СИРДАРЁ

Манзил: Гулистон шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 35-уй

Телефон: (67) 225-43-58, 225-42-23

Электрон манзил:  sv_adolat@mail.ru

Янгиликлар
News

Сурайё Усмонова: кўрик-танловда иштирок этиб сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билим ва тажрибаларим ортди

Хотин-қизларнинг сиёсий соҳадаги билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида ташкил этилган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танловида иштирок этиш биз аёлларга ўзимизнинг куч ва имкониятларимизни кўрсата олиш, иқтидоримизни рўёбга чиқаришдаги роли билан ҳам қимматли бўлди. Қатнашувчи сифатида таассуротларимни ифодалайдиган бўлсам, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билим ва тажрибаларим ортди. Мактаб таълимига оид миллий қонунчилик асослари, белгиланган ҳар бир меъёр мазмунини нафақат касбдошларимиз, балки ўқувилар ва уларнинг ота-оналари ҳам зарур даражада билиши лозимлиги ҳақида беллашув иштирокчилари билан фикрлашганим айни муддао бўлди. Бу масалада партия депутатлари билан биргаликда иш олиб боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Кўпчиликка маълумки, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг маънавияти ҳақида ижтимоий тармоқларда бир қатор чиқишлар бўлмоқда. Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она муносабатлари бир-бири билан боғлиқ бўлиб, пировардида бу таълим сифатига жиддий таъсир қиладиган ҳаётий омил саналади. Уларнинг ҳар бири ўз бурч ва мажбуриятларини бажариши шарт. Ўз бурч ва мажбуриятларини бажармаслик қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини ҳар биримиз яхши англаб олишимиз лозим. Таълим-тарбия жамият тараққиёти, соҳалар ривожланишида, ёшларимиз ҳаётда ўз ўрнини топишида кўзланган натижаларни бериши, турли муаммолар пайдо бўлишининг олдини олишда ҳам бу норматив-ҳуқуқий меъёрларни амалиётда қўллаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Сурайё УСМОНОВА, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танлови иштирокчиси, Сирдарё вилояти босқичи ғолиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Юксак ҳуқуқий маданият – қонун устуворлигининг гарови

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши томонидан “Юксак ҳуқуқий маданият – қонун устуворлигининг гарови” мавзусида тадбир ўтказилди. Ховос туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ховос туман Кенгаши вакиллари, Ховос туман ҳоким ўринбосари О. Донабоев, туман партия Кенгаши вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ховос туман МФЙ раислари, умумтаълим мактаби ўқитувчилари ҳамда партиянинг фаол аъзолари иштирок этишди. Дастлаб, тадбирда иштирокчилар эътибори яқинда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятига қаратилди. Мазкур ҳужжатда белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши, бу борада маҳалла фаолларининг ўрни алоҳида эканлиги тадбирда таъкидлаб ўтилди. Фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга хурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини халққа изчил етказиш тизимини шакллантириш бирламчи вазифалардан этиб белгиланганлиги ҳақида иштирокчиларга кенг ва атрофлича тушунчалар бериб ўтилди. Т. Шодиев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ховос туман Кенгаши раис ўринбосари: — “Юксак ҳуқуқий маданият – қонун устуворлигининг гарови” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлиши ҳамда ҳуқуқий билимини кундалик ҳаётда қўллаши учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда “шахс- оила-маҳалла-таълим муассасаси-ташкилот-жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ишлар ташкил этилиши лозимдир. Тадбир якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қолган иштирокчилар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар ҳамда тегишли тартибда вазифалар ижросини бажариш белгилаб олинди. Азиза НАЗИРҚУЛОВА Ўзбекистон “Адолат”СДП Сирдарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Депутат ташаббуси: “Улуғ йўл” ва “Аҳмад Яссавий” кўчаларига замонавий электр чироқлари ўрнатилди

Оқшом пайтлари хонадонларда ёки кўчаларда чироқлар бир зум ёниқ турмаса қандай аҳволга тушишимизни яхши биламиз. Бу ҳолат кўпгина ноқулайликларни ҳам келтириб чиқариши бор гап. Шу боисдан депутатлар бундай ҳолатга дуч келиб қолишса муаммога барҳам беришда фуқаролардан ўзларининг холис хизматларини ҳеч қачон аяшмайди.Чунончи, Бахт шаҳрида жойлашган марказий кўчалардан бир нечтасида електр чироқлари ўрнатилмаганлиги шу манзилда яшовчи аҳоли ва қолаверса, ушбу йўлларда ҳаракатланувчи ҳар бир фуқарони гўёки ҳаёт нурларидан бебаҳра этаётгандек эди. Айниқса, кекса кишилар ва болалар бундан кўп азият чекишарди. Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати С. Элмуродов бу ҳолатни кўриб, халқни ортиқ куттириб ўтирмади. Дарҳол масалага ижобий ечим топиш мақсадида Вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборди. Депутатнинг бу сўрови ижобий қониқтирилиб, “Улуғ йўл” ва “Аҳмад Яссавий” кўчаларига Сирдарё вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан замонавий электр чироқлари ўрнатилди. Эндиликда, агар шу кўчаларга кечаси йўлингиз тушиб қолса, ён-атрофни худди кундузгидек қилиб юборган чироқларга ва бундан беҳад мамнун қиёфадаги инсонларнинг юзларидаги табассумга дуч келасиз. Дарҳақиқат, бу каби сермаҳсул ишлар халқ қалбилан чуқур жой олмасдан қўймайди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби   Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Сардобаликлар янгиланган Сайлов кодекси билан танишди

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сардоба туман Кенгаши томонидан вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Сайлов Кодексига киритилган ўзгартиришларни кенг жамоатчиликка етказиш масалалари юзасидан тадбир бўлиб ўтди. Мудофага кўмаклашувчи Ватанпарвар мактабида ташкил этилган мазкур тадбирда партия вилоят, туман ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ватанпарвар мактаби тингловчилари, “Ёшлар қаноти” вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди. Ушбу янгиланаётган сайлов қонунчилиги замирида бир қатор юзада қалқиб турган муаммоларнинг бартараф этилиши билан боғлиқ ижобий ечимлар ўз аксини топган. Жумладан, сайлов жараёнларида замон талабларидан келиб чиқиб ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан ҳам сайловларда қатнашиш имкониятининг берилиши демократик принципларга тўла мос келиши, инсонпарварлик тамойилларига асосланаётганлигидан дарак бермоқда. Тадбирда юқорида келтирилган маълумотлар бўйича иштирокчиларга атрофлича тушунтиришлар айтиб ўтилар экан, шунингдек, қатнашчилар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан ҳам партия ходимларига саволлар тақдим этишди. Иштирокчи тингловчилардан бири Жўраев Одилбек ўз ҳудудидаги депутатларнинг нофаол эканлигини айтиб, уларнинг етарлича иш кўрсатмаётганлигидан халқнинг таъби хира бўлаётганлигини билдирди. Мактабда ўқув машғулотларини олиб борувчи ўқитувчи Абсатова Холида эса фуқароларнинг сайлов жараёнларида қатнашиш кўрсаткичи жуда паст бўлиб қолаётганлиги, бу борада уларда сиёсий онг етишмаётганлигини алоҳида ачиниш билан эътироф этди. Партия ходимлари бу муаммолар юзасидан тегишлича ўрганишлар олиб боришни ўз зиммаларига олишди. Якунда партия вилоят раиси ўринбосари Беҳзод Абдуллаев томонидан сиёсий партиялар ва сайлов қонунчилиги бўйича қатнашчиларга саволлар берилди. Саволларга тўғри жавоб топган иштирокчилар рағбатлантирилиб, уларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди. ​Бегзод БЕКМУРОДОВ Ўзбекистон “Адолат”СДП Сардоба туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Мутасаддилар эътиборидан четда қолаётган мактаб

  Барчага маълумки, бундан анча йиллар олдин, яъни “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва ушбу Фармон юзасидан ҳамда умумий ўрта таълим тизимини тубдан яхшилаш, энг юксак замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув-моддий базасини ва таълим стандартларини шакллантириш, қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий базаси ҳамда жиҳозланишидаги тафовутларни босқичма-босқич бартараф этиш асосида болаларни ўқитиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам элон қилинган эди. Шу асосда дастурга киритилган йиллар оралиғида бутун республикамиз мактабларининг тубдан янги қиёфа касб этгани ёки эскисининг ўрнида янги ва замонавий мактабларнинг қад ростлагани барчамизга аён. Кейинги йилларда ҳам таълим соҳасидаги қабул қилинган бир қанча қонун ва қарорларнинг амалдаги ифодаси ўлароқ, бу тизимда кўплаб салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан, Сирдарё туман Бахт шаҳар “Тадбиркор” маҳалласида жойлашган 36-умумий ўрта таълим мактабининг бугунги ҳолатини кўриб, юқорида келтирилган Фармон ижроси бу мактабда нега бажарилмаган, деган савол пайдо бўлмоқда. Ишчи гуруҳимиз билан олиб борган ўрганишларимиз жараёнида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, 80 ўринга мўлжалланган бу мактаб жуда ачинарли, шарт-шароитсиз, бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайдиган аҳволда. Ташқаридан кўринганда уйча шаклини эслатувчи бу мактабда бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олса керак, деган ҳаёлга бордик. Аммо, мактаб ичига кириб у ердаги маъмурият билан бўлган суҳбатимизда бизнинг ўйларимизга қарама-қарши бутунлай тескари жавобни олдик. Фотосуратда кўриб турганингиздек 5-6 та хонадангина иборат бу масканда ҳам бошланғич ҳам юқори синф ўқувчилари таҳсил олишади. Битта хонада ҳам мактаб директори, ҳам ўқитувчилар хонаси, ҳам кутубхона жойлашганига нима дейсиз? Мактаб директори Алижон Муқумов бу ҳақда куйинчаклик билан гапирар экан, — бу муаммомизни ҳал этиш бўйича сўраб бормаган жойим қолмади. Қайси эшикка бош суқманг, ўзидан нари қилишга интилади — дейди. Биз Давлат дастури асосида бу мактаб ҳам лойиҳага киритилган ёки киритилмаганлиги тўғрисида савол билан юзландик. — Киритилган, — деди мактаб директори.— Аммо, мутасадди раҳбарлар томонидан бу ишни бажариш кечиктириб келинмоқда. Алал-оқибат зиммадасиги вазифа эсдан ҳам чиқиб кетмоқда. Натижаси эса кўриб турганингиздек ўзингизга маълум. Бундан фақатгина шу мактабда таълим оладиган ўқувчилар-у уларга яхшироқ таълим берай деб жон куйдираётган ўқитувчилар жабр кўрмоқда. Ҳа, афсус билан қайд этиш жоизки, ўқувчилар ҳали ҳануз мана шундай хеч қандай шароитсиз мактабда таълим-тарбия топиб келишмоқда. Тушликкача бошланғич синфлар, тушликдан сўнг юқори синф ўқувчилари келиб ўқийдиган бу мактаб хоналари бошланғич синфларни ўқитишга мўлжаллаб жиҳозланган бўлиб, парталар, синф доскалари юқори синфларга дарс ўтишга умуман тўғри келмайди. Юқори синфларнинг физика, кимё фанларидан таълим олишларига лаборатория хоналари ҳам мавжуд эмас. Мактаб ўқитувчиларидан бири Қурбонгул Атақўзиева шу важни деб хаттоки, ўқувчилар ўртасида ихтилофлар юзага келаётганлигини ачиниш билан сўзлади. Синф доскасини юқорига илиб қўйса, кичик ёшдаги ўқувчилар қийналади, пастга илай деса аксинча… Мактабда спорт зали бўлишини эса хаттоки, орзу ҳам қилиш қийин. Спортз али у ёқда турсин, мактаб ташқарисида жойлашган спорт майдончаси ҳам хароб аҳволда ётибди. Бу майдончани спорт майдончаси деб аташ тўғри бўлармикин? Иккитагина занг босган темирнинг майдонча ўртасида сўппайиб турганини айтмаганда, бу майдончада бегона ўт-ўланлар-у, сизот сувларидан тўпланиб қолган кўлмаклардан бошқа ҳеч вақо йўқ. Ўртадаги катта эски ҳовуз эса аллақачон чиқинди ташлаш нуқтасига айланиб улгурган. Бу ҳовузга бирорта ёш ўқувчининг тушиб кетмаслигига ким кафолат бера олади. Бундай майдончаларда жисмоний тарбия дарсларининг ўтилиши ўқувчи соғлиги ва ҳаётига хавф туғдирмайдими? — Иссиқ кунларда ўқувчиларимиз жисмоний тарбия машғулотларини шу ерда ўташади,— дейди Қурбонгул Атақўзиева. Қолган пайтларда-чи, деган саволимизга,– Албатта, болалар жисмоний тарбия дарсларига жуда ҳам қизиқишади, ҳар доим ушбу дарс учун махсус кийимларни ҳам кийиб келишади. Бироқ, масаланинг кўндаланг томони, бундай шарт-шароитдан кейин биз, дарсларимизни синфда ўтишга мажбур бўламиз –дейди ўқитувчи. Биз бундай ҳолатдан ҳайратга тушдик, очиғи. Чекка қишлоқ ҳудудида эмас, балки шаҳарда бўлиб туриб шундай аҳволдаги мактабларнинг ҳали ҳам мавжудлиги бизни ташвишга солди. Бу борада бунга масъул мутасадди ташкилотлар қаерга қарашяпди.— Биз бу бўйича бир неча бор вилоят Халқ таълими бошқармасига мурожаат этдик. Аммо натижа биз кутганимиздек бўлмаятди. Вазият ҳали ҳамон “эски хаммом- эски тос”лигича қолмоқда. Биз, гўёки, уларнинг назаридан бир четда қолиб кетаётгандекмиз – дейди куйинчаклик билан мактаб директори Алижон Муқумов. Бу фикрларни эшитиб вазиятга холисона ёндашган ҳолда баҳо берар эканмиз, бизда ҳақли бир савол туғилди. Таълим тизимида жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни давом этаётган бугунги кунда қанчадан-қанча мактаблар ва бошқа таълим даргоҳлари тубдан қайта қурилиб, капитал-реконструкция ишлари амалга оширилганда нега бу шаҳардаги мактаб эътибордан четда қолиб кетди экан? Ёки унинг ёнида қўшимча ўринларга мўлжалланган мактаб қурса бўлади-ку. Унинг аҳволини яхшилайдиган, зарур шароит ярата оладиган ва жон койитадиган бирор-бир мутасадди наҳотки, топилмаяпти? Бу ерда таълим олаётган мактаб ўқувчилари-ю, таълим берадиган ўқитувчиларида нима гуноҳ? Айблари шу ерда сабоқ чиқариш учун саҳармардондан чопиб келадиган ўқувчилар ва уларга дарс ўтадиган ўқитувчиларнинг фидойиликларими? Биз ушбу масала юзасидан тегишли ташкилот ва мутасаддиларнинг жавобларини кутиб қоламиз. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Халқ манфаати йўлида

  Жорий йилда “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинган эди. Ушбу қарор ўз мазмун-моҳияти билан глобал аҳамиятга эга долзарб муаммоларга барҳам бериши билан қимматли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Негаки, ушбу қарорда ижро этиш учун белгилаб берилган вазифалар аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза этиши билан биргаликда, ижтимоий хавфи юқори бўлган юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан мустаҳкам амалий чоралар кўришни белгилаб берди. Хусусан, 2019-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида сил ва ўпканинг носпецифик касалликларига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлари соҳа бўйича улкан амалий ишларни бошлаб беришни назарда тутган. Эътироф этилган ушбу чора-тадбирлар бизнинг вилоятимизда ҳам бу борадаги ишларни юқори поғоналарга олиб чиқиши, шубҳасиз. Айтиб ўтиш жоизки, вилоят миқиёсидан келиб чиқиб оладиган бўлсак, туман ва шаҳарлар у ёқда турсин, хаттоки, вилоят марказида ҳам бу тизим анча самарасиз фаолият кўрсатаётган эди. Ўпка ва сил каби юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, уларга қарши йўналтирилган зарур эмлаш чораларини кўриш, очиқ айтиш керак, деярли тизимда кўзга ташланмаётган эди. Эндиликда, бу қарорнинг қабул қилиниши бу борадаги ишларни ҳам жонлантиради. Айниқса, пульмонолог шифокорларнинг ишлаш меҳанизми кучаяди. Улар фаолиятини самарали ташкил этишлари учун махсус хоналар, зарур тиббий техник анжомлар билан таъминланади. Аҳолини бу юқумли касалликлардан ҳимоялаш учун яшаш манзилларида мутасаддилар томонидан кучли назорат олиб бориш тартиби ўрнатилади. Касаллик юзага келиб чиқмаслиги ва олдини олиш чораларини кўриш учун масканларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилади. Бу хизматларни кўрсатишда партиямиз фаоллари ҳам ўз ташаббускорликларини аяшмайди, албатта. Партия лойиҳаларидан бири “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бу бўйича тегишли ишлар амалга оширилишини келгусидаги муҳим жараёнлар қаторида ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Кўпчилигимизга яхши аёнки, вилоятимизда олий маълумотга эга шифокор кадрлар етишмайди. Бу камчилик пульмонолог ва фтизитерапевт шифокорларининг мавжудлик даражасида ҳам яққол кўзга ташланади. Қабул қилинган мазкур қарор билан бу муаммо барҳам топиши, соҳада етук ва малакали шифокорлар фаолият бошлаши муқаррар. Чунончи, Тошкент тиббиёт академиясида ва кейинчалик бошқа тиббиёт олий ўқув юртларида ҳам соҳа бўйича етук кадрларни тайёрлаш, уларнинг магистратура ва клиник ординатурада таълим олишларини фақат давлат гранти асосида ташкил этиш, ўйлайманки, ўзининг ижобий мевасини бермасдан қўймайди. Бу амалиёт талабалар учун нақадар қулай ҳамда келажакда улар ўз фаолиятларида яхши кўрсаткичларга эришишлари учун аҳамиятли ҳисобланади. Умуман олганда, бу қарорнинг қабул қилиниши соҳада ижобий ўзгаришларни бошлаб бергани ҳолда, республикамиз аҳолиси соғлиғини юқумли касалликлардан муносиб ҳимоялашда асосий омил бўла олади. Убайдилла АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Гулистон туман Кенгаши депутати, шифокор-терапевт ...

Батафсил
News

Сирдарёнинг адолатчи аёллари сиёсий саводхонликларини синовдан ўтказишди

  Партиянинг сайловолди дастурида юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилганлиги алоҳида қайд этилган. Бугунги кунда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши баробарида уларнинг турмуш тарзи, шароитини яхшилаш, оилавий бизнесни шакллантиришга хотин-қизларни жалб қилиш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Маълумки, партия мазкур имконият ва ислоҳотларни чекка-чекка қишлоқ аёлларига тарғиб қилишга, шу билан бирга уларнинг ижтимоий-сиёсий маданиятини оширишга ҳисса қўшиши билан бир пайтда партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари ташаббуси билан ўз сафидаги заковатли хотин-қизларнинг иқтидорларини кашф этиш, уларнинг билими ва салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён қилиш, турмуш тарзи ва фаолиятини, илгари сураётган эзгу ғояларини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида партияга аъзо хотин-қизлар ўртасида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” номли кўрик-танлови ўтказилиши анъана тусига кириб улгурди. Бу эса нафақат хотин-қизлар, балки барча партия аъзоларини янада жипслаштиришга, фаоллаштиришга, партия тизимида ташаббускор ва фаол аёллар сонини кўпайтиришга, жойлардаги партия ташкилотлари таркибида бўлган “Аёллар қаноти” Кенгашлари салоҳиятини оширишга, “Аёллар қаноти” аъзоларининг партия ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга, уларнинг ташаббускорлигини оширишга, партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга уларни кенг жалб этишга ёрдам бермоқда. Гулистон шаҳридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Вилоятнинг барча туман ҳамда шаҳарлари босқичларида ғолибликни қўлга киритган партиядош хотин-қизлар беллашган ҳудудий босқични Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, барча туман ва шаҳар ғолибларини кўрик-танловнинг вилоят босқичига етиб келганлиги билан табриклади. Иштирокчилар кўрик-танловнинг “Адолат – менинг нигоҳимда” номли биринчи шарти асосида мавзу юзасидан тегишли тақдимот ва лойиҳаларини тақдим этдилар. Номзодларнинг сиёсат ва ҳуқуқга доир билимлари синаладиган тадбирнинг иккинчи қисми “сиёсий билимдонлик”да иштирокчилар ўзларининг ташаббускорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши, сиёсий саводхонлиги, умумбашарий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганликларини намойиш этдилар. Сўнгги шарт бўйича иштирокчиларнинг эркин мавзудаги бадиий чиқишлари томошабинларга кўтаринки руҳ бағишлади. Самимий, кўтаринки ва муросасиз ўтган беллашувда қатнашчилар ҳар бир шарт якуни бўйича ҳакамлар томонидан одилона баҳоланиб борилди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичига йўлланмани партия Гулистон шаҳар Кенгаши аъзоси Сурайё Усмонова қўлга киритди ва фахрли 1-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, иккинчи ўринга ховослик аъзоларимиздан Азиза Назарова, учинчи ўринга Оқолтин тумани партия ташкилоти фаоли Гулмира Намозова муносиб кўрилди. Кўрик-танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам турли хил йўналишдаги номинациялар билан тақдирланиб, уларга партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. — Кўрик-танловнинг Гулистон шаҳар босқичида ғолиб бўлганимда роса қувонгандим. Бугун қувончим икки баробар ортди. Ғолиб бўламан деб ўйламагандим, — дейди вилоят босқичи ғолибаси Сурайё Усмонова.— Сабаби бошқа иштирокчилар ҳам юқори савияда тайёргарлик кўришганининг гувоҳи бўлдим. Аслида бу каби танловда иштирок этишнинг ўзи биз иштирокчилар учун муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, вилоятимизнинг барча маҳаллий партия ташкилотларидан келган опа-сингилларимиз билан яқиндан танишиб, улар билан партиянинг фаоллигини оширишга қаратилган амалий ишлар ҳақида тажриба алмашиниш имкониятига эга бўлдим. Республика босқичида Сирдарё вилояти номидан иштирок этар эканман, масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда, кучли тайёргарлик кўриб, ғолибликни қўлга киритмоқчиман. Бунинг учун менда ишонч ҳам, иштиёқ ҳам етарли. Ўзига хос байрамга айланиб улгурган ушбу кўрик-танлов бугуннинг аёли нафақат оила ва фарзанд тарбияси билан шуғулланадиган инсон сифатида, балки уларни ижтимоий-сиёсий фаол, оқила ва ташаббускор аёл бўлишга чорловчи тадбирлардан бири бўлди, десак асло янглишмаймиз. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

“Ховосга ҳали ҳавас қиласиз”

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалар сирдарёликлар зиммасига юксак масъулият юклайди. Чунончи, биргина Ховос туманининг ўзида режага киритилган ишлар туман янада обод ва фаровон бўлишидан далолат беради. Чунки юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари давом этаётган бир вақтда Ховос тумани бу борада яккаланиб қолаётгандек эди. Шу давргача бу ҳудудда бирорта ҳам кўп қаватли иншоотнинг барпо этилмаганлиги, аҳолининг кенг қатлами, асосан эски, тор ва зах, шароити бўлмаган турар жойларда истиқомат қилиши кўпгина муаммоларни келтириб чиқараётганди. Президентимиз топшириғи билан эндиликда ушбу масканда янги марказ бунёд этиладиган бўлди. Бу марказ негизида Ховоснинг янги қиёфаси шакллантирилиши бош вазифа этиб белгиланди. Хусусан, Мирзачўл тажрибаси асосида М-39 автомобиль йўли бўйидаги 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилди. Унга кўра, бу ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспортлар учун қулайликлар яратилади. Шу билан биргаликда, ҳар йили кўп қаватли уйлар барпо этилиб, аҳолининг ижтимоий шароитлари босқичма-босқич яхшиланади. Бунёдкорлик ишларининг белгиланиши ховосликларни қувонтирди. Зеро, оилавий шароити яхшиланган инсоннинг эртанги кунга ишончи ҳам мустаҳкам бўлади. Шунингдек, Ховос туманида бир қатор янги фабрика ва заводлар қурилиши ҳам ҳудуддаги кўплаб муаммолар ҳал бўлишига замин яратади. Жумладан, селитра ишлаб чиқарувчи, чорва молларини ем ва омухталар билан таъминловчи заводлар қурилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятида 32 та тикувчилик мажмуалари ташкил этиш режалаштирилди. Албатта, бу мажмуаларнинг бир қисми Ховос туманида ҳам қад ростлайди. Бу фабрикалар негизида 4 минг 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Дарҳақиқат, бугун Ховос аҳли бундай бунёдкорлик режаларидан, ўзлари истиқомат қилаётган масканнинг яқин келажакда тубдан янги қиёфа касб этишидан бениҳоя мамнун. Албатта, бу вазифалар ижросини таъминлашда Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг ҳудудда иш олиб бораётган вакиллари ва депутатларининг ҳам ўз ўрни,бўлади. Валижон ТЎЙЧИЕВ, Ўзбекистон "Адолат" СДП Сирдарё вилоят кенгаши раис ўринбосари   ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!