ТОШКЕНТ вил.

Манзил: Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Баходир кўчаси, 44-уй

Телефон:(71) 288-42-12

Электрон манзил:  adolat-tv@mail.ru

Янгиликлар
News

Одам савдоси — давр муаммоси

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Чирчиқ шаҳрида жойлашган 10 - сонли умумий ўрта таълим мактабида “Одам савдоси, экстремизм ва терроризм: инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, Олий танк муҳандислик қўмондонлик ўқув билим юрти курсантлари, меҳнат фаҳрийлари, педагог ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. — Одам савдоси — инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ва келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири дейди, — Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси Равшан Дастиров. – Бу бало, инсон шаъни, қадр қиммати осойишта турмушини издан чикариб, келажагини барбод қилади. Афсуски, унинг гирдобига асосан ёшлар ва аёллар кириб қолмоқда. Бугунги саодатли кунларимизда инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган мана шундай гўзал диёримизда, бу иллат қулоч ёзмаслиги учун биргаликда жиддий курашишимиз керак. Бу эса ўз навбатида халкимиз турмуши янада фаровон булишига, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаб, келажагимиз учун соғлом ва баркамол авлод яратишга хизмат қилади. Тадбирда тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш билан бирга, унинг самарадорлигини ошириш, партиянинг Сайловолди дастурида одам савдосига қарши кураш, аҳолининг, асосан ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишда олиб борилаётган ишлар кўламига ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, сўзга чиққанлар мутасадди вакилларнинг ҳар бир фуқаро ўзининг қилаётган ҳаракати оқибатини ўйлаши, хорижда ишга таклиф қилаётганларнинг ваколати бор-йўқлиги, қандай ҳуқуқий ҳужжатлари мавжудлигига ва энг асосийси шартномада қандай шартлар назарда тутилаётганига эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлашди. Тадбир давомида ўқувчиларни келажакда буюк касб эгалари бўлиб, ўз ватанига содиқ хизмат қилишларига қизиқиш уйғотиш мақсадида Чирчиқ шаҳрида жойлашган Олий танк муҳандислик қўмондонлик ўқув билим юрти курсантлари томонидан ҳарбий чиқишлар намойиш қилинди. Бу эса ўқувчи ёшлар қалбида халққа, ватанга, юртига содиқ хизмат қилувчи инсон бўлиб етишиш туйғуларини янада мустаҳкамлади. Тадбир якунида мамлакатимиз қонунчилигида одам савдосига қарши курашиш бўйича қонунлар шакллантирилиб, уларни амалиётга тадбиқ этишда, маҳалладошларимиз, яқинларимизни огоҳликка чақиришда барчамиз фаол қатнашишимиз лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Фотима САТТАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Партия ташаббуси билан тўгарак ташкил этилди

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим сифати партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Бўстонлиқ туманидаги 25-сонли умумий ўрта таълим мактабини ўрганиш жараёнида мактабда ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини қизиқарли ўтказишлари ва вақтдан унумли фойдаланишлари учун тўгараклар етарли эмаслиги аниқланди. Партия Бўстонлиқ тумани Кенгаши ташаббуси билан мазкур таълим муассасасида “Мунчоқли безак” номли бисер, тўқиш-бичиш тўгараги очилди. Ушбу тўгарак партия Тошкент вилояти Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” фаол аъзолари учун яна бир машғулот хонасига айланди. Бу ерда болалар ўз ижодий ғояларини амалга ошириш, бир-бирлари билан фикр алмашиш ва ўзлари учун зарур бўлган билим ва кўникмалар ҳосил қилиш имкониятига эга бўлишади. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида болаларнинг ҳар томонлама ривожланишида касб-ҳунар ҳамда дарсдан ташқари машғулотлар муҳим аҳамият касб этади. Тўгаракка мактабда ўз билим ва тажрибаси билан бошқалардан ажралиб турадиган, қобилиятли ва ўз ишининг моҳир устаси, педагог-ўқитувчи Роила Хайдарова раҳбарлик қилиб келмоқда. Роила Хайдарова, тўгарак раҳбари: — Тўгаракда юздан зиёд ўғил-қиз шуғулланмоқда. Бу ерда уларнинг қизиқиши бўйича анъанавий миллий нақшларга таянган ҳолда  ижодий топшириқларни бажариш асносида ижод асарларини яратиш ўргатилади. Кейинчалик бундай ғояларнинг аксарияти ҳақиқий санъат асарига айланади. Машғулотларда “Ёш ҳунарманд”, Ёш дизайнер”, “Безак санъати устаси”, “Шарқ дизайнери” ва “Сеҳрли мунчоқ устаси” каби номинациялар билан тақдирланиши болаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу билан биргаликда келажакда тўгарак қатнашчиларининг навбат билан шахсий кўргазмаларини ташкил этиши ҳам режалаштирилмоқда. Тўгаракнинг ҳар бир аъзоси “Ўзинг билим олдингми, ўртоғингга ҳам ўргат” деган қоидага таяниб, улар ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатлилик фазилатларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Машғулотлар болаларнинг келажакда касб танлашида ва уларнинг ҳаётта тўғри йўлни топишида маънавий кўприк вазифасини ўтайди. Фатима САТТАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Ҳар қарич ер ҳисобда

Бугун юртдошларимиз тилида ҳам дилида ҳам турмушимиз фаровонлигидан шукроналик ҳисси уфуриб турибди. Энг асосийси одамларнинг ҳаётга бўлган дунёқараши ўзгариб, ободонлаштириш, бунёдкорликка бўлган интилишлари кучаймоқда. Ерга меҳр бериш, томорқаларда турли хилдаги маҳсулотлар етиштиришга ҳаракат қилишмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш, катта даромад топиш учун ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, экин-тикин ишларини ўз вақтида бажариш зарурлигини алоҳида таъкидлаётгани ҳам бежизга эмас. Сенатнинг жорий йил 26 мартдаги КҚ-312–III қарорини ижросини таъминлаш юзасидан Янгийўл туманидаги “57-Йўғонтепа” сайлов округида ишчи гуруҳи тузилиб, туман ҳудудида мавжуд томорқаларда ўрганишлар олиб борилди. Ҳудудда қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муайян чоралар  кўрилганлиги ва жамоатчилик назорати ўрнатилганлиги маълум бўлди. Ҳудудда 54 та фермер хўжалиги бўлиб, шундан 24 таси ғалла ва пахтачилик, қолган қисми эса боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиши кузатилди. Маълумотларга кўра, А.Ортиқов ҳудуди бўйича 11669 та шахсий томорқа хўжаликлари мавжуд. Ҳудуддаги ғалла майдонларига талаб даражасидаги агротехник тадбирлар ўтказилгани таҳсинга лойиқдир. Айниқса, ҳашорат билан зарарланган майдонлар йўқ, унга қарши кимёвий ҳимоя воситалар қўлланилганлиги яққол кўзга ташланди. Қолоқ майдонлар мавжуд эмаслиги яхши холатдир. Фақатгина сув таъминотида муаммо мавжудлиги аниқланди. Хусусан, Чортоқ-Шўх каналида сув миқдори камлиги боис, ғаллага навбатдаги сувни бериш учун каналда сув миқдорини етарлича кўпайтириб берилиши бўйича амалий ёрдам сўралаётганлиги таъкидланди. Ўрганиш давомида “Ўзбекистон бекати” маҳалласидаги томорқалар ҳам кўздан кечирилди. Мазкур маҳаллада 627 та хонадон бўлиб, шулардан 62 тасида 10 сотихгача бўлган томорқа ерларидан фойдаланиб келишади. Шулардан 3 та хонадон фойдаланмай келаётгани аниқланди. Унинг 1 тасида уй қурилиши амалга оширилаётган бўлса, қолган  2 тасида боғ яратиш учун кўчатлар экилаётганини гувоҳи бўлдик. Кўриниб турибдики, кўплаб хонадонларда ернинг умри бекор ўтмоқда. Шу ўринда фуқароларимиз ҳам ҳар қарич ер ҳисобда эканлигини унутмасдан, айни кунларда ерга астойдил меҳнат қилсалар фойдадан ҳоли бўлмайди.  Шунингдек, “Юксалиш” маҳалласида ҳам 759 та хонадон бўлиб, шулардан 119 та ер майдони томорқа эгаллаган. Ўтган йиллар давомида 50 та хонадон уй қуришга мўлжаллашгани боис, дарахт ва экин экмай ташлаб қўйишганлиги кўзга ташланди. Энг ачинарлиси маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқ лотокнинг бир қисми таъмирталаб бўлгани учун “экин суғоришга сув йўқ” деб, томорқадан фойдаланишни тўхтатиб қўйишган. Фақат айрим томорқа эгаларигина тадбиркорона ёндашиб, “качалка”да суғориш орқали экинлар ўстиришмоқда. Ўрганиш мобайнида юқоридаги томорқадан фойдаланмаётган хонадон эгаларига ердан самарали фойдаланиш тартиб-қоидалари тушинтирилди. Натижада кўплаб хонадонлар томорқасига ишлов бериб, ерни юмшатишга киришдилар. Рўзғор учун керакли экинларни экишни режалаштирдилар. Албатта, ҳар бир қарич ердан унаётган ҳосил рўзғор юкини енгиллаштиришга, дастурхонимизни тўлдириши билан аҳамиятлидир. Ўрганишлар якунида Сенат қарорининг ижроси доирасида юқоридаги камчиликларни тезда бартараф этилишини, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш ҳолати устидан туманда қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатилиши учун секторларнинг томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланишга кўмаклашиш бўйича фаолиятини кучайтириш, шунингдек, туман ишчи гуруҳини МФЙлар билан чуқур ўрганишни ташкил этишлари лозимлигига келишиб олинди. Камолжон ШОДИМЕТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати ...

Батафсил
News

“Пойтахт-интервью”да лойиҳа тарғиботи

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан жорий қилинган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. Лойиҳанинг мақсад-мазмунини халқ орасига кенг тарғиб қилиш, амалий ҳаракатларнинг натижалари хусусида суҳбатлашиш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига мурожаат этдик. Шу кунларнинг бирида айни иш жараёни палласи эди. Телефон қўнғироғи бўлди. Гўшакни кўтарар эканман, аёл кишининг майин овози эшитилди. - Алло, бу “Адолат” партиясими? Мен телевидениенинг Тошкент канали журналисти Нилуфар Очилова  бўламан деди. Мурожаатингизга кўра, лойиҳангиз бўйича кўрсатув қилишга тайёрмиз дея, жавоб қилди. Бундан бениҳоя хурсанд бўлдик. Журналист билан белгиланган вақтга студияга етиб боришга келишиб олдик. Куни кеча “Пойтахт-интервью” информацион дастурида “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасига бағишланган махсус кўрсатув ташкил этилди. Суҳбат тарзида ўтказилган мулоқотда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши Наргиза Ҳасанова иштирок этди. Кўрсатув аввалида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги  қарорининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталинди. Унда республикада экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига эътибор қаратилди. Шундан сўнг, журналист Умид Ғофуров мазкур лойиҳанинг мақсади ва Тошкент вилоятида амалга оширилган ишларнинг натижаси билан қизиқди. - Йил бошидан барча шаҳар, туманларда экологияни асраш, тозаликка риоя қилишга тарғиб қилувчи плакатлар жамоат жойларига жойлаштирилди, - дея суҳбатни давом эттирди депутат Наргиза Ҳасанова. - Аҳоли гавжум нуқталарда флаерлар тарқатилди, ёшлар ва аҳоли ўртасида туман Кенгашлари раислари, депутатлари томонидан давра суҳбатлари уюштирилди. Жорий февраль, март ойларида вилоятда мавжуд барча маҳаллаларда ҳафтанинг шанба, якшанба кунларида ҳашар кунлари ўтказилиб, унга ёшу кекса бирдек жалб қилинди. Шу билан бирга, Наврўз умумхалқ байрами арафасида вилоят бўйлаб “Тозалик - саломатлик гарови” акцияси асосида маҳаллалар ўртасида кенг доирада танлов ташкил этилди. Унда “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза кўча”, “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, партия вилоят Кенгаши томонидан тақдирландилар. Суҳбат сўнгида лойиҳа доирасида келгусидаги режаларга тўхталиб ўтилди. Кўрсатувдан сўнг, Умид Ғофуров, Тошкент телеканали журналисти: “Адолат” партиясининг мазкур лойиҳаси экологияни асраб-авайлаш, табиатни яхши кўриш, унга эътиборли бўлишда катта аҳамиятга эга эканлигига суҳбат давомида амин бўлдим. Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб масалалардан биридир. Бу борада партиянинг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ўта мақсадлидир. Ушбу лойиҳа асосида Тошкент вилоятида ўтказилган тадбирларда  фуқароларда ўзлари яшаётган шаҳару қишлоқларимизни тоза сақлашга, она табиатга меҳр-муҳаббат кўрсатишга бўлган дахлдорлик ҳиссини ортишига сабаб бўлди. Маҳаллаларда ўтказилган ҳашар ишларида аҳоли юрт ободлиги йўлида бирлаштирилиб, ёшларнинг экологик маданиятини шакллантиришга эришилди. Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Семинар – тажриба алмашиш майдони

Маълумки, халқимиз азал-азалдан ёшларга уларнинг таълим-тарбиясига ҳамда жамият ва халқ учун наф келтирадиган фазилатларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиб келган. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд вилоятида “Уюшмаган ёшлар: бурч, ҳуқуқ ва манфаатлар бирлиги”  мавзусида икки кунлик республика кўргазмали ўқув-семинарининг ташкил этилганлиги ҳам ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир намунасидир. Партия Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, ҳудудий Кенгашлар ходимлари, депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари иштирок этган семинарда ёшларнинг таълим-тарбияси, уларнинг бахтли келажаги йўлидаги мақсадларимиз бир эканлиги намоён бўлди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Экоҳаракат вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлари танқид остига олинган эди. Ушбу танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, келиб чиққан вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ёшлар масаласида партиямиз томонидан қатор тадбирлар ташкил этилгани барчамизга маълум. Хусусан, Тошкент вилояти Кенгашида ҳам Ангрен шаҳар, Қибрай, Бекобод туманларида ҳам уюшмаган ёшлар билан давра суҳбатлари уюштирилди. Уларни қийнаётган муаммолари тингланиб, атрофлича ечим топишга ҳаракат қилинди. Ёшларнинг қизиқишлари ва мутахассисликларига қараб, бандлиги таъминланди. Албатта, ўқув-семинарини партиянинг Самарқанд вилояти Кенгаши фаолиятини намуна қилиб кўрсатилгани ҳам барча маҳаллий Кенгаш вакилларида катта таассурот қолдирди десам, муболаға бўлмайди. Мақсадимиз партиянинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, дастурий мақсад-вазифаларимизни ёш авлод ўртасида кенг тарғиб  қилиш, уюшмаган ёшлар билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатиб, уларнинг муаммоларига ечим топиш экан, бу йўлда барчамиз бирдек жонбозлик кўрсатишимиз лозим деб, ўйлайман. Ана шундагина, кутилган натижага эришишимиз шубҳасиздир.       Икки кун давом этган кўргазмали семинарда уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг вазифалари муҳокама қилинди ҳамда қатнашувчилар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан иштирок этишди. Шунингдек, меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, унда кўплаб ёшларнинг иш билан таъминланганлиги уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда муҳим қадам бўлди. Семинар доирасида “Депутат ва ёшлар” учрашуви, “Маҳорат дарси” машғулотлари ўтказилганлиги ҳам катта тажриба мактаби бўлди десам, янглишмаган бўламан. Албатта, бу каби учрашувлар нафақат фаолиятимизда, балки ёшлар ҳаётида ўзининг ижобий натижаларини беради деб, ўйлайман. Умид ШОУМАРОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси   ...

Батафсил
News

Сайёр қабуллар ўз самарасини бериши лозим

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши томонидан “Оққовоқ” маҳалла фуқаролари йиғини ҳамда туман Ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда “Ёшлик”, “Низомий”, “Ёшлик боғи” маҳалла фуқароларига сайёр қабул ташкил этилди. “Оққовоқ” маҳалласида ўтказилган учрашувда партиянинг туман Кенгаши раиси Азамат Акромов фуқароларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, халқнинг манфаатлари йўлида жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасида олиб борилаётган амалий ҳаракатларнинг аҳамияти ҳақида йиғилганларга батафсил тушинчалар берди. Энг аввало, “Оққовоқ” маҳалласининг Ички ишлар профилактикаси нозири Ўктам Юлдашев ҳудудда жиноятчиликни олдини олиш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уюшмаган ёшлар ўртасидаги майда безориликларга қарши курашиш юзасидан бажарилган амалий ишлар тўғрисида маҳалла аҳлига ҳисобот берди. Ўктам Юлдашев, “Оққовоқ” МФЙ Ички ишлар профилактикаси нозири: “Адолат” партияси томонидан уюштирилган сайёр қабул аҳоли билан бир жойда жам бўлиб, яқиндан суҳбат қуришга замин яратди. Албатта, бундай учрашувлар ўзининг самарасини бермай қолмайди. Мулоқот давомида фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш баробарида, уларга юртимизда қабул қилинаётган қарор ва фармойишларнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам кенг тўхталиб ўтдик. Сайёр қабул давомида фуқаролар электр энергиясидаги узилишлар, ичимлик сувининг танқислиги, ички йўлларнинг носозлиги борасида кўплаб эътирозлар билдиришди. Шунингдек, мазкур муаммоларнинг мавжудлиги аҳолига бирдек қийинчилик туғдираётганини таъкидлашди. Мутасаддилар ўз ўрнида тегишли ташкилотлар билан масалаларга ойдинлик киритишга шайлигини айтиб ўтишди. Карима Махмудова, “Оққовоқ” МФЙ фуқароси: Туманимизда қатновчи машрутларнинг йўл кираси 1500-2000 сўмлиги аҳолига бирдек маълум. Тўлов қийматининг қимматлиги фуқароларга, ўқувчи, талабаларга ноқулайликни юзага келтирар эди. Бу бўйича масъул ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдик. Бироқ, натижа бўлмади. Бугунги сайёр қабулдаги эърозимиз эса, ўз жойида ижобий ечимини топди. Шу ондаёқ, мутасаддилар  туманиз бўйлаб транспорт хизматини кўрсатувчи “Sunnattrans” МЧЖ ташкилоти билан боғланиб, тўлов нархи 1000 сўм қийматга туширилди. Бундан ғоятда хурсанд  бўлдик. Аҳолига енгиллик яратишда кўмак берган “Адолат” партиясига рахмат, деймиз. Албатта, партиянинг Қибрай тумани Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган ушбу мулоқот ўз навбатида фуқароларнинг оғирини енгил қилишга, турмуш тарзини бунданда яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу билан бир қаторда маҳаллалардаги ижобий ўзгаришлар халқ орасига кенгроқ кириб боришга ва партиямиз нуфузини янада ортишига сабаб бўлади. Ҳозирда, учрашув жараёнида тушган мурожаатлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганилмоқда. Ўйлаймизки, партия Қибрай тумани Кенгашининг саъй-ҳаракатлари билан юқорида келтирилган маҳаллалардаги муаммолар аниқ ечимга эга бўлиб, одамлар розилигига эришилади. Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Обод манзиллар сари

Юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги Фармони одамлар орзу-истакларининг рўёби бўлди. Президент ғояси билан мамлакат тарихида “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширилиши натижасида чекка-чекка қишлоқларимиз янгича қиёфага кириши шубҳасиздир. Лойиҳанинг бош мақсади ҳам қишлоқлар кўринишини, шароитларини тубдан ўзгартиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Дастурга кўра, таъмирталаб уйларда яшовчи оилалар рўйхати тузилиб, уларнинг уйлари таъмирлаб берилиши фуқароларга яратилган қулайликнинг яна бир намунасидир. Инсоннинг ҳаётга бўлган қарашларини ўзгартирадиган, оиласи билан бахтли ҳис қилишига асос бўладиган муҳим омил бу, кўркам  уй-жойга эга бўлишида десам, муболаға бўлмайди. Айниқса, қишлоқларимизда ўта таъмирталаб уй-жойини таъмирлаш учун имкони йўқ оилаларнинг ҳаётига мазмун олиб киришда ушбу дастур ғоятда ўринлидир. Лойиҳада амалда қонунчилик билан белгиланган қурилиш нормалари ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, таъмирталаб уйларга эътибор қаратилиши, жамоатчилик ва ёшлар билан биргаликда чекка ҳудудларда ободонлаштириш, ҳашар ишларини ташкил қилишга эътибор қаратилгани мазкур дастурнинг босқичма-босқич амалга оширилишидан далолат беради. “Обод қишлоқ” дастури доирасида туманлар марказларидан қишлоқларгача бўлган ички йўлларга асфалът ётқизилиши, пиёдалар йўлаклари ажратилиши нафақат одамларга қулайлик яратади балки обод масканларга айланишига ҳам катта замин яратади, деб ўйлайман. Мазкур дастурга киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга ошириш белгиланганлиги билан аҳамиятлидир. Айниқса, ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида ташкилотлар бириктирилгани, улар томонидан кўп хонадонли уйларни яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиши белгилаб берилгани ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг бардавомлигини кўрсатиб беради. Сўнгги йилларда вилоят ва туманлар марказларида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётгани барчамизга маълум. Албатта, бу борада  халқ манфаати, обод манзиллар сари юртимизда дадил қадамлар ташланаётгани қувонарли ҳолдир. Неча йиллардан буён, қишлоқ ҳудудларида электр тармоқларидаги узилишлар, суюлтирилган газ баллонларининг етишмаслиги, ичимлик сувининг танқислиги юзасидан тушаётган кўплаб эътирозлар ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳолатлар мазкур ҳудудларда яшаётган аҳолини қониқтирмаслиги шубҳасиз. “Обод қишлоқ” дастурининг бош мақсади ҳам қишлоқлар турмуш тарзини янада яхшилаш, одамларга қулай шароит яратишдир. Дастурда айниқса, 127143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг ташқи кўриниши, ён-атрофни ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаганидан ҳам ўта муҳим жараён деб, ўйлайман. Айтиш жоизки, ушбу дастурнинг қабул қилиниши ва амалиётга кенг татбиқ этилиши қишлоқ ҳудудларини ободонлаштириш, барча ҳудудларда  бунёдкорлик ишларини бажариш орқали аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини  юксалтиришда муҳим кўприк вазифасини ўтайди деб, ҳисоблайман. Зиёвуддин ИСЛОМОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати ...

Батафсил
News

Озодалик бўлган элда файз - барака бўлади

Барчамизга маълумки, халқимиз маънавиятида, қадриятларимизда бошқа халқлар ўрганса ва ўз тажрибасида қўллашга арзийдиган кўпгина ибратли анъаналаримиз талайгина. Хусусан, ҳашар тадбирини олайлик. Халқимиз орасида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган мазкур тадбир кўпчиликни бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ажралиб туради. Унда кексаю, ёш бирдек иштирок этиб, неча асрлардан буён эъзозланиб келаётган урф-одатларимизнинг мазмун-моҳияти отахону онахонларимиз томонидан ёшларга тушунтиришлар берилиши билан аҳамиятлидир. Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш, жорий йилнинг 23 февралида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган Қарорда белгилаб берилди. Бу борада Наврўз байрами олдидан партиянинг Бўстонлиқ тумани Кенгаши “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида ҳашар тадбири ташкил этилди. Унда тумандаги “Товоқсой мусулмон”, “Озодбош”, “Тўлаган ота”, “Галавасой”, “Уч терак”, “Бухоро Авлиё”, “Тоштепа”, “Узун сой” каби жами 34 та қабристонда ҳашар ишлари олиб борилди. Акром Сайдалиев, Ўзбекистон ”Адолат” СДП Бўстонлиқ тумани Кенгаши раиси:  Туманимизда лойиҳа доирасида Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш мақсадида маҳаллалар билан биргаликда ҳашар кунларини ташкил этдик. “Истиқлол”, “Намуна”, “Маърифат” маҳаллалари аҳолиси иштирокидаги тозалик кунларида қабристонлардаги дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Теварак-атроф бегона ўтлардан, турли хилдаги чиқиндилардан тозаланди. Ҳашар жараёнида ёшлар фаоллик кўрсатди. Улар томонидан 745 метр ариқлар тозаланиб, баҳорги мавсумга тайёрланди. 4200 кг чиқиндилар олиб чиқилиб, обод масканга айлантирилди. Ҳашар давомида 1436 нафар фуқаролар ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиб,  атроф-муҳитнинг тозалиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Дарҳақиқат, уюшқоқлик, покизалик ва меҳр-оқибат рамзи бўлган ҳашар халқимизнинг минг йиллар оша қадрланиб келинаётган азалий удумларидан биридир.  Юртимизда турли байрамлар, муқаддас саналар олдидан умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш ва шу орқали ҳудудларни ободонлаштириш яхши анъанага айланган. Ана шу маънода партиянинг Бўстонлиқ тумани Кенгаши томонидан ўтказилган ҳашар тадбири ҳам эл бирдамлиги ва маҳаллалар ободлигида катта аҳмиятга эгадир. Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!