НАМАНГАН

Манзил: Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уй

Телефон: (69) 227-23-84, 227-20-38

Электрон манзил:  namangan@adolat.uz

Янгиликлар
News

Наврўз байрами кўтаринки руҳда ўтмоқда

Шу кунларда мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки қишлоғига борманг, Наврўз умумхалқ байрами тантаналари устидан чиқасиз. Узоқ давом этган қишдан сўнг юртимизга ташриф буюрган сўлим баҳор атрофга ўз тароватини намоён этмоқда. Табиат уйғониб, ҳамма ёқ кўм-кўк тусга кирмоқда. Ҳар бир корхона ва ташкилотда, маҳаллада, ҳар бир хонадонда улуғ айём муносиб нишонланмоқда. Жойларда яшариш ва янгиланиш байрамига бағишланган халқ сайиллари ҳам бўлиб ўтмоқда. Муроджон Жалилов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Косонсой туман кенгашининг раиси: – Ҳар йилгидек бу сафар ҳам туманимизда Наврўз тантаналари зўр шодиёна сифатида нишонланди. Айниқса, тоғолди ҳудуди ҳисобланган Қорасув даҳасидаги қир-адирларда нишонланган байрам кўпчиликнинг эсида қоладиган бўлди. Тантаналарда маҳалла оқсоқоллари, фахрийлар, корхона ҳамда муассасалар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар фаол қатнашдилар. Сайил она-табиат уйғонаётган паллада одамларга беқиёс руҳий, маърифий, маънавий қувват бағишлади, десак муболаға бўлмайди. Тадбирда партиядошларимиз ҳам бажонидил иштирок этдилар. Косонсойлик сафлошларимиз корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган байрам тантаналарида ҳам фаол қатнашдилар. Ана шундай тадбирлардан бири саноат, транспорт ва алоқа касб-хунар коллежида бўлиб ўтди. Педагоглар ва ўқувчилар, ота-оналар, шу яқин атрофдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирокидаги тадбир ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Баҳор байрамига бағишлаб кўклам таоми – сумалак пиширилди. Ўқувчилар турли кўргазма ва танловларда ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар. Ғолиблар албатта, маъмурият ва жамоат ташкилотлари томонидан тақдирландилар. Шундан сўнг байрамга бағишланган тантанали тадбир бошланди. Уни касб-ҳунар коллежи директори Исломжон Мўминов очди ва олиб борди. Маросимда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев ҳам сўзга чиқиб, тўпланганларни халқимизнинг азалий байрами билан қизғин қутлади. У бу сафарги Наврўз давлатимиз раҳбарининг яқинда вилоятга ташрифи муносабати билан юзага келган юксак кўтаринкилик вазиятида ўтаётганлигини алоҳида таъкидлади. Чунки Президентимизнинг кўрсаима ва тавсияларига асосан кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бошланди. Уларнинг барчаси пировард натижада халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошишига, иқтисодимиз юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз. Тадбир қатнашчилари коллежда “Адолат” СДП хайрихоҳлари сафи тобора кенгайиб бораётганлигини ҳам қайд этдилар. Бунинг далили сифатида эса бир гуруҳ юқори босқич ўқувчиларидан йигирма нафари “Адолат” СДП сафига қабул қилинди. Улар орасида Жаҳонгир Нақибжонов, Волида Эгамберлиева, Ҳасанхон Ҳожихонов кабилар бор. Фарҳод Валиев, касб-ҳунар коллежи ўқувчиси: – Бошқа тенгдошларим қатори “Адолат” партияси сафига киришни анчадан бери орзу қилардим. Мана, бугун мақсадга эришдим. Наврўз нишонланган куни қўлимга аъзолик билети текканлиги ҳам эсда қоларли воқеа бўлди. Келажакда яхши мутахассис бўлиб етишиб, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга, жамоатчилик фаолиятида фаол қатнашишга ваъда бераман. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил
News

Наврўз хосияти: фаолларимиз саъй-ҳаракати билан фуқаронинг уйида яна электр чироғи ёна бошлади

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли билан мулоқот ўрнатишнинг таъсирчан ва самарали йўлларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Дастлаб аҳоли мурожаатларини йўллай оладиган виртуал қабулхоналар иш бошлади. Кейинчалик жойларда Президент қабулхоналарининг очилганлиги бу борада янги босқич бўлди. Ўз навбатида Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари ҳам шу йўлдан бордилар, яъни вилоят, шаҳар, туман кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари” фаолият кўрсата бошлади. Аммо партиядошларимиз бу билан чекланмасдан бевосита маҳаллаларга чиқиб, уйма-уй юрган ҳолда аҳоли муаммоларини ўрганишга ҳам киришдилар. Бунинг учун ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ажратиб қўйилди. Биз мана шу йўсинда “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси асосида иш ташкил этганимиз яхши самара бермоқда. Маълум муддат илгари фаолларимиз Наманган шаҳрининг “Янги қурилиш” маҳалласидаги хонадонларга кириб, фуқаролар билан бевосита мулоқот ўрнатдилар. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ана шунда юз берди. Аниқроғи, унинг биринчи қисми бўй кўрсатди. Мен, фаолларимиз Зиёджон Маҳкамов, Ноила Саримсоқова МФЙ раиси Содиқжон Рўзибоев билан ҳамкорликда Чиннигул кўчасида бўлдик. Ўша куни 25-уйда яшрвчи Комилжон Эгамбердиевнинг хонадонида ҳам бўлдик. Ушбу кам таъминланган оилани қийнаётган муаммо – уй электр қуввати таъминотидан узиб қўйилган экан. Бунга сабаб эса фойдаланилган ток учун катта миқдорда қарздорлик вужудга келгани экан. Яъни хонадон аъзолари электр тармоқлари корхонасидан қарздорлик 3 миллион 746 минг сўмдан ҳам ошиб кетган. Нима қилиш керак? Дастлаб роса бошимиз қотди. Шундай қилиб, воқеанинг иккинчи қисми бошланди. Яъни муаммонинг ечимини топишга киришилди. Оиланинг моддий ҳолатини ўргансак, ҳолат ҳақиқатда оғир эканлиги кўзга ташланди. Комилжон Эгамбердиев касалликка йўлиққанлиги сабабли оғир меҳнатга ярамайди. Хотини Нурхон Турғунова ҳам шундай, уй бекаси вазифаларини базўр уддалайди. Уларнинг ўн тўрт ёшди ўғли эса болаликдан ногирон. Шунинг учун саховатли, ҳиммати баланд кишиларни қидиришга қарор қилдик. Рости гап, бундай инсонни топиш осон бўлмаса керак, деб ўйлаган эдик. Йўқ, бу ёруғ жаҳонда бошқаларга яхшилик қилишни истайдиган эзгу ниятли кишилар кўп экан. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча хурсанд бўлсак арзийди. Биз билан суҳбатда бўлган ҳамшаҳримиз кам таъминланган оиланинг электр таъминотидан қарзини тўлиғича ўз ҳисобидан тўлаб берди. Офарин! Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ушбу саховатпеша инсон ўзининг исм-шарифини ошкор этмасликни илтимос қилди. Чунки унинг фикрича, ўнг қўл берганини чап қўл билмаслиги керак. Мана буни олижаноблик деса бўлади. Шунинг учун бошқалар дардини ўзиникидай кўрадиган инсоннинг хоҳиш-иродасига қарши бора олмадик. “Янги қурилиш” маҳалласидаги Комилжон Нуриддинов хонадонида яна чироқ порлай бошлади. Бу воқеа халқимизнинг беназир ва гўзал байрами, айни Наврўз арафасида юз берди. Бу ҳам ўзига хос рамзий маънога эга – халқимизнинг азалий қадриятларини ифодалайдиган бу байрам ҳаммамизни атрофимиздагиларга меҳр ва саховат кўрсатишга ундайди. Партиядошларимиз шундай қилиб эзгу ишга ҳасса қўшдилар. Ойлархон ОХУНОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Президент ташрифидан сўнг: “Китоблар “карвони” — Наманганда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифи вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари фақат иқтисодиёт соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишибгина қолмасдан, маънавият ва маърифат масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилоят ахборот-кутубхона марказини модернизация қилиш ва китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган режа маъқулланди. Унга мувофиқ, вилоятда яна 50 та маҳаллада кутубхона, 12 та замонавий кўчма китоб дўконлари барпо этиш, 4 та “Библиобус” фаолиятини йўлга қўйиш ражалаштирилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев аҳолига китобларни қулай тарзда етказиб бериш, Наманганда яшаб ўтган атоқли аллома ва адибларнинг асарларини нашр этиш бўйича кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, фаоллар билан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари “Наманганни энг яхши китобхон вилоятга айлантирамиз!” шиори остида кенг миқёсли акция ўтказиш ғоясини олға сурди. Қўйилган масалалардан бири кутубхоналар учун бир миллион нусхадаги бадиий адабиётларни бепул етказиб бериш эди. Бу фикр Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа қатор манфаатдор ташкилот ва идоралар томонидан қўллаб-қувватланди.  Бир неча кун аввал ушбу китобларнинг биринчи қисми, яъни 25 минг донаси юкланган “карвон” Наманганга етиб келди. У карнай-сурнай садолари остида, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди. Шу муносабат билан вилоят марказида тадбир ташкил этилди. Унда шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, маданият ходимлари, мактаб, коллеж ва лицейлар ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этдилар. Жамолиддин Муслим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлимининг раҳбари: – Пойтахтдан етказиб берилган китоблар тақдимоти учун шаҳримизнинг Адиблар хиёбони танланганининг ҳам ўзига хос рамзий маъноси бор, деб ўйлайман. Чунки бу ерда ҳамюртимиз, оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг салобатли ҳайкали ўрнатилган. Бундан ташқари, Муҳаммадшариф Сўфизода, Чустий, Ҳусниддин Шарипов, Зафар Диёр, Ҳабиб Саъдулла каби таниқли ижодкорларнинг ҳам бюстлари ўрнатилган. Улар ўзбек миллий адабиётининг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган инсонлардир. Бу юртдошларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳаммамизга ўрнак ҳисобланади. Энди бевосита тадбирга тўхталсак, унда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Тўрақўрғон туманидаги Ибрат мактаби ўқувчиси Дилшода Ҳакимова ва бошқалар китобнинг битмас-туганмас билим манбаи сифатида инсон ҳаётида улкан роль ўйнашини таъкидладилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Фарҳод Маҳмудов бир миллион дона китобни вилоят аҳлига беғараз тақдим этиш ҳақидаги сертификатни вилоят ҳокимлиги вакилига топширди. Наманган давлат университети, муҳандислик-технология, муҳандислик-қурилиш институтларининг китобхонлик кўрик-танловларила юқори натижаларга эришган талабалари эса махсус совғалар – янги нашр этилган китоблар тўпламлари билан мукофотландилар. Баҳодир Болтабоев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари: – Китоб ҳар бир киши учун умрбодлик дўст ҳисобланади. Кўпчилик партиядошларимиз ҳам бадиий адабиётни яхши кўрадилар, мумтоз адиблар ва замонавий муаллифларнинг асарларини бажонидил мутолаа қиладилар. Мен ўзим ҳам шеъриятни жуда яхши кўраман, баъзан-баъзан у-бу машқ қилиб тураман. Шунинг учун Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган акцияни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Тадбир якунлангандан сўнг “Дамас”ларга юкланган китоблар виоят маркази ва туманларда жойлашган кутубхоналар сари йўл олди. Адабиёт ихлосмандлари эса вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг мажлислар залига тўпландилар. Бу ерда пойтахтдан ташриф буюрган, шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларидан келган ҳамда маҳаллий ижодкорлар иштирокида катта мушоира ўтказилди. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар ...

Батафсил
News

Янги марраларга ундайди

  Ўтган ҳафтада вилоятимиз аҳли ҳаётида катта воқеа юз берди. Қиш фасли поёнига етиб, баҳор бошланаётган дамларда Наманганга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш асносида ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, пировард натижада халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш имконини берадиган истиқболли лойиҳаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш юзасидан қимматли йўл-йўриқ ва тавсияларни берди. Шу кунларда корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида юртдошларимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида режалар белгилаб, янада фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Президентимизнинг мулоқотларида улкан бунёдкорлик ишларининг самарасига юксак ишонч, эртанги кун порлоқ бўлишига умидворлик барқ уриб турибди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхонада ҳозир 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия, Украина, Болгария, Молдова каби давлатларга ҳам жўнатилмоқда. Ўтган йилги экспорт ҳажми 9,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Тез орада “Art Soft Tex Group” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтади. Яна бир йирик лойиҳа — Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бўлиб, Фарғона водийси вилоятларида электр энергияси таъминотидаги барқарорликни таъминлайди. Объектда ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг 83 фоизи бажарилди. Шу кунларда бу ерда 2400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчилар бунёдкорлик ишлари билан банд. Қурувчилар йил охиригача ИЭСнинг ҳар икки энергоблогини фойдаланишга топширишни мақсад қилишган. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларнинг аксариятида туризм иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланган. Кейинги йилларда бу масалага Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки бу соҳа биринчидан, катта даромад келтиради. Иккинчидан, халқимизда тарихий ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш орқали қадриятларимизга меҳр-муҳаббатни оширади. Наманганда ҳам мамлакатнинг бошқа минтақалари қатори сайёҳлик индустриясини ривожлантириш учун жуда яхши имкониятлар бор. Кўпчиликнинг эътиборини жалб эта оладиган осори-атиқалар орасида Косонсой тумани маркази яқинидаги Муғ қалъаси харобалари, Наманган шаҳридаги Хўжа Амин мақбараси, Мулла Қирғиз мадрасаси, Отавалихон тўра масжиди ва бошқа ёдгорликлар бор. Улар аждодларимизнинг меъморчилик борасидаги иқтидор ва маҳоратларига қўйилган ҳайкалдай ҳозирги ва келгуси авлодлар маънавий дунёсини бойитиб туради. Тўрақўрғон туманида, азим Сирдарё соҳилида жойлашган қадимий Ахсикент харобалари вилоятдаги тарихий ва маданий ёдгорликлар орасида алоҳида ўрин тутади. У милоддан олдинги даврларда ҳам аждодларимиз шаҳарсозлик борасида катта тажрибага эга бўлганлигидан далолат беради. Айни вақтда мазкур археологик объект жаҳон илмий жамоатчилигининг ҳам эътиборини жалб этмоқда. Яқинда ташкил этилган “Ахсикент” тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва ўрганиш дирекцияси бу ердаги барча ишларни мувофиқлаштириб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан очиқ осмон остидаги тарихий мажмуа барпо этишга киришилган. Қадимий шаҳар сирларини чуқур ўрганиш мақсадида унинг харобаларида қазишма ишлари ҳажми кенгайтирилмоқда. Яқин келажакда Ахсикент йирик сайёҳлик марказига айлантирилади. Ҳар икки йилда тарихий фестиваль ўтказиш эса яхши анъанага айланади. Давлатимиз раҳбари қадимий шаҳар харобалари билан танишгандан сўнг мактаб ўқувчилари юртимиз тарихини шу ерда ўргансалар мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Наманган давлат университетида археология йўналишида кадрлар тайёрлаш таклифи ҳам берилди. Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳам барчанинг диққат марказида бўлди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида фаолларимиз, партиямиздан сайланган депутатлар ҳам иштирок этдилар. Давлатимиз раҳбари вилоятда ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталди, барча соҳада эришилган натижалар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, бултур умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 577 ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилгани, инвестициялар ҳажми 1,7 баробар ошгани қайд этилди. Айни пайтда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар борлиги, айрим соҳаларда мавжуд имкониятлар ва резервлар тўла ишга солинмаётганлиги таъкидланди. Мисол учун, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши республика кўрсаткичидан икки марта паст бўлди, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камайгани танқид қилинди. Албатта, вилоятимиз аҳли Президентимиз кўрсатмалари ва йўл-йўриқларини ўзи учун дастуриламал деб қабул қилди ва уларни оғишмай амалга оширишга жиддий киришди. Наманганликлар ўзларининг фидокорона меҳнатлари, изланиш ва интилишлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга аҳд қилишган. Бу борада барча қатори партиядашларимиз ҳам ўрнак кўрсатадилар. Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси   ...

Батафсил
News

Дилдора Охунова: рағбат, ишонч ва масъулият

Кейинги йилларда “Адолат” социал-демократик партияси туманимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлиб қолди. Сафдошларимиз сони ҳам ортиб бормоқда. Чунки партия ғоя ва мақсадларининг жозибадорлиги, сайловолди дастурида кўпчилик учун катта аҳамиятга эга бўлган масалалар кўтарилганлиги кишида қизиқиш уйғотмай қолмайди. Мен ҳам шу туфайли “Адолат” СДПга аъзо бўлганман. Бошланғич партия ташкилоти ўтказадиган тадбирларда, туман миқёсидаги учрашув, давра суҳбати ва мулоқотларда қатнашиб тураман. Ўзим ҳақимда қисқача айтсам, ҳозир Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги 22-умумтаълим мактабида директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлайман. Мутахассислигим мусиқий таълим ўқитувчиси. Оилалиман, турмуш ўртоғим билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқдаман. Ишдан ва уй юмушларимдан бўш вақтларимда кўпроқ китоб ўқишга, янги куй-қўшиқлар ўрганишга интиламан. Яқинда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли“ кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашдим. Ҳайъат аъзолари мени ғолиб сифатида эътироф этиб, пойтахтда ўтадиган якуний босқичга йўлланма бердилар. Анча-мунча тайёргарлик кўргандим, лекин биринчи ўринни олишим хаёлимга келмаганди. Чунки асосий мақсадим сафдош аёллар билан танишиш, улардан нималарнидир ўрганиш эди. Аслида ҳам шундай бўлди. Вилоят босқичида қатнашган партиядошларимизнинг чиқишларини синчиклаб кузатдим. Айниқса, уйчилик Муаттар Икромованинг топқирлиги, Рўзигул Анорқулованинг тадбиркорлиги, чортоқлик Иқболой Толибжонованинг санъатсеварлиги жуда манзур бўлди. Уларнинг шу фазилатларидан бундан кейинги фаолиятимда фойдаланишга ҳаракат қиламан. Вилоят босқичида ғолиб чиққаним менинг учун катта рағбат бўлди. Ҳар ҳолда анча тайёргарлик кўргандим. Айни пайтда бу ҳолатни ўзимга билдирилган ишонч сифатида ҳам қабул қилдим. Чунки бугун вилоят шарафини ҳимоя қилишга тўғри келди. Бу эса ўз навбатида масалага янада масъулият билан ёндошишни талаб этди. Партиямизнинг энг зукко, иқтидорли ва изланувчан аёллари баҳсида муносиб иштирок этганимдан хурсандман. Дилдора ОХУНОВА, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли“ кўрик-танловининг Республика босқичи иштирокчиси ...

Батафсил
News

Наманганда туман ва шаҳар кенгашларининг пленумлари ўтказилди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наманган вилоят Кенгашларининг пленумларида ўтган йилги фаолият натижалари сарҳисоб қилиниб, янги вазифалар белгиланмоқда. Поплик сафлошларимиз ҳам туман кенгашининг навбатдаги XI пленумида эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам рўй-рост фикр юритдилар. Бу эса ҳеч шубҳасиз, БПТ ва уларнинг аъзолари янада фаоллашиб, олдинда турган вазифаларни муваффақиятли бажаришларида муҳим омил бўлади. Мунира Салоҳиддинова, “Адолат” СДП Поп туман Кенгаши раиси: – Мен партия Сиёсий Кенгаши пленуми материаллари билан “Адолат” газетаси саҳифаларида яқиндан танишдим. Вилоят Кенгаши пленумида эса ўзим қатнашиб, у ердаги танқид ва ўз-ўзини танқид руҳида ўтганини кўрдим. Шунинг учун биз ҳам маърузани таҳлилий асосда тайёрладик. Халқ депутатлари туман кенгашидаги депутатдик гуруҳи ҳисоботидв ҳам шундай ёндошув ўз ифодасини топди. Акс ҳолда олға томон қадам ташлашимиз мушкул.    Чиндан ҳам маърузада бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Масалан, сафларга қарийб 700 нафар янги аъзо қўшилди. Бугунги кунда партиядошлар сони икки минг кишидан ошди. Бошланғич ташкилотлар ҳам 11 тага кўпайиб, ҳозир 24 тани ташкил этмоқда. Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида фаоллар ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, мунтазам равишда маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўрнатилди. Ҳисобот даврида 42 та маҳалладаги 720 та хонадон ва 27 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Маърузачи – партия туман кенгашининг раиси Мунира Салоҳиддинова, музокарадарда сўзга чиққан 34-мактаб ўқитувчиси Кўпайсин Эргашева, хусусий тадбиркор, ўтган йилги “Адолатли қайнона” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиби Лолахон Абдувоҳидова, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Насиба Мавлонова ва бошқалар фаолиятда бир қатор камчиликлар борлигини ҳам айтиб ўтдилар. Энг аввало, депутатлик гуруҳи ишини жонлантириш талаб этилади. Ўтган йили халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига биронта масала киритилмаганлиги ачинарли ҳолдир. Депутатлик сўровларининг миқдори ва самарадорлиги ҳам талаб даражасида эмас. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик кучайтирилиши зарур. Бу, айниқса, сайловлар йилида алоҳида аҳамият касб этади. Аъзолик бадаллари йиғишни ҳам тизимли йўлга қўйиш талаб этилади. Пленум ишида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев қатнашди ва навбатдаги муҳим вазифалар ҳақида нутқ сўзлади. Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди. Шунингдек, Косонсой, Чуст, Чортоқ туманлари, Наманган шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленумлари ҳам бўлиб ўтди. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Депутат халқ орасида: маҳаллалардаги мулоқотлар давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Наманган шаҳри сайловчилари билан учрашувларни давом эттирмоқда. 28 февраль куни у 40-Сардоба сайлов округи ҳудудида жойлашган бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказди. Дастлаб парламент аъзоси партиямиз фаоллари ҳамроҳлигида “Янги аср” маҳалласига ташриф буюрди. Хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг турмуш тарзи ўрганилди, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида фикр алмашилди, турли-туман масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Садриддин Мираҳмедов, “Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғини раиси: Ўтган давр мобайнида ҳудудимизда катта миқёсда қурилиш ишлари амалга оширилди. Одамларимиз ҳаётдан хурсанд, мамлакат раҳбарияти олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқдалар. Айниқса, тадбиркорликка кенг йўл очиб берилгани барчага маъқул тушмоқда. МФЙ раиси Қонунчилик палатаси депутатини 6-Марғилон кўчасидаги бир қатор хонадонларга бошлаб борди. Улардан бирида Аҳадхон Мирмусаев яшайди. Икки ўғли ўзи каби умумий овқатланиш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланади. Чиройли ҳовли-жойларга эга. Шарифжон Умархоновни ҳам тадбиркорлар оиласининг бошлиғи дейиш мумкин. У чорвачилик билан шуғулланади. Чоғроқ молхонаси ва қассобхонаси бор. Бир нечта ижтимоий соҳа объектларини гўшт маҳсулотлари билан таъминлайди. Тўртта фарзанди отахон билан ёнма-ён меҳнат қилади. Шунинг учун рўзғорда барака бор, ҳаётда камчилик йўқ. Мухторжан Жўрабоев оиласи ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. МФЙ фаоллари ва аҳоли вакиллари билан ўтказилган мулоқотлар давомида маҳаллада айрим муаммолар мавжудлиги ҳам аён бўлди. Масалан, ҳозир идора сифатида фойдаланилаётган хоналар тор, кўп жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Тўғри, МФЙ идораси учун бино қурилиши бошланган, аммо ниҳоясига етмай тўхтаб қолган. Уни тезроқ битириб, фойлаланишга топшириш зарур. Қатор янги кўчаларни асфальтлаш масаласи ҳам кўпдан бери ҳал бўлмаяпти. Яна бир муаммо электр таъминоти билан боғлиқ. Бу борадаги узилишлар ҳаддан зиёд. Бу эса одамларнинг кайфиятига таъсир қилмай қолмайди, албатта. “Адолат” СДП фракцияси аъзоси уларнинг ҳаммаси билан шуғулланишни зиммасига олди. Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубовнинг аҳоли вакиллари билан мулоқотлари давом этмоқда. Навбатдаги материалларда бу мавзуга яна қайтамиз. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Депутат халқ орасида: фракция аъзоси фаоллар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик паласидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ўз сайловчилари билан учрашиш мақсадида Наманган шаҳрига ташриф буюрди. Бир неча кун мобайнида 40-Сардоба сайлов округи ҳудудида жойлашган корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида мулоқотлар ўтказилади. Депутат ўтказган илк учрашувда эса партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари иштирок этдилар. Шуҳрат Якубов дастлаб “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган пленумида кўриб чиқилган масалаларга атрофлича тўхталди. Шу йил охирида ўтказиладиган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар муносабати билан ҳудудий кенгашлар, БПТ ва фаоллар олдида турган долзарб масалалар ҳақида ҳам фикр юритилди. Бу муҳим сиёсий кампанияга тайёргарликни янада кучайтириш лозимлиги қайта-қайта таъкидланди. Парламент аъзоси бир неча кун аввал Қонунчилик палатасида муҳокама этилган ва таслиқланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси ҳақида ҳам муфассал сўзлаб берди. Тез орада ушбу Сайлов кодекси ҳозирда амалда бўлган бешта сайловга оид қонунлар, яъни «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунларнинг ўрнига амал қила бошлайди. Юқорида қайд этилган бешта қонунда мавжуд 180 та моддадаги айрим такрорлашлар бартараф этилгани ҳолда 101 та моддага жамланди. Бу фуқароларга қулайлик яратади, яъни аввалги бешта қонуннинг ўрнига барча сайлов жараёнларида битта кодексдан фойдаланилади. Янги кодексда Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Бунда амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолинади. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинади. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинади. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланади. Шунингдек, илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгилаш амалиёти жорий этилади. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 нафардан дан 5 кишигача кўпайтиришам назарда тутилмоқда. Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўлаш тартиби белгиланди. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида бундан кейин сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкин. Овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+, √, X) бирини қўйиш имконияти берилади. Шунингдек, янги Сайлов кодексидан бошқа бир қатор янгиликлар ҳам ўрин олган.  Депутат билан мулоқотда “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев, Косонсой ва Чуст туман партия кенгашларининг раислари Муроджон Жалилов, Содиқжон Аҳмедов, халқ депутатлари Уйчи туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Фарида Отахонова ва бошқалар партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, янги Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Пировардида Шуҳрат Якубов учрашув қатнашчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарди. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиб ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!