САМАРКАНД

Манзил: Самарқанд шаҳар, Мирзо Улуғбек кўчаси, 42-уй

Телефон: (66) 233-48-77

Электрон манзил:  sam_adolat.uz@mail.ru

Янгиликлар
News

60 нафар коллеж битирувчиси партия аъзолигига қабул қилинди

  Бугун барча соҳада бўлаётган жадал ислоҳотлар, сиёсий партиялардан ҳам фаолиятини янада такомиллаштиришни талаб қилмоқда. Сиёсий партиялар жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун, партиянинг аҳоли ўртасида доимий ишлайдиган, унинг муаммоларини ўрганиб, таклифларини юқори партия ташкилотлари ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги депутатларига етказадиган асосий бўғини — бошланғич партия ташкилотлари фаолияти алоҳида ўринга эга. Шу боис, қуйи ташкилот фаолиятини кучайтириш орқали сиёсий партия ўз дастурий мақсад ва ғоясини амалга ошириш йўлида самарали натижаларга эришиши мумкин. Буни яхши англаб етган Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан партиянинг маҳаллий Кенгашларида бошланғич партия ташкилотлари билан доимий тарзда давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, партиянинг Паст Дарғом туман Кенгаши томонидан тумандаги “Гузалкент” МФЙ қошида ташкил этилган БПТда “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқиб жойларда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш, депутатлик гуруҳлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ташаббускор бўлиш, изчиллик ва қатъият билан ишлаш зарурлиги, бу жараёнларда БПТларининг тутган ўрни юзасидан атрофлича сўз юртилди. Тўрақул Шодмонов, туман Кенгаши депутати: — Юртбошимизнинг сиёсий партиялар билан бўлиб ўтган учрашувдаги маърузалари, билдирган танқидий фикрлари биз партия вакилларининг эътиборимиздан четда қолиб кетган қанчадан-қанча масалалар борлигини яққол очиб берди. Шунингдек, давлатимиз томонидан сиёсий партияларга яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, партия фаоллари билан биргаликда ва ҳам фикрликда ҳаракат қилишимиз лозим. Бунинг учун бошланғич ташкилотларни рағбатлантиришни йўлга қўйиб, қуйи бўғин фаолларини маҳаллий ва ҳудудий Кенгаш депутатлик ўринларига номзод сифатида заҳирага олишни ёки БПТлари қошида ҳам “Адолат” қабулхоналарини ташкил этиб, уларга билдирилган мурожаатларини давлат идоралари ҳамда депутатлар билан биргаликда ижобий ечимини топишларини амалга оширсак, қилаётган ишларимиз ўз самарасини кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, партиянинг ғоя ва мақсадларини кенг омма орасида тарғиб қилиш, сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, партия ижтимоий қатлами ҳамда электорати манфаатларини ҳимоя қилишда, бошланғич ташкилотларининг роли муҳим аҳамиятга эга. Тадбир давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман Кенгашидаги “Қўшқудуқ” БПТга 60 нафардан ортиқ коллежнинг битирувчи ўқувчилари партия аъзолигига қабул қилинди. Сардорбек ҲАТАМОВ, партия фаоли, “Қўшқудуқ” БПТ раиси ...

Батафсил
News

ҚВП фаолияти тўхтатилган(ми)?

Барчамизга яхши маълумки, партиянинг “Адолат қонун — устуворлигида” лойиҳаси доирасида ишчи гуруҳлари тузилиб ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда фуқароларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳи тумандаги “Катта қишлоқ” МФЙга ташриф буюриб фуқароларнинг мурожаат ва муаммоларини тинглаб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаб олдилар. Маҳалла ҳудудида жойлашган собиқ “Дўстлик” қишлоқ врачлик пункти ўтган йили ёпилган эди. Мазкур ҚВПнинг фаолияти тўхтатилгач, бино ноль қийматига олиниб, аукцион савдога қўйилган. Тиббий марказ очиш истагида бўлган хусусий тадбиркор бинога инвестиция киритиш шарти билан тендерда ғолиб чиққан. Шунга қарамай, ҚВП ходимлари ҳамон ўз иш фаолиятини давом эттириб келаётган экан. Мазкур ўрганишлар жараёнида аҳоли ҳамда ҚВП ходимлари мазкур фаолиятни бирёқлама ҳал этиш, бинонинг бир қисмида шифокор уйини ташкил этиш таклифини билдирди. Ишчи гуруҳ аъзолари тендер савдоси қай тартибда ўтказилгани билан қизиқди. – Бино ўтган йили тендерга қўйилгач, туман тиббиёт бирлашмасида иш бошлашимиз керак эди, – дейди собиқ ҚВП мудири Марҳабо Каримова. – Хоналар етишмагани, қолаверса аҳолининг таклифи билан яна ўз ишимизга қайтаришди. Аммо ҚВПннг жиҳозлари олиб кетилди. Айни вақтда хусусий тадбиркор бинодан чиқишимизни сўраяпти. Биз қаерда ишлашга ҳайронмиз. Аҳоли шифокор уйи очиб берилишидан умидвор. Учрашувда кўтарилган бу муаммоларга тезроқ ечим топилади, деган ниятдамиз. Айни вақтда ишчи гуруҳи аъзолари ушбу таклифларни инобатга олган ҳолда масалани ижобий ҳал этиш чорасини кўришмоқда. Комила УМАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Самарқандда гўшт дўконларида меъёрларга риоя қилинмоқдами?

Вилоят ҳокимининг шу йил 10 августдаги топшириғига асосан, кушхоналар фаолияти, улар томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг бугунги кундаги ҳақиқий ҳолатини ўрганиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан деҳқон бозорлари ва гўшт дўконларида тизимли ўрганиш-мониторинг ишлари олиб борилганди. Натижа ва хулосалар вилоят ҳокимлиги йиғилишларида танқидий муҳокама этилиб, тегишли мутасаддилар зиммасига кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар юклатилганди. Хўш, орадан шунча вақт ўтгач вазият ижобий томонга ўзгардими? Афсуски, аҳолига сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб беришда белгиланган меъёрларга етарлича риоя қилинмаётганлиги навбатдаги ўрганишлар давомида яна бир бор ўз исботини топди. Масалан, "Самарқанд-сифат-гўшт савдо" МЧЖ чорва молларини сўйишга ихтисослашган замонавий кушхона бўлиб, 2017 йилнинг 26 апрелидан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Туркия технологияси асосида жиҳозланган мазкур корхона тўлиқ қувват билан ишлаганда, бир кеча-кундузда, яъни икки сменада 300 бош қорамолни сўйишга мослаштирилган. 2,5 миллиард сўмлик кредит маблағлари эвазига бунёд бўлган замонавий, барча қулайлик ва шарт-шароитларга эга мазкур кушхонада айни пайтда 45 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Қабул бўлимидан тортиб, моллар сақланадиган махсус хона, сўйиш майдончаси, цех ва барча шароитлари бўлган сақлаш хоналари аҳолига сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб беришга мўлжалланган. Қорамол сўйиш майдончасига келтирилишдан аввал махсус текширувлардан ўтказилади ва сўнгра сўйишга рухсат берилади. Ҳозир кушхонада бир кеча-кундузда 40 тагача қорамол сўйилади. Демак, корхона бор-йўғи 14 фоиз қувват билан ишлаяпти. Корхона раҳбари Шерали Тошпўлатовнинг маълумотига кўра, айни пайтда Самарқанд туманидан 5 фоиз, Тойлоқ туманидан 10 фоиз, Самарқанд шаҳридан 20 фоиз қорамоллар мазкур кушхонада сўйиляпти, холос. Яқин ҳудуддаги Паст Дарғом, Ургут ва Тойлоқ туманларида ҳозирча бундай имкониятларга эга замонавий кушхоналар мавжуд эмас. Демак, бозорга чиқарилаётган гўшт маҳсулотлари аҳоли хонадонларида антисанитария ҳолатларида сўйилаётгани сир эмас. Оқибатда, гўшт махсус текширувлардан ўтказилмасдан аҳолига сотиляпти. Нега шундай замонавий кушхона бўла туриб, унинг хизматидан, имкониятларидан фойдаланилмаяпти? Шунча шароитлар нима учун яратилди? Наҳотки, тадбиркорнинг меҳнати, сарфлаган маблағи ўзини оқламаса? Кушхонада йирик шохли моллар 80 000 сўмга, майда шохли моллар 30 000 сўмга сўйилади. Корхона раҳбарининг айтишича, молни олиб келиш ва маҳсулотни олиб кетиш мол эгаси ёки қассоблар билан келишув асосида амалга оширилади. Моллар кушхонага келтирилмаётганининг яна бир сабаби, келишув (йўл ва корхона хизмати ҳақи) нархи мол эгалари ва қассобларга қимматлик қиляпти. Аммо яна бир факт — Самарқанд шаҳридаги мавжуд бозорлар ва маҳаллалар ҳудудида жойлашган гўшт дўконларида мазкур кушхонада сўйилган, махсус муҳр босиб сотилаётган гўшт маҳсулотлари жуда камчиликни ташкил этмоқда. "Сиёб деҳқон бозори" МЧЖдаги марказий гўшт растасида сотилаётган 80 фоиз чорва молларининг гўштларида мол қаерда сўйилганлиги ва ветеринар-мутахассис текширувидан ўтганлигини тасдиқловчи муҳрлар мавжуд эмас. Қассоблар ва сотувчилар бу ҳолатга ҳеч қандай изоҳ беролмадилар. Демак, корхона раҳбари Шерали Тошпўлатовнинг ва ветеринария врачи Шавкат Равшановнинг гапларига кўра, "Самарқанд-сифат-гўшт-савдо" корхонасида биттагина мол сўйилиб, шу битта ҳужжат асосида ўнлаб молларнинг гўштлари сотувга чиқариб юборилмоқда. "Сиёб деҳқон бозори" МЧЖ ҳудудида махсус гўшт растасидан ташқари яна 12 та гўшт дўкони мавжуд, дўконлардаги гўшт миқдори билан қушхона берган маълумотнома солиштирилганда рақамлар тўғри келмади, сабаби, қаерлардадир ноқонуний сўйилган молларнинг гўшти раста ва дўконлардан жой олмоқда. Мазкур бозорда гўшт маҳсулотлари антисанитария ҳолатида сотилмоқда. Сотувчи ва қассобларнинг махсус кийими, тиббий гувоҳномаси, гўшт маҳсулотларида ветеринар врач рухсатномаси ва муҳри мавжуд эмас. "Дамариқ деҳқон бозори" ҳудудида 4 та гўшт дўкони ва битта раста мавжуд. Гўшт дўконларида гўшти сотилаётган молларнинг қайси кушхонада сўйилгани тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Қассоб ва сотувчилар махсус кийимда эмас. Бу ерда балиқ сотишга мўлжалланган махсус хона мавжуд бўлиб, бу хонада ҳеч қандай шароит яратилмаган. Яъни оқова сув, электр энергияси тармоқлари ва музлаткичлар билан таъминланмаган. Сотувчилар махсус кийимда эмас. Балиқ маҳсулотлари шу ернинг ўзида тозаланиб, чиқиндилари вақтида олиб кетилмаганлиги оқибатида атрофни бадбўй ҳид тутган ва антисанитария ҳолати вужудга келган. "Табиат саховати деҳқон бозори"да 3 та гўшт дўкони бўлиб, улар талаб даражасида эмас. Иккита дўконнинг ҳужжатлари йўқ. Қассоб ёки сотувчилар тиббий кўрикдан ўтишмаган. Сотилаётган гўштнинг қаердан келтирилганлиги ва ветеринар кўригидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Дўконларда антисанитария ҳолати яққол кўзга ташланади. Жиҳозлар, стол, гўшт чопадиган кунда, илгич ва пичоқлар нотоза аҳволда. Оқова сув тармоғи, сув йўқ. "Темир йўл деҳқон бозори" ҳудудида 14 та гўшт дўкони фаолият кўрсатади. Калла гўшти ва балиқ сотиш учун махсус расталар йўқ, бозор маъмурияти томонидан тадбиркорларга шарт-шароитлар яратилмаган. Қассоблар — Ш. Рашидов, Ж. Мажидов, А. Нуруллаев, Э. Эргашев, З. Набиев, И. Зиёев, В. Очилов, А. Набиев, М. Нурматов, В. Аблакулов, Б. Ахтамов, Ш. Жабборовларнинг дўконларидаги гўшт маҳсулотлари қайси қушхонада сўйилганлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Дўконларда сотувчи учун ҳам, ҳаридор учун ҳам шароит яратилмаган. "Муса Хонкелди" савдо мажмуасида ҳам ҳолат қониқарли эмас. Савдо мажмуаси раҳбариятининг бозор атрофида ноқонуний гўшт дўконлари борлигидан ва улар барча қонун-қоидаларни четга суриб фаолият кўрсатаётганидан наҳотки, хабари бўлмаса? Бу ерда ноқонуний фаолият олиб бораётган қассоблар ўзларини таништиришни исташмади. Мазкур ноқонуний дўконларда ҳам сотилаётган гўшт маҳсулотлари ҳужжатсиз. "Мотрид" МФЙ ҳудудида 4 та гўшт дўкони мавжуд бўлиб, шундан Мақсад Набиевга тегишли дўконнинг бирорта ҳужжати йўқлиги маълум бўлди. Собир Абдуллаевга тегишли иккита дўконда сотилаётган гўшт маҳсулотлари санитария талабларига умуман жавоб бермайди. Ўйлаймизки, тилга олинган камчилик ва нуқсонлар тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Инобат ҲАСАНОВА, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати ...

Батафсил
News

Бош қомусимиз – бахтимиз пойдевори

Ўзбекистон “Адолат” СДП Каттақўрғон туман Кенгаши ташаббуси билан туман “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамкорлигида Каттақўрғон туманидаги 4-мактабда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ўқитувчилар, ота-оналар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этган ушбу тадбирда бош Қомусимиз қабул қилинишидан мақсад мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборат эканлиги, у мустақиллик берган ҳуррият тимсоли эканлиги, фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинлиги, уларнинг қонун олдида бирдек тенглиги, миллий қадриятлари, урф-одатлари билан ҳамоҳанг тарзда ўз ифодасини топганлиги билан аҳамиятлилиги, халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида жамлаган асосий ҳужжат эканлиги ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, тадбир давомида мактабнинг иқтидорли ўқувчилари, жажи болажонлар томонидан тайёрланган саҳнавий чиқишлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Салоҳиддин НЕГМАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Каттақўрғон туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Мушарраф Рўзибоева: 14 000 минг сўм нақд пул тўлаб, 7 000 сўмлик патта оламиз

Иш вақтини тўғри тақсимлай оладиган киши рўзғорини бутлаш учун ҳеч бўлмаганда ойда бир марта бозорга бориши табиий. Кундалик эҳтиёжларимизни маҳаллий дўконлар қондириши мумкин-у, аммо шундай нарсалар борки, уларни танлаб, саралаб, сифатини, нархини ҳисоблаб, бозордан ҳарид қилган маъқул. Бозорники баракали, нархи ҳам ҳамёнбоп. Шунинг учун ҳам бизда “Отанг бозор-онанг бозор” дейган нақл бор. Замон илгарилаб кетди. Юриш-туришимиз, ўй-фикрларимиз, ҳаттоки, мақсад вазифаларимиз ҳам замонага мос тарзда ўзгариб бормоқда. Маҳобатли супермаркетлар бозорлар ўрнини эгаллайди, деган гап-сўзлар тарқалди. Хўп. Ҳали унгача кўп гап бордир. Аммо бир нарса аниққи, улар ҳеч қачон бозорларнинг ўрнини босолмайди. Ҳорижда мумкиндир, аммо бизда бу гапга ҳеч ким ишонмайди ҳам. Шунинг учун ҳам минг йиллардирки, шарқона бозор қиёфаси, унга мос анаъналар, қадриятлар ўзгармай қолаверади. Бу энди бошқа масала. Айтмоқчи бўлганимиз бу эмас, аслида... Кузатсангиз, тараққиёт бизнинг бозорларимиз ҳудудигача етиб келмаганми, деб ўйлаб қоласиз. Қайси асрда, қайси даврда яшаяпмиз? Замондошларимиз, юртдошларимиз қандай оламшумул ишларни амалга оширмоқда... Бозорларда эса аҳвол бутунлай бошқача. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 253-сонли қарорига асосан, Самарқанд вилояти ҳудудидаги бозорларда яратилган шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек бозорлар маъмуриятлари томонидан олиб борилаётган ишларнинг бугунги кундаги ҳолати жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳига халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам киритилди. Энди мутахассис сифатида эмас, “оддий кўз билан” бозорларимизга сиртдан назар ташлаймиз. Вилоят Бозорлар уюшмасидан олинган маълумотга кўра, бугун вилоятимизда 41та, Самарқанд шаҳрида 5та ва Каттақўрғон шаҳрида 1та деҳқон бозорлари фаолият кўрсатмоқда. Улар ўз номи билан деҳқон бозорлари. Бу ерда нималар билан савдо-сотиқ қилиниши ҳақида тасаввурингиз бор, албатта. Ўрганилган ҳудудларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтамиз. Мисол учун, Жомбой тумани ҳудудида жойлашган “Шайман” деҳқон бозори. Ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунларида ишлайди. Қўлбола тахталардан омонат ясалган расталар сизда антиқа таассурот уйғотиши аниқ. Қарийиб 3 гектар майдонни эгаллаган бозор ҳудуди атрофи ўралмаган, ҳеч қандай шароитларга эга эмас. Қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ерда чанг-тўзонга қоришган ҳолда сотилмоқда. Овқатланадиган жойлардаги ҳолат эса санитария қоидаларига мутлақо зид. Ноқонуний фаолият кўрсатаётган ошхоналар ёнидан тупроқли йўл ўтган. Ундан кўтарилган ғуборлар тўғридан-тўғри ошхоналарга ёпирилади. Хўрандаларга узатилаётган тарелка, чойнак, пиёлалар синиқ, ишлатишга яроқсиз бўлса-да, овқатлар, чойлар шу идишларда узатилмоқда. Бозор ҳудуди турли маиший чиқиндилар, ахлат уюмлари билан тўла. Тайлоқ туманидаги “Боғизағон” деҳқон бозорида ҳам шундай ҳолат. Ҳудуд ўралмаган, расталар қўлбола усулда ясалган, бозорнинг устки қисми ёпилмаган. Атроф қаровсиз, Эски биноларнинг эшик-деразалари синган-тушган, ҳамма ёқ чиқиндилар билан тўлган. Туман ветеринария-бактериология лабораторияси ва Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳам шу ташландиқ бинолардан бирига жойлашган. Тухум, турли хил пишириқлар сут ва сут маҳсулотлари очиқ жойда сотилмоқда. (Кимларнингдир заҳарланмаслигига кафолат борми?) Иштихон тумани марказидаги деҳқон бозори яқинда капитал таъмирланган бўлса-да, реконструкция ишлари мутлақо сифатсиз якунланган. Бозор 620 та савдо растасига мўлжалланган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги, гўшт, озиқ-овқат маҳсулотлари ерда пала-партиш ҳолда сотилмоқда. Бозор ҳудуди турли маиший чиқиндилар билан қопланган. Бу ерда савдо расталари бўлишига қарамай, аксарият ҳолларда деҳқонлар ерда ўтириб савдо қилишади. Бозорда маҳсулотларни ветеринария кўригидан ўтказувчи лаборатория деярли фаолият юритмайди. Бозор ҳудуди антисанитария ҳолатида, турли аҳлат-чиқиндиларга тўла. Ерда савдо қилаётганларнинг ҳар биридан 5 мингдан 8 минг сўмгача патта пули йиғиб олинса-да, чек берилмаслиги тушунарсиз ҳолат. Каттақўрғон туманидаги “Пайшанба” МЧЖга қарашли деҳқон бозори фаолияти ҳам талаб даражасида ташкил этилмаган, бу масканни “бозор” деб аташнинг ҳам имкони йўқдек. “Тасмачи” масъулияти чекланган жамиятига қарашли деҳқон бозори аҳволига ҳам “маймунлар” йиғлайди, суҳбат давомида бозор фаолиятига масъул бўлган мутассаддилар фаолиятидан аҳоли норози кайфиятда эканлигини сезиш қийин эмас. Бундай ҳолатлар туманлар ҳудудидаги аксарият деҳқон бозорларига хос. Ихтисослашган дўконлар йўқлиги сабабли, гўшт маҳсулотлари қўлбола расталарда сотилмоқда. Сотилаётган гўшт маҳсулотларининг аксарияти сифатсиз, ҳидланган, ҳатто қуртлаган ҳолатлар учради. Бозорда сотилаётган маҳсулотларининг лаборатория текширувидан ўтказилганлиги тўғрисида туманлар ветеринария бўлимларининг бозорга бириктирилган вакиллари томонидан биронта рухсатнома берилмаган. Деҳқон бозорларида махсус чиқиндихоналар, ҳожатхоналарнинг йўқлиги, СЭС, ветеринария, Ички ишлар ва бошқа хизматларнинг тўғри йўлга қўйилмаганлиги вазият анча жиддийлигини яна бир бор исботлайди. Бозорлар ҳудуди аксарият ҳолларда ноқонуний фаолият кўрсатувчи “тадбиркор”лар томонидан эгаллаб олинган. Улар билан суҳбатлашсангиз, жой учун тўлов қилганлигини таъкидлашади, аммо ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмайдилар. Тайлоқлик Мушарраф Рўзибоева бир кунлик патта учун 14 000 минг сўм нақд пул тўлаб, 7 000 сўмлик, Гулнора Жабборова 6 000 сўм тўлаб, 3 000 сўмлик патта олганлигини нима деб изоҳлаш мумкин? Тан олиш керак, деҳқон бозорларимизнинг аҳволи жуда ночор. Тартибсизликлар, қонунбузилишлар ва ўзбошимчаликлар, бир сўз билан айтганда хўжасизлик охирги нуқтасига етиб келган. Ишга киришамизми ёки ҳукуматимиз томонидан “Обод бозорлар” Давлат Дастури жорий этилишини ва шундагина “уйғонишни” кутяпмизми? Инобат ҲАСАНОВА, Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаш депутати ...

Батафсил
News

Бош қомусимиз миллий тараққиёт асоси

Истиқлол ҳадя этган энг буюк неъматлардан бири — юртимизда миллий давлатчилигимиз ҳукукий пойдевори яратилганидир. Миллий давлатчилигимизнинг энг муҳим қадриятларини белгилаб берадиган асосий қонунимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг асосий ҳуқуқий тамойиллари аниқ ифодасини топган. Ана шу мустаҳкам пойдевор асосида Республикамизда ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилиб келинмокда. Жумладан, таълим соҳасидаги янгиланишлар, жисмоний соғлом, маънавий баркамол авлодни тарбиялашга давлатимиз томонидан катта эътибор берилаётгани тарихий аҳамиятга эга. Комусимизнинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳукукига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, дейилади. Бугун кеч кимдан кам булмай, замонавий билим ва касб-ҳунар асосларини эгаллаб вояга етаётган йигит-қизларимизнинг таълим, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларида эришаётган ютуқлари давлатмиз томонидан кўрсатилаётган чексиз ғамхурликлар самарасидир. Айни пайтда Ўзбекистан “Адолат” СДП туман Кенгаши томонидан туманимиз ёшлари билан ташкил этилаётган давра суҳбатлари бош Қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати, унинг инсон манфаатларини ўзида акс эттирган мазмун-моҳияти мавзусига бағишланаяпти. Дарвоқе, “Конституция” сўзининг маъноси нима? Бу ҳакда ёш авлоднинг қанчалик маълумотга эга бўлганлиги суҳбатлар жараёнида яққол намоён бўлди. Чунончи, бу атама қадимги Римдаёқ маълум булган. Амир Темур “Тузуклари” Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Қомусимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни пайтда, шарафли солномасига назар солар эканмиз, Ўзбекистон Конституцияси халкимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига ишонч ҳосил қиламиз”. Айтиш мумкинки, Конституцияни яратиш йўлидаги илк ҳуқуқий қадам — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги бўлса, иккинчиси янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши, навбатдагиси “Мустакиллик декларацияси”нинг эълон қилиниши, конституциявий комиссия ташкил этилиши, давлат мустақиллигининг эълон қилиниши ва бошқа муҳим воқеалардир. Том маънода, умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ушбу халқчил Қомус бугунги кунда дунё миқёсида ҳар қандай тараққий топган давлат Конституцияси билан бемалол куч синашмокда. Гулфинисо ҚУЧҚОРОВА, Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгаши депутати ...

Батафсил
News

Фаолиятга янгича ёндашув

Ўзбекистон “Адолат” СДП Паст Дарғом туман Кенгаши Ёш адолатчилар қаноти ташаббуси билан Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишлаб “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси таҳририяти мажлислар залида Паст Дарғом туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, Паст Дарғом туман Халқ таълими бўлими, Оила илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими, “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси таҳририяти иштирокида “Ёш адолатчилар қаноти”нинг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда партиянинг ёшлар билан ишлаш йўналишини янада кучайтириш, ташаббускор йигит-қизларни ўз атрофида бирлаштиришга қаратилган фаолиятини жонлантириш, “Ёш адолатчилар қаноти”нинг нуфузи ва таъсирини ошириш ҳамда бугунги кундаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш борасида сўз юритилди. Шунингдек йиғилишда, иқтидорли ва умидли ижодкор ёшлар учун “Ёш адолатчи журналистлар” клуби ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилиниб, ушбу клубга 15 нафар иқтидорли ёшлар аъзо бўлдилар. “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси муҳаррири Бахтиёр Шукуров “Ёш адолатчи журналистлар” клуби аъзоларига ўзининг маслаҳат ва тавсияларини берар экан, газета бош муҳарири ўринбосари Гулжаҳон Мардон қизини ушбу клуб фаолиятига масъул этиб белгилади. Аббос Шодмонқулов, “Ёш адолатчи журналистлар” клуби сардори: — Юртимизда биз, ёшларнинг пухта билим олишимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни юзага чиқариш учун замонавий шароитлар яратилган. Албатта яратилган бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб спорт мусобақалари, фан олимпиадаларида юксак марраларни забт этиб келаётган тенгдошларимиз талайгина, бизнинг “Ёш адолатчи журналистлар” клубимизнинг асосий мақсади ҳам тажрибали устозларимиз ёрдамида ана шундай ёшларни ҳаётини кенг ва ҳар томонлама ёритиш, тенгдошларимизга ўрнак этиб, ортимиздан эргаштириш ҳамда она Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Йиғилиш сўнгида “Энг кўп мақола муаллифи”, “Энг яхши нотиқ” каби номинациялар бўйича ўқувчи ёшларга партия туман Кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди. Тоҳир УСАРОВ, “Ёш адолатчилар қаноти” Паст Дарғом туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Партиянинг сўзи, иши ва қадри ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги билан белгиланади

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги кўппартиявийлик давлат ва жамият қурилишидаги қатор масалаларга жавоб топиш, халқ ҳокимиятчилиги, парламент фаолиятини кучайтириш орқали фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий ислоҳотларни изчил амалга ошириш баробарида демократик қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хўш, салкам чорак асрдан буён давом этиб келаётган сиёсийлашув жараёнлари соғлом партиявий рақобатга, фикрлар хилма-хиллигига, жамият тараққиётининг янги, қулай моделларини таклиф этишга йўл очибгина қолмай, халқнинг ташаббускорлигини руҳлантиришга, рағбатлантиришга қай даражада кўмаклашаяпти? Сиёсий партиялар вакиллари кеча ўз зиммаларидаги вазифаларни қандай уддалаган эдилару бугун мамлакат миқёсидаги жадал Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлашда қандай иштирок этмоқдалар? “Адолат” СДП: уч авлод, уч фикр” деб номланган янги рукнимиз орқали партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши фаолиятида турли йилларда рўй берган ўзгаришларни, мантиқий натижаларни қиёслашга ҳаракат қилдик. Сўровномамиз саволлари ҳам учтани ташкил этди. Яъни: “Сиз партияда қачон фаолият бошлагансиз? Партия сизга нимани ўргатди? Сиёсий ислоҳотлардан қандай сабоқ чиқараяпсиз?” Қизиқарли таклифлар, иш юритишдаги янгича сиёсий ёндашувлар, услублар тилга олинган суҳбатимиз сизга маъқул бўлади, деган умиддамиз. Жуманиёз Алибеков, партия фахрийси: — Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман. Ўшанда, аниқроғи, 1995 йилда мен “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг тавсиясига биноан партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши биринчи котиби этиб сайланганман. Жамиятдаги илк ислоҳотлар, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш, иқтисодиётда хусусий мулк шаклларини қарор топтириш, давлат ҳисобидаги, аммо ҳаракатсиз қолиб келаётган корхоналарни қайта ишга тушириш, аграр соҳанинг қадрини тиклаш сингари мураккаб вазифаларни таъминлаш учун халқнинг ташаббускорлиги, фаол иштироки талаб этилаётган пайт эди. Шунда биз — партия фаоллари энг яхши таклифларни аниқлаб олиш, фикр ўрганиш мақсадида сиёсий тарғибот ва мулоқотларни бевосита маҳаллаларга, меҳнат корхоналарига, жамоат ташкилотларига кўчирганмиз. Одамларга партиянинг, сиёсий ислоҳотларнинг мақсад-вазифаларини тушунтирганмиз. Ҳар сафарги учрашувларда янги маслакдош орттириб, партия сафини кенгайтиришга эришардик. Биргаликда БПТларга асос солинган. Ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларида илк депутатлик гуруҳларини шакллантириб, улар билан мунтазам ҳамкорлик қилишни бошлагандик. Шу тариқа сиёсий фаолиятни шакллантириб одамлар орасида “Адолатчи партия” деган ном олганмиз. Бугун партиянинг сиёсий мақсад ва вазифалари янада теран мазмун касб этган. Партиянинг бир қатор лойиҳалари доирасида қилинаётган ишлар ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўзгаришларда маълум даражада акс этмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, қуёш фотоэлектростанциясини барпо этиш, боғдорчиликда томчилатиб суғориш усули (бундай майдонлар бугун 10 минг гектарга яқин)ни кенг йўлга қўйиш, инновацион таклифлардан фойдаланиб, саноат корхоналарини қайта модернизациялаш, олис қишлоқларда касаначиликни, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳар битта оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш сингари вазифаларни хал этишда партиядошларимиз ташаббускор бўлишмоқда. Ҳудудда партиявий раҳбарлик давомида англаганим шу бўлдики, ёлғон ваъда беришдан кечиб, рост гапни айтсак, одамлар бизга эргашади. Ўзимиз биринчи бўлиб бошласак, бошқалар бизга янги-янги таклифлар билан келишади. Менинг уйим, менинг кўчам, менинг маҳаллам, менинг Ватаним деган тушунча ҳар бир юртдошимизнинг қалбига, онгига, шуурига сингиб, жамиятдаги улкан жараёнларга дахлдорлик пайдо қилишини истайман. Яна бир натижадан мамнунманки, партиявий фаолият менга ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий масалаларга тор доирада эмас, умумдавлат, умумхалқ миқёсида қарашни ўргатди. Нотиқлик санъатини эгаллашимга ёрдам берди. Асл партия вакили учун сиёсий танаффус йўқлигини, ижтимоий муаммоларнинг қайноқ нуқталарида унинг учун ҳамиша иш топилишини тушуниб етдим. Шу боис бугун ҳам партия фахрийси сифатида ўз таклиф, ҳаракатларим билан “Адолат” СДП вилоят кенгашини қўллаб-қувватлашга интилиб келаяпман. Фурсатдан фойдаланиб, партиядошларимга самимий истак ва маслаҳатларимни етказмоқчиман. Одамлар орасида бўлишдан, улардаги энг яхши хислат-фазилатларни рағбатлантиришдан, халқни улуғвор ишларга руҳлантиришдан асло чарчамайлик. Маҳалла — ҳар биримизнинг уйимиз, мадад олиш, бирлашиш учун борадиган жойимиз. Мен ҳар битта маҳалла биносида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб туришини истайман. Зотан, бу — Ватанни эслатиб турувчи масканда ватанпарварликка даъват этишнинг энг яхши ишорасидир. Комила Умарова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой тумани кенгаши раиси: — Ёшим 35 да. Партиянинг бугунги ўрта бўғин авлоди вакили сифатида таъкидламоқчиманки, зиммамизда вазифалар ниҳоятда кўп, серқирра ва масъулиятли. Чунки мамлакатимизда барча соҳада жадал юксалишлар қаторида янгича сиёсий қарашлар, ташаббуслар ва илдам партиявий ҳаракатлар намоён бўлмоқда. Партия фаоллари ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли турмуши билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишда тобора чуқур манфаатдорлик билан дадил иштирок этмоқдалар. Бошқарувда очиқлик, шаффофликни таъминлаш учун ўз депутатлик гуруҳлари орқали раҳбар ходимларнинг ҳисоботини эшитишга, ижрони назорат қилишга астойдил интилмоқдалар. Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашига сайланган 7 нафар депутатимиз фаолияти хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Шу йилнинг июль ойида маҳаллий Кенгаш сессиясида депутатлик гуруҳи таклифи асосида уюшмаган ёшлар муаммолари муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Қишлоқ врачлик пунктларида тез тиббий ёрдам бўлимларини моддий-техник қўллаб-қувватлаш, уларга махсус хона ва автомашина гаражи ажратиш ҳақидаги депутатларимиз таклифи ҳам сессия қарори билан мустаҳкамланди. Биз сиёсий фаолият самарадорлигини ошириш учун янги шакл ва услубларни излаб топишга интилаяпмиз. Маҳаллаларда БПТлар ва депутатлар ҳамкорлигида қўшма қабуллар уюштираяпмиз. Партиянинг ҳар бир фаолига ўзи меҳнат қилаётган жамоада “Адолат” СДП лойиҳаси асосида мазмунли тадбир ўтказишни юклаяпмиз. Спорт майдончаларига оила аъзоларини жалб этиб, жисмоний тарбиянинг оммавийлигини оширишга муваффақ бўлаяпмиз. Очиғи, партиявий иш менга кўп нарсаларни ўргатди. Илгари 12 йил коллежда ўқитувчилик қилган бўлсам, салкам бир йил давомида партия кенгашига раҳбарлик одамлар билан ишончли мулоқот ўрнатишга, муаммоларга ечим излашга одатлантирди. Муайян соҳадаги етишмовчиликни ҳамма ҳам танқид қилиши мумкин. Лекин партия ходими уни ҳал этишнинг энг қисқа ва аниқ йўлини таклиф эта олиши лозим. Туманда 1520 нафар партия аъзосини бирлаштирган 21 та БПТ билан ишлашда, улар фаолиятини партия кенгаши томонидан бошқаришда қуйи бўғиннинг ташаббускорлиги, ҳозиржавоблиги ва муаммога мустақил ечим таклиф этишини алоҳида ҳисобга олиб бораяпмиз. Тоҳир Ўсаров, Пастдарғом тумани партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси: — “Ёш адолатчилар” қаноти партия фаолиятига жўшқинлик, жозибадорлик олиб кираяпти, ёшлар ўртасида сиёсий маслакдошликни пайдо қилаяпти, десам, албатта ишонинг. Пастдарғом туманида “Ёш адолатчилар” қанотининг 360 нафар аъзоси бор. Уларнинг ҳар бири муайян касбга, қизиқиш ва машғулотга эга.. Биз сафдошларимиз билан маслаҳатлашиб, “Ёш адолатчилар” қанотининг пресс клубини ташкил этганмиз. Клубда ёш журналистлар, сиёсатчилар, шоир ва ёзувчилар иштирокида ҳар сафар ижтимоий ҳаётнинг бирор-бир муаммоли масаласини муҳокама этамиз. Клуб йиғилишига мавзу йўналиши ва алоқадорлигидан келиб чиққан ҳолда тегишли хизмат кўрсатиш, коммунал, тиббий ва таълим соҳаси вакилларини ҳам жалб этиб, камчиликни ҳал этишнинг энг мақбул йўлини биргаликда излаймиз. Лозим топилганда экспертларни таклиф этамиз. “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятининг самарадорлиги ҳақида гапирсам, шу йилнинг 10 ойи давомида 100 нафар уюшмаган ёшларнинг ижтимоий муаммосини ҳал этдик. Хусусан, “Қаршиобод” маҳалласида яшовчи 26 ёшли фуқаро Муҳаммад Юнусовга тижорат банкидан 25 миллион сўм кредит маблағи олиб, акфа цехи очишга ёрдам бердик. “Олти қаҳрамон” маҳалласидан фуқаро Достон Шодиёровга, “Янгиобод”лик Севара Омоновага эса фуқаролик паспорти олишларига кўмаклашдик. Хўш, партия сафида ишлаш менда қай одат, кўникмаларни пайдо қилди? Уч йиллик фаолиятимдан қандай хулоса чиқаришим мумкин? Энг аввало, сиёсий воқеаларга бефарқлигим тамоман йўқолди. Ўзимни улкан ўзгариш, янгиланишлар марказида тургандек ҳис эта бошладим. Энг муҳими, партия орқали мен ўзимни жамият, тараққиётининг зарур винти, ҳаракатдаги кучи, деб ҳисоблайдиган бўлдим. Бу эса ҳар тонг янги режалар билан ишга отланишимга, ҳаётдан туганмас завқ ва мазмун олишимга ёрдам бераяпти. “Adolat” мухбири Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ ёзиб олди ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!