Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси ўзи ўқиган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилди

Апрель ойининг охирги ҳафтасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округлари ҳудудида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказдилар. Парламентдаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ҳам Наманган шаҳридаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Корхона, ташкилот ва муассасалар жамоалари билан мулоқотлар олиб борди. Хотира ва қадрлаш куни олдидан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари билан ўтказилган мулоқотлар ҳам самимий кечди.

Ана шу қизғин учрашувлар оралиғида депутат вақт топиб, ўзи таълим-тарбия олган Чортоқ туманидаги Пешқўрғон қишлоғида жойдашган 25-умумтаълим мактабига ҳам ташриф буюрди. Унга “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши фаоллари ҳамроҳлик қилдилар. Шуҳрат Якубов билим масканига ўзининг шахсий кутубхонасидан қарийб юзта китоб совға қилди. Улар орасида ўзбек ва жаҳон мумтоз адибларининг сара асарлари, илмий, ижтимоий-сиёсий, шунингдек болалар адабиёти намуналари бор.

Чортоқ туманидаги 25-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акрам Исоқбоев:

– Таълим даргоҳимиз ташкил топганига қирқ йилдан ошди. Бу давр мобайнида уни минглаб пешқўрғонликлар битириб чиқиб, мустақил ҳаётга йўлланма олдилар. Улар бугунги кунда турли жабҳаларда меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Ана шундай битирувчилар орасида собиқ ўқувчимиз Шуҳрат Якубов ҳам борлиги барчамизни қувонтиради. Бугунги тадбирга келсак, бу китоблар жамоамизга жуда керак. Улар кутубхонамизни тўлдиради, унинг аъзолари сафини кенгайтиришга кўмаклашади. Бу иш давлатимиз раҳбари олға сурган беш ташаббусга ҳамоҳанглиги билан ҳам ажралиб туради.

Бугунги кунда мактабда салкам минг нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Уларга етмиш нафардан зиёд муаллимлар билим чўққиларини эгаллашда устозлик қилмоқдалар. Ўқувчилар орасидан чиққан фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловлар ғолиблари сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Адабиётлар мактаб жамоасига топширилгач парламент аъзосининг педагоглар ва ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев, Чортоқ туман ҳокимининг ўринбосари Файзулла Баҳодиров, туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Анвар Акбаров, фахрий педагог Қурбонали Тўлабоев ва бошқалар мамдакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш юзасидан катта ишлар олиб борилаётганлигини таъкидладилар. Хусусан, куни кеча матбуотда эълон қилинган давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу борада янги вазифаларни белгилаб берганлиги билан алоҳида эътиборга лойиқдир. Мазкур ҳужжатда мамлакатда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш юзасидан қатор йўналишлар кўрсатиб ўтилганлиги диққаига сазовордир.

Тадбир иштирокчилари китобхонлар сафини кенгайтириш, мутолаа маданиятини янада оширишнинг аҳоли маънавиятини юксалтиришда катта аҳамият касб этаётганлиги қайд этдилар. Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрлаб намойиш этилган “Болага китоб беринг!” мавзуидаги адабий кеча ҳам тўпланганларда катта таассурот қолдирди.

Пировардида Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов сўзга чиқиб, ёш авлодга таълим-тарбия беришда катта муваффақиятларга эришаётган мактаб педагогик жамоасига ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди. У парламент фаолияти, янги қабул қилинган қонунлар, иайёрланаётган қонун лойиҳалари ҳақида батафсил сўзлаб берди. Учрашув қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар ҳам олдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!