БУХОРО

Манзил: Бухоро шаҳар, М.Икбол кўчаси, 15-уй

Телефон: (65) 221-26-95, 221-26-92

Электрон манзил:  buxoro@adolat.uz

Янгиликлар
News

Бухорода ҳам депутатлик сўровлари жавобсиз қолмоқда

Депутат халқ билан бирга яшамоғи, унинг муаммоларининг ижобий ечимини ҳал этишда кўмаклашмоғи даркор. Шундай экан, улар олдида турган энг муҳим вазифа ҳам масъулиятни астойдил ҳис этишдир. Аммо депутат-ку масъулиятни ҳис этяпти, баъзи мутасадди ташкилот раҳбарлари-чи? Шу жўнгина саволимизга жавоб топиш мақсадида партиянинг Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг депутатлик сўровларига йўлланган жавоблар билан қизиқиб кўрдик. 2019 йил давомида жами 54 нафар депутатдан аҳоли мурожаатлари ва муаммолари асосида тегишли ташкилотларга 137 та депутатлик сўрови чиқарилган. 66 фоиз депутатлик сўрови ижобий ечимини топган бўлса, қолган қисми эса аниқ бир жавобга эга эмас ёки умуман жавобсиз қолиб кетмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўровга жавоб берилган ҳолда, муаммолар ҳам бартараф этилмоқда. Аммо “беш қўл баробар эмас” деганларидек, ҳамма ташкилот мутасаддилари ҳам депутат сўровига эътибор билан ёндашмаяпти. Бу эса мамлакатимиз раҳбари айтганларидек, “Депутатга беписандлик халққа беписандлик” эмасми?! Халқ депутатлари Жондор туман Кенгаши депутати Қурбон Темиров “Кулиён” МФЙда бўлганида фуқаро Мухтарама Очилова томорқаларни суғоришда ариқ сувининг етарли даражада берилмаётганлиги билан мурожаат қилган. Депутат мурожаат юзасидан жорий йилнинг 1 февраль санасида “Аму Бухоро ирригация тизимлари ҳавзаси бошқармаси Жондор туман Ирригация бўлими”га депутатлик сўровини йўллаган. Аммо сўров бир ойдан ортиқроқ вақт ўтибдики, ўз жавобини топганича йўқ. Ваҳоланки, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлари мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида ташкилот мутасаддилари ўн кун муддат ичида муаммони ўрганиб, амалга оширилган ишлар юзасидан жавоб беришлари лозим эди. Ёки Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова ҳам “Темирчи” МФЙ “Шейхлар” қишлоғида бўлганида фуқаро Нозима Равшанова кам таъминланган оила эканлиги ҳамда янги қурилган иморатига электр токини ўтказиб бериш билан боғлиқ мурожаати депутат томонидан жойига бориб ўрганилди. Депутат мурожаат юзасидан туман Электр таъминоти корхонасига ўзининг сўровини юборди. Ажабланарли жиҳати шундаки, сўров 2018 йилнинг 19 декабрида йўлланган эди. Лекин ташкилот мутасаддилари на жавоб беришди, на мурожаатни жойига бориб ўрганишди. Муаммо эса ҳал этилмади.   Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашова 14 февралда Бухоро вилояти “Иссиқлик манбаи” ДУКга “Бобур” МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатларини ўрганган ҳолда ўзининг депутатлик сўровини киритди. Унга кўра маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қоровулбозоршоҳ” кўчаси 13,14 ва 16-кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар ўз уйлари ёнидан ўтувчи шаҳар иссиқлик манбаига қарашли қувур ёрилиб, сувнинг беҳуда ерга оқиб кетаётганлиги, бу эса атрофга зарар келтираётганлиги билан биргаликда хонадонларни иситиш учун зарур бўлган иссиқлик суви манзилларга етарли миқдорда бормаётганлиги таъкидланган ҳамда айни муаммо юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган ҳолда уни бартараф этиб боришда амалий ёрдам билан мурожаат қилинган. Лекин сўровга қонунда белгиланган тартибда жавоб берилмаган. Депутат сўровини эътиборга олмаслик бу масъулиятини ҳис этмаслик билан баробар эмасми?! Албатта, депутат мурожаати халқ мурожаатидир. Шундай экан, ҳар бир мутасаддилар мурожаатга вақтида жавоб қайтариши энг муҳим вазифасидир. Вазифасига масъулият билан ёндашса, шубҳасиз, аҳоли мурожаатлари ҳам ўз ечимини топади ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал этилади. Моҳигул АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Сайлов кодекси сайловчилар эътиборида

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан “Сайлов кодекси”нинг мазмун-моҳиятига бағишлаб Когон шаҳар ва Когон туман Кенгашларида тадбир ташкил этилди. Унда партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, депутатлар, фаоллар иштирок этишди. Бухоро электр таъминоти корхонасида ташкил этилган тадбирда партия Когон шаҳар Кенгаши раиси Рауф Сувонов кодекс моддаларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, сайлов округ ва участкалари, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик, ошкоралик масалалари ҳақида ҳам гапириб ўтар экан, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этиши, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништириб ўтиши лозимлигини таъкидлади. Когон туман давлат санитария ва эпидемиология назорат марказида бўлиб ўтган тадбир ҳам партиядошларнинг сайловга тайёрланиш жараёнларини ҳамда эътиборларини кучайтирди. Партия туман Кенгаши раиси Мактуба Ҳамроеванинг сайлов участкаларини тузиш тартиби ва нормалари тўғрисидаги фикрлари, албатта, йиғилганларнинг сайлов билан боғлиқ қарашларини шакллантирди. Сайлов участкалари сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилиши, шу билан бирга ҳарбий қисмларда ҳам тузилиши мумкинлиги қайд этилди. Қолаверса, тадбир иштирокчилари сайловда овоз бериш тартиби, муддатидан овози бериш мумкинлиги тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишди. — Ҳар бир партия ходими сайловда фаол бўлиши даркор. “Сайлов кодекс”ининг моҳиятига бағишланган ушбу тадбирда барчамиз сайлов билан боғлиқ маълумотларга эга бўлдик. Такрорий овоз бериш, такрорий сайловлар ҳақидаги маълумотлар сайловчилар учун яна бир имкониятни очиб берди,— дейди партиядошимиз Шоира Эргашова. Кодекс моҳиятига бағишларган давра суҳбати йиғилганларнинг сайлов ҳақидаги қарашларини ривожлантиради, энг муҳими, уларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини шакллантиришда, фаол ва ташаббускор бўлишларида хизмат қилади. Тадбирлар жойларда давом этмоқда.   Моҳигул АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матубот котиби ...

Батафсил
News

Ёшларнинг инновацион салоҳияти намойиш этилди

Ўзбекистон “Адолат” СДП Вобкент туман Кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Инновацион фаолият – тараққиёт гарови” лойиҳаси доирасида туман педагогика касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партия туман Кенгаши ходимлари, депутатлар, фаоллар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этишди. Давра суҳбатидан мақсад ёшларнинг инновацион ғояларини янада шакллантириш, уларнинг фаолиятига эътиборни кучайтириш, партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлаш экан, албатта, партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидовнинг бу борада фикр ва мулоҳазалари йиғилганларга катта қизиқиш уйғотди. Дастлаб касб-ҳунар таълими бўйича сабоқ олаётган ёш инновациячи қизларнинг фаолиятлари намойиш этилди. Албатта, уларнинг бугунги кунда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётганликлари ҳамда ўз ишларининг самарали натижалари билан ўртоқлашилди. Айниқса, касб-ҳунар тизимида янги ғояларнинг тарғиб этилганлиги тадбир иштирокчиларнинг олқишларига сазовор бўлди.   — Партия ташаббуси билан ташкил этилган тадбир барча ёшларимизнинг инновацион қирраларини кашф этди. Албатта, улар ўз ижодий ишлари билан фаол иштирок этар экан, шубҳасиз, яратган янгиликлари тадбир иштирокчиларининг қизиқишини орттирди. Тўғри, фаолиятларида камчиликлар йўқ эмас, аммо ҳар бирининг қизиқиши ва интилиши улкан ютуқларга сабаб бўлиши мумкин, - дейди коллеж ўқитувчиси Зилола Эргашова. Давра суҳбатида иқтидорли ёшлар партия сафига қабул қилинди ҳамда уларга партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Маҳбуба РЎЗИЕВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Вобкент туман Кенгаши раиси   Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Тиббиётда инновацион лойиҳалар – соғлом турмуш тарзининг муҳими бўғини

Соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг моҳиятида ҳам фуқаролар саломатлигини, оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш, аҳоли орасида турли юқумли касалликларнинг олдини олишга эътибор қаратилган. Албатта, жорий йилнинг 14 февралида “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаг”ги президент қарори қабул қилинди. Унда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва сил инфекциясидан ҳимоялаш, сил ва ўпканиг носпецифик касалликлари тарқалишининг олдини олиш, барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини сақлаб туриш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларнинг амалга ошириб келинаётганлиги таъкидланар экан, шубҳасиз, соҳада баъзи мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тиббиёт тизимини янада юксалтириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш масалаларига эътибор қаратилган. Дарҳақиқат, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи билан партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида бўлиб, тиббий хизматнинг сифати билан танишар эканмиз, унда мавжуд камчиликларнинг борлигига гувоҳи бўлдик. Хусусан, тиббиёт хоналарининг йўқлиги, тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланмаганлиги, санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан назоратга олинди. Шунингдек, ўрганишлар давомида сил касаллигини эрта аниқлаш мақсадида ўтказилаётган манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолатлари ҳам таҳлил қилинди. Бу борада тарғибот ишлари ташкил этилди. Албатта, турли касалликларнинг олдини олиниши таълим муассасаларида тиббий хизматнинг сифатли таъминланганлиги билан боғлиқ. Айнан мамлакат раҳбари томонидан имзоланган ушбу қарорда ҳам санитария-гигиена ҳолатларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган. Шу ўринда айтиш жоизки, экологик омиллар таъсирида нафас органлари ривожланади, санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслик эса турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши ҳам табиий ҳолдир. Жумладан, Фтизиатрия ва пульмонология билан боғлиқ касалликларни ҳам. Қарорда айнан соҳа билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб берилган. Хусусан,  фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатда барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида касалликни келтириб чиқарадиган қўзғатувчиларни лаборатор ташхислаш усулларини сифат жиҳатидан янада яхшилаш, инновацион усулларни кенг жорий этиш ва бу асосида профилактика ишларини олиб бориш, силни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларни, шунингдек, силнинг дориларга чидамли турига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни ташхислаш ва даволашни ташкиллаштириш, профилактика тадбирларини ташкил этишга эътибор қаратилган. Энг қувонарлиси, тиббиёт муассасаларида “Пульмонология” мутахассислиги бўйича магистратурада кадрларни тайёрлашни ташкил этиш, “Фтизиатрия” ва “Пульмонология” мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни тайёрлаш фақат давлат грантлари асосида амалга оширилиши билан боғлиқ таклифнинг киритилганлиги тиббиёт тизимида соҳа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олинишида хизмат қилади, сил касаллиги билан оғриган беморларнинг кескин камайиб кетишида хизмат қилади. Албатта, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, кадрлар салоҳаятини ривожлантириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш аҳолининг соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашда ҳамда фуқаролар учун сифатли тиббий кўрикни ташкил этишда муҳим мезонлардан бири ҳисобланар экан, қарорда таъкидлаб ўтилганидек, инновацион технологияларни жорий этиш орқали эса касалликнинг олдини олиниб, тубдан яхшиланишига асос бўлади. Ҳафиза ТЎХТАЕВА, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Қонун лойиҳаси моҳияти депутатлар муҳокамасида

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгашида депутатлар иштирокида “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Муҳокама жараёнида депутатлик гуруҳи аъзолари, партия ходимлари ва фаоллар иштирок этишди. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Мақсуд Ҳамидов қонун моҳияти билан таништирар экан, дастлаб унинг аҳамиятли жиҳатлари, мазмуни ҳамда ўзига хослиги тўғрисида тўхталиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, унда хусусий шерик бўла оладиган субъектларнинг турлари қисқартирилган, ҳамкорлик муддатлари узайтирилган, давлат-хусусий шерикчилик мезонлари ва лойиҳаларни амалга ошириш босқичлари белгиланган. — Ушбу қонунда давлат шериклари ҳисобланган тузилмалар рўйхатига аниқлик киритилган. Хусусий шерик бўла оладиган субъектлар сони қисқартирилган, давлат хусусий шериклик жавоб бериши керак бўлган мезонлар белгиланган, ДХШ қўлланиладиган фаолият соҳаларига ўзгартириш киритилган,— дейди ўз нутқида Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Мақсуд Ҳамидов. Албатта, лойиҳада давлат-хусусий шериклик иштирокчиларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган. Унинг алоҳида боби давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш механизмларига бағишланган. Бундан ташқари, лойиҳа амалиётида қатнашадиган давлат ва хусусий шерикларни танлаш, шериклик ҳақидаги битимни тузиш учун саралаш танловларини ўтказиш, тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш мезонлари ҳам ўз ифодасини топган. Маҳаллий Кенгаш депутатлари сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамиятли жиҳатларини таъкидлаш баробарида уни янада такомиллаштириш мақсадида ўз таклифларини билдиришди. Тадбир иштирокчиларининг эътироф этишича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фаолият қамровини янада кенгайтиришда ва соҳа вакилларининг иштирокини қўллаб-қувватлашда хизмат қилади албатта.   Абдурашид ҚЎЧҚОРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши бош мутахассиси ...

Батафсил
News

Танқидий таҳлил ҳаётимизнинг энг муҳим мезони

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон, Жондор, Қоракўл, Ромитан, Пешкў, Қоровулбозор туман Кенгашлари томонидан навбатдаги пленум йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия вилоят ва туман Кенгаши ходимлари, депутатлари, партия фаоллари иштирок этишди. Кун тартибидан ўрин олган масалалар, яъни туман Кенгашларининг 2018 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2019 йилдаги устувор вазифалари ҳамда туман депутатлик гуруҳининг 2018 йилдаги фаолияти ҳисоботи, 2019 йилдаги вазифалар тўғрисидаги маълумотлар тингланди. Қилинган ҳисобот танқидий ва таҳлилий жиҳатдан ўрганилди.   Албатта, йил давомида туман Кенгашлари томонидан қатор амалий ишлари олиб борилди. Жумладан, партия лойиҳалари доирасида олиб борилган ўрганишлар юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари ва доимий комиссияларга масалалар киритилди, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди, партиянинг хайрихоҳлар сафи кенгайтирилди. Ташкил этилган ишчи гуруҳ билан бирга “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида фуқаролар билан ўтказилган учрашувлар давомида муаммолар ўз ечимини топди. Ташкил этилган сиёсий ўқувлар эса туман аҳолисининг сиёсий фаоллигини шакллантиришда хизмат қилди. Тўғри, муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, ёшлар билан ишлаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамият қаратилиши лозим. Баъзи депутатлар ўз фаолиятига нисбатан сусткашликка йўл қўйишган. Уларнинг фаолиятини, фуқаролар билан ишлаш тизимини кучайтириш мақсадида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу ҳақида туман Кенгаши депутатлари ҳам алоҳида таъкидлашди ва 2019 йилда қилиниш керак бўлган амалий ишлар, вазифаларни эътироф этишди. Пленум сўнгида кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. Моҳигул АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Хотин-қизларнинг сиёсий партиялардаги ўрни ва ролини ошириш мақсадида

  Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши мақсадида турли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ҳар соҳада уларни жалб этиш ҳамда иштирокини таъминлашниши учун қилинаётган ҳар бир амалий ишнинг асосий негизида ҳам жамиятда аёллар фаоллигини ошириш, ўрни ва ролини шакллантириш муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамокрликда “Хотин-қизларнинг сиёсий партиялардаги ўрни ва ролини ошириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда туман маҳаллаларининг хотин-қизлари, партия ходимлари ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари иштирок этишди. Сўзга чиққан Шофиркон туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси Нигора Юлдошова туманда аёлларнинг сиёсий фаоллиги ва жамоат ишларида ташаббускорлиги ҳақида гапирар экан, ҳар томонлама уларнинг сиёсий жараёнлардаги ўрни ва ролини ошириш борасида тўхталиб ўтди. Қолаверса, туман миқёсида атиги 13 фоиз аёллар сиёсий жараёнларда фаол эканлиги, маҳаллий Кенгашларида сайланган депутатларнинг 4 нафарини аёллар ташкил этаётганлигини қайд этар экан, албатта, бу кўрсаткични янада кўпайтириш, жамиятда ҳар бир аёл ўз ўрнига эга бўлиши лозимлигини қайд этди. Тадбирда таъкилаб ўтилганидек, бугунги кунда аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида улар билан бирга семинар ташкил этиш, иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳим ҳисобланади.    Хадича Ҳаққулова, “Зарчабек” МФЙ фуқароси: — Партия ва туман Хотин-қизлар қўмитаси билан ташкил этилган тадбир маҳалла аёлларимизнинг сиёсий жараёнларидаги ўрнини белгилаб берди. Энг муҳими, жамият сиёсий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиши мақсадида  тадбир давомида улар ўз таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда сиёсий жараёнда аёлнинг ролини ошириш, бу билан улар орасида турли салбий иллатларнинг олдини олиниши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, туманда ҳар ойнинг биринчи ҳафталигида аёллар билан давра суҳбати ташкил этган ҳолда бандлигини таъминлаш, муаммоларининг ижобий ечимини ҳал этиб, сиёсий фаоллигини ошириш, жамият тараққиёти ва ривожида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Зулфия АШУРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Қилинган танқид бугун ўзининг амалий натижасини кўрсатди

  Давлатимиз раҳбари мамлакатмизда соҳалар ривожи ва тараққиёти йўлида улкан имкониятлар яратишда алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, ҳар бир соҳа вакиллари билан олиб бориладиган мулоқотларда уларнинг фаолиятини кучайтириш, кадрлар тизимини ривожлантириш, амалий ҳаракатларнинг натижаси тўғрисидаги вазифаларга аҳамият қаратиб келиниши зарурлиги таъкидланади. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, 2017 йилнинг 12 июлида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам айни мана шу сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, “Депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс” дея айтилар экан, дарҳақиқат, ҳар бир депутат ана шу фикрнинг исботини ўз амалий ҳаракатлари билан кўрсата олиши лозим. Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам мамлакат раҳбари томонидан қилинган маърузада белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда “депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш – бу осон эмас” шиори остида ўз фаолиятларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, партия лойиҳалари доирасида олиб бораётган ўрганишлари ўзининг самарали натижаларини кўрсатмоқда. Депутатлик гуруҳи аъзолари 2018 йилнинг март ойида “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида туман тиббиёт бирлашмасида аҳолига сифатли ва малакали хизмат кўрсатишнинг ҳолати ҳамда 2018 йилда ажратилган маблағларни қай тарзда сарфланишини ўрганишган эди. Шубҳасиз, мавжуд камчиликларга ҳам дуч келишди. Албатта, кўп тармоқли марказий поликлиникада кузатилган муаммолар депутатлар кайфиятини сал хира қилгандай бўлди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат, умумий амалиётчи шифокор кадрларга эҳтиёжнинг борлиги, патронаж ҳамшираларига тиббиёт сумкасининг етишмаслиги бош шифокор Азиз Носиров томонидан билдирилган эди. Айниқса, беморлар билан олиб борилган суҳбатлари чоғида уларнинг дори-дармонни ўз ҳисобидан олаётганлиги ниҳоятда депутатларимизни оғринтирди. Масаланинг асл моҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Респуликасининг 2018 йилга асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарор ҳамда “Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2017 йил 31 декабрдаги 194/42-V-сонли туманнинг 2018 йилги маҳаллий бюджет параметрлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2018 йилда тиббиёт бирлашмасининг барча бўлимлари харажатлари учун маблағ ажратилган бўлиб, ҳужжат Адлия вазирлигида 2014 йил 22 декабрда 2634-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида турувчи ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тузиш, кўриб чиқиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан бирлашмада харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тузиш, уларни кўриб чиқиб, тегишли ҳисоб-китобларни туман ҳокимлиги молия бўлимига 2018 йилнинг 5 февралигача тақдим этилиши сўралган эди. Гуруҳ аъзолари ушбу низом талабларининг бажарилиши билан қизиқишди. Бу борада бевосита тиббиёт бирлашмаси ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникани ўрганишган эди. Албатта, ўрганишлар давомида ижобий ҳолат кузатилмаган. Депутатлар танқидига учраган ташкилот ўз фаолиятига алоҳида аҳамият қаратди. Энг муҳими, масъулиятни ҳис этишди. Депутатларга беписандлик қилишмади. Албатта, танқид қилинган тиббиёт бирлашмасининг фаолияти ва кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ҳолати бугунги кунга келиб тубдан янги қиёфани кўрсатмоқда. Айниқса, кўп тармоқли марказий поликлиника таъмирланиб, моддий-техник базаси янгиланди. 310 нафар ходимлардан иборат ушбу марказий поликлиника 6 та маҳалла “Қалмақон”, “Хўжа Ориф”, “Зарчабек”, “Саврак”, “Шодлик”, “Хоркаш” кабиларда истиқомат қилувчи 16 минг нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. 27 нафар патронаж ҳамшираларига патронаж сумкалари берилди. Ташкил этилган ижтимоий дорихона эса сифатли арзон дори-дармонлар билан таъминланди. Марказий поликлиника бош шифокори Азиз Носиров билан олиб борилган суҳбатда у фуқаролар учун 104 хил турдаги бепул дори-дармонлар ажратилганлигини эътироф этди. Ҳа, депутат ташаббуси ҳамда унинг халқ билан бирга ёнма-ён яшаши ва дардини ҳис этиши кичик бир муаммонинг ечимини ҳал этишда кўмаклашса, бошқа бир қатор муаммолар ҳам ўз-ўзидан ечилади. Бир йил аввал қилинган танқид мана бугун ўзининг амалий натижасини кўрсатди. Тиббиёт бирлашмасида ҳам шароитлар кўлами кенгайтирилди, марказий поликлиника тубдан янгиланиб, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Бугунги кунда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати жуда юқори. Халқ эса улардан миннатдор. Моҳигул АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!