Партиядошимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Юртимизда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, меҳнатда ва жамоат фаолиятида ўрнак кўрсатган фахрийлар ҳамиша халқ ардоғида бўлиб келган. Бундай ёши улуғ инсонлар давлатимиз томонидан ҳам доимо рағбатлантириб келинаётгани диққатга сазовордир. Айниқса, кейинги йилларда бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги 2017 йил 14 июлдаги қарори ҳам кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлаб кутиб олинди.

Яқинда “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгашининг қарорига мувофиқ ана шундай ажойиб инсонлардан бир гуруҳи I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Масалан, Наманган вилоятининг Уйчи туманида узоқ йиллик самарали меҳнати ва жамоатчилик фаолияти юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида партиядошимиз Аҳмаджон ака Юсупов ҳам бор. Унга II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тақдим этилди.

“Адолат” СДП Уйчи туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи етакчиси Фаридахон Отахонова:

— Тажрибали шифокор, тиббиёт билимлари тарғиботчиси Аҳмаджон Юсуповни туманда танимаган одам кам топилади. У аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасининг чинакам жонкуярларидан саналади. Узоқ йиллар катта-кичик тиббиёт муассасаларини бошқарган. Мана, ярим асрдан ошибдики, ўзининг бутун билими ва куч-ғайратини беморлар дардини енгиллаштиришдек эзга ишга бахшида этиб келади. Айни пайтда туман “Саломатлик маркази”нинг директори.

Аҳмаджон Юсуповнинг ибратли ҳаёт йўлини ёшларга ҳар қанча ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Мактабни битиргач, дастлаб тиббиёт билим юртида, кейин эса Тошкент тиббиёт институтида ўқиди. Андижон вилоят стоматология поликлиникасида, Уйчи туман марказий касалхонасида ишлади. Марказий касалхона бош врачининг ўринбосари бўлди. Ўн етти йил Жийдакапа қишлоқ участка шифохонасига раҳбарлик қилди.

Бугунги кунда етмиш икки ёшни қоралаб қўйган оқсоқолни уйчиликлар фаол жамоатчи, ижтимоий-сиёсий ҳаётда мавқеи тобора ошиб бораётган “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгашининг тиниб-тинчимас фаолларидан бири сифатида ҳам яхши танийдилар.

Аҳмаджон Юсупов Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгашини бошқарган йиллари партиядошларимиз сафи қарийб икки баравар кенгайди. БПТ сони эса деярли уч баравар ўсди. Энг муҳими, бошланғич ташкилотлар фаолияти жонланди. Улар ўз ҳудудларида маънавий-сиёсий ишларни олиб боришга киришдилар. Биринчи навбатда партиямиз ғоялари ва дастурини кенг тарғиб қилишга аҳамият қаратилди.

Иккинчи даражали “Меҳнат фахрийси” нишони соҳиби Аҳмаджон Юсупов:

– Бошқа мукофотланганлар қатори меҳнатим юксак баҳога сазовор бўлганлигидан ниҳоятда хурсандман. Бу, ғайратимга ғайрат қўшди, келгусида янада фаоллик кўрсатиб ишлайман. Халқимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишдек олижаноб вазифанинг муваффақиятли бажарилишига муносиб ҳисса қўшавераман. “Адолат” СДП аъзоси сифатида партиямизнинг ғоя ва дастурларини кенг тарғиб қилишни давом эттираман.

Биз ҳам партиядошларимиз номидан отахонга эзгуликка йўғрилган фаолиятида муваффақиятлар, сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

СУРАТДА: Аҳмаджон Юсупов (ўнгда)

партиямиз фаоллари Олимжон Мақсудов

ва Жамолиддин Эргашев билан

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

t.me/adolat_uz

instagram.com/adolat_sdp/

facebook.com/sdpu.adolat/

twitter.com/AdolatSDP

Орқага қайтиш

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!