НАМАНГАН

Манзил: Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уй

Телефон: (69) 227-23-84, 227-20-38

Электрон манзил:  namangan@adolat.uz

Янгиликлар
News

Видеомулоқот таассуротлари

Бугун Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг Сиёсий дастури ва Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров бошқарган тадбирда “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилоти вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар. Улар орасида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раислари, фаоллар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари иштирок этдилар. Кун тартибидаги масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар билдирган фикр-мулоҳазалар барчада катта қизиқиш уйғотди. Наманган давлат университетида жойлашган студиядан видеомулоқотни кузатган фаоллар “Адолат” СДПнинг келгуси беш йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ҳужжат лойиҳаси кенг муҳокама қилинаётгани унинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлишига кўмаклашади, деган фикр билдирдилар. Партиянинг халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Олимхон Мақсудов сўзга чиқиб, фаоллар номидан дастурга бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритишни таклиф этди. Масалан, дастурда таълим соҳасидаги партиянинг режалари аниқ ва асосли ифодаланиши зарур. Мактабгача таълим самарадорлиги ҳам диққат марказида бўлиши керак. Хусусий боғчалардаги аъзолик бадаллари миқдори камайтирилса, фойдадан ходи бўлмайди. Тиббиёт соҳасида ҳам ислоҳотларнинг натижаси яққол кўзга ташланиши, аҳоли кўрсатилаётган хизматга холис баҳо бера оладиган мезонлар ишлаб чиқилиши даркор. Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси: – Бугунги кунда барча сиёсий партиялар қатори “Адолат” СДП ҳам жиддий имтиҳон арафасида турибди. Бўлажак сайловларга пухта тайёргарлик кўрилгандагина муваффақиятга эришиш мумкин. Видеомулоқотда биз сайловларда олдимизга қўядиган энг муҳим йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинди. Дастур лойиҳалари аввалроқ БПТларда, шаҳар, туман кенгашлари фаоллари иштирокида муҳокама қилинган эди. Биз уларни умумлаштириб, Сиёсий Кенгашга етказдик. Қўшимча ва ўзгартишларнинг энг муҳимлари видеомулоқотда ҳам кўпчилик эътиборига ҳаввола этилди. Айни пайтда биз ҳам сафдошларимизнинг мулоҳазалари ва таклифлари билан танишдик. Улар келгусида ҳаммамизга асқотади, деб ўйлайман. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Вилоят кенгашида таҳририят вакиллари билан учрашув

“Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси – партиямизнинг бош ва асосий нашри. Унинг саҳифаларида сафдошларимизнинг сайловолди дастурини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жойлардаги БПТ ва депутатлик гуруҳлари, қолаверса, парламент ва ундаги “Адолат” СДП фракцияси фаолияти ҳақида кўп ва хўб ёзилади. Бошқа ёритиладиган қизиқарли ва ҳаммамиз учун керакли мавзулар ҳам сон-саноқсиз. Хўш, йилнинг биринчи ярмида ижодий жамоа қандай ишларни амалга оширди? Газета материалларининг мазмундорлигини ва таъсирчанлигини яхшилаш учун нима қилиш керак? Танқидий ва таҳлилий материалларни кўпайтириш, журналистларнинг касб маҳоратини юксалтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлиги кўнгилдагидайми? Газетхонларнинг фикрини мунтазам ўрганиб бориш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан қандай режалар бор? Яқинлашиб келаётган сайловлар муносабати билан нашр фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй беради? Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида партия фаолларининг “Адолат” газетаси таҳририяти вакиллари билан ўтказилган учрашувида ана шу ва матбуот фаолиятига доир бошқа қатор масалалар юзасидан фикр юритилди. Тадбирни Кенгаш матбуот котиби Нурбек Абдуллаев қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев ўзи раҳбарлик қилаётган ижодий жамоанинг олиб бораётган ишлари ҳақила батафсил сўзлаб берди. У таҳририят ва партия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади. Ҳар бир сафдошимиз газетанинг чиқишлари билан мунтазам танишиб бориши, улар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириши муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун айни пайтда барча имкониятлар мавжуд. Газетага обуна бўлиш мумкин, унинг ҳар бир янги сони билан интернет тармоғидаги манзилида танишиб борса ҳам бўлади. Албатта, сайловлар яқинлашгани сари партия матбуоти вакиллари учун ҳам долзарб дамлар бошланмоқда. Газета сафдошларимиз олиб бораётган ишларни янада кенг ёритиш, унинг кўпчиликка маъқул келадиган имиджини яратиш йўлида тинмай изланиш олиб бормоқда. Булар албатта, “Адолат” СДПнинг сайловлардаги муваффақиятини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Таҳририят масъул ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубов ҳам партиядошларимизни газета билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди. Чунки журналистлар ҳам ўзларининг чиқишларига жамоатчилик қандай муносабат билдираётганини билишни жуда-жула истайдилар. Ана шундай мулоҳазаоар ичидан янги мавзулар ҳам вужудга келади. Газетанинг ҳар бир сўзи ўқувчига қандайдир янгилик бериши, уни бунёдкорлик ишларига руҳлантириши зарур. Матбуотнинг инсон маънавиятини шакллантиришлаги роли ва ўрни ҳам ниҳоятда катта. Бундан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Аммо баъзан бунга риоя қилмаслик ҳоллари ҳам учраб турибди. Уларга тезда барҳам бериш талаб этилади. Шундан сўнг “Адолат” СДП Наманган шаҳар, Чортоқ туман кенгашларининг раислари Ойлархон Охунова, Ҳабиба Мирабдуллаева, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи етакчиси Олимхон Мақсудов ва бошқалар ҳам газета ва унинг фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этдилар. Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси: – Газета ижодкорлари билан ўтказилган мулоқот барча фаолларимизда катта таассурот қолдирди. Биз таҳририятнинг навбатдаги иш режалари билан танишдик. Ўз навбатида журналистлар ҳам ўзлари учун қандайдир янги мавзуларни кашф қилдилар, деб ўйлайман. Бундай учрашувларни тез-тез ўтказишга келишиб олдик. Бу, ҳар икки томон учун фойдали бўлади, деб ўйлаймиз. Ўзбекистон “Адолаи” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Сайлов кодексига бағишланди

Мамлакатимизда миллий қонунчиликни ривожлантириш юзасидан Мустақиллик йилларида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳозиргача парламент томонидан 900 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Улар орасида жамиятдаги муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солиб турадиган кодекслар ҳам бор - Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Оила, Меҳнат, Уй-жой, Бюджет ва бошқалар. Яқинда уларга 18-бўлиб, Сайлов кодекси ҳам қўшилди. Мазкур ҳужжатда алоҳида амиятга эга сиёсий жараён — сайловларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланган. Куни кеча Наманган шаҳрида ташкил этилган давра суҳбати ҳам айнан шу мавзуга бағишланиб, “Сайлов кодекси ва унинг ўзига хос жиҳатлари” деб номланди. Уни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят Кенгашлари биргаликда ташкил этдилар. Тадбирда ҳар икки ташкилот фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Давра суҳбатини Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят Кенгаши бош мутахассиси Абдулбосит Собирхонов қисқача кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон “Адолат”СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев ўз чиқишида Сайлов кодексининг ўзига хос жиҳатдарига тўхталди. Хусусан, у сайловга оид муносабатларни алоҳида кодекс орқали ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси кўплаб мамлакатлар амалиётида мавжудлигини қайд этди. Бунга Франция, Бельгия, Польша, Албания, Арманистон, Озарбайжон, Болгария, Грузия ва бошқаларни мисол келтириш мумкин. Дарвоқе, улар тажрибаси бизда ҳам чуқур ўрганилди. Яна бир эътиборли жиҳат - Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида Олий Мажлис палаталари Марказий Сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) асосида иш олиб борилди. Лойиҳа жамоатчилик орасида Интернет тармоғи орқали муҳокамалан, турли фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида жамоатчилик экспертизасидан, илмий экспертизадан, амалиётчилар, шу жумладан, сайлов комиссияси мутахассислари ва жойлардаги халқ депутатлари Кенгашлар ўртасидаги муҳокамалар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокидаги экспертизадан ўтказилди. Шундан кейин сўзга чиққан “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бошқармаси ҳуқуқшуноси Абдужаббор Нишонов Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил гапириб берди. Кодексда сайлов жараёнига қатор янги механизм ва технологияларни қўллаш имконини берувчи нормалар акс эттирилган. Хусусан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди. Бундан буён Қонунчилик палатасининг барча 150 нафар депутатларининг умумхалқ сайловларида сайланади. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масаласи ҳам Кодексдан ўрин олган. Шунингдек, муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланиб, овоз бериш жараёнида сайловчилар бир нечта белгилардан (+, v, x) биридан фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди. Сиёсий партияларга сайловда қатнашиш ҳуқуқини берувчи имзо йиғиш жараёнида сайловчилар энди бир ёки бир нечта партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўя оладилар. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар ҳам чиқариб ташланди. Абдували Мавланов, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси: – Сайлов кодекси қабул қилингани бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги муҳим воқеа бўлди. Мана шундай тадбирларни кўплаб ташкил этиш керак. Токи, барча сайловчилар мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятидан тўла хабардор бўлсинлар. Бу хайрли ишда партиямиз фаоллари ҳам қатнашишлари зарур. Мен ҳам депутат сифатида ўз сайлов округим ҳудудида қатор учрашув ва суҳбатларни ўтказишни режалаштирдим. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Китобсевар аскарлар ўртасида викторина

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши ўз фаолиятини йўлга қўйишда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ўзаро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани диққатга сазовордир. Натижада тарғибот ишларининг самарадорлиги тобора ошмоқда. Буни яқинда Поп туманида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида ташкил этилган тадбир мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Дам олиш куни ҳарбий хизматчилар ҳузурига “Адолат” СДП ва Ёшлар иттифоқи фаоллари ташриф буюрдилар. Улар дастлаб аскарлар ҳаёти билан танишдилар, Ватан ҳимоячилари учун яратилган шарт-шароитлардан мамнун бўлдилар. Ўзаро мулоқотларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олға сурилган 5 та ташаббус ҳақида ҳам фикр юритилди. Маълумки, бугунги кунда ана шу ташаббуслар йўналишлари бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Нодирбек Ғойипов, ҳарбий қисм ёшлар етакчиси: – Биз Ёшлар иттифоқи вакиллари билан тез-тез учрашиб турамиз. Бугун улар сафига “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ҳам қўшилганидан жуда хурсанд бўлдик. Аскарларимиз биргаликда ташкил этилган тадбирлардан ўзлари учун жуда кўп нарса олдилар. Биз эга бўлган маънавий бойлик келажакда албатта, асқотади. Дарҳақиқат, шу куни аскарлар Президентимизнинг бешта ташаббуси ҳақида батафсил маълумот олдилар. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири Марғуба Аҳророва сўзлаб берди. У энг аввало, шу йил 19 мартда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни ўртага ташлагани ҳақида гапирди. Ҳарбий қисмдаги тадбирларнинг асосий қисми ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишни ўз ичига олган тўртинчи ташаббус доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган талаба Орифжон Олимжонов сўзлади. У айниқса, ҳар бир вилоятга бир миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш юзасидан бошланган ишнинг алоҳида аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам яхши самара бериши таъкидланди. Шундан сўнг аскарлар ўртасида китобхонлар викторинаси ўтказилди. Дастлаб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бош мавзу бўлди. Кейин эса Лев Толстой ва Жек Лондон асарларига бағишланган савол-жавобларга навбат келди. Энг билимдон китобхонларга совғалар топширилди. Аскарлар ўртасида ташкил этилган спорт мусобақалари ҳам кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Қисм қошида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзоларининг чиқишлари эса ёшларимиз орасида истеъдодли инсонлар нақадар кўплигини яна бир бор намойиш этди. Улар ижро этган куй-қўшиқлар барча томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Дилноза Акрамова, “Адолат” СДП фаоли: – Ҳарбий хизмат ўтаётган ака-укаларимиз билан мулоқотлар жараёнида мана шундай тадбирлар жуда кераклигини чин дилдан ҳис этдик. Биз аскарларимизни яна қандай масалалар қизиқтираётганини ҳам билиб олдик. Келгусидаги ташрифларимизни ана шу мавзуларга бағишлаймиз. Навбатдаги учрашувни Мустақиллик байрами арафасига белгиладик. У ҳам бугунгидай мазмунли ўтади, деб ўйлаймиз. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Учқўрғонда кичик ГЭСлар ишга тушди

Бир йил муқаддам сайтимизда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Катта Фарғона каналида қурилаётган кичик гидроэлектростанциялар ҳақида маълумот берган эдик. Мана, бугун мазкур иншоот тантанали вазиятда фойдаланишга топширилди. Ушбу воқеага бағишланган маросимда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ аппарат раҳбари С. Ҳамроев, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар. Улар мазкур иншоот Президентимизнинг “2017–2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори изчиллик билан амалга оширилаётганлигидан далолат беради. Ушбу ҳужжатда Катта Фарғона каналининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи қисмида умумий қуввати 12 МВтга тенг бўлган кичик ГЭСлар каскадини қуриш вазифаси ҳам қўйилганди. Янги нурхона йилига 72,89 млн. кВт.соат электр қуввати ишлаб чиқариш имконини беради. Бу билан 48 минг хонадон яшайдиган Учқўрғон туманининг электр қувватига эҳтиёжини тўла қондирса бўлади. Насрулло Турсунов, “Адолат” СДПдан халқ депутатлари Учқўрғон туман кенгаши депутати: – Кичик ГЭСлар туманимиз учун жуда катта ижтимоий муаммони ҳал қилиб беради. Энди иқтисодий ва коммунал соҳаларни, аҳолини электр билан таъминлашда узилиш бўлмайди. Бундан барча учқўрғрноиклар хурсанд. Айниқса, шундай ажойиб воқеа яқинлашиб келаётган Мустақилликнинг 28 йиллиги байрами арафастда рўй бергани диққатга сазовордир. Шу ўринда амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 31 млн. АҚШ долларига тенглигини қайд этиш лозим. Бу маблағ ичида Хитой Халқ Республикасининг “Эксимбанки” ҳиссаси ҳам бор. Объектда ҳар бирининг қуввати 6 МВт бўлган иккита кичик ГЭС қад ростлади. Учқўрғондаги ГЭСга замонавий ускуна ва жиҳозлар ўрнатилган. Улар Хитойнинг “Dongfang Elektric” компаниясида ишлаб чиқарилган ҳамда тежамкорлиги ва узоқ муддат ишлаши билан ажралиб туради. Масалан, бу ердаги агрегатлар 40 йилдан кўпроқ муддат ишлай олади. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

“Адолат”чилар “Мингтерак”да тадбир ўтказди

Дилором Зоҳидова – тажрибали педагог, узоқ йиллар халқ таълими соҳасида меҳнат қилган. Жамоатчилик ишларида мунтазам қатнашиб келади. У “Адолат” СДПнинг фаол аъзоларидан. Шу йил май ойида ўтказилган сайловда Наманган шаҳридаги “Мингтерак” маҳалласи аҳолиси унга катта ишонч билдирди. Д. Зоҳидова МФЙ раислигига сайланди. Айни пайтда у мана шу масъулиятли лавозимда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бу ерда маънавий-маърифий тадбирларни кенг миқёсда ўтказишга ҳам алоҳтда эътибор берилмоқда. Яқинда маҳаллага партиямизнинг вилоят ва Наманган шаҳар кенгашлари фаоллари ташриф буюрдилар. Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олға сурилган ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббус ҳақида батафсил фикр юритилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши бош мутахассиси Ёрқиной Ҳожиматова, партиянинг шахар Кенгаши раиси Ойлархон Охунова, “Мингтерак” МФЙ раиси Дилором Зоҳидова ва бошқалар давлатимиз раҳбари берган тавсиялар асосида ёшларни жисмонан чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун шарт-шароит яратиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, хусусан китобхонликни кенг тарғиб қилишнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Бу борада мамлакатнинг турли минтақаларида, шу жумладан, вилоятда амалга оширилаётган ишлардан мисоллар келтирилди. Партиядошларимиз мазкур маҳалла ҳудудида жойлашган 68-умумтаълим мактаби кутубхонасига 50 дан ортиқ турли мавзудаги адабиётларни ҳам совға қилдилар. Маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг бир неча тури бўйича ташкил этилган мусобақа ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Биринчидан, ёш авлод вакиллари ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари, соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилишга эътибор кучлилиги маълум бўлди. Иккинчидан, маҳалла ёшлари орасидан умидли спортчилар етишиб чиқаётгани кўзга ташланди. Масалан, Маҳлиё Собировани олайлик. У бир неча дугоналари билан биргаликда болалар-ўсмирлар спорт мактабидаги бадиий гимнастика секциясида шуғулланади. Улар намойиш этган кўргазмали чиқишлар ҳаммага манзур бўлди. Ўн бир ёшли Юнусбой Юсупов эса шахматчилар мусобақасининг ғолиби деб тан олинди. Сакккиз ёшди Акбар Абдукаримовга эса шашкачилар ўртасида ҳеч ким тенг кела олмади. Дилором Зоҳидова, “Мингтерак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси: – Бугунги тадбир фуқароларимиз хотирасида узоқ сақланиб қолса ажаб эмас. Чунки у кўпчиликка маъқул тушди. Бу, иштирокчиларнинг юз-кўзидан ҳам билиниб турди. Яна бир эътиборли жиҳати – аҳоли ўртасида “Адолат” СДП ғоялари ҳам кенг тарғиб қилинди. Қизиқувчиларга партиянинг сайловолди дастури, Устави, бошқа қатор сиёсий адабиётлар тарқатилди. Тез орада сафларимизга янги аъзоларни қабул қилиб, маҳалла қошида бошланғич ташкилот тузишни режалаштирдик. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Ўзгаришлар бор, лекин ҳали хотиржам бўлишга эрта

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида шу йилнинг биринчи ярмидаги фаолият якунлари кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор партия Сиёсий Кенгашининг жорий йил 7 февраль куни бўлиб ўтган пленумида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалаларга қаратилди. “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев ўз сўзида ўтган давр мобайнида фаолиятда йўл қўйилган айрим камчиликлар юзасидан олиб борилган ишларни таҳлил этиб берди. Қўлга киритилган бир қатор ютуқлар билан биргаликда мавжуд хато ва камчиликлар тўғрисида ҳам сўз борди. Масалан, Учқўрғон ва Норин туман партия кенгашлари кейинги пайтда ўз зиммасидаги вазифаларнинг уддасидан чиқа олмаётгани очиқ-ойдин айтилди. Аввалроқ ҳам кескин танқид қилинганига қарамай, бу ташкилотлар фаолиятида жиддий ўзгаришлар сезилмади. Айниқса, партия сафларини ўстириш, лойиҳаларни ҳаётга тадбтқ этиш, фаоллар билан ишлаш, тарғибот-ташвиқотни йўлга қўйиш, аъзолик бадаллари тўплаш каби йўналишларда қолоқликка йўл қўйилди. Айниқса, Норин туманида оғир ва ташвишли ҳолат юзага келди. Баҳодир Болтабоев, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари: – Биз аввал ҳам фаолиятимизга танқидий баҳо беришни ўрганиш асосий қоидага айланиши кераклигини кўп марта таъкидлаганмиз. Лекин ҳамма ҳам бунга амал қилмаётгани аниқ. Мисол учун, Норин туманини олиш мумкин. Бу ерда анчагина саъй ҳаракатларга қарамай, вазият ўзгармади. Шунинг учун биз кун тартибига ташкилий масалани қўйишга мажбур бўлдик. Дарвоқе, энди норинлик “адолат”чиларга Дилшод Болтабоев етакчилик қиладиган бўлди. У бир пайтлар шу вазифада ишлаган. Ўзи туманни яхши билади, шу ерда туғилиб ўсган. Орада бир неча йил партия вилоят Кенгашида ишлаб, малакасини оширди, тажриба тўплади. Охирги пайтда раис ўринбосари эди. Ҳозир янги топширилган ишни бемалол уддалаб кетади, деган ишонч бор. Учқўрғон туман кенгашига эса энди Рустамжон Хўжамбердиев раҳбарлик қилади. У ҳам муайян даражада малака ва тажрибага эга. Олдин туман ҳокимлигида мутахассис бўлиб ишлаган. Бир муддат Ёшлар иттифоқи туман бўлими етакчиси сифатида фаолият кўрсатган. Яқинда худди шундай ҳолат Янгиқўрғон туманида ҳам рўй берганди. Шунда партия кенгаши Раҳимжон Тошматовга ишонч билдирди. У аввалроқ туман маданият бўлимига мудир бўлган. Раҳбарлик тажрибасига эга бўлгани учун қисқа муддатда партия ташкилоти фаолиятини жонлантира олди. Аҳоли билан мулоқотлар, сиёсий ўқув мунтазамлиги таъминланмоқда. Халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи сессияга масала киритиш тараддудида. Партиядошларимиз олиб бораётган ишлар ҳақида матбуотда ҳам қатор материаллар эълон қилинди. Йиғилишда бошқа масалалар қатори янги қабул қилинган Сайлов кодексини чуқр ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш лозимлиги таъкидланда. Бу мавзуда махсус тадбирлар дастури ишлаб чиқиладиган ҳам бўлди. Яқин кунлар ичида вилоят марказида фаоллар, турли соҳа мутахассислари иштирокида шу мавзуда тадбир ўтказишга ҳам келишиб олинди. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Мулоҳаза: медалнинг иккинчи томони

Мамлакатимизда кенг миқёсда нишонланган Ёшлар куни арафасида Наманганда умумтаълим мактаблари битирувчиларини шарафалашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. “Ёшлар маркази”нинг муҳташам залида вилоятнинг энг аълочи ўқувчилари тўпланди, десак асло муболаға бўлмайди. Улар орасида Наманган шаҳри ва барча туманларнинг вакиллари бор эди. Балоғат остонасида турган йигит-қизларнинг кайфиятини, ўзини тутишини кузатар экансиз, уларнинг сўзларини тинглар экансиз, бугунги ёшларимиз жамиятнинг муносиб аъзолари бўлиб етишаётганлигига беихтиёр ишонч ҳосил қиласиз. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, битирувчилар орасида истеъдодли ва қобилиятли, иқтидорли ёшлар жуда кўп. Фақат уларни асраб-авайлаб тарбиялаш, имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш керак. Шу куни битирувчилардан 313 киши олтин, 308 нафари эса кумуш медаллар билан тақдирланди. Ёшлар бундай шарафга аъло ўқишлари ва намунали хулқи учун сазовор бўлдилар. Тадбирда Чуст туманидаги 64-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Ҳамидуллахон Абдураҳмонов номи ҳам алоҳида тилга олинди. Тўғри, у ҳали битирувчи эмас, аммо ўқишдаги муваффақиятлари эвазига бутун мамлакатга машҳур бўлди. Яқинда пойтахтдаги Сингапур университетида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. – Мен бошланғич синфлардаёқ математикага ўта қизиқардим, - дейди у. – Чунки илмнинг бошқа соҳаларини камситмаган ҳолда бу фан кўп соҳаларда тараққиёт омили бўлган, деб ҳисоблайман. Шунинг учун устозларимдан кўп нарса ўрганишга ҳаракат қилмоқдаман. Ота-онам эса йўл-йўриқ кўрсатиб туришибди. Келгусида математикани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишни ният қилганман. Ҳамидуллахоннинг айтишича, айниқса, компьютер дастурларини ишлаб чиқиш билан шуғулланиш энг катта орзуси. Бу соҳада АҚШ, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Хитой юқори натижаларга эришаётганидан яхши хабардор. Мазкур йўналиш иқтисодиётнинг сердаромад соҳаларидан бирига айланганини ҳам билади. Мана шундай ёшлар келгусида мамлакатимиз тараққиётини илм-фан, қолаверса, иқтисодиёт йўналишида юксак натижаларга замин яратишлари мумкин. Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўз олдига қўйган мақсадлари йўлида қатъий интилишини муносиб рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар албатта, юксак самара беришини қайд этдилар. Аммо шу ўринда бир савол ҳам туғилади. Вилоят бўйича мактабларни 21 мингдан зиёд йигит-қиз битирганини ҳисобга олсак, олтин ва кумуш медаллар соҳиблари тахминан уч фоизни ташкил этади. Агар медаллар сонига юқоридан чеклов қўйилмаган бўлса, бу унчалик кўп эмас. Давлат ва шахсан Президент томонидан халқ таълимига юқори даражада эътибор берилаётган замонда бу рақам унчалик мақтанарли эмас. Демак, мактабларда ўқитиш савиясини янада ошириш, илғор педагогик технологияларни бундан-да кенгроқ жалб этиш, болаларни билим олишга кўпроқ қизиқтириш ва рағбатлантириш даркор. Натижа эса албатта, бир кун чиқади ва у халқимизнинг келажагига хизмат қилади. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!