Тилга эътибор – элга эътибор

Май ойи ижтимоий тармоқларда тил масаласига доир қизғин мунозара билан ёдда қоладиганга ўхшайди. Бунга бир гуруҳ “ўзбек зиёлилари”нинг Ўзбекистонда рус тилига расмий мақом бериш ҳақидаги таклифи ўрин олган мурожаати сабаб бўлди. Ушбу материал “Вести.уз” сайтида эълон қилинган ва қатор интернет-нашрлар томонидан кўчириб босилган. Ўтган қисқа муддат ичида бу мавзуда жуда кўп муносабат билдирилди. Уларнинг аксариятида жўяли фикрлар мавжуд. Менга айниқса, таниқли олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг мулоҳазалари маъқул тушди.

Чиндан-да, биринчи навбатда “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш ва талаб даражасига келтириш керак. Бундай юксак мақомдаги ҳужжатнинг “тиш-тирноқсиз” эканлигига асло тоқат қилиш мумкин эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, юқоридаги қонун бузилаётганлигига деярли ҳар куни гувоҳмиз. Лекин қарийб ўттиз йил давомида бирон-бир жисмоний ёки юридик шахс давлат тилига путур етказганлиги учун қандайдир жавобгарликка тортилганлигини ҳеч ким эслай олмайди. Ҳар йили 21 октябрь арафасида матбуотда, радио ва телевидениеда мазкур санага бағишланган чиқишлар қилиб, қонунни олқишлайвериш билан иш битмайди-ку. Бу эса назаримизда, қонуннинг умуман ишламаётганлигидан далолатдир.

Қани, бизнинг Расул Ҳамзатовларимиз? Ажойиб авар шоири ўзининг сон жиҳатидан унча катта бўлмаган халқи тилини нақадар жонкуярлик билан ҳимоя қилганлиги барчага маълум. Унинг онага, тилга, бебаҳо қадриятларга эҳтиромни юксак даражага кўтаргани ибрат эмасми? Расул оғанинг она тилига бағишланган машҳур шеъридаги мана бу мисралар ҳар биримизга сабоқ бўлиши зарур.

Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,

Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:

Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,

Жонимга масихдир шу она тилим.

Майли, ким қай тилдан завку шавқ олса,

Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.

Эрта она тилим агар йўқолса,

Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

“Ўзбек зиёлилари”нинг мурожаати бир неча жиҳатдан кишини ўйлантиради. Энг аввало, рус тили уларнинг шундай таклифига муҳтожми, деган савол туғилади. Унинг мамлакатимиздаги ҳозирги мавқеи ёмон эмас. Мактабгача таълим муассасаларидан тортиб олий ўқув юртларигача бу тилда ўқиш учун шарт-шароитлар яратилган. Газета-журналлар, адабиётлар чоп этилади, радио-телевидениеда эшиттириш ва кўрсатувлар эфирга узатилади, интернет-ресурслар ҳам керагича бор.

Жаҳон миқёсида фикрласак, айни пайтда дунёда 260 миллиондан зиёд киши русча сўзлашади. Пушкин ва Толстой тили БМТ ва ЮНЕСКО, бошқа кўплаб халқаро ташкилотларнинг расмий тили ҳисобланади. Ўзининг тарқалиши ва қўлланиши миқёси жиҳатидан ер юзида олтинчи ўринда туради.

Шундай экан, биринчи навбатда давлат тилининг ўз мақомига мос ҳолатга келтириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш мақсадга мувофиқ эмасми? Бунга биз журналистлар ҳам ҳисса қўшишимиз даркор, албатта. Радио ва телевидениеда сўзга чиқадиган кишилар, ҳатто мухбирлар ҳам шевада сўзлашдан қутула олганликларича йўқ. Кинода ҳам шу аҳвол. Наҳотки, адабий тил миллатни бирлаштириши лозим бўлган омиллардан бири эканлигини ҳеч ким тушунмаса?

Тилларни ўрганиш ҳақида гап кетганда, аввало, ҳар бир фуқаромиз ўзбек тилини пухта ва беками-кўст билиши асосий қоидага айланиши керак. Бунинг учун таълим муассасалари ходимларига кўп нарса боғлиқ. Яна бир қизиқ жиҳат шундаки, беш ёки олти ёшдаги бола ҳали она тилини тўла ўзлаштирмай туриб, инглиз ёки рус тилида шеър айтганлиги билан мақтанамиз. Хорижда ўзбекчани ўрганишни кенгайтириш ва рағбатлантириш масаласи эса ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Таълим мавзусига қайтсак, боғча ва мактабларда болалар гуруҳ ва синфларда икки ёки учга бўлиб чет тилига ўргатилади. Ҳақли савол туғтлади: нега ўзбек тилига нисбатан ўзгача муносабатда бўлинади? Дарвоқе, собиқ тузум пайтида шундай эди, ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармаган. Айни вақтда хорижий тилларни ўргатадиган ўқув марказлари урчиб кетди. Улар нафақат шаҳарларда, балки қишлоқларда ҳам фаолият кўрсатмоқда. Фарзандингизни алоҳида шуғуллантираман десангиз, репетиторлар ҳам етарли, ҳақини тўласангиз кифоя. Бу, нафақат хорижий тилларга, балки бошқа фанларгаам тааллуқли эканлигидан кўз юмиб бўлмайди. Балки мактабларда таълим савияси ва самарадорлиги пастлигидан шундай бўлаётгандир. Бу ҳам муҳокама учун бир мавзу.

Давлат тилининг ростмана мавқега эга бўлолмаётганига ёзув масаласининг узил-кесил ҳал этилмаганлиги ҳам сабаб. Лотинчага ўтишга қарор қилинди-ю жуда кўп муаммолар келиб чиқди. Мисол учун, ҳозиргача имло қоидалари мукаммаллаштирилгани йўқ. Алифбони такомиллаштириш масаласи ҳам кун тартибидан олиб ташланмаган. Шунга қарамай уни таълим жараёнида тўла қўлланилмоқда. Балки яна кирил ёзуви ҳақида ўйлаб кўриш керакмикан?

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида ҳам талабаларнинг ўзбек тилини чуқур ва пухта эгаллашлари учун шарт-шароит яратиш зарурга ўхшайди. Яқинда Наманган давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Шавкаидон Абдураҳмонов билан суҳбатлашиб қолдик. У ҳам ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга бефарқ эмаслигини айтди. Айни пайтда университетда ўзбек тилини кенгроқ ўқитиш тарафдори эканлигини баён этди. Масалан, “Давлат тилида иш юритиш”, “Нутқ маданияти” каби фанларни жорий этиш фойдадан холи бўлмаслиги тўғрисидаги мулоҳазаларга биз ҳам қўшилдик. Бироқ ҳозирча ўзбек филологиясидан ташқари биронта факультетда она тилимиз ўқитилмас экан. Таълим рус тилида олиб бориладиган йўналишларнинг биринчи босқичларигина бундан мустасно. Нега кейинги босқичларда ўқитилмайди? Ёки ёшларнинг тил бўйича юқори малакали мутахассис бўлишидан чўчиймизми?

Лекин энг даҳшатли ҳолат шундаки, бугунги жамиятимизда Навоий ва Машраб забонининг ҳақиқий жонкуярлари жуда оз. Айниқса, катта-курсиларни эгаллаб ўтирган раҳбарлар орасида. Аслида уларни ҳам лавозимга давлат тилини билишига ва унга муносабатига қараб қўйиш керакмикан? Шу фикрга изоҳ сифатида шу йил январь ойида “Халқ сўзи” газетасида ва сайтида босилган бир луқмани мисол келтираман. 

“Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганига яқинда ўттиз йил тўлади. Ўтган давр мобайнида мазкур ҳужжат асосида қатор ишлар амалга оширилди. Аммо шу билан бирга, бу соҳада ҳали камчиликлар етарли эканлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Қонун ижроси юзасидан изчил назорат йўқлиги кўзга яққол ташланмоқда. Наманган шаҳри кўчаларини айлансангиз, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз.

Айниқса, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари атрофидаги эълон, афиша ҳамда реклама панноларида ёзилган матнларни ўқисангиз, кўплаб имловий ва стилистик хатолар, хорижий сўзлардан ноўрин фойдаланиш каби ҳолатларга кўзингиз тушади. Мана, ошхона олдидаги ёзув: “ZAKAZ SHASHLIK”. Бу ўқловдай ҳарфлар уни тайёрлаганларнинг савод даражасидан далолат бериб турибди.

“Чуст БУЮРУТМА ТАОМЛАРИ” ва “НАХОРГА МАСТАВА” жумлаларидаги хатолар ҳам, ҳеч сўзсиз, пешонангизни тириштиради. “ТИЛЛО ДОДА ПАТИР НОН МАРКАЗИ”нинг “ижодкорлари” нима демоқчи эканликларини ўзлари тушунармикинлар?

“На дизайн, на бадиий дид талабларига жавоб берадиган йўл кўрсаткичларига мутасаддилар эътибор қаратганмиканлар?” деган савол ҳам туғилади. Наҳотки “A. Temur” ўрнига “Amir Temur”, “Boburshox ko’chasi” ўрнига “Bobur shoh ko‘chasi”, “Hamrox” ўрнига “Hamroh” деб ёзиш кераклигини ҳеч ким англаб етмаган бўлса? Ачинарлиси, давлат тилига бундай эътиборсизлик, бу каби муносабатни, чаласаводлик кўринишларини деярли ҳар қадамда учратиш мумкин.

— Биз бир неча йилдан бери шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузурида ташқи реклама воситаларининг мазмун-мундарижасини назорат қиладиган комиссия тузилиши зарурлиги ҳақидаги масалани кўтариб келамиз, — дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бўлими раҳбари Дилшод Мамажонов. — Афсуски, ҳозиргача бу таклиф инобатга олингани йўқ. Оқибатда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларининг бузилишига йўл қўйилмоқда.”

Энг қизиғи, ушбу материалда келтирилган ҳолатларга барҳам беришга ҳозиргача на вилоят, на шаҳар ҳокимлигидаги мутасаддилар, на жамоатчилик вакиллари эътибор қаратдилар. Шундай давом этаверсак, ўтган даврда эришилган натижалардан маҳрум бўлиб қолишимиз, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қуруқ қоғозга айланиши ҳам ҳеч гап эмас.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!