бўйича қабул қилинган 14 лойиҳадан умумий суммаси 3842000000,00 сўмлик 7 фоизли кредитдан атиги битта лойиҳага Истамбул хусусий корхонасига 200000000,00 сўм ажратилган. Бу сумма ҳам банк ҳисобидан. Гуруҳимиз йиғилишида шу ва бошқа камчиликлар, хусусан, ёш тадбиркорларга кредит ажратиш ишлари қониқарсиз эканлиги филиал раҳбари Нодир Амирқуловга уқтириб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда бундан кейин ҳам гуруҳ аъзоларига тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни назорат қилиш ҳамда аниқланган камчиликлар юзасидан депутат сўровларини юборишга доир ишларни фаоллаштиришлари лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, депутатлик гуруҳимиз аъзолари партиямиз лойиҳалари асосида ўрганишлар олиб бордилар.Шунга асосан, 2019 йил 6 мартдаги депутатлик гуруҳимиз йиғилишида партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” ҳамда “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида тумандаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, тез тиббий ёрдам, патронаж хизмати, оилавий поликлиника ва ҚОПлар фаолияти билан боғлиқ болаларда учрайдиган “Ясси оёқлик” ва “скалиоз” касаллигини баратараф этиш борасида қилинаётган ишлар аҳволи муҳокама қилинди. Фаолиятда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан гуруҳ йиғилишининг тегишли қарори қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашининг “Ижтимоий –маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия”си муҳокамасига киритилди.

Дарвоқе, партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳимиз аъзолари, партия фаоллари ва мутасаддилар иштирокида туманимиз умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида “Ясси оёқлик” ва “Скалиоз” касаллигини аниқлаш ҳамда олдини олиш борасидаги ишларни ўргандилар. Айни пайтда умумтаълим мактабларида “Скалиоз” касаллиги билан касалланган болалар 3 нафарни, мактабгача таълим муассасаларида эса 1 нафарни ташкил этади. Умумтаълим мактабларида “Ясси оёқлик” касаллиги билан касалланган болалар ҳозир 4 нафарни, мактабгача таълим муассасаларида эса “Ясси оёқлик” касаллигига чалинган болалар сони 8 нафарга етган. Шундай нохуш ҳолат кузатилаётганига қарамай, мутасаддилар ҳанузгача мактабгача таълим муассасалари жисмоний тарбия машғулотларида “Ясси оёқлик” ва “Скалиоз” касалликларини олдини олиш бўйича махсус машқлар ва махсус йўлакчалар ташкил этишмаган. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари тумандаги 1-,9-,24-,2-МТМ ҳамда 1-,13-,2-,16- умумтаълим мактабларидаги ҳақиқий аҳволни ўргандилар.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари туман партия Кенгаши фаоллари билан маҳаллаларга чиқиб, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, фуқароларни юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнига фаол жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор бериб келаяпмиз. Айниқса, маҳаллалардаги аҳоли хонадонларига ташрифимиз эвазига одамларни қийнаб келаётган муаммолар тегишли ташкилотлар кўмагида бартараф этилаётгани одамларнинг кўнглини кўтармоқда. Масалан, мен ўтган ойда 8- “Жизза” сайлов округи аҳолиси билан учрашиб, юзма-юз мулоқот уюштирганимда, одамлар ички йўллар носоз ҳолга келиб қолгани ва бунга амалий ёрдам беришимни илтимос қилишган эди. Мен аҳоли мурожаатини ўрганиб, шикоят ўринли эканлигини аниқладим ва тегишли ташкилотларни бу муаммони бартараф этишга жалб этдим. Натижада эса маҳалланинг ички йўллари таъмири иккинчи чоракда белгиланган ишлар дастурига киритилди ва таъмирланадиган бўлди.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Замира Қудратова ҳам шу ойда Таллиюлғун қишлоғи аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказиб, фуқаро Б. Сатторовга паррандачиликни йўлга қўйиши учун 3 миллион сўм, О. Азимовга эса тикувчилик ва касаначиликни ривожлантириш учун АТБ “Агробанк” Касби филиалидан 10 миллион сўм кредит олишда амалий ёрдам кўрсатди. Қишлоқ одамларини қийнаб келаётган яна бошқа муаммолар ҳам депутатларимиз иштирокида бартараф этилаяпти.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Рустам Аллабердиевнинг саъи-ҳаракати туфайли Оқжангал қишлоғининг Олтин қум кўчасидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган электр сим ёғоч 10 апрель куни янгисига алмаштирилди.

Гуруҳ аъзоси Рустам Аллабердиевнинг Муғлон қишлоғи аҳолиси билан дилдан ўтказган мулоқоти ҳам аҳоли учун жуда фойдали бўлди. Энг муҳими, одамларни ташвишлантириб келаётган жумбоқлар маҳаллалар кесимида, ошиб борса туман миқёсида тегишли ташкилотлар кўмагида ижобий ечим топаяпти. Бу эса одамларнинг Ўзбекистон “Адолат” СДПга бўлган ишончини янада оширмоқда. Масалан, учрашувда мурожаат қилган фуқаро Р.Эминова депутат Рустам Аллабердиев аралашуви билан АТБ “Агробанк” Касби филиалидан 10 миллион сўм кредит билан таъминланди. Куни кеча фуқаро Р.Эминова депутатлик гуруҳимизга ташриф буюриб, кредит эвазига тикув машинаси ва ранг-баранг мато сотиб олиб ўз иш ўрнига эга бўлганини маълум қилди.

Депутатларимиз фуқароларни доимий ишга жойлашиб олишларида ҳам беминнат ёрдам қўлини чўзаяптилар. Қатағон қишлоғида яшовчи фуқаро Садоқат Тўхтаниёзова депутат Садин Ашировнинг беғараз ғамхўрлиги туфайли 2019 йилнинг 15 апрель куни туманимиздаги 4-ҚОПга патронаж ҳамшира сифатида муқим иш жойига эга бўлди. Шу қишлоқда умргузаронлик қилаётган Ғайрат Хидиров ва Рўзимурод Эргашевлар депутат Садин Аширов кўмаги билан иссиқхона қуриш учун АТБ Агробанк Касби филиалидан 16 миллион сўм кредит билан таъминландилар.

Умуман олганда, депутатлик гуруҳимиз аъзолари берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, сайловлар йилида халқ билан кўпроқ мулоқот қилишга, уларнинг дарду-ташвишларини енгиллаштиришга интилмоқдалар. Барча жабҳада ташаббускор бўлишга, ислоҳотлар жараёнига фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпмиз. Халқимизнинг партиямизга бўлган ишончи ортиб, хайрихоҳларимиз сафи кенгайиши учун фаол иш олиб бораяпмиз.

Аббос ҲАСАНОВ,

Халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!