ЖИЗЗАХ

Манзил: Жиззах шаҳри, Ш.Рашидов шох кўчаси 63-уй

Телефон: (72) 226-61-32, 226-61-22

Электрон манзил:  jizzax@adolat.uz

Янгиликлар
News

Шарофат Ҳасанова: кўрик-танлов ҳаётда адолатли бўлишга, қонунга сўзсиз бўйсунишга, ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ўргатди

Мамлакатимизда юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Тенгдошларим қатори аъло ўқишга, жамоат ишларида доимо фаол қатнашишга ҳаракат қилмоқдаман. Коллежимиз ҳуқуқшунослик ва ижтимоий фанларни чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослаштирилган. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан коллежимизда ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, партия фаолиятига қизиқишим хайрихоҳликка айланди ва партия аъзоси бўлишга аҳд қилдим. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш партиянинг устувор вазифаларидан бири эканлиги бизни янада қувонтиради. Устозларимизнинг таъкидлашича, анъанавий ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” республика кўрик-танлови мустақил фикрлайдиган ёшларни тарбиялашга хизмат қилади. Беллашувлар жараёнларида иштирокчилар ва барча йиғилганлар ҳам бунга амин бўлишди. Мазкур танлов партиянинг ёшлар иштирокидаги энг қизиқарли тадбири ва биз учун масъулиятли беллашув саналади. Хусусан, танлов жараёнларида сиёсий соҳадаги билимларимиз, Бош қомусимиз, ҳуқуқий ислоҳотлар борасидаги тушунчаларимиз, сиёсий партиялар фаолияти мамлакат ҳаётида қандай ўрин тутиши ҳақидаги қарашларимиз ҳар томонлама адолатли синовдан ўтказилди. Бир сўз билан айтганда, партия томонидан амалга оширилаётган ишларнинг узвий қисми сифатида ушбу танлов ёшларни ҳаётда ва келгуси фаолиятида доим адолатли бўлишга, қонунга сўзсиз бўйсуниш, ўз ҳуқуқларини билган ҳолда ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ўргатади. Чунки қонун ва адолат бир-бири билан узвий боғлиқ тушунчалар эканлигини тобора чуқурроқ англаб етмоқдамиз. Шарофат ҲАСАНОВА, Жиззах ҳуқуқшунослик коллежи ўқувчиси, “Конституция билимдони” республика кўрик-танлови 1-ўрин соҳиби   ...

Батафсил
News

Конституция ва адолат ҳаётимиз устуни

Конституция ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Мамлакатимизда Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Аслида ҳам, Конституция — барча қонунларнинг негизи бўлиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади. Бу йил Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллигини нишонладик. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах вилоят юридик коллежида тадбир ташкил этилди. “Конституция — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” мавзусида бўлиб ўтган мазкур тадбир конституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини яққол очиб берди. Жиззах вилоят юридик коллежи билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда партининг вилоят Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Жиззах вилоят ҳамда шаҳар Кенгаши депутатлари, коллеж ўқитувчилари ва талабалари, партия фаоллари шу билан биргаликда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раис ўринбосари П.Ҳамзаев очиб берар экан, Конституция юртимизда олий мақомдаги қонун сифатида давлат қиёфаси, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузилиши, бошқарувнинг демократик принциплари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатланиши ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг коллеж талабалари томонидан конституциянинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти тўғрисидаги бадиий чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Ушбу чиқишларда талабалар конституция ҳақида тўплаган бор билим ва маҳоратларини очиб беришди. — Биз ёш ҳуқуқшуносларга берилаётган юксак эътибор барчамизга мана шу соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишимиз, адолат, одиллик ва қонунийликни янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишимизни талаб этади, – дейди Жиззах вилояти юридик коллежи талабаси, “Конституция билимдони” кўрик-танлови республика босқичи ғолиби Шарофат Ҳасанова. Тадбирдан сўнг коллежнинг 2 ва 3 босқич талабаларидан иборат жамоалари ўртасида “Заковат” интелектуал ўйини ташкил этилди. Бунда талабаларга конституциянинг ҳар бир бўлим, боб ва моддаларидан иборат 15 та саволлар берилди. Ушбу саволларга жавоб беришда талабалар ўзларининг конституцияни аъло даражада ўзлаштирганликларини кўрсатиб беришди. Ғолиб жамоага партия ва коллеж маъмуриятининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Мадина ПАНЖИЕВА, Жиззах вилоят юридик коллежи 2-босқич талабаси, партия фаоли ...

Батафсил
News

Жиззахда Президент қарори ижроси юзасидан сессияга масала киритилди

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш, гимнаст-спортчиларнинг маҳорат ва малака даражасини муттасил ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ушбу қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилди. Ўрганиш натижалари Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати, соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқилиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги 37-сессиясида муҳокама этилди. Сессияда ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоятда амалга оширилган ишлар тўғрисида партия депутатлик гуруҳи раҳбари Ориф Шукуровнинг ахбороти эшитилди. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят спортчилари 15 та халқаро, 66 та Республика мусобақаларида қатнашиб, 125 нафар спорт усталигига номзод ҳамда 278 нафар спортчилар 1-даражали спортчи талабларини бажардилар. Вилоят спортчилари 2018 йилнинг 10 ойи давомида халқаро мусобақаларда 17 та олтин, 12 та кумуш ва 8 та бронза, Республика мусобақаларида 92 та олтин, 97 та кумуш, 105 та бронза медалларни қўлга киритдилар. Вилоятда бадиий гимнастика спорт секцияси 201 та, уларда шуғулланувчилар сони эса 3308 нафарни, спорт гимнастикаси 26 та, шуғулланувчилар сони 400 нафар, шундан қизлар 176 нафарни, спорт акробатикаси 2 та секция бўлиб, 29 нафар шуғулланувчилардан 20 нафарини қизлар ташкил этади. Уларга спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича 33 нафар, спорт гимнастикаси бўйича 10 нафар ва акробатика йўналиши бўйича 1 нафар мураббий спорт сирларидан сабоқ бериб келмоқда. Ушбу спорт турини ривожлантириш ҳолати ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда Арнасой туманида бадиий гимнастика бўйича 1 нафар мураббий 20 нафар спортчига, Бахмал туманида 3 нафар мураббий 144 нафар спортчига, Дўстлик туманида 1 нафар мураббий 54 нафар спортчига, Зарбдор туманида 5 нафар мураббий 164 нафар спортнинг ушбу тури билан шуғулланувчиларга, Зафарабод туманида 2 нафар мураббий 84 нафар спортчига, Мирзачўл туманида 1 нафар мураббий 29 нафар спортчига, Пахтакор туманида 3 нафар мураббий 75 нафар спортчига, Ғаллаорол туманида 4 нафар мураббий 103 нафар спортчига, Ш.Рашидов туманида 2 нафар мураббий 66 нафар спортчига ҳамда Жиззах шаҳрида 22 нафар мураббий 533 нафар спортчига бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин соҳасида энг янги илмий-методик тавсия ҳамда ютуқлар асосида вилоят, республиканинг терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори даражали спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машғулот жараёнларини самарали олиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди. Сессия ишида ҳозирги кунда вилоятимиздан 5 нафар спортчи гимнастика спорт тури бўйича Ўзбекистон терма жамоасига номзод спортчилар сифатида рўйхатга киритилганлиги ҳамда Президентимизнинг ушбу қарори юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш, қарор ижроси юзасидан самарали депутатлик назоратини ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратилиши лозимлиги қайд этилди. Сессия якунида ушбу масала юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, тегишли соҳа мутасаддиларига алоҳида вазифалар юклатилди. Жасур ҚАРШИЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ишлар бўйича ўринбосари ...

Батафсил
News

Тозалик – саломатлик гарови

Ҳозирги кунда фан-технология, саноат, иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ривожланиши ижобий натижаларга эришиш билан бир қаторда атроф-муҳитга ўзининг салбий оқибатлари билан ҳам таъсир этмоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бу борада экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратади. Фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида аҳолини бирлаштириш, ёшлар тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бугун барча вилоятлар сингари Жиззах вилоятида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида барча шаҳар ва туман Кенгашларида депутатлар, партия фаоллари, соҳага оид ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан хонадонлар, кўчалар ва маҳаллаларнинг озодалигига эришишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят ҳамда Жиззах шаҳар Кенгаши томонидан 5-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида партиянинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Жиззах шаҳрининг “Турон”, “Сайилжой” ҳамда “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Тозалик – саломатлик гарови” акцияси ўтказилди. Акция доирасида Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати О.Нишонова ҳамда партиянинг вилоят Кенгаши бош мутахассиси Ш.Соатовалар томонидан аҳолига атроф-муҳитни ифлосланишига йўл қўймаслик, хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўз ҳудудини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, соҳа фидойиларининг меҳнатига ва яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш кераклиги тўғрисида тушунтиришлар берилди. – Бугун биз ушбу мавзуда сўз юритар эканмиз, албатта, инсон омили хусусида тўхталишимизга тўғри келади. Чунки тозалик борасида бажарилиши лозим бўлган ишлар фақат инсонларга ҳос эканлигини ёдда тутмоғимиз лозим. — дейди “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муниса Аллаёрова. — Шундай экан бу масалани ёшларимиз онгига сингдиришимиз, тозалик ва озодаликка нисбатан уларнинг маъсулиятларини оширишимиз керак бўлади. Шундагина юртимиз тозалигини сақлаган, халқимиз соғлиғини мустаҳкам бўлишига эришган бўламиз. Шу билан биргаликда, акция доирасида “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза кўча”, “Энг тоза маҳалла” тонлови ўтказилди ҳамда танлов ғолиблари эътироф этилиб, тақдирланишди. Ҳасият Тўҳтаева, танловнинг “Энг тоза хонадон” номинацияси соҳиби; — Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида ўтказилган танловда менинг хонадоним “Энг тоза хонадон” номинацияси бўйича ғолиб бўлганлигидан жуда хурсанд бўлдим. Албатта ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган хонадони, кўчаси ва маҳалласи ободлигида фаол иштирок этиши зарур. Атроф-муҳит тозалигига нафақат мутасадди ташкилотлар балки ҳаммамиз бирдек жавобгармиз. Шу қаторда биз катталар ўсиб келаётган фарзандларимизни атроф-муҳит тозалигига, уни сақлашга ҳамда уларнинг экологик ва тиббий маданиятини оширишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Албатта бундан кейин ҳам партия томонидан ўтказилаётган бу лойиҳада оиламиз билан фаол иштирок этамиз. “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар самараси бежиз кетмайди, албатта. Бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг атроф-муҳит тозалигига масъулияти ошади, уларда табиатни асраб-авайлаш ва покиза ҳолда сақлаш маданияти шаклланади. Достон ЗОКИРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши матбуот хизмати котиби ...

Батафсил
News

Саховатпеша инсонлар меҳрибонлик уйида

Ўзбекистон “Адолат” СДП ижтимоий адолат принципларига асосланган ҳолда мамлакатимизда ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам вакилларига эътибор қаратиш, уларга зарурий масалаларда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш орқали ўз фаолиятининг ижтимоий йўналтирилганлигини кўрсатиб беради. Бу борада партия томонидан бир қанча лойиҳалар амалиётга татбиқ этилган бўлиб, ушбу лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад халқ фаровонлиги ҳамда мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшишдир Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларидан бири меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидир. У ердаги ҳар бир мурғак вужуд эгалари атрофдагиларнинг меҳр-муҳаббатига муҳтождирлар. Улар учун кўрсатилаётган заррача эътибор, улар томонга узатилаётган қўллар бу қалб эгалари учун жуда катта қувонч бахш эта олади. Мана шундай саховатпеша инсонлардан бири Жиззах вилоят “Bo’ston Olami” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси раҳбари, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Нортошев партиянинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида 29-сонли Меҳрибонлик уйига 450 кг картошка, 450 кг пиёз, 120 кг гуруч, 50 кг шакар, 100 литр мой каби озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совғалар билан ташриф буюрди. — Гап моддиятда эмас, — дейди Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Нортошев. – Ота-она, оила муҳитидан узоқ, аммо ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган меҳрга чанқоқ қалбларга оз бўлсада таскин, қувонч бахш эта олиш катта бахт. Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ёшлар ҳам унумли фойдаланиб келишмоқда. Бунинг исботини уларнинг таълим олиш жараёнидан, спорт ва турли хил тўгараклардаги иштирокидан билишимиз мумкин. – Халқимизга раҳмат, Меҳрибонлик уйига мактаб ўқувчиларидан тортиб ҳокимлик вакилларигача келишади, кўнгил сўраб, меҳр улашиб. Мана энди Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Нортошев ҳам шундай совға-салом билан келибди, — дейди 29-Меҳрибонлик уйи раҳбари Норқул Тоғаев. — Болажонларимиз ушбу саховатпеша инсонларга ўз раҳматларини айтишди. Қолаверса, ушбу депутатимиз томонидан мазкур меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, Жиззах Политехника институти “Транспорт иншоотларидан фойдаланиш” факултетида таҳсил олаётган Шерали Қодировнинг 2018-2019 ўқув йилидаги ярим йиллик кантракти учун 4200 000 сўм миқдорида пул маблағи тўлаб берилди. Мана шундай инсонлар томонидан бу ерда тарбияланаётган болажонлар учун кўрсатилаётган ҳар қандай эътибордан уларнинг мурғак кўнгли тоғдек кўтарилади, ва бу ишлар уларнинг келажакдаги фаолиятида ўз самарасини кўрсатмай қолмайди албатта. Достон ЗОКИРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши матбуот хизмати ...

Батафсил
News

Конституция — бахтимиз ва ҳуқуқларимиз кафолати

Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатдир, десак, янглишмаймиз. Мамлакатимизда асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки, аслида ҳам, Конституция — барча қонунларнинг негизи бўлиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига мана 26 йил бўлди. Бош қомусимиз Юртимиздаги олий мақомдаги қонун сифатида давлат қиёфаси, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузилиши, бошқарувнинг демократик принциплари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатланиши ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Бир сўз билан айтганда, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этиш, жаҳоннинг юксак тараққий этган давлатлари қаторига қўшилишда асосий қомусимиз катта аҳамиятга эга. Шундай экан, улуғ мақсадларни амалга ошириш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини чуқур англаб олишимиз лозим. Бугун халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, эртанги кунга бўлган ишончининг негизида Конституциямизда белгиланган тамойил ва ҳуқуқий меъёрлар ётганлигини барчамиз тушуниб етдик. Миллий давлатчилигимизнинг чуқур илдизлари ва дунё мамлакатларининг конституционализм амалиётини жорий этишдаги илғор тажрибасига асосланган ҳолда ривожланаётганлигига ҳам мана йигирма олти йилдан ортиқ вақт ўтди. Фуқароларимизнинг бугунги тинч-тотув ҳаёти ва юртимизда таркиб топган барқарорликни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳар биримиз уни қадрлашимиз ҳамда асрашимиз даркор. Асосий Қонунимизда белгиланган сиёсий соҳадаги асосий вазифалардан бири халқнинг бой турмуш тажрибасига асосланган ҳолда республика аҳолисининг миллий ва маданий анъаналарига, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган ҳуқуқий демократик принципларни қарор топтиришдир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, конституция миллатни миллат сифатида дунёга танитади, халқнинг иродасини, руҳиятини ижтимоий онги ва маданиятини, халқимизнинг тафаккурини акс эттирадиган ҳужжатдир. Жаҳонгир НОРТОШЕВ, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши депутати ...

Батафсил
News

Жиззахда “Истеъдод клуби” фаолияти йўлга қўйилди

Юртимизда мустақиллик йилларида ёш авлод камолоти йўлида олиб борилаётган ишлар, эътибор ва ғамхўрлик амалга оширилаётган давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлмоқда. Ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган марралар, ютуқлар ана шу ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодасидир. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мамлакатимиз келажаги ҳар томонлама соғлом, уйғун ривожланган ёшлар қўлида деб ҳисоблайди. Партиянинг сайловолди дастуридан ўрин олган мамлакатимиз бўйлаб иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган илғор ғоясини ҳаётга, айниқса ёшлар орасида тадбиқ этиб ижросини таъминлаш ҳар бир партия фаолининг олдида турган муҳим ва устувор вазифалардан бири этиб белгиланганлиги билан эътирофга лойиқдир. Ёшларимиз ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш партиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Бу борада, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенагаши Марказий аппарати ташаббуси билан ташкил этилган “Истеъдод клуби” ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш мақсадида ташкил этилган “Истеъдод клуби” ҳозирда фаол, талабчан ёшларни ўз атрофига бирлаштирмоқда. Шу ўринда партия фаолларининг жонкуярлиги билан партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши қошида “Истеъдод клуби” фаолияти йўлга қўйилиб, унинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, партия фаоллари, иқтидорли ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Ёшларни ижтимоий соҳаларда бирлаштириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, мустақил фикрга эга ҳамда ўз қарашларини эркин баён қила оладиган, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатини тўғри ва дадил билдира оладиган етук кадрларни кашф қилиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва янада юксалтириш клубнинг асосий мақсад ва вазифалари сирасига киради. “Истеъдод клуби”га аъзо бўлган иқтидорли ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ушбу клубда адабиёт, тасвирий санъат, табиий фанлар, аниқ фанлар, ҳуқуқшунослик, спорт, ахборот коммуникация технологиялари ҳамда бошқа йўналишлар бўйича алоҳида бурчаклар ташкил этилиб, уларнинг изланиш ва ишланмалари ушбу бурчакка жойлаштирилди. Партиямиз томонидан ёшларнинг турли соҳаларда ўз интилишларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларнинг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу эса партиямизнинг жойларда таънилувчанлигини оширишда ҳамда хайрихоҳларимиз сафининг янада кенгайишида алоҳида аҳамият касб этади. Достон ЗОКИРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Жиззах вилоятида тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ўрганилди

Мамлакатимизда тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳага янги технологияларни татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлаётир. Давлатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир чиқишларида барча ислоҳотларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш эканлиги, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутишини қайта-қайта таъкидланмоқда. Шу мақсадда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолатини ўрганиш мақсадида тузилган Республика ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигида Жиззах вилоятига ташриф буюришиб, вилоятдаги соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор фазифаларни белгилаш мақсадида ўрганиш ишларини олиб боришди. Бугунги кунга келиб Жиззах вилояти аҳолисига 37 та шифохона, (жумладан 1 та шаҳар ва 12 та туман тиббиёт бирлашмалари), 113 та амбулатория-поликлиника муассасалари, 27 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 54 та қишлоқ врачлик пунктлари, РШТЁИМ Жиззах филиали ва унинг 12 та туманлардаги бўлимлари, вилоят перинатал маркази ва Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти Жиззах вилоят бўлинмаси ва 14 та ДСЭНМлар томонидан хизмат кўрсатилмокда. Жиззах вилоятининг туман ва шаҳарларида 13 та марказий тез тиббий ёрдам станциялари ва уларнинг 45 та шахобчалари орқали хизмат кўрсатилмоқда. Фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида 2018 йил 4 дона “Дамас” русумли автомашина сотиб олинган. Вилоят аҳолисига 85 та “Дамас” русумли ва 17 та “Hunday», 4 та “НИССАН” русумли жами 102 та тез тиббий ёрдам автотранспортлари хизмат кўрсатмоқда. Мавжуд 102 та тез тиббий ёрдам автомашинасидан 63 та (61,8%)сига GPS – навигатор ускунаси ўрнатилган. Ишчи гуруҳи томонидан аҳолига тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда сифатини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш ва тиббий маданиятини ошириш орқали аҳоли ўртасида касалланиш кўрсаткичлари пасайишига эришиш мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, оналар ва болаларга ихтисослаштирилган ва юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатиш орқали, оналар, чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтиришга эришиш, ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар салоҳиятини ошириш, вилоятда хусусий тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтириш борасида ҳам бир қатор таклиф ва тавсилар берилди. Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах шаҳри ҳамда Зарбдор туманидаги тиббиёт муассасалари, ҚВПлар, оилавий поликлиникаларнинг фаолияти ташриф буюриб ўрганилганда, Тошкесган ҚВПда бугунги кунда тиббий жиҳозлар етишмаслиги ҳамда штатлар ва кадрлар билан боғлиқ бўлган масалалаларни ҳал этиш лозимлиги маълум бўлди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш юзасидан бир қатор амалий чоралар ишлаб чиқилди. Қолаверса депутатлар томонидан тиббий хизмат кўрсатишда республика, вилоят, туман ва қишлоқ бўғинлари ўртасида боғлиқликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!