НАМАНГАН

Манзил: Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уй

Телефон: (69) 227-23-84, 227-20-38

Электрон манзил:  namangan@adolat.uz

Янгиликлар
News

Наманганда кўрик-танлов ғолиблари аниқланди

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашларида ҳам анъанавий “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловини ўткизишга уюшқоқлик билан киришилди. Бу тадбир мана бир неча йилдирки, партиянинг танилувчанлигини оширишда, унинг ғоя ва дастурларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарида Отахонова, “Адолат” СДП Уйчи туман Кенгашининг раиси: – Кейинги йилларда партиямизнинг жамиятда тутган ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айни пайтда сафдошларимиз орасидан сайланган вакилларимиздан олти киши халқ депутатлари туман кенгашидаги гуруҳ таркибида фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили сессия муҳокамасига икки бор масала киритгандик. Яқинда эса депутатларимиз ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактабларининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминлангаилиги каби қатор йўналишлар бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бевосита кўрик-танловга келсак, бу борада ҳам туманда яхши тажриба тўпланган. Хусусан, ўтган йилда уйчиликлар вакили — 10-мактаб ўқитувчиси Моҳира Абдуллаева “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” вилоят босқичида ғолиб чиқиб, пойтахтдаги баҳсларда муваффақиятли иштирок этди. Шунинг учун бу йил ҳам тадбирга пухта тайёргарлик кўрилди. Дастлаб танлов иштирокчилари бевосита бошланғич партия ташкилотларида сараланди. Энг яхши натижага эришган сафдош аёлларимиз эса туман босқичига йўл олдилар. Тадбир Уйчидаги маданият марказининг муҳташам залида ўтказилди. Шуни айтиш керакки, иштирокчилар кўрик-танловга пухта тайёргарлик кўрганликлари биринчи шартни бажараётганларидаёқ кўзга ташланди. Айниқса, тиббиёт бирлашмаси шифокори Муаттар Икромова ва 12-мактаб муаллимаси Замирахон Умарованинг чиқишлари барчада яхши таассурот қолдирди. Бу, албатта, бошқа қатнашчилар ёмон натижа кўрсатдилар, дегани эмас. Улар ҳам ўз салоҳиятларини тўлиқ намойиш этишга интилдилар. Бу, ҳайъат аъзолари томонидан ҳам алоҳида эътиборга олинди. Муаттар Икромова ўзини таништиришга бағишланган биринчи шартни бажаришда аввалдан ҳозирланган слайд материалларидан фойдаланганлиги кўргазмалилик даражасини оширди. Боз устига у нафақат ўзбек, балки рус ва инглиз тилларида ҳам сўзлаганлиги барчани қойил қолдирди. Замирахон Умарова ҳам тажрибали педагог эмасми, биринчи шартни бажаришда ўзига хос йўл танлади. Яъни чиқишни синфдаги сабоқ тарзида ташкил этди. Бу ҳам кўпчилик томонидан олқишланди. Қисқаси, кўрик-танлов охирига етгунча ҳар икки иштирокчи бир хил натижани қайд этаверишда. Пировардида ғолибни аниқлашда ҳайъат аъзолари ҳам қийинчиликка дуч келишди. Чунки тўпланган баллар бир хил бўлиб қолди. Ҳатто қўшимча шартнининг бажарилиши ҳам масалага ойдинлик киритмади. Узоқ давом этган муҳокамадан сўнг истисно тариқасида ҳар икки қатнашчини ғолиб деб эълон қилишга қарор берилди. Вилоят босқичида Уйчидан икки сафдошимиз қатнашадиган бўлди. Пировардида барча қатнашчилар ташкилотчилар таъсис этган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Уларни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев, Уйчи туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси Оаъно Назарова, туман партия Кенгашининг раиси Фарида Отахонова қизғин табрикладилар. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил
News

Сессия Давлат дастури ижросига бағишланди

  Шу кунларда мамлакатимизнинг барча минтақаларида 2019 йил Давлат дастури ижроси масалалари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида муҳокама қилинмоқда. Наманганда ҳам шу мавзуга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Сессия 2019 йилдаги Давлат дастурида белгиланган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия ҳамда Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди. Асосий мақсад 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат эди. Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кеншаларининг депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассасалар раҳбарлари иштирок этган тадбирни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Х. Бозоров қисқача кириш сўзи билан очди. Шундан кейин минбарга кўтарилган Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Т. Мадумаров, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Р. Ўроқов 2019 йилги Давлат дастурида мамлакат ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулкчиликнинг устувор аҳамиятига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш ва шу асосда халқ фаровонлигини янада юксалтириш, ижтимоий соҳани тараққий эттиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланганлигини қайд этдилар. Нотиқлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019 йилдаги капитал қўйилмаларнинг асосий параметрларига алоҳида тўхталдилар. Маълумки, мазкур ҳужжатда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилиши лозим бўлган чоралар ва лойиҳалар аниқ белгиланган. Жумладан, Наманган вилоятида ҳам амалга ошириладиган инвестиция дастури қатор йирик лойиҳаларни ўз ичига олади. Кичик юк автомобилларини ишлаб чиқарувчи, бинокорлик материаллари тайёрлайдиган корхоналар барпо этилади. Косонсой туманида гидропоника усулида ишлайдиган иссиқхоналар ташкил қилинади. Вилоят марказида кўп қиррали замонавий клиника, Чортоқда эса санаторий-реабелитация маркази қуриб битказилади. Абдували Мавланов, Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи: – Давлат дастури билан танишиш жараёнида бошқа соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги биз, шифокорларни ниҳоятда мамнун қилди. Айниқса, тиббиёт муассасалари моддий-техника негизини мустаҳкамлаш учун кўп миқдорда маблағ ажратилаётганлиги диққатга сазовордир. Биз эса ўз навбатида кадрлар малакасини ошириш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини қўллаш йўлидан боришимиз даркор. Айни пайтда депутат сифатида ҳам Давлат дастури ижроси устидан назоратни йўлга қўйишимиз ва бу ишнинг самарадорлигини таъминлашга ҳисса қўшишимиз лозим. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Наманганда байрам қандай нишонланди

Шу кунларда мамлакатимиздаги барча сафдошларимиз ажойиб сана – партиямиз ташкил топганлмгининг 24 йиллигини кенг нишонламоқдалар. Наманганда ҳам шу муносабат билан тадбир ўтказилди. Унинг қатнашчилари фуқароларнинг жамият сиёсий ҳаётида ўз сиёсий иродасини шакллантириши ва рўёбга чиқариши, ижтимоий ва сиёсий акцияларда, сайловлар ва референдумларда иштирок этиши ҳамда инсон манфаатларини давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида ўз вакиллари орқали ифода этиш ниятларидан келиб чиқиб тузилган “Адолат” СДП ўтган давр мобайнида сон жиҳатидан ўсиб, ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланганлигини қайд этдилар. Партиямиз жамият ҳаётида тобора катта нуфузга эга бўлиб, сиёсий куч сифатидаги обрў-эътиборини оширмоқда. Тадбирни “Адолат” СДП вилоят кенгашининг раиси Исроил Жўраев очди ва олиб борди. Партия Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Рахмонов тўпланганларни шонли сана билан қизғин қутлади. У “Адолат” СДП босиб ўтган йўл ҳақида сўзлаб берди. Партиямизнинг сиёсий ташкилот сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшган инсонлар номи эсланди. Сиёсий Кенгаш, унинг марказий аппарати, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасидаги фракциямиз олиб бораётган ишлар ҳақидаги ҳикоя кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айни пайтда шу йил декабрида бўлиб ўтадиган парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловларга тайёргарлик мавзуси ҳам тилга олинди. Содиқжон Усмонов, “Адолат” СДП Чуст туман Кенгашининг раиси: – Партияга аъзо бўлганимга йигирма йилдан ошди. Бу давр биз учун ҳақиқий ўсиш ва юксалиш йиллари сифатида тарихда қолди. Аммо олдинда янада улкан вазифалар турибди. Айниқса, йил охирида ўтадиган сайловларда юқори натижаларга эришиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Ҳозир бу масала юзасидан пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли ўртасида катта обрў-эътиборга эга фуқаролардан номзодлар таркибини шакллантирдик. Партия сафларини ўстириш юзасидан ҳам режалар ишлаб чиқлик ва амалга оширдик. Тадбир жараёнида Ўзбекистон “Алолат” СДП сафига кириш истагини билдирган бир қатор маслакдошларимиз учун ҳам қувончли воқеа юз берди. Уларга тантанали равишда аъзолик билетлари топширилди. Янги сафдошлар орасида жамоатчиликка яхши таниш бўлган қатор инсонлар борлиги диққатга сазовордир. Улардан бири Ўзбекистон Респубдикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раҳбари, фан доктори Абдурасул Пирназаровдир. – Мен партиянинг сайловолди дастури ва ғоявий мақсадлари билан танишар эканман, жуда кўп ўзимга маъқул жиҳатларни кўрдим, — дейди у. —  Айниқса, таълим жараёнларини такомиллаштиришга доир масалалар олға сурилганлиги кишини қувонтиради. Ўйлаймизки, биз партия фаоллари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда иш олиб борамиз. Ўзбекистон Адвокатлар палатаси вилоят бошқармаси вакили Абдужаббор Нишонов, вилоят белбоғли кураш федерацияси ижрочи директори Нуриддин Ғозиев ва бошқалар ҳам шу мазмундаги фикр-мулоҳазаларни билдирдилар. Пировардида 2018 йил якуни бўйича партия ходимлари ўртасида ўтказилган бир қатор кўрик-танлов ғолибларига фахрий дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил
News

Пленумдан — пленумгача: камчилик ва нуқсонларга барҳам бериш йўллари белгиланди

Вилоят партия ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш учун нима ишлар қилиш керак? Депутатлар олиб бораётган ишлар талаб даражасидами? Сайловларга тайёргарлик қандай кетмоқда? Партия ходимлари масъулиятни ҳис этмоқдами ёки йўқми? “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг навбатдаги пленуми иштирокчилари ана шу каби саволларга жавоб изладилар. Биринчи навбатда ишда йўл қўйилаётган  камчиликларга барҳам бериш йўллари қидирилди, олдинда турган вазифаларнинг ниҳоятда долзарблиги барчадан астойдил меҳнат қилишни, ҳамма имкониятларни тўла ишга солишни талаб этиши таъкидланди. Айниқса, партия вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраевнинг ўтган йил якунларига ва келгусидаги вазифаларга бағишланган маърузаси қизғин мунозарага сабаб бўлди. Чунки минбардан шаҳар ва туман партия кенгашларининг фаолияти танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқилганда аниқланган факт ва рақамлар, жиддий мулоҳазалар янгради. Масалан, партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишларни кўриб чиқайлик. Рақамларга мурожаат этсак, йил давомида ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича жами 770 та маҳаллада 456 марта аҳоли билан мулоқотлар ўрнатилганлиги маълум бўлади. Бунда фуқаролардан 978 та мурожаат тушган. Улар асосида тегишли ташкилотларга жами 103 та депутатлик сўровлари юборилган. Албатта, бу умумий манзара. Муайян ҳудудларга келсак, ушбу лойиҳа доирасидаги ишлар Янгиқўрғон, Учқўрғон, Норин туманларида кўнгилдагидай ташкил этилмаган. “Мактабгача таълим – кадрлар таёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этишда ҳам шундай нуқсонларга йўл қўйилган. Ушбу масала пухта ўрганилмаганлигини биронта туман ёки шаҳарда халқ депутатлари кенгаши сессиясига масала киритилмаганлиги ҳам кўрсатиб турибди. Жойларда партия ғояларини тарғиб ва ташвиқ қилиш масаласи ҳам кескин бурилиш ясашни талаб этади. Чунки сайловлар тобора яқинлашиб келаётганлигини ҳам унутмаслик даркор. Сўнгги пайтларда туман марказлари, шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида “Адолат” СДП фаолиятига бағишланган баннерларнинг сони кескин камайиб кетганлиги сир эмас. Бу эса шаҳар ва туман кенгашлари раисларининг ташаббус кўрсатиб ишламаётганликларидан далолатдир. Партия аъзолари сафларини ўстириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. Ўтган йил мобайнида вилоят бўйича сафимизга етти мингдан ортиқ киши қўшилди. Эндиликда аъзолар сони 24 минг нафарга яқинлашди. Янги тузилган 24 та БПТ иш бошлади. Бунга Наманган шаҳар, Мингбулоқ ва Косонсой туманлари партия кенгашлари салмоқли улуш қўшдилар. Чуст, Янгиқўрғон ва Норин туманларида эса мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмади. Пленум иштирокчилари халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳинингш ўтган йилги  фаолияти ҳақидаги ахборотни ҳам тингладилар. Бу ҳақда гуруҳ аъзоси Иброҳим Абдуллаев сўзга чиқди. Партия вилоят Кенгаши бош ҳисобчиси Илёс Мамажонов эса 2018 йилдаги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларнинг харажати тўғрисидаги ахбороти ҳам тингланди. Музокараларда қатнашган “Адолат” СДП Чуст ва Косонсой туман кенгашларининг раислари Содиқжон Аҳмедов, Муроджон Жалилов, республика перинатал маркази вилоят бўлимидаги БПТ раиси Ойшахон Қосимова, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Абдували Мавланов, халқ депутатлари Учқўрғон ва Чортоқ туман кенгашларининг депутатлари Насрулло Турсунов ва Саидолим Абдураҳмонов ҳам кун тартибидаги масалалар юзастдан фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ўринбосари Баҳодир Болтабоев: – Пленумга тайёргарлик кўриш жараёнида биз вилоят Кенгашининг ҳар бир ходимидан ўз соҳасидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида маълумот беришни талаб этдик. Бу иш пировард натижада ўзини оқлади, деб ўйлаймиз. Тўғри, танқидий фикрлар барча сафдошларимизга ҳам маъқул келгани йўқ. Аммо камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш йўлларини белгилаб олганимиз яхши бўлди. Айрим мутасаддилардан жавобгарлик талаб этилгани уларнинг масъулиятини оширади. Пленум кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди. Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Рахмонов иштирок этди ва нутқ сўзлади. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Партиядошимизга эҳтиром

Наманган муҳандислик-технология институти профессори, Ўзбекистон “Адолат” СДП фахрийси Х. Ахмедхўжаевнинг номи вилоят жамоатчилигига яхши маълум. Яқинда Хамит Турсунович табаррук етмиш ёшни қаршилади. Шу муносабат билан ўтказилган қатор тадбирларда изланувчан олим ва фаол жамоатчи инсоннинг илмий ва ижтимоий-сиёсий фаолиятига юқори баҳо берилди. Айниқса, “Фан ва техника тараққиётида инвестицияларнинг роли” мавзуидаги илмий-амалий конференция кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Анжуманда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга, олий таълим тизимида кенг ислоҳотлар ўтказишга алоҳида эътибор берилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Илмий-амалий конференцияни Наманган МТИ ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси О. Маматкаримов қисқача кириш сўзи билан очди. Шундан кейин минбарга кўтарилган вилоят ҳокимининг ўринбосари П. Маткаримов вилоятда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб, бу блрада олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳам катта ишларни амалга ошираётганликларини қайд этди. Шундан кейин бир қатор етакчи олимларнинг турли мавзулардаги чиқишлари тингланди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Т. Рашидовнинг “Олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўзаро инновацион ҳамкорлигининг замонавий модели”, Фарғона давлат университети ректори, профессор Р. Мақсудовнинг Корхоналар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда инвестицияларнинг роли”, Тожикистон Республикаси Кўлоб технологи ва инновацион менежмент институти проректори А. Шоевнинг “Тўқимачилик ва пахта толаси корхоналарини ривожлантиришда халқаро ҳамкорликнинг роли” каби маърузалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Пировардида конференция қатнашчиларининг институт Табиий толаларга дастлабки ишлов бериш технологияси кафкдраси профессори, техника фанлари доктори Х. Т. Ахмедхўжаевнинг илмий-услубий, ижтимоий-сиёсий, педагогик фаолияти ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Юбиляр шаънига қизғин қутловлар янгради, ажойиб тилаклар билдирилди. Сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг раиси Исроил Жўраев сафдошимизнинг илм-фанни ва олий таълимни ривожлантириш йўлидаги хизматларини алоҳида таъкидлаб, “Адолат” СДП вилоят ташкилоти раҳбари сифатида қарийб ўн йил давомида унинг фаолиятини такомиллаштиришга қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди. Хамит Турсунович Ахмедхўжаевга Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаси топширилди. Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Олимхон Мақсудов ва партиямиз фахрийси Аҳмаджон Юсупов ҳам юбиляр шаънига эзгу тилакларини изҳор этдилар. – Мен бугунги тадбирдан, ўзимга камтарона меҳнатим эвазига кўрсатилган эҳтиром учун барчадан миннатдорман, — дейди Х. Ахмедхўжаев. – “Адолат” СДП раҳбариятига, барча сафдошларимга ҳам энг яхши тилакларни йўллайман. Бундан кейин ҳам жамиятда партиямизнинг нуфузини оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшавераман. Нурбек, АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Наманганда алломаларга бағишланган тадбирлар давом этмоқда

  Кўп йиллардан бери шаклланган эзгу анъанага биноан мамлакатимизда икки буюк бобокалонимизнинг таваллуд айёмларига бағишланган тадбирлар феврални маънавий-маърифий тадбирлар ойига айлантиради. Бу йил ҳам шундай бўлди. Наманган вилоятида ҳам Алишер Навоийнинг 578 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган куннинг 536 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Уларда иштирок этган юртдошларимиз ҳар икки мутафаккирнинг башарият ва миллий адабиёт тараққиётида тутган ўрнига юксак баҳо бериб, уларнинг табаррук номлари дунёнинг ҳамма мамлакатларида эҳтиром билан тилга олинишини таъкидладилар. Дилшод Болтабоев, Ўзбекистон Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи: – Алишер Навоий ва Бобур халқимизнинг буюк фарзандлари сифатида ҳар биримизнинг қалбимизда ҳамиша фахр-ифтихор туйғуларини уйғотадиган сиймолардир. Партиядошларимиз ҳам бу икки улуғ аждодимизга бағишланган тадбирларда фаол қатнашмоқдалар. Уларга ижодкор зиёлилар, маҳаллий шоир ва ёзувчилар таклиф этилгани нур устига аъло нур бўлди. Тадбирларда меҳнат фахрийлари, катта ёшдаги инсонлар қатори навқирон авлод вакиллари ҳам иштирок этдилар Масалан, Наманган шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 75-мактабдаги навоийхонлик кечаси ҳам жуда мазмунли ва қизиқарли ўтди. Унда мутафаккир шоир ғазалларидан намуналар ўқилди, асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Саккизинчи синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган ўткир зеҳнлилар мушоираси айниқса, барчада катта таассурот қолдирди. Ёш адабиёт мухлислари Навоий ижоди ва фаолияти ҳақида қандай билимларга эга эканликларини намойиш этдилар. Қатнашчиларнинг чиқишларини баҳолаш учун тузилган ҳайъат таркибида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси Ёрқиной Ҳожиматова ва партия шаҳар Кенгашининг раиси Ойлархон Ахунова ҳам бор эдилар. Тадбир иштирокчилари ўқувчиларнинг мушоирага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрганликларини қайд этдилар. Хусусан, Умархон Абдурашилдов ва Комила Жамолова ўқиган Навоий ва Гули монологлари барчанинг олқишларига сазовор бўлди. Навоийхонликда фаол қатнашган ўқувчилар ва муаллимларга парти вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. Наманган шаҳридаги Давлатобод енгил саноат касб-ҳунар  коллежида ўтказилган тадбир “Буюклар авлодимиз” деб номланди. Унда мумтоз адабиётимизнинг икки забардаст вакили – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз борди. Иштирокчилар дастлаб шу муносабат билан ташкил этилган китоблар кўргазмаси билан танишдилар. Сўнгра улуғ бобокалонларимизга бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ҳар икки шоир ғазаллари асосида тайёрланган қўшиқлар ижро этилди. Шеърларни ифодали ўқиш кўрик-танлов ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Касб-ҳунар коллежида ўтказилган тадбирда ҳам партиядошларимиз фаол қатнашдилар. Бу ерда ўндан ортиқ педагоглар “Адолат” СДП аъзолари ҳисобланишади. Улардан Гулчеҳра Эрматова, Зуҳра Тиллабоева, Жаъфар Қамбаров ташкилотчилар сифатида фаоллик кўрсатдилар. Юқоридаги каби тадбирлар мумтоз адабиётимизнинг икки буюк алломаси ижодининг зиёси бундан кейин ҳам бутун инсоният учун нур таратишда давом этаверади, деган ишончни янада мустаҳкамлайди. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил
News

Тиббий хизмат аҳволи – депутатлар эътиборида

  Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги ХХХV сессияси бўлиб ўтди. Унинг иштирокчилари вилоятда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги вазифаларга оид масалани кўриб чиқдилар. Видеоселектор тарзида ўтказилган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокиммлари, тегишли вилоят, шаҳар ва туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари раҳбарлари қатнашдилар. Сессия иштирокчилари эътиборига парламент аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ вилоят ҳудудида ўтказган ўрганиш якунлари ҳавола этилди. Сўзга чиққан республика соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Баситханова соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни таъкидлаган ҳолда кўпроқ йўл қўйилаётган нуқсон ва камчиликлар, уларни бартараф этиш йўлларига тўхталди. Ҳозирги кунда вилоятда 12 та кўп тармоқли поликлиника, 14 та оилавий поликлиника, 32 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 75 та қишлоқ врачлик пункти, 16 та шифохона, 2 та диспансер ҳамда 36 та вилоят даволаш-профилактика муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида инвестиция дастури доирасида 22 та объектда 59,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 15 та тиббиёт муассасасида 8 миллиард 263 миллион сўмлик иш амалга оширилди. Шуҳрат Якубов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси: – Бир қатор парламент аъзолари қатори мен ҳам ўрганишларда қатнашдим. Албатта, қилинган эзгу ишлардан кўз юмиб бўлмайди. Уларнинг барчаси аҳолининг малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор толптиришга қаратилган. Шу билан бирга ўз ечимини кутаётган муаммолар, тезда бажариш зарур бўлган вазифалар ҳам оз эмаслиги кўзга ташланди. Уларнинг ҳар бири сессияда тилга олинди ва вазиятни ўнглаш йўл-йўриқлари белгилаб берилди. Масалан, аҳолини патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олиш ҳақида гап кетганда, бу жараён фақат хонадон эгалари билан суҳбатдан иборат бшлиб қолаётганлиги қайд этилди. Оқибатда айрим туманларда касалланиш даражаси пасайиш ўрнига ортиб кетмоқда. 2018 йилда туғма нуқсонлар билан туғилган чақалоқлар сони олдинги йилга нисбатан 11,1 фоизга ошгалигига ва 190 нафарга етганига нима дейсиз? Абдували Мавланов, Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи: – Биз шифокорлар, республика ишчи гуруҳи фаолиятидан ниҳоятда мамнун бўлдик. Чунки асосий эътибор камчиликларни аниқлаш билан бирга уларни бартараф этишга ҳам қаратилди. Аксарият масалаларда амалий ёрдам кўрсатилгани диққатга сазовордир. Гуруҳ аъзолари шаҳар ва туманларда ётиб қолган 250 беморнинг ҳолидан хабар олдилар. Уларга зарур тиббий маслаҳатлар берилди, тегишли ёрдамлар кўрсатилди. Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг мутахассислари иштирокида тиббий кўриклар ўтказилди. 12 нафар беморда эса жарроҳлик амалиёти амалга оширилиб, оғир дардлардан халос қилинди. Халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси муҳокама этилган масала юзасидан қарор қабул қилди. Шунингдек, ўрганиш давомида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури ҳам атрофлича муҳокама этилди ва тасдиқланди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов қатнашди ва нутқ сўзлади. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матуот котиби ...

Батафсил
News

Устоз ҳақида сўз

Инсон ўз ҳаёти давомида кўплаб одамлар билан мулоқот қилади. Уларнинг ҳар биридан нималарнидир ўрганади, муаммоли масалаларга дуч келганда маслаҳатлар сўрайди. Мен учун Ҳамид Турсунович Аҳмадхўжаев ана шундай инсонлардан бири. У кишини талабалик йилларидан бери биламан. Бунга ҳам салкам чорак аср бўлди. Ўшанда мен Наманган муҳандислик-технология институти механика факультетида тўқимачилик ва енгил саноат машиналари ва аппаратлари мутахассислиги бўйича таҳсил олардим. Домла бизга берган сабоқларини яхши эслайман. Уларни нафақат мен, балки бошқа курсдошларим ҳам мароқ билан тинглардилар. У киши ҳар бир бир машғулотни пухта тузилган режа асосида олиб борар, мавзуни ҳамиша лўнда, аниқ далил ва рақамларга таянган ҳолда ўтарди. Буларда назаримда, кўп йиллар, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ишлаган пайтида тўплаган тажрибаси қўл келарди. Эътиборли жиҳати – дарс тугагандан сўнг ҳам талабалар Ҳамид Турсуновични қўйиб юбормасдилар. Пировардида бўладиган савол-жавоблар танаффусга қўнғироқ чалингандан кейин ҳам давом этарди. Ана шу лаҳзаларда устознинг чеҳрасини кузатсангиз, унда мамнунлик акс этганини кўрардингиз. Яъни талабаларнинг илмга интилишини кўрсатиб турган саволларидан гўёки мароқланарди. Жавоблари ҳам аниқ ва батафсил бўларди. Албатта, бошқалар қатори мен ҳам қизиққан нарсаларимни сўраб турардим. Институтни битириб, дипломни қўлга олганимдан сўнг Косонсой туманидаги пахта тозалаш заводида бир неча йил ишладим. Албатта, ишлаб чиқаришда ҳам илм билан боғлиқ қандайдир масалалар чиқиб турарди. Шунда дарҳол институтга етиб борардим ва Ҳамид Турсуновичдан зарур йўл-йўриқ ва маслаҳатларни олиб турардим. Мана шу нарсалар сабаб бўлдими, домла билан мулоқотлар давом этаверди. 2010 йилда бирдан у кишидан таклиф олдим. Шунда Ҳамид Турсунович Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгашида раис эди. У мени ўзи билан бирга ишлашга чорлади. Аввал оз-моз иккиландим. Чунки ҳозиргача фақат ишлаб чиқаришни кўрганман. Сиёсий партиядаги фаолиятнинг ўзига яраша мураккабликлари бор. Бу ҳақда устозга гапирдим ҳам. Аммо у киши ўшанда айтган гаплари ҳамон қулоқларим остида жаранглайди: “Мен сизни кўпдан бери кузатиб келаман. Бемалол эплай олишингизга ишонаман. Акс ҳолда таклиф қилмасдим ҳам.” Шундай қилиб, Ҳамид Турсуновичнинг таклифи билан сиёсий партияда иш бошладим. Бу ерда ҳам устоздан кўп нарса ўргандим. Матбуот котиби, шаҳар кенгашининг раиси, вилоят кенгаши раисининг ўринбосари вазифаларини бажардим. Бугунга келиб эса “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Бунда устоздан олган сабоқларим жуда фойда бермоқда. Мустақилликнинг 27 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбарининг Фармонига биноан юксак мукофот – “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Шунда ҳам Ҳамид Турсунович биринчилар қатори қўнғироқ қилиб табриклади, эзгу тилаклар билдирди. Ўз навбатида мен ҳам домлага шогирд сифатида миннатдорчилик сўзларини изҳор этдим. Ҳаётда эришган кўп нарсаларимда у кишидан олган сабоқларим катта роль ўйнаганлигини айтдим. Яна бир ибратли томони шундаки, домламиз нафақага чиққанига ўн йил бўлса-да, фаол меҳнатдан чекинмади. Ҳаммамизга қадрдон Наманган муҳандислик технология институтиада ҳозир ҳам табиий толани дастлабки ишлаш технологияси кафедраси профессор. Жамоат ишларида ҳам иложи борича кўпроқ қатнашишга ҳаракат қилади. Хусусан, “Адолат” СДП тадбирларида иштирок этишни ўзи учун ҳам бурч, ҳам фахр деб билади. Партиядошларимиз олиб бораётган ишлар, эришаётган муваффақиятла уни қувонтиради. Домла ўзаро суҳбатларда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси сифатида иш бошлаган пайти ҳақида ҳам гапириб берганлар. — Ўшанда 2005 йил эди, — деб эслайди у. – “Адолат” СДП вилоят кенгашига ишга таклиф этишди. Дастлаб Тошкентда партиянинг ўша пайтдаги раҳбари Дилором Тошмуҳамедованинг суҳбатидан ўтдим. Ўша пайтда Наманган вилоят ташкилотининг фаолияти у қадар талаб даражасида эмас экан. Сиёсий Кенгашнинг турли йўналишлар бўйича мутахассислари ҳам вазиятни ўнглаш юзасидан тегишли йўл-йўриқлар беришди. Ҳақиқатан вилоятга қайтиб, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишсам, ҳолат анчагина ночор экан. Айниқса, аксарият туманларда кенгаш раисларининг йўқлиги ишда панд берарди. Демак, ҳаммасини кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишдан бошлаш керак. Ўзим ва вилоят Кенгаши ходимлари биладиган ва яхши танийдиган салоҳиятли одамларнинг рўйхатини туздик ҳамда улар билан якка тартибда иш олиб бордик. Аста-секин вазият ўзгара бошлади. Партиявий тадбирларда иштирок этаркан, устоз эски одатига кўра биринчи галда кадрларга назар солади. Улар орасида интеллектуал савияси юқори, кўпчилик ўртасида обрў топган, юксак салоҳиятли инсонлар кўпайиб бораётганидан қувонади. 2014 йилги сайловларда вилоятда маҳаллий кенгашларга “Адолат”дан сайланган депутатлар 2009 йилдагига нисбатан қарийб беш баравар кўпайди. Бу жуда яхши кўрсаткич, аммо умуман олганда, партиямиз мавқеини кўтариш учун янада кўпроқ ишлашимиз зарур, дея таъкидлайди. Ушбу фикрларга барча сафдошларимиз қўшиладилар. Чунки сиёсий соҳалардаги амалга оширилайган ислоҳотлар ҳам пировард натижада шунга даъват этади. Шу ўринда Ҳамид Турсунович изланувчан олим, мамлаккатда олий таълимнм ривожоантиришга катта ҳисса қўшган инсонлардан бири эканлигини ҳам қайд этиш лозим. У киши 1971 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини аъло баҳоларга тугатди. Сўнгра паҳта тозалаш саноати вазирлигини таҳлилий бўлимида муҳандис лавозимида ишлади, корхоналарни нафақат ўрганиш, балки такомиллаштиришда муносиб қатнашди. Собиқ битирувчини устозлар 1973 йили яна институтга таклиф этишди. Ҳ. Аҳмадхўжаев 1983 йилгача, оддий ўқитувчиликдан техника фанлари номзоди, доцент даражасигача етиб борди. Наманганда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти филиали очилгач, унга раҳбарлик қилди. Кейинчалик бу филиал мустақил олий ўқув юртига айлантирилди. Домла орада яна Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтига қайтиб, кафедра мудири вазифасини бажаришга киришди. Шу “Паҳтани жинлашнинг назарий ва технологик қайта ишлаш жараёнинг асосини яратиш” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Кейинчалик эса профессор ҳам бўлди. 1999 йилда Ҳ. Аҳмадхўжаевга катта ишонч билдирилди. У бир пайт ўзи раҳбарлик қилган филиал негизида ташкил топган Наманган муҳандислик-технология институтига ректор этиб тайинланди. Бу даврда олий ўқув юртини ривожлантириш, унинг моддий-техника негизини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Янги таълим йўналишлари очилди, кафедралар сони кўпайди. Илмий салоҳият ҳам юксалди. Домла шу кунларда табаррук етмиш ёшни қаршиламоқдалар. У киши ҳамон бардам ва бақувват. Институтда илмий-педагогик фаолиятни давом эттирмоқда. Биз ҳам устозни қутлуғ ёш билан қутларканмиз, бундан буён ҳам барча йўналишларда фаол сифатида иш олиб боришини тилаб қоламиз. Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!