НАМАНГАН

Манзил: Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уй

Телефон: (69) 227-23-84, 227-20-38

Электрон манзил:  namangan@adolat.uz

Янгиликлар
News

Наманганда семинар ўз ишини якунлади

Аввал хабар қилганимиздек, Наманганда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган “Сайлов кодекси: демократик янгиланиш ва замонавий ёндошув” мавзусидаги ҳудудий семинар бўлиб ўтди. Наманган давлат университетининг кичик мажлислар залида ташкил этилган тадбирда партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раҳбарлари ва ходимлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг депутатлари, йирик БПТ раислари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Семинарни партия вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев қисқача кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг иштирокчилар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Раиси Наримон Умаровнинг “Сайлов жараёнларида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг долзарб ва устувор вазифалари тўғрисида”ги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар. Нотиқ биринчи навбатда яқинда Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг асосий жиҳатларига тўхталди. Бунгача амалда бўлган қатор қонунларда сайлов қонунчилигининг айрим нормалари ҳозирги замон талабларига ва сайловларни демократик тарзда ўтказиш бўйича халқаро амалиётга тўла мос келмас эди. Хусусан, Экоҳаракат вакилларининг парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтиради, қонун сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришни назарда тутмайди, шунингдек, алоҳида ҳолларда сайлов бюллетени ўрнига сайлов варақаларидан фойдаланилиши амалиёти яширин овоз бериш тамойилига мос келмайди, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаб турилган шахсларнинг сайловда иштирок этишига оид чекловлар мавжудлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар мавжуд эди. Энди эса бу каби ҳолатларга барҳам берилади. Сайлов кодекси давлат ҳокимиятини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келади. Уни тайёрлашда 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг тажрибаси, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро стандартлардан кенг фойдаланилди. Ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. Кодекс 18 боб, 101 та моддадан иборат бўлиб, унда бир қатор муҳим ўзгаришлар акс этган. Хусусан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби жорий этилди. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланди. Сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилди. Сиёсий партиялар, номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари фаолиятига, овоз бериш жараёнларига доир қатор ўзгаришлар ҳам кодексдан жой олди. Н. Умаров шу йил охирида мамлакат парламентига ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловларга ҳам кенг тўхталди. Барча ҳудудий партия ташкилотлари бу борадаги ишларни режали асосда, собитқадамлик билан олиб боришлари талаб этилади. Бунинг учун заҳирадаги кадрлар билан ишлашни тизимли равишда ташкил этиш зарур. Уларни партия ташкилотлари ўтказадиган тадбирларга кенг жалб қилиш, сайловолди дастурини рўёбга чиқаришдаги иштирокини фаоллаштириш мақсадга мувофиқдир. Семинар иштирокчилари вилоят кенгаши матбуот котиби Нурбек Абдуллаевнинг “Партиянинг дастурий мақсадларини тарғиб қилишда пиар – технологияларида фойдаланиш”, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоевнинг “Сайловолди жараёнларида партиялараро дебатларни ташкил этиш”, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Олимхон Мақсудовнинг “Халқ билан бевосита мулоқот қилиш: ижобий тажриба ва муаммолар” мавзуларидаги маърузаларини ҳам тингладилар. Дилноза Акрамова, партия фаоли, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқм Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари: – Аввало, шуни айтиш керакки, семинар учун жуда қулай пайт танланган. Ҳозир барча сиёсий партияларда бўлажак сайловларга ҳозирлик бошлаб юборилган. Бу жараёнлар самарали кечиши учун барча имкониятларни ишга солиш керак. Биринчи навбатда партия кенгашларининг ходимлари, фаоллар, депутатлар жонбозлик кўрсатишлари даркор, деб ўйлайман. Содиқжон Аҳмедов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши раиси: – Аввалги сайловларда партиямиздан кўрсатилган номзодлар дуруст натижаларни қўлга киритдилар. Туманимиздан вилоят кенгашига икки нафар депутат сайланди. Бу, ёмон эмас, албатта. Бироқ халқ депутатлари туман кенгашида учта жой қўлга киритилди, холос. Эндиги сайловларда бу натижани яхшилашимиз лозим. Шу мақсадда кадрлар заҳирасини шакллантириб, тизимли ишни йўлга қўйдик. Семинар пировардида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н. Умаров иштирокчиларнинг кўплаб саволларига батафсил жавоблар қайтарди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

ОАВ биз ҳақимизда: ҳокимлик менсимаётган аҳоли мурожаати ечимига Олий Мажлис депутати киришди

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Жумладан, парламентдаги “Адолат” социал демократик партияси фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Наманган шаҳрида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Ўзаро мулоқотлар давомида фуқароларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар аниқланди, айни пайтда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Албатта, кичикроқ масалаларнинг аксарияти ўрнида ҳал этилмоқда. Шу билан бирга жиддий таҳлил талаб этадиган муаммолар ҳам учрамоқдаки, уларни қисқа муддатда ечимини топишнинг иложи йўқ. Депутат Гулбоғ маҳалласида ана шундай ҳолатга рўпара келди. Бу ерда ўтган йили Наманган шаҳар педагогика коллежининг собиқ ётоқхонаси тубдан реконструкция қилиниб, кам таъминланган 12 оилага туҳфа этилган эди. Турар-жойни фойдаланишга топшириш маросими жуда тантанали ўтди. Карнай-сурнайлар садоси янгради, алвон ленталар қирқилди. Оташин нутқлар ҳам сўзланди. Ҳаммаси киройидай ўтди, деган таассурот қолди ўшанда. Аммо вақт ўтиши билан бир жиддий муаммо бўй кўрсатдики, унга етарли эътибор қаратилмаганлиги туфайли унинг ечимини ҳозиргача топиб бўлмади. Шаҳар ҳокимлигига қилинган мурожаатлар ҳеч қандай натижа бермади. Оқибатда мазкур икки қаватли турар-жой биносида яшовчи фуқаролар Олий Мажлисга нома йўлладилар. Муаммо ниҳоятда кескин ва долзарб бўлганлиги учун Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Наргиза Халилова ҳам ёрдамга келди. Масаланинг ибтидоси хонадонларга кўчиб кирилгандан сўнг бир ой ўтгач бошланди. Яъни фуқаролар фойдаланилган электр қуввати учун ҳақ тўламоқчи бўлдилар. Бунинг учун биринчи навбатда ҳисоблагич ўрнатиш лозим эди. Аммо электр тармоқлари корхонасидагилар бу ишдан бош тортишди. Нима ҳам дердик, расман улар ҳақ. Яъни фуқаролар яшаётган хонадонлар ўзларига тегишли эканлигини исботлайдиган ҳужжатларга эга эмасдилар. Яъни, улар белгиланган тартибда кадастрдан ўтказилмаганди. Кадастр ҳужжатларини тайёрлайдиган идорага мурожаат қилинганда, масала янада чигаллашди. У ердагилар хонадонлар эгаларига қайси асосда ўзларига берилганлигини кўрсатадиган ҳужжат талаб қилишди. Бу ҳам тўғри. Лекин ҳужжатнинг ўзи йўқ-да. Ниҳоят, ўтган куни депутат бир гуруҳ партиямиз фаоллари, Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Абдуллаева ва бошқа мутахассислар билан жойига бориб ўрганилганида, масалага жиндай ойдинлик киргандай бўлди. Маълум бўлишича,педагогика коллежининг собиқ ётоқхонасини тубдан реконструкция қилишга бош бўлган “валломат” раҳбарлар бинони ўқув юртининг балансидан чиқариш кераклигини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганлар. Калаванинг учи айнан мана шунда экан. Энг аввало, ётоқхонани коллеж балансидан чиқариш лозим эди. Шундан кейин шаҳар ҳокимининг қурилишни реконструкцияни бошлаш ва бундан кўзланган мақсадни англатувчи қарори тайёрланиши лозим бўлди. Барча ишлар битгач эса хонадонлар эгаларига яна бир қарор асосида тақсимлаб берилиши лозим эди. Мутасаддиларнинг хатоси туфайли 12 оила коммунал тўловлар масаласини ҳал қила олмай сарсон бўлмоқда. – Биз масалани ўрганиш чоғида ушбу кўп қаватли уйда яшовчи оилаларнинг вакиллари билан атрофлича суҳбатлашдик. Улар Президентимиз кўрсатмалари асосида аҳолига шундай шароитлар яратилганлигидан мамнун эканликларини изҳор этдилар. Айни пайтда ўз вазифасини кўнгилдагидай бажармайдиган, одамларнинг мурожаатларини писанд қилмайдиган Наманган шаҳар ҳокимлигининг масъулиятсиз раҳбарлари ва ходимларидан норизо эканликларини ҳам яширмадилар. Бу эса уларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш ва муносиб жазолашни ҳам тақозо этади, деб ўйлайман, - дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов. Халқимизда “Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди”, деган нақл бор. Қонунчилик палатаси депутатлари аралашуви билан муаммонининг ечимини топишга киришилди. Аммо бунгача қанча сарсонгарчилик, оворагарчилик юз берди? Фуқароларнинг асаби бузилганини айтмайсизми? Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби. © namangan24.uz Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Депутат халқ орасида: асосий масала – муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва ечимини топиш

Март ойининг сўнгги ҳафтасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билан учрашдилар. Парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ҳам Наманган шаҳрида аҳоли вакиллари билан қатор мулоқотлар ўтказди. Уларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар, аниқланган муаммоларнинг ҳар бири ҳисобга олинди. Аммо иш шу билан тугамайди, албатта. Чунки олдинда юзага келган ҳолатларнинг ҳақиқий сабабларини топиш, сўнгра уларни бартараф этиш йўлларини белгилаш вазифаси пайдо бўлади. Шуҳрат Якубов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати: – Аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотлар уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги тобора юксалииб бораётганлигини кўрсатмоқда. Улар фуқаролик бурчи ва ҳуқуқларини чуқур англаб етаётганликлари намоён бўлмоқда. Бу, “Чинор” маҳалласи аҳли билан ўтказилган учрашувда ҳам кўзга ташланди. Мазкур фуқаролар йиғинида коммунал тўловлар ва маҳаллий солиқларни ўз вақтида тўланишини таъминлаш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда. Лекин бу ерда аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган камчиликлар ҳам борлиги кўпчиликни ранжитмоқда. Масалан, МФЙ ҳудудидаги аксарият ички йўлларнинг ҳолати талабга жавоб бермайди. Асфальт қопламасининг каттагина қисми яроқсиз ҳолатда. Ўнқир-чўнқир ва нотекисликлар ҳайдовчиларнинг ҳам, пиёдаларнинг ҳам ғашини келтирмоқда. Маҳалла ҳудудидаги ичимлик сув таъминоти тармоғи эскирган, уни янгилаш зарур. Бу ҳақда юқори ташкилотларга, жумладан, шаҳар ҳокимлигига йўлланган мурожаатлар ҳамон натижасиз қолмоқда. Йиғин раиси Мадаминхўжа Маматхўжаев, фаоллар Аҳад Абдуғаниев ва Гулсум Абдураҳимова шу ҳақда фикр билдирдилар. Депутат бу масала юзасидан тегишди ташкилотларга сўров йўллашини маълум қилди. Фуқаро Мардон Холмирзаев эса хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаёигани, аммо банк муассасасаларидан кредит олишда қийналганини сўзлаб берди. Унга зарур йўл-йўриқлар берилди. “Бўстон” ва “Бобуршоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги учрашувлар ҳам самимий ва қизиқарли кечди. Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйиш, оилавий  тадбиркорликни ва томорқадан фойдаланишни ривожлантириш орқали аҳолининг бандлик даражасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур соҳаларда катта имкониятлар мавжудлиги ва уларни ишга солиш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги қайд этилди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказтй шифохона жамоаси билан учрашувда эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш ҳақида фикр алмашилди. Бундан бир йилча муқаддам бир гуруҳ беморлар депутатга гемодиализ бўлимида замонавий ускуналар етишмаслиги юзасидан мурожаат қилган эдилар. Фракциямиз аъзосининг саъй-ҳаракати билан масала парламентда ҳам кўриб чиқилди. Натижада бошқа вилоятларда ҳам тиббий хизматнинг мазкур йўналишида етишмовчиликлар борлиги аниқланганди. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари кўмагида вужудга келган вазиятни ўзгартиришга эришилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳиржон Бойдадаевнинг айтишига қараганда, бугунги кунда марказий шифохонанинг гемодиализ бўлими қўшимча ускуналар билан таъминланди. Бундан беморлар ҳам мамнун. Парламент аъзоси Шуҳрат Якубов чиқа бошлаганига яқинда бир аср тўлган “Наманган ҳақиқати” таҳририяти ижодий жамоаси билан ҳам учрашди. Матбуот сўзининг таъсирчанлигини ошириш, газета мундарижаси ва мазмунини бойитиш зарурлиги ҳақидаги фикрлар ўртага ташланди. Қонунчилик палатаси депутати Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши биносида сайловчилар қабулини ҳам ўтказди. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Депутат халқ орасида: 12 оиланинг бир йиллик сарсончилигига Наманган шаҳар ҳокимлигининг айрим раҳбарлари ва ходимлари сабабчи бўлиб чиқди

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Жумладан, парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Наманган шаҳрида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Ўзаро мулоқотлар давомида фуқароларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар аниқланди, айни пайтда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Албатта, кичикроқ масалаларнинг аксарияти ўрнида ҳал этилмоқда. Шу билан бирга жиддий таҳлил талаб этадиган муаммолар ҳам учрамоқдаки, уларни қисқа муддатда ечимини топишнинг иложи йўқ. Депутат “Гулбоғ” маҳалласида ана шундай ҳолатга рўпара келди. Бу ерда ўтган йили педагогика коллежининг собиқ ётоқхонаси тубдан реконструкция қилиниб, кам таъминланган 12 оилага туҳфа этилган эди. Турар-жойни фойдаланишга топшириш маросими жуда тантанали ўтди. Карнай-сурнайлар садоси янгради, алвон ленталар қирқилди. Оташин нутқлар ҳам сўзланди. Ҳаммаси киройидай ўтди, деган таассурот қолди ўшанда. Аммо вақт ўтиши билан бир жиддий муаммо бўй кўрсатдики, унга етарли эътибор қаратилмаганлиги туфайли унинг ечимини ҳозиргача топиб бўлмада. Шаҳар ҳокимлигига қилинган мурожаатлар ҳеч қандай натижа бермади. Оқибатда мазкур икки қаватли турар-жой биносида яшовчи фуқаролар Олий Мажлисга нома йўлладилар. Муаммо ниҳоятда кескин ва долзарб бўлганлиги учун Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Наргиза Халилова ҳам ёрдамга келди. Масаланинг ибтидоси хонадонларга кўчиб кирилгандан сўнг бир ой ўтгач бошланди. Яъни фуқаролар фойдаланилган электр қуввати учун ҳақ тўламоқчи бўлдилар. Бунинг учун биринчи навбатда ҳисоблагич ўрнатиш лозим эди. Аммо электр тармоқлари корхонасидагилар бу ишдан бош тортишди. Нима ҳам дердик, расман улар ҳақ. Яъни фуқаролар яшаётган хонадонлар ўзларига тегишли эканлигини исботлайдиган ҳужжатларга эга эмасдилар. Яъни улар белгиланган тартибда кадастрдан ўтказилмаганди. Кадастр ҳужжатларини тайёрлайдиган идорага мурожаат қилинганда, масала янада чигаллашди. У ердагилар хонадонлар эгаларига қайси асосда ўзларига берилганлигини кўрсатадиган ҳужжат талаб қилишди. Бу ҳам тўғри. Лекин ҳужжатнинг ўзи йўқ-да. Ниҳоят, ўтган куни депутат бир гуруҳ партиямиз фаоллари, Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Н. Абдуллаева ва бошқа мутахассислар билан жойига бориб ўрганилганида, масалага жиндай ойдинлик киргандай бўлди. Маълум бўлишича, педагогика коллежининг собиқ ётоқхонасини тубдан реконструкция қилишга бош бўлган “валломат” раҳбарлар бинони ўқув юртининг балансидан чиқариш кераклигини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганлар. Калаванинг учи айнан мана шунда экан. Биринчи навбатда ётоқхонани коллеж балансидан чиқариш лозим эди. Шундан кейин шаҳар ҳокимининг қурилишни реконструкцияни бошлаш ва бундан кўзланган мақсадни англатувчи қарори тайёрланиши лозим бўлди. Барча ишлар битгач эса хонадонлар эгаларига яна бир қарор асосида тақсимлаб берилиши лозим эди. Мутасаддиларнинг хатоси туфайли 12 оила коммунал тўловлар масаласини ҳал қила олмай сарсон бўлмоқда. Шуҳрат Якубов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати: – Биз масалани ўрганиш чоғида ушбу кўп қаватли уйда яшовчи оилаларнинг вакиллари билан атрофлича суҳбатлашдик. Улар давлатимиз раҳбарининг бевосита кўрсатмалари асосида аҳолига шундай шароитлар яратилганлигидан мамнун эканликларини изҳор этдилар. Айни пайтда ўз вазифасини кўнгилдагидай бажармайдиган, одамларнинг мурожаатларини писанд қилмайдиган шаҳар ҳокимлигининг масъулиятсиз раҳбарлари ва ходимларидан норизо эканликларини ҳам яширмадилар. Бу эса уларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш ва муносиб жазолашни ҳам тақозо этади, деб ўйлайман. Халқимизда “Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди”, деган нақл бор. Қонунчилик палатаси депутатлари аралашуви билан муаммонининг ечимини топишга киришилди. Аммо бунгача қанча сарсонгарчилик, оворагарчилик юз берди? Фуқароларнинг асаби бузилганини айтмайсизми? Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Наврўз байрами кўтаринки руҳда ўтмоқда

Шу кунларда мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки қишлоғига борманг, Наврўз умумхалқ байрами тантаналари устидан чиқасиз. Узоқ давом этган қишдан сўнг юртимизга ташриф буюрган сўлим баҳор атрофга ўз тароватини намоён этмоқда. Табиат уйғониб, ҳамма ёқ кўм-кўк тусга кирмоқда. Ҳар бир корхона ва ташкилотда, маҳаллада, ҳар бир хонадонда улуғ айём муносиб нишонланмоқда. Жойларда яшариш ва янгиланиш байрамига бағишланган халқ сайиллари ҳам бўлиб ўтмоқда. Муроджон Жалилов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Косонсой туман кенгашининг раиси: – Ҳар йилгидек бу сафар ҳам туманимизда Наврўз тантаналари зўр шодиёна сифатида нишонланди. Айниқса, тоғолди ҳудуди ҳисобланган Қорасув даҳасидаги қир-адирларда нишонланган байрам кўпчиликнинг эсида қоладиган бўлди. Тантаналарда маҳалла оқсоқоллари, фахрийлар, корхона ҳамда муассасалар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар фаол қатнашдилар. Сайил она-табиат уйғонаётган паллада одамларга беқиёс руҳий, маърифий, маънавий қувват бағишлади, десак муболаға бўлмайди. Тадбирда партиядошларимиз ҳам бажонидил иштирок этдилар. Косонсойлик сафлошларимиз корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган байрам тантаналарида ҳам фаол қатнашдилар. Ана шундай тадбирлардан бири саноат, транспорт ва алоқа касб-хунар коллежида бўлиб ўтди. Педагоглар ва ўқувчилар, ота-оналар, шу яқин атрофдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирокидаги тадбир ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Баҳор байрамига бағишлаб кўклам таоми – сумалак пиширилди. Ўқувчилар турли кўргазма ва танловларда ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар. Ғолиблар албатта, маъмурият ва жамоат ташкилотлари томонидан тақдирландилар. Шундан сўнг байрамга бағишланган тантанали тадбир бошланди. Уни касб-ҳунар коллежи директори Исломжон Мўминов очди ва олиб борди. Маросимда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев ҳам сўзга чиқиб, тўпланганларни халқимизнинг азалий байрами билан қизғин қутлади. У бу сафарги Наврўз давлатимиз раҳбарининг яқинда вилоятга ташрифи муносабати билан юзага келган юксак кўтаринкилик вазиятида ўтаётганлигини алоҳида таъкидлади. Чунки Президентимизнинг кўрсаима ва тавсияларига асосан кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бошланди. Уларнинг барчаси пировард натижада халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошишига, иқтисодимиз юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз. Тадбир қатнашчилари коллежда “Адолат” СДП хайрихоҳлари сафи тобора кенгайиб бораётганлигини ҳам қайд этдилар. Бунинг далили сифатида эса бир гуруҳ юқори босқич ўқувчиларидан йигирма нафари “Адолат” СДП сафига қабул қилинди. Улар орасида Жаҳонгир Нақибжонов, Волида Эгамберлиева, Ҳасанхон Ҳожихонов кабилар бор. Фарҳод Валиев, касб-ҳунар коллежи ўқувчиси: – Бошқа тенгдошларим қатори “Адолат” партияси сафига киришни анчадан бери орзу қилардим. Мана, бугун мақсадга эришдим. Наврўз нишонланган куни қўлимга аъзолик билети текканлиги ҳам эсда қоларли воқеа бўлди. Келажакда яхши мутахассис бўлиб етишиб, юрт равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга, жамоатчилик фаолиятида фаол қатнашишга ваъда бераман. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил
News

Наврўз хосияти: фаолларимиз саъй-ҳаракати билан фуқаронинг уйида яна электр чироғи ёна бошлади

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли билан мулоқот ўрнатишнинг таъсирчан ва самарали йўлларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Дастлаб аҳоли мурожаатларини йўллай оладиган виртуал қабулхоналар иш бошлади. Кейинчалик жойларда Президент қабулхоналарининг очилганлиги бу борада янги босқич бўлди. Ўз навбатида Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари ҳам шу йўлдан бордилар, яъни вилоят, шаҳар, туман кенгашлари қошида “Адолат” қабулхоналари” фаолият кўрсата бошлади. Аммо партиядошларимиз бу билан чекланмасдан бевосита маҳаллаларга чиқиб, уйма-уй юрган ҳолда аҳоли муаммоларини ўрганишга ҳам киришдилар. Бунинг учун ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ажратиб қўйилди. Биз мана шу йўсинда “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси асосида иш ташкил этганимиз яхши самара бермоқда. Маълум муддат илгари фаолларимиз Наманган шаҳрининг “Янги қурилиш” маҳалласидаги хонадонларга кириб, фуқаролар билан бевосита мулоқот ўрнатдилар. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ана шунда юз берди. Аниқроғи, унинг биринчи қисми бўй кўрсатди. Мен, фаолларимиз Зиёджон Маҳкамов, Ноила Саримсоқова МФЙ раиси Содиқжон Рўзибоев билан ҳамкорликда Чиннигул кўчасида бўлдик. Ўша куни 25-уйда яшрвчи Комилжон Эгамбердиевнинг хонадонида ҳам бўлдик. Ушбу кам таъминланган оилани қийнаётган муаммо – уй электр қуввати таъминотидан узиб қўйилган экан. Бунга сабаб эса фойдаланилган ток учун катта миқдорда қарздорлик вужудга келгани экан. Яъни хонадон аъзолари электр тармоқлари корхонасидан қарздорлик 3 миллион 746 минг сўмдан ҳам ошиб кетган. Нима қилиш керак? Дастлаб роса бошимиз қотди. Шундай қилиб, воқеанинг иккинчи қисми бошланди. Яъни муаммонинг ечимини топишга киришилди. Оиланинг моддий ҳолатини ўргансак, ҳолат ҳақиқатда оғир эканлиги кўзга ташланди. Комилжон Эгамбердиев касалликка йўлиққанлиги сабабли оғир меҳнатга ярамайди. Хотини Нурхон Турғунова ҳам шундай, уй бекаси вазифаларини базўр уддалайди. Уларнинг ўн тўрт ёшди ўғли эса болаликдан ногирон. Шунинг учун саховатли, ҳиммати баланд кишиларни қидиришга қарор қилдик. Рости гап, бундай инсонни топиш осон бўлмаса керак, деб ўйлаган эдик. Йўқ, бу ёруғ жаҳонда бошқаларга яхшилик қилишни истайдиган эзгу ниятли кишилар кўп экан. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча хурсанд бўлсак арзийди. Биз билан суҳбатда бўлган ҳамшаҳримиз кам таъминланган оиланинг электр таъминотидан қарзини тўлиғича ўз ҳисобидан тўлаб берди. Офарин! Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ушбу саховатпеша инсон ўзининг исм-шарифини ошкор этмасликни илтимос қилди. Чунки унинг фикрича, ўнг қўл берганини чап қўл билмаслиги керак. Мана буни олижаноблик деса бўлади. Шунинг учун бошқалар дардини ўзиникидай кўрадиган инсоннинг хоҳиш-иродасига қарши бора олмадик. “Янги қурилиш” маҳалласидаги Комилжон Нуриддинов хонадонида яна чироқ порлай бошлади. Бу воқеа халқимизнинг беназир ва гўзал байрами, айни Наврўз арафасида юз берди. Бу ҳам ўзига хос рамзий маънога эга – халқимизнинг азалий қадриятларини ифодалайдиган бу байрам ҳаммамизни атрофимиздагиларга меҳр ва саховат кўрсатишга ундайди. Партиядошларимиз шундай қилиб эзгу ишга ҳасса қўшдилар. Ойлархон ОХУНОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Президент ташрифидан сўнг: “Китоблар “карвони” — Наманганда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманганга ташрифи вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари фақат иқтисодиёт соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишибгина қолмасдан, маънавият ва маърифат масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилоят ахборот-кутубхона марказини модернизация қилиш ва китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган режа маъқулланди. Унга мувофиқ, вилоятда яна 50 та маҳаллада кутубхона, 12 та замонавий кўчма китоб дўконлари барпо этиш, 4 та “Библиобус” фаолиятини йўлга қўйиш ражалаштирилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев аҳолига китобларни қулай тарзда етказиб бериш, Наманганда яшаб ўтган атоқли аллома ва адибларнинг асарларини нашр этиш бўйича кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, фаоллар билан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари “Наманганни энг яхши китобхон вилоятга айлантирамиз!” шиори остида кенг миқёсли акция ўтказиш ғоясини олға сурди. Қўйилган масалалардан бири кутубхоналар учун бир миллион нусхадаги бадиий адабиётларни бепул етказиб бериш эди. Бу фикр Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа қатор манфаатдор ташкилот ва идоралар томонидан қўллаб-қувватланди.  Бир неча кун аввал ушбу китобларнинг биринчи қисми, яъни 25 минг донаси юкланган “карвон” Наманганга етиб келди. У карнай-сурнай садолари остида, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди. Шу муносабат билан вилоят марказида тадбир ташкил этилди. Унда шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, маданият ходимлари, мактаб, коллеж ва лицейлар ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этдилар. Жамолиддин Муслим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлимининг раҳбари: – Пойтахтдан етказиб берилган китоблар тақдимоти учун шаҳримизнинг Адиблар хиёбони танланганининг ҳам ўзига хос рамзий маъноси бор, деб ўйлайман. Чунки бу ерда ҳамюртимиз, оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг салобатли ҳайкали ўрнатилган. Бундан ташқари, Муҳаммадшариф Сўфизода, Чустий, Ҳусниддин Шарипов, Зафар Диёр, Ҳабиб Саъдулла каби таниқли ижодкорларнинг ҳам бюстлари ўрнатилган. Улар ўзбек миллий адабиётининг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган инсонлардир. Бу юртдошларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳаммамизга ўрнак ҳисобланади. Энди бевосита тадбирга тўхталсак, унда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Тўрақўрғон туманидаги Ибрат мактаби ўқувчиси Дилшода Ҳакимова ва бошқалар китобнинг битмас-туганмас билим манбаи сифатида инсон ҳаётида улкан роль ўйнашини таъкидладилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Фарҳод Маҳмудов бир миллион дона китобни вилоят аҳлига беғараз тақдим этиш ҳақидаги сертификатни вилоят ҳокимлиги вакилига топширди. Наманган давлат университети, муҳандислик-технология, муҳандислик-қурилиш институтларининг китобхонлик кўрик-танловларила юқори натижаларга эришган талабалари эса махсус совғалар – янги нашр этилган китоблар тўпламлари билан мукофотландилар. Баҳодир Болтабоев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари: – Китоб ҳар бир киши учун умрбодлик дўст ҳисобланади. Кўпчилик партиядошларимиз ҳам бадиий адабиётни яхши кўрадилар, мумтоз адиблар ва замонавий муаллифларнинг асарларини бажонидил мутолаа қиладилар. Мен ўзим ҳам шеъриятни жуда яхши кўраман, баъзан-баъзан у-бу машқ қилиб тураман. Шунинг учун Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган акцияни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Тадбир якунлангандан сўнг “Дамас”ларга юкланган китоблар виоят маркази ва туманларда жойлашган кутубхоналар сари йўл олди. Адабиёт ихлосмандлари эса вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг мажлислар залига тўпландилар. Бу ерда пойтахтдан ташриф буюрган, шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларидан келган ҳамда маҳаллий ижодкорлар иштирокида катта мушоира ўтказилди. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, Ҳамдам Мамадалиев олган суратлар ...

Батафсил
News

Янги марраларга ундайди

  Ўтган ҳафтада вилоятимиз аҳли ҳаётида катта воқеа юз берди. Қиш фасли поёнига етиб, баҳор бошланаётган дамларда Наманганга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш асносида ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, пировард натижада халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш имконини берадиган истиқболли лойиҳаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш юзасидан қимматли йўл-йўриқ ва тавсияларни берди. Шу кунларда корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида юртдошларимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида режалар белгилаб, янада фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Президентимизнинг мулоқотларида улкан бунёдкорлик ишларининг самарасига юксак ишонч, эртанги кун порлоқ бўлишига умидворлик барқ уриб турибди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхонада ҳозир 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия, Украина, Болгария, Молдова каби давлатларга ҳам жўнатилмоқда. Ўтган йилги экспорт ҳажми 9,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Тез орада “Art Soft Tex Group” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтади. Яна бир йирик лойиҳа — Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бўлиб, Фарғона водийси вилоятларида электр энергияси таъминотидаги барқарорликни таъминлайди. Объектда ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг 83 фоизи бажарилди. Шу кунларда бу ерда 2400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчилар бунёдкорлик ишлари билан банд. Қурувчилар йил охиригача ИЭСнинг ҳар икки энергоблогини фойдаланишга топширишни мақсад қилишган. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларнинг аксариятида туризм иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланган. Кейинги йилларда бу масалага Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки бу соҳа биринчидан, катта даромад келтиради. Иккинчидан, халқимизда тарихий ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш орқали қадриятларимизга меҳр-муҳаббатни оширади. Наманганда ҳам мамлакатнинг бошқа минтақалари қатори сайёҳлик индустриясини ривожлантириш учун жуда яхши имкониятлар бор. Кўпчиликнинг эътиборини жалб эта оладиган осори-атиқалар орасида Косонсой тумани маркази яқинидаги Муғ қалъаси харобалари, Наманган шаҳридаги Хўжа Амин мақбараси, Мулла Қирғиз мадрасаси, Отавалихон тўра масжиди ва бошқа ёдгорликлар бор. Улар аждодларимизнинг меъморчилик борасидаги иқтидор ва маҳоратларига қўйилган ҳайкалдай ҳозирги ва келгуси авлодлар маънавий дунёсини бойитиб туради. Тўрақўрғон туманида, азим Сирдарё соҳилида жойлашган қадимий Ахсикент харобалари вилоятдаги тарихий ва маданий ёдгорликлар орасида алоҳида ўрин тутади. У милоддан олдинги даврларда ҳам аждодларимиз шаҳарсозлик борасида катта тажрибага эга бўлганлигидан далолат беради. Айни вақтда мазкур археологик объект жаҳон илмий жамоатчилигининг ҳам эътиборини жалб этмоқда. Яқинда ташкил этилган “Ахсикент” тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва ўрганиш дирекцияси бу ердаги барча ишларни мувофиқлаштириб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан очиқ осмон остидаги тарихий мажмуа барпо этишга киришилган. Қадимий шаҳар сирларини чуқур ўрганиш мақсадида унинг харобаларида қазишма ишлари ҳажми кенгайтирилмоқда. Яқин келажакда Ахсикент йирик сайёҳлик марказига айлантирилади. Ҳар икки йилда тарихий фестиваль ўтказиш эса яхши анъанага айланади. Давлатимиз раҳбари қадимий шаҳар харобалари билан танишгандан сўнг мактаб ўқувчилари юртимиз тарихини шу ерда ўргансалар мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Наманган давлат университетида археология йўналишида кадрлар тайёрлаш таклифи ҳам берилди. Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳам барчанинг диққат марказида бўлди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида фаолларимиз, партиямиздан сайланган депутатлар ҳам иштирок этдилар. Давлатимиз раҳбари вилоятда ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталди, барча соҳада эришилган натижалар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, бултур умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 577 ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилгани, инвестициялар ҳажми 1,7 баробар ошгани қайд этилди. Айни пайтда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар борлиги, айрим соҳаларда мавжуд имкониятлар ва резервлар тўла ишга солинмаётганлиги таъкидланди. Мисол учун, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши республика кўрсаткичидан икки марта паст бўлди, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камайгани танқид қилинди. Албатта, вилоятимиз аҳли Президентимиз кўрсатмалари ва йўл-йўриқларини ўзи учун дастуриламал деб қабул қилди ва уларни оғишмай амалга оширишга жиддий киришди. Наманганликлар ўзларининг фидокорона меҳнатлари, изланиш ва интилишлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга аҳд қилишган. Бу борада барча қатори партиядашларимиз ҳам ўрнак кўрсатадилар. Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси   ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!