Бизнинг бобомиз Пушкин эмас-ку!

Ён-атрофга диққат билан ҳеч разм солганмисиз? Кишиларнинг табиатида ўз она тилига бўлган муносабатини ҳеч пайқаганмисиз? Карочи, вообше, тем более каби сўзлар нутқий одат сўзларига айланиб қолганлигигачи? Тўғри, ўтган давр давомида муҳит ва шароит тақозоси инсонларнинг шундай сўзларни одатий ҳолда қабул қилишлари ва ишлатишларига сабаб бўлди, дейиш мумкин. Бироқ, биз янги жамият қурдик. Унда ўзимизга хос ва фақат ўзимизгагина тегишли бўлган миллийлигимизни сингдирдик. Бу миллийликни сақлаб қолиш учун эса миллат тили ягона бўлиши керак. Унга ўзга тиллар аралашдими, тамом. Бу миллат маънавиятига путур етказмасдан қолмайди. Биз биламизки, рус тили дунё тиллари қаторига киради. Биз уни иккинчи тил сифатида қабул қилиб мавқеини янада баландлатмаяпмизми? Орамизда шундай кишилар борки, ўз тилида гапиришдан ор қилиб, ўзбек тилида гапиришни хоҳламайди.

Шундай экан, рус тилини янада юқори мартабага чиқариб нимага эришамиз?! Кўпчилик ота-оналар фарзандларига ёшлигидан рус тилини ўргатишга камарбаста бўлишади. Бу яхши. Бинобарин, дунё билиш учун, уни таниш учун рус тилини ўрганиш ижобий ҳолат. Лекин шундай ота-оналар ҳам йўқ эмаски, фарзандига рус тилини ўргатиш билан бирга русча тарбия ҳам беради. Бу ўз-ўзидан кўринадики, ўша фарзанднинг келгусидаги ҳаётига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бу ўзига хослигимиз, миллийлигимиз мустаҳкамлигини парчалайди. Ҳеч бир ота-она фарзанд тарбиялаётиб, унинг қандай сўзларни ишлатишига, фойдаланишига жиддий эътибор қаратадими? Афсуски йўқ. Бу сўзни айт-у, у сўзни айтма, деган билан фарзандингиз топшириғингизни тўлиқ уддалай олмаслиги мумкин. Лекин сиз қандай сўздан фойдалансангиз фарзандингиз ҳам шунга яраша камол топади. “Қуш уясида кўрганини қилади”- деган нақл юқоридаги фикримнинг исботи. Фарзанд тарбияси аввало оиладан бошланишини унутмайлик. Ўзингиз ўрнак бўлиб, кўрсатсангизгина таъсири жуда кучли бўлади. Демоқчиманки, биз Ватанимиз, миллатимиз шаънини юқорига кўтариш учун тилимизни, унинг дахлсизлигини таъминлашимиз зарур. Тил бор экан миллат бор. Ўзбек тили бор экан – ўзбек деган халқ бор. Рус тили шундоқ ҳам юртимизда, қолаверса, халқимиз орасида алоҳида ўринга эга. Уни ўрганиш, мулоқот қилишни одамларнинг ўзлари жуда яхши билишади, эплашади. Бунинг учун уни давлат тили даражасига чиқариш шарт эмас. Унинг ўрнига ўзбек тилининг мавқеини кўтарайлик. Тилимизнинг мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшайлик. Дунё халқларининг жуда кўпчилиги рус тилини билишади. Ўзбек тилини ҳам шундай мартабага етказиш қўлимиздан келмайдими? Навоий бобомиз бу тилнинг мавқеини осмон қадар юксакларга кўтарганида, биз уларга муносиб ворис бўлолмаймизми? Биз бунинг ўрнига рус тилини кўтармоқчи бўламиз! Ахир бизнинг бобомиз Пушкин эмас-ку! Ўзга миллатлар тилини ҳурмат қилиш инсонийлик бурчимиз. Истагим, дунё тилларини ўрганайлик ва бу орқали жамиятимизга, халқимизга фойдаси тегадиган ишларни қилайлик. Аммо ўз тилимизга хиёнат қилмайлик. Зеро, бир кун келиб, бизнинг ўзбек тилимизни ҳам дунёнинг барча халқлари ўқиб-ўрганишга ихлосманд бўлсин!

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!