КАШКАДАРЁ

Манзил: Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчаси, 3-уй

Телефон: (75) 221-78-21

Электрон манзил:  qashqadaryo@adolat.uz

Янгиликлар
News

Маҳаллий Кенгашларда: одамларни рози қилсак, ишимизда ривож ва барака бўлади

Буни бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши сессияси иштирокчилари алоҳида эътироф этдилар. Ўтган йилнинг 13-14 декабрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва жойларда аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ҳар томонлама ўрганиб, ечим топиш зарурлиги юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шу мақсадда ўтган қисқа вақт ичида вилоятда бир мунча ишлар қилинди. Аммо, воҳанинг кенг салоҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам талайгина. Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва одамларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан республика ишчи гуруҳи томонидан Қарши туманида олиб борилган ўрганиш натижаси халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида муҳокама қилинди. Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди. Тадбирда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят, туман, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Сессияда эътироф этилганидек, ишчи гуруҳи аъзолари ўнлаб хонадонларга, бир нечта маҳалла фуқаролар йиғинларига, шунингдек, давлат идоралари ва бир нечта ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюришди. Одамларнинг яшаш шароитлари билан танишилди. Ўрганишлардан маълум бўлишича, туман аҳолисини кўпроқ электр энергияси, суюлтирилган газ, йўл қурилиши, доимий ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк-кредит соҳалари билан боғлиқ муаммолар ўйлантирмоқда. Масалан, тумандаги Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғинининг Файзобод қишлоғида яшовчи фуқаролари А.Пирназаров ва Ш.Омоновлар тегишли идора раҳбарларига табиий газ билан таъминлаш масаласида бир неча бор мурожаат қилишган. Афсуски, одамларни қийнаб келаётган бу жумбоқлар ҳанузгача ҳал этилмасдан, пайсалга солиб келинмоқда. Таъкидландики, ўтган йили аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурига мувофиқ туманда 2033 та иш ўрни яратилган. Жорий йилда эса аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурига мувофиқ 5503 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Сессияда қабул қилинган қарорлар тўғрисида аҳолини хабардор қилишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш лозимлиги қайд этилди. Йиғилишда кўп қаватли уйларни таъмирлаш юзасидан белгиланган дастурни амалга оширишда ҳам оқсоқликка йўл қўйилганлиги уқтирилди. Масалан, 2018 йилда кўп қаватли уйларни таъмирлаш юзасидан белгиланган 1 миллиард 513 миллион сўм ўрнига, 974 миллион сўмлик иш бажарилган. Белгиланган йиллик режа бор йўғи 64 фоизга адо этилганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Фаолиятда йўл қўйилган ана шу камчиликларни ҳисобга олган ҳолда Қарши тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими (С.Қосимов), қурилиш бўлими (К.Худойбердиев) билан бирга жорий йилнинг 10 февралига қадар тумандаги кўп қаватли уйларни 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг якунланиши далолатномаларини тасдиқлаши тушунтирилди. Сессияда тумандаги 4 та сектор раҳбарлари (Р.Бегалиев, А.Мирзоев, Б.Арслонов, А.Қодиров) га ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур топшириқлар берилди. Туман инвестициялар бўлими (У.Лутфуллаев) туман ҳокимлиги молия бўлими ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларига бир ой муддатда 2019 йилда туманда ичимлик суви, канализация тармоғи ҳамда иссиқлик таъминоти тизимларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва ушбу йўналишдаги ишларни молиялаштириш юзасидан вилоят ҳокимлигига аниқ таклифлар киритишлари лозимлиги таъкидланди. Мажлисда эътироф этилдики, ҳақиқатдан ҳам республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан туманда ўрганишлар давомида қарийб 6061 та муаммо аниқланиб, уларнинг 2000 таси ўз жойида ҳал этилган. Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ечимига қаратилган чора-тадбирлар дастури, яъни йўл харитасини тасдиқлаш ва маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Шунингдек, сессияда тумандаги Мевазор маҳалласида сув оқова тармоқлари йўқлигини инобатга олиб, 9,7 километр канализация тизимини қуриш юзасидан вазифалар белгиланди. Сессияда масъул идора ҳамда ташкилотларнинг раҳбарлари бугун Президентимиз томонидан олдимизга қўйилаётган вазифаларни чуқур ҳис этиб, одамларни рози қилиш учун барча чора тадбирларни кўришлари зарурлиги таъкидланди. Мажлисда халқ депутатлари туман Кенгашидаги доимий комиссия аъзолари жойларга чиқиб, депутатлик ва жамоатчилик назоратини мунтазам олиб боришлари лозимлиги ҳам сессия кун тартибида муҳокама қилинди. Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Комил САХАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Маҳаллий Кенгашларда: фуқаролар манфаатини таъминлаш лозим

  Деҳқонобод тумани воҳанинг тоғли ҳудуди ҳисобланади. Муҳтарам Президентимизнинг эътибори ва раҳнамолиги туфайли кейинги йилларда туман аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тубдан яхшиланиб бораётир. Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар натижалари ҳам буни тасдиқлаб турибди. Бироқ, қишлоқ ва маҳаллаларда ҳали ҳам одамларни қийнаб келаётган муаммолар, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўп. Бу ҳақда бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида алоҳида қайд этилди. Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров иштирок этди. Сессияда ишчи гуруҳ, Сенат аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Йиғилишда алоҳида таъкидланганидек, ишчи гуруҳлари эътиборидан одамларни ўйлантириб келаётган биронта ҳам муаммо қолгани йўқ. Ўрганиш жараёнида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ўз ҳудудида умргузаронлик қилаётган ҳар бир инсоннинг турмушидан рози бўлиб яшаши учун кўмаклашиш мақсадлари борасида олиб борилаётган ишларга жиддий эътибор қаратилди. Фуқаролардан тушган мурожаатлар асосида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш соҳасидаги тизимли чора-тадбирлар таҳлил қилинди. Муаммо ва камчиликларга ечим топишда депутат сўрови ҳамда парламент назорати институтининг таъсирчан усулларидан фойдаланилди. Мазкур туман аҳолисини ички йўлларнинг носозлиги, бандлик, транспорт, савдо хизмати, электр энергияси, ободонлаштириш билан боғлиқ муаммолар қийнамоқда. Шунингдек, туман марказидан олисда жойлашган умумтаълим мактабларидаги шароит ҳам кўнгилдагидек эмас. Соғлиқни сақлаш муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматдан аҳоли қониқмаяпти. Ойбек, Оққишлоқ, Теракли ва Дуоб МФЙларнинг идоралари 1970, 1975 йиллар атрофида қурилган бўлиб, нураб қолган. Ушбу маҳалла идораларини замон талабларига мос равишда қуриб берилса, ҳудудлардаги фуқароларга маҳалла фаоллари керакли хизматларни амалга оширишлари фаоллашади. Туманда тожик миллатига мансуб фуқаролар қарийб 35 фоизни ташкил этади. Шундан Тожикистон Республикаси олийгоҳларини кейинги йилларда битириб келган 250 нафар ёшларнинг дипломлари нострификация қилиниши керак. Фуқаролар дипломлари нострификация қилинмаганлиги боис ишсиз қолаётир. Тожикистон Республикасида ўқиб келган фуқаролар учун тест синовлари Ўзбекистон тарихи бўйича амалга оширилаётгани боис уларга анчагина қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу туфайли ҳам уларни тест синовларини енгиллаштириш зарурлиги сессияда алоҳида таъкидланди. Ойбек қишлоғидаги тиббиёт муассасаларида малакали ходимлар, транспортларнинг етишмовчилиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. Айни пайтда туманда 40 та маҳалла мавжуд. Аҳолининг демографик ўсиш даражаси юқори. Туманнинг аксарият аҳолисини аёллар ва вояга етмаганлар ташкил этади. Сессияда мактабгача таълим бўлими тасарруфида 7 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, улар 510 нафар тарбияланувчиларни қамраб ола олади. Афсуски туманда мактабгача таълим муассасаларига тарбияланиши зарур бўлган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 16925 нафарни ташкил этади. Мажлисда Откамар, Қизилча, Тоғайтемир, Янгиобод, Ўзбекистон, Теракли ва бошқа кўпгина маҳаллаларда мактабгача таълим муассасаларига эҳтиёж мавжуд. Ушбу маҳаллаларда мактабгача ёшда бўлган ёшларнинг 15910 нафари уйда тарбияланмоқда. Сессияда туманнинг Қорашина, Бешбулоқ, Чучукқудуқ, Обод, Ингичка, Теракли, Ойбек маҳаллаларида аҳоли тоза ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, маҳаллаларда истиқомат қилаётган хонадонлар аҳолиси 1 машина сувни 100 минг сўмдан сотиб олиб истеъмол қилмоқда. Мажлисда бу масалаларни тез кунда ечиш йўлларини топиш ва одамларга қулайлик яратиш лозимлиги юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Туман ҳудудидаги ички йўллар таъмирталаб. Кўпгина маҳаллаларнинг ички йўллари умуман талабга жавоб бермайдиган тупроқ йўллардан иборат эканлиги сессияда айтиб ўтилди. Шу сабабли туман ҳудудидаги мавжуд ички йўлларнинг барчасини таъмирлаш, тупроқ йўлларга қум, шағал аралашмасидан ётқизиб, фуқаролар учун шароитлар туғдириш кераклиги эслатиб ўтилди. Сессияда Гумбулоқ МФЙ ҳудудидаги 3 километрлик ҳаво линиясидаги чириган ёғоч устунларини аламаштириш учун 45 дона, Ўзбекистон МФЙ ҳудудидаги 4,5 километрлик ҳаво линиясидаги чириган ёғоч устунларни алмаштириш учун эса 60 дона темир бетон устунларга эҳтиёж борлиги сессияда эътироф этилди. Шунингдек, аҳолини электр энергияси таъминоти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам тез кунда бартараф этиш лозимлиги таъкидланди. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, Деҳқонобод тоғ олди ҳудуди саналгани боис бу ерда боғдорчилик ва мева-сабзавотчилик соҳаси яхши ривожланган. Сессияда мева-сабзавотларни қайта ишлайдиган корхона ташкил этилса, туманда қўшимча иш ўринлари яратилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, сессияда тиббиёт мутахассислари етишмовчилиги мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, тумандаги қишлоқларнинг ўзидан талабаларни ўқишга имтиёзли равишда жалб этиш ва ўқиш тугагандан сўнг мажбурий равишда ўз ҳудудларида камида беш йил ишлаш шарти билан юбориш механизмини ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Туманда фаолият олиб бораётган сектор раҳбарлари ташаббуси билан 4 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларга Истиқлол МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлардан бепул уй-жой ажратиб берилди. Шунингдек, 4 та сектор раҳбарлари саъи ҳаракати билан 31 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилгани сессияда маълумот сифатида қайд этилди. Мажлисда умумий овқатланиш шаҳобчаларидаги аҳвол ҳам эътибор марказида бўлди. Ўрганишларда 1 та сомсахона, 1 та нонвойхона, 2 та ошхона ва 2 та қассобхонада олиб борилаётган ишлар санитария эпидемиология талабларига мутлақо жавоб бермаслиги қайд этилиб, бу борадаги камчиликларни дарҳол бартараф этиш, одамларни турли юқумли касалликлардан асраш лозимлиги юзасидан тегишли идора масъулларига топшириқлар берилди. Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Дарвоқе, бугун халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгаши сессияси ҳам ана шундай танқидий таҳлилий руҳда ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умировнинг таъкидлашича, ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги юзлаб хонадонларга ташриф буюриб, одамларнинг яшаш тарзи, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маънавий муҳит билан яқиндан танишдилар. Ўрганишлар жараёнида аниқландики, ушбу туманда ҳам аҳолини электр энергияси, газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси билан боғлиқ муаммолар қийнамоқда. Сессияда одамларни ўйлантириб келаётган ишсизлик, транспорт, йўл қурилиши масалаларига ҳам туман мутасаддиларининг янада жиддий аҳамият беришлари лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Иккала туман сессиялари якунида ҳам муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Комил САХАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби   ...

Батафсил
News

Барчаси юртимиз равнақи учун

  Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва мамлакатни 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун моҳиятини кенг тарғиб этиш юзасидан Деҳқонобод тумани ҳокимлиги мажлислар залида учрашув ташкил этилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши, Республика Маьнавият ва маьрифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан бўлиб ўтган тадбирда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ҳокимлиги тасарруфидаги корхона, ташкилотлар ходимлари, маҳаллалар аьзолари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. — Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномаларида юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилган ютуқ камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтдилар,— деди учрашувда маъруза қилган партия вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов. Ўтган йили давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 минг та лойиҳа амалга оширилди. Педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи маротаба 50 фоизгача кўпайтирилди. Аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди. “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалари амалга оширилди. Шунингдек, учрашувда Рўйиддин Раупов иқтисодиётнинг ривожи учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириб, 2019 йилда барча манбалар ҳисобидан 138 триллион сўмлик ёки 2018 – йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланаётганлигини қайд этиб ўтди. Фаол инвестициялар ҳисобига жорий йилда мамлакатимизда 142 та замонавий корхона ишга туширилади. — Мурожаатномада таъкидланганидек фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни ўз вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак— деди Рўйиддин Раупов сўзини давом эттириб.— Амалдаги йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси ҳам солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин. Президентимиз Мурожаатномасида илгари сурилган барча масалалар мазмун моҳияти юзасидан иштирокчилар Қарши давлат университети катта ўқитувчилари Муродулла Олтибоев, Адиба Шайманова, Давлат Бошқаруви академияси тингловчиси Хуршид Усмоновнинг ҳам маърузаларини тингладилар. Учрашувда сўзга чиққан партия фаоллари ва депутатлар ҳам Мурожаатномадан ўрин олган муҳим масалалар — аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, хотин қизлар ва ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, туризмни ривожлантириб, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш юзасидан тушунтириш бериб ўтдилар. Абдулазиз АБДИЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоя Кенгаши раиси ўринбосари ...

Батафсил
News

Аҳоли билан мулоқот

  Давлатимиз раҳбари вилоятга сафари чоғида халқ билан мулоқотни янада самарали олиб бориш мақсадида депутатлар, давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари жойларда учрашувлар ташкил этиб, ҳақиқий аҳволни ўрганишлари лозимлиги юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шунга асосан халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Д.Мирзаев, партиянинг туман Кенгаши раиси С.Зайнуддинов ҳамда туман ҳокимлиги тасарруфидаги ташкилотлар мутасаддилари ҳамкорлигида “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан юзма-юз мулоқот уюштирдилар. Шунингдек, 30 та хонадонга ташриф буюриб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган 6 нафар фуқарога банклардан имтиёзли кредит олишда ёрдам кўрсатилди. 20 нафар фуқарога эса балиқчилик, уй-жой қуриш, паррандачилик, чорвачилик, иссиқхоналар ташкил этиш борасида аниқ тушунтиришлар берилди. Жонли мулоқотда маҳалла аъзолари кўпроқ суюлтирилган газ баллонлари таъминотида узилишлар бўлаётганлигидан шикоят қилишди. Фуқароларнинг мурожаати депутат Д. Мирзаев томонидан ўрганиб чиқилиб, назоратга олинди ва бу муаммони тез кунда бартараф этиш юзасидан тумангаз бўлимига депутатлик сўрови юборди. Худди шундай аҳоли билан олиб борилаётган жонли мулоқотлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан ҳам уюштирилди. Тумандаги “Обод” МФЙда партия фаоллари билан бўлиб ўтган учрашув жонли мулоқот тарзида уюштирилгани ғоят самарали бўлди. Ишчи гуруҳ аъзолари 50 дан ортиқ хонадонларда бўлиб, ҳар бир оила тадбиркор дастури доирасида республикамизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги юзасидан аниқ тушунчалар бериб ўтдилар. Учрашувларда 13 нафар қишлоқ одамларига ёнғоқ, чилонжийда, лимон етиштириш, полизчилик, билан шуғулланиш, шунингдек, етти хазинанинг бири асаларичилик, паррандачиликни йўлга қўйиш учун керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди. Маҳаллада яшовчи Сожида Мўминова эса оилавий шароити оғирлиги учун моддий ёрдам олишда амалий кўмак зарурлигини билдирди. Фуқаронинг бу мурожаати ҳам депутат Муқаддас Муродова томонидан назоратга олинди. Умуман олганда, ўрганишлар иккала туман маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам аҳолини қийнаб келаётган қатор муаммолар, ечимини кутаётган долзарб масалаларни рўй-рост кўрсатиб берди. Демак, ҳали жойларда масъулар томонидан ўнглаш зарур бўлган жабҳалар кўп. Буни халқ билан юзма-юз мулоқотлар жараёни ҳам тасдиқлаб турибди. Адҳам САЙНИЯЗОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ижрочи котиби ...

Батафсил
News

Танловда иштирок этганимдан мамнунман

  Мен бир неча йилдирки Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши, шунингдек Қарши шаҳар Кенгаши билан доимий ҳамкорлик қилиб келаман. Партиянинг барча тадбирларида “Ёш адолатчилар” қаноти вакили сифатида иштирок этаман. Тўғрисини айтсам, “Адолат”нинг танлаган йўли менга ёқади. Мен партиянинг устави, сайлов олди дастури, мақсад ва вазифалари билан яқиндан танишман. “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллашимда партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Раджабова, вилоят Кенгаши масъул ходимлари Умарбек Ҳайдаров, Адхам Сайниязов, “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Хусниддин Бердимуродовнинг хизматлари беқиёс деб ҳисоблайман. Негаки улар биз ёшларнинг бу каби кўрик-танловларнинг ҳар бир шартларига алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашишимизда йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бердилар. Кўрик-танловнинг саҳна кўринишлари, биз ёшларнинг сиёсий соҳадаги билим ва нотиқлигимиз, ҳуқуқий ислоҳотлар борасидаги дунёқарашимиз, умуман Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тўғрисидаги тушунчаларимизни ҳар томонлама адолатли синовдан ўтказди. Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг Республика босқичи ҳам жуда зур кўтаринкилик билан ўтди. Биз каби ёшларнинг сиёсий ҳуқуқий билимларимизни кенгайтиришда ижодий интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда танловнинг аҳамияти катта. Бундан буён янада фаол, ташаббускор, фидоий бўлишга ҳаракат қиламиз. Дарвоқе, партиянинг бу каби тадбирларни ўтказишда бош қош бўлаётгани, ёш адолатчилар қаноти фаолларига кўрсатаётган чексиз ғамхўрлиги ифодасидир. Зоҳиджон ХУШВАҚТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли ...

Батафсил
News

Мураккаб жарроҳлик амалиётлари янги марказда амалга оширилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил февраль ойида воҳамизга ташрифи чоғида кейинги вақтда вилоятимизда қандли диабет билан оғриган беморлар сони ортиб бораётгани, биргина воҳада юрак-қон томир касалликлари билан 168 минг фуқаро азият чекаётганлигини инобатга олиб, Қарши шаҳрида барпо этилаётган кардиология ва эндокринология марказларининг янги биноси лойиҳаси ва унинг аҳамияти ҳақида кўрсатма ва тавсиялар берган эди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга бу галги ташрифи чоғида Республика ихтисослаштирилган Кардиология маркази Қарши филиали ва республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали ўз фаолиятини бошлади. Энди беморлар мураккаб жарроҳлик амалиёти учун пойтахтимиз Тошкентга ёки хорижга боришига эҳтиёж қолмади. Филиалимизнинг 3 нафар жарроҳи Германияда, 3 нафари эса Россия Федерациясида малака ошириб қайтди. Энг муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари шу ернинг ўзида бажарилади. Иккала филиал ҳам дунёдаги энг сўнгги ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани боис йилига 700 та жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконига эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу оддий рақам эмас, унда йиллар давомида шу турдаги касалликдан фориғ бўлишни истаган беморларнинг ниҳоят умидлари ушалаётганидан қувонч ва шукроналик ҳислари мужассам. Президентимиз янги бинода иш бошлаган Кардиология ва эндокринология марказларининг Қарши филиаллари иши билан яқиндан танишар экан, бу марказларнинг ташкил этилишидан мақсад одамларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлигини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади. Албатта, бемор учун шифохона нажот маскани каби унинг дилига умид ва ишонч бағишлайди. Айниқса, оғир хасталикка чалинган инсон дилида кечадиган ўй-ҳисни шифокорлар янада чуқур англайди. Аммо бемор чалинган касалликни даволашга ихтисослашган шифохона ҳудудда бўлмаса-чи, бу ҳолатда бемор ва уни яқинларининг дарду изтиробини тушуниш ҳам қийин эмас, ҳам оғир. Замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган филиалда соҳага доир янги технологиялардан унумли фойдалана оладиган билимдон, малакали шифокорлар ҳар йили юзлаб беморларни даволайдилар. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тупиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган эндокринология йўналишидаги филиалимиз энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Республика ихтисослаштирилган Кардиология марказининг Қарши филиалида ҳам клиник-биохимик лаборатория, автоклав, юз қатновга мўлжалланган поликлиника, рентген, жарроҳлик бўлими, аритмология, юрак ишимик касалликлари, кардио жарроҳлик каби бўлимлар ташкил этилди. 120 ўринли филиалимизда тиббиёт ходимлари ва беморлар учун зарур қулайликлар муҳайё этилган. Хусусан, юрак қон-томир касалликлари билан боғлиқ ҳар қандай хасталикни даволаш ва мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун бу маскан хорижнинг нуфузли шифохоналаридаги каби энг замонавий тиббий технологиялар билан таъминланганлиги биз, шифокорларнинг ишимизни енгиллаштирмоқда. Маълумки, эндокринология ва юрак етишмовчилиги билан боғлиқ жуда кўп жарроҳлик амалиётларини вилоятимизда даволаш имкони бўлмагани боис беморлар шифо излаб пойтахтимизга ёки хорижга боришига мажбур бўлишарди. Бу эса катта маблағ ва бошқа қийинчиликларни юзага келтирарди. Барчага аёнки, бундай катта харажатни эса ҳамманинг ҳам оилавий шароити, имкони кўтаравермайди. Узоқ йиллар давомида фуқароларни жиддий ташвишга солиб келган, инсон соғлиғи билан боғлиқ ушбу муаммо эндиликда барҳам топмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган тиббиёт муассасамизда мазкур йўналишдаги мураккаб операцияларни амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилди, филиалларга малакали мутахассислар жалб қилинди. Президентимиз янгидан ташкил этилган марказларимиз иш фаолияти билан яқиндан танишар экан, ҳар қандай касалликнинг олдини олишда энг мақбул йўл соғлом турмуш тарзига амал қилиш эканини эътироф этди. Бугунги кунда юртимизда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш орқали турли касалликларнинг олдини олиш диққат марказимизда бўлмоқда. Беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга кардиологик ва эндокринологик касалликларга чалиниш ҳолатларини камайтиришга эришиш муҳим вазифамиз саналади. Марказимизда шу мақсадларга хизмат қиладиган қулайликлар ҳам муҳайё этилган. Давлатимиз раҳбари тиббиёт муассасамизда бўлиб, фуқароларни тиббий кўрикка кенг жалб этиш, тажрибали ва малакали мутахассислар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Янги марказимизда илк маротаба Қарши шаҳрилик Дурдона Кенжаевани юрак етишмовчилиги хасталигидан даволаниш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Муҳими, жарроҳлик амалиётидан сўнг Дурдона ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Унинг яқин инсонлари “шу кунларга етказганига шукр, одамлар соғлиғи ҳақида қайғураётган, шундай шароитларни яратиб берган Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз”, дейишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳага жуда катта эътибор қаратиб, халқимизга ғамхўрлик кўрсатаётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Шу билан бирга, масъулиятни англаган ҳолда яратилаётган янги имконият ва қулайликлардан фойдаланиб, одамларни рози қилишга, энг асосий бойлигимиз бўлган халқимиз соғлигини асраб-авайлашга ҳисса қўшаверамиз. Зоҳир ҒАНИЕВ, Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали шифокори, “Соғлиқни сақлаш аълочиси”   ...

Батафсил
News

Маҳаллий Кенгашларда: Туман аҳолисини ўйлантираётган масалалар сессияда очиқча муҳокама қилинди

Аввал хабар берганимиздек, республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижаларига бағишланган Қашқадарё вилоятида халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессиялари ташкил этилди. Бугун Муборак туман ҳокимлиги мажлислар залида туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган масалалар халқ депутатлари Муборак туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида қизғин муҳокама қилинди. Сессияда республика ишчи гуруҳи аъзолари, қуйи палата депутатлари ва Сенат аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди. Танқидий таҳлилий руҳда ўтган сессия аввалида ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Сессияда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш, қишлоқлар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, оддий одамлар турмуш фаровонлигини яхшилаш кун тартибидаги муҳим вазифалардан бирига айланган. Республика ишчи гуруҳи томонидан Муборак туманидаги қишлоқ ва маҳаллаларда умргузаронлик қилаётган кўпгина аҳоли хонадонларига ташриф буюрилиб, одамларни қийнаб келаётган турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик, коммунал хизматлар ҳамда бошқа масалалар атрофлича ўрганилди. Шу ўрганишлар давомида 16451 та аҳоли хонадонларига уйма-уй кирилиб, одамлар билан очиқ ошкора мулоқотлар уюштирилди. Аҳоли уйлари ва тумандаги бошқа объектларни ўрганишлар давомида жами 4463 та муаммолар аниқланди. Сессияда ана шу ўрганиш натижалари ҳақидаги ҳисобот тингланди. Бугун туманда 19 нафар фуқаро моддий ёрдамга эҳтиёж сезмоқда. Электр энергияси таъминоти яхши эмаслиги хусусида 98 та фуқаро томонидан ишчи гуруҳга эътирозлар билдирилган. Шунингдек, 86 нафар фуқаронинг паспорти билан боғлиқ муаммолар бор. Қишлоқ ва маҳаллаларда 266 та йўллар таъмирланиши юзасидан шикоятлар тушган. 87 та мурожаат эса кадастр масаласи билан боғлиқ. 725 та мурожаатлар табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ масалаларни ташкил этаяпти. Сессияда республика ишчи гуруҳига оз эмас 992 та мурожаат ичимлик суви масаласида тушганлиги, 575 та мурожаат эса туман ҳокимлигининг қурилиш ва бошқа коммунал соҳаларига тўғри келаётганлигини ачиниш билан тилга олиб ўтиш ўринли эканлиги эслатиб ўтилди. Бугун тумандаги Пахтазор МФЙнинг Пахтазор кўчасида яшовчи фуқаро Жўра Тўраев қизига ногиронлик аравачаси берилишига эҳтиёж сезаётган бўлса, Кончилар МФЙнинг 1-митти туман 11 уй 9 хонадонида яшовчи Норгул Авазова эса нафақага чиқолмай сарсон бўлмоқда. Шунингдек, худди шундай 2-секторга қарашли Пахтазор МФЙнинг Пахтазор қишлоғида яшовчи фуқаро Фахриддин Шарипов ҳам фарзандига ногиронлик аравачаси зарурлигига эҳтиёж сезмоқда. 3-секторга қарашли тумандаги Ёшлик МФЙнинг 2-митти туман 3 уйнинг 6 хонадонида яшовчи фуқаро Истат Ашурова тиббий ёрдамга муҳтожлик сезаётган бўлса, Қурувчилар МФЙнинг Тинчлик кўчаси 24 уйда яшовчи фуқаро Руҳиддин Саъдуллаев ўғлига банк кредити ололмай овора бўлаяпти. Қурувчилар МФЙнинг Нурафшон кўчаси 10-уйида яшовчи фуқаро Хўжамурод Казаков эса бир неча бор мурожаат қилишига қарамасдан тумандаги банклардан кредит ажратилмаётганлигидан сарсон. Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган 4463 та муаммоларнинг 215 таси ўз жойида бартараф этилди. Сессияда туманда Президентимиз кўрсатмалари асосида ташкил этилган секторлар фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилди. Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари даврида 1-секторга қарашли ҳудуддан 1829 та, 2-секторга қарашли жойлардан эса 813 та, 3-секторга қарашли ҳудудлардан 909 та, 4-секторга қарашли қишлоқ ва маҳаллалардан 912 та мурожаатлар келиб тушган. Сессияда келиб тушган мурожаатлар ҳам соҳалар кесимида таҳлил қилинди. Энг кўп муаммо ичимлик суви, табиий газ масаласида бўлса 737 нафар фуқаро иш билан таъминланишга эҳтиёж сезаётганлиги юзасидан, 341 нафар фуқаро эса соғлиқни сақлаш хизматидан кўнгли тўлмаётганлигини маълум қилган. Йиғилишда туманда бўш турган бинолар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ер майдонлари ҳамда улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора тадбирлар ҳолати юзасидан ўрганиш натижалари қизғин муҳокама этилди. Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижаларига кўра ва ўтказилган хатловга асосан туманда 188 та бино ва иншоотлар фаолият кўрсатмаяпти. Ҳозирда барча бўш бино иншоотлар бўйича мулкдорларга огоҳлантириш хатлари берилган. 72 та мулкдорлар билан йўл хариталари ишлаб чиқилган. 2 та объект бўйича 4,2 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш ва 120 та янги иш ўринлари яратиш юзасидан йўл хариталари ишлаб чиқилди. Республика ишчи гуруҳи аъзолари туманда фақатгина муаммоларни ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда ечимига ҳам катта эътибор қаратди. Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, тадбиркорларни қийнаётган масалалар билан қизиқишди. Эътибордан четда, кўздан пана бинолар, қаровсиз, бўш ётган майдонлар, фаолияти тўхтаб қолган корхона ва объектлардан ижтимоий фойдали мақсадлар йўлида фойдаланиш чоралари кўрилди. Бундай объектларни ишга тушириб, тадбиркорлик қиламан деган фуқароларга кредит олиш, кадастр ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, фаолиятини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда ҳар томонлама кўмаклашилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, фуқароларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги кенг кўламдаги ишлар ҳам сессия кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлди. Бугун юртимизда одамларни давлатдан рози бўлиб яшаши учун, аввало фуқароларни иш билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айни жиҳат ҳисобга олинган ҳолда, 2018 йилнинг январь ойидан то ҳозиргача туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш сўраб мурожаат этган 1867 нафар фуқародан 1151 нафари ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди. 23 нафарига эса ишсизлик нафақаси тайинланган. Меҳнат бозорида эркин рақобатлаша олмайдиган, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун 401 та корхона ва ташкилотларда банд қилиб (квоталар) қўйилган 401 та бўш иш ўрнига 650 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида шу аниқландики, 770 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Сессияда республика ишчи гуруҳи ўрганиши натижаларига асосан ишлар ҳолати чуқур таҳлил этилиб йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида ҳам очиқ фикр юритилди. Муаммолар ошкора муҳокама қилинди. Сессияда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш, жумладан шу кеча кундуздаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланган куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг ҳолати ҳам иштирокчилар эътиборидан четда қолмади. Қиш қировли кунларда коммунал масалаларни сифатли ва ўз вақтида ҳал этиш, аҳолини ёқилғи маҳсулотлари, жумладан кўмир билан таъминлаш, мавсумни талофатсиз ўтказишга эришиш, бу борада энг муҳими истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, тўлов маданиятини юксалтириш кабилар долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Сессияда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид қарорларнинг тумандаги ижроси ҳам атрофлича муҳокама этилди. Сессияда республика ишчи гуруҳи томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича аниқланган масалалар мутасадди вазирлик ва идоралар, тумандаги масъуллар иштирокида чуқур таҳлил қилинди ва уларни бартараф этишнинг аниқ чора тадбирлари белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди. Комил САХАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Ёшларнинг беқиёс имкониятларини эзгу мақсадлар рўёбига тўлиқ сафарбар этиш муҳим вазифа

Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди ва кун тартибида муҳокама этилаётган масалалар юзасидан тегишли давлат идоралари раҳбарларига амалдаги қонун ҳужжатларига асосан ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди. Сессияда туманда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан Шаҳрисабзда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборот тингланди ва маълумот учун қабул қилинди. Туманда ҳам коммунал соҳа, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт ва капитал қурилиш соҳаларида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар муҳокама этилди. Туманга инвестицияларни жалб этиш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш юзасидан ҳам мутасаддиларга йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди. Туманда молия ва банк хизматларини замонавий, шаффоф тизим асосида йўлга қўйиш орқали хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожига кенг йўл очиш барча мақсадларга эришишнинг муҳим омили эканлиги эътироф этилди. Сессияда туманнинг бугунги ва истиқболдаги тақдири учун ҳал қилувчи куч бўлган ёшларнинг беқиёс имкониятларини эзгу мақсадлар рўёбига тўлиқ сафарбар этиш ҳар қачонгидан муҳим вазифа эканлиги таъкидланди. Сессияда туманда йиллар давомида таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва маданият соҳаларида тўпланиб қолган муаммолар ечимига ҳам эътибор қаратилди. Республика ишчи гуруҳи ўрганишларига асосан фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйган мутасаддилар огоҳлантирилди. Аксарият маҳаллалар аҳолисини иш ўринлари етишмаслиги, комуннал хизматлар сифатининг пастлиги, йўлларнинг носозлиги, қонунга хилоф қурилишларнинг кўплиги ташвишга солмоқда. Шунингдек, айрим фуқароларнинг атроф-муҳитга зарар етказаётгани, хусусан, сувларни булғаш ва ифлослантириш ҳолатларини кўплаб содир этаётгани кенг жамоатчиликда жиддий ташвиш уйготаётганлиги сессия кун тартибида кўриб чиқилди ва бу борадаги жумбоқ ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш тавсия этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Обод маҳалла” Дастури доирасидаги вазифаларнинг туманда сўзсиз ижро этилишини таъминлашга ҳисса қўшиш вакиллик органлари фаолиятининг ҳам устувор йўналишларидан бири бўлиши зарурлиги қайд этилди. Сессияда халқ депутатлари туман Кенгашининг регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси масъулларига туманни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган, ўзининг қонунга белгиланган ваколатларини бажармайдиган туман Кенгаши депутатларига нисбатан амалдаги Қонун ҳужжатларига биноан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашига таклифлар киритиб бориши эслатиб ўтилди. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг бугун бўлиб ўтган сессияларида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни қисқа муддат ичида бартараф этиш ҳамда зарур чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланди. Комил САХАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!