НАМАНГАН

Манзил: Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уй

Телефон: (69) 227-23-84, 227-20-38

Электрон манзил:  namangan@adolat.uz

Янгиликлар
News

Жиноятчиликка қарши курашиш партия фаоллари эътиборида

Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган туманларидан бири ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда бу ерда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги пайтда туманнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтирадиган қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётганлиги ҳам диққатга сазовордир. Бу лойиҳалар орасида 900 мегаватт қувватга эга бўладиган иссиқлик электр станцияси ҳам бор. Яқинда яна бир муҳим объект — “Hyundai” автомобиллари ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди. Қишлоқларни обод этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топишда давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бормоқда. Улар орасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг туман ташкилоти ҳам бор. Бугунги кунда тумандаги партиядошларимиз сони 2100 кишидан ортди. Туман партия кенгаши тарикибида 35 та БПТ иш олиб бормоқда. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Муқаддас Ахматованинг айтишича, кейинги пайтда депутатлар фаолиятини кучайтиришга доир бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Партия депутатлари туманда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқди. Бунда депутатлардан Муяссар Икромова, Сафибулло Ғаффоров ва Эркин Эргашев фаоллик кўрсатди. Вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев бошчилигидаги мутахассислар мазкур ўрганишни ташкил этишда ҳам услубий, ҳам амалий ёрдам беришди. Шу ўринда улар Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларидаги депутатларимизга ҳам маҳаллий Кенгаш сессиялари ва доимий комиссияларга масала тайёрлашда қатнашиб, бирмунча тажриба тўплаганини айтиб ўтиш жоиз. — Депутатларимиз жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси масаласида ўрганиш ўтказганининг сабаблари бор, албатта, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари М.Ахматова. — Бу мавзу сайловчилар билан мулоқотлар натижасида юзага келди. Депутатларимиз ва фаолларимиз жойларда аҳоли билан учрашганида бу ҳақда кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Биз фикр ва таклифларни умумлаштириб, ушбу масалани ўрганиш керак, деган хулосага келдик. Мазкур жараёнга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам жалб этилди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Эркин Эргашев мутахассислигига кўра ҳуқуқшунос эканлиги ҳам ўрганишларга ижобий таъсир қилди. У ҳозирда мутахассислиги бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, коллежда ўқувчиларга сабоқ беради. Бир неча кун давомида депутатлар масалани олдиндан пухта тузилган режа асосида ўрганиб чиқдилар ва натижаларни таҳлил қилдилар. Зарур хулосалар чиқарилди ва аҳволни яхшилаш учун тавсиялар ишлаб чиқилди. Маълум бўлишича, шу йилнинг ўн бир ойи мобайнида туман ҳудудида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар олиб борган профилактик тадбирларга қарамай 170 та жиноят содир этилган. Айрим турдаги жиноятлар камайганига қарамай, умумий ҳолат хотиржамликка берилишга асос бўла олмайди. Хусусан, ёшлар ва вояга етмаганларнинг жиноятга қўл уриш ҳолатлари барҳам топганича йўқ. 18-30 ёш оралиғидаги фуқаролар томонидан 54 та жиноят содир этилгани ташвишлидир. Уларнинг аксарияти фирибгарлик, ўғирлик, йўл-транспорт ҳодисаларидир. Афсуски, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Ўтган ўн бир ой ичида 16 та ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш каби жиноятлар аниқланганлиги қайд этилганки, бу борада тарғибот-ташвиқот ва профилактика тадбирларини кескин кучайтириш талаб этилади. Ўрганишлар давомида ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, аҳоли истиқомат жойларида ўтказиладиган тадбирларга маҳаллий Кенгаш депутатларини таклиф этиб туриш фойдадан холи эмас. Прокуратура, судлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда тарғибот ишларини олиб бориш ҳам яхши самара беради. Депутатлик гуруҳи ўрганишларига доир натижа ва хулосалар халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ-тарғибот ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида кўриб чиқилди. Муҳокамада депутатлар билан биргаликда ҳуқуқ-тартибот органлари ва қатор жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Қайд қилинган ҳар бир ҳолат, далил ҳамда рақамлар атрофлича таҳлил қилинди. Депутатлик гуруҳи раҳбари М.Ахматова, туман маъмурий суди раиси Э.Абдуллаев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари У.Нишонов ва бошқалар масалага доир зарур таклиф-мулоҳазалар билдиришди. Айни пайтда ўртага ташланган таклифларни қайта ишлаб, мазкур масалани маҳаллий Кенгаш сессиясига тақдим этишга қарор қилинди. Демак, тўрақўрғонлик депутатлар “Адолат” СДПдан сайланган ҳамкасблари тайёрлаган ва туман ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган масалани муҳокама қиладилар. Қабул қилинадиган қарор ва унда белгиланган топшириқлар ижроси ҳудудда жиноятчиликни камайтириш, туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга, инсонлар ҳаёти янада яхшиланишига ҳисса қўшади, албатта. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби   ...

Батафсил
News

Аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш – диққат марказида

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, оилаларнинг барқарорлигини таъминлаш, айниқса, оналар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳамиша эътиборда бўлиб келган. Чунки бусиз ҳаётимизни янада фаровон қилиш, юртимиз ривожи, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини ошириб бўлмайди. Соғлом авлод давомчиси бўлган аёлларни жамиятда муносиб мавқега эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир. Шунинг учун уларни ижтимоий ҳимоялаш, унумли меҳнат қилишлари ва уй-рўзғор ишларини, бола тарбиясини ўзаро уйғунликда олиб бориш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Наманган вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида ташкил этган давра суҳбатида ана шулар ҳақида фикр юритилди. Тадбирда партия фаоллари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ва Наманган шаҳар бўлими ходимлари, юридик коллежи ўқувчилари иштирок этдилар. Тадбирни қисқача кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши бош мутахассиси Ёрқиной Ҳожиматова хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мавқеини янада юксалтириш, улар учун қулай меҳнат шароитини яратиш, амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш юзасидан Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ изчил иш олиб борилганлигини қайд этди. Айни вақтда бунинг учун мустаҳкам хусусий негиз яратилганлиги ҳам айтиб ўтилди. Шу соҳадаги мавжуд қонунларнинг жойлардаги ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Маҳаллий партия ташкилотлари ўтказаётган тадбирларда эса қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш масалалри ҳам кўтарилмоқда. Мўътабар Мақсудова, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи: – Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганига ўн ойдан ошди. Ҳозир тизимда вилоят бўйича 27 мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Биз фаолиятни давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб боришни режалаштирганмиз. Бугунги тадбир ҳам мазкур йўналишда муҳим қадам бўлди, деб ўйлайман. Дарвоқе, шу йил 3 майда Наманганга ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев марказнинг вилоят бошқармаси фаолияти билан танишиб, қатор долзарб вазифаларни белгилаб берди. Яқинда Тўрақўрғон туманида “соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси асосида кенг миқёсли тадбир ўтказилди. 68 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги низоли, ночор, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг аниқ рўйхати шакллантирилди. Бу жараёнда давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳам катта ёрдам кўрсатдилар. Билдирилган таклиф-мулоҳазалар, муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Эндиги вазифа ана шундай тадбирларни бошқа туманларда ҳам ташкил этишдан иборат. Мана шундай йўл билан вилоятдаги 633 мингга яқин оиланинг турмуши фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилади. Давра суҳбатида вилоят адлия бошқармаси етакчи мутахассиси Шаҳзода Абдуллаева, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси мутахассислари Муҳаммаджон Дадамирзаев ва Ўғилой Рахматуллаева ҳам кун тартибига қўйилган мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳозалари билан ўртоқлашишди. Иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоблар ҳам қайтарилди. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил
News

Эл соғлиги ҳақида ғамхўрлик

  Тиббиёт соҳасида ишлашни, инсонлар дардига малҳам қўядиган шифокор бўлишни мактабда ўқиб юрган кезларимдан орзу қилардим. Чунки отам ҳам бир умр юрт саломатлигини сақлаш соҳасида меҳнат қилиб, обрў топган. Мен ҳам у каби халққа фойдаси тегадиган шифокор бўлиб етишишга аҳд қилдим. Шу мақсадда Андижон тиббиёт институтига кириб таҳсил олдим. Олий ўқув юртини битириб, иш бошлаганимга ҳам чорак асрдан ошди. Ўтган даврда поликлиника ва шифохоналарда турли вазифаларда ишладим. Айни пайтда эса Норин туман тиббиёт бирлашмасига раҳбарлик қилмоқдаман. Аммо ҳозиргача давлатимиз раҳбарияти томонидан бизнинг соҳамизга шунчалик юксак эътибор берилганлигини биринчи кўришим. Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган қатор йиғилишлар, Президентимиз томонидан имзоланган кўплаб муҳим ҳужжатлар фикримга далил бўла олади, деб ўйдайман. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча минтақаларида бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, ҳудудларнинг санитар ва эпидемиологик барқарорлигини таъминлаш, аҳоли тиббий маданиятини ошириш, ногиронликнинг олдини олиш ва уларнинг реаблитациясини яхшилаш сингари йўналишларда изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу эса пировард натижада фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва умрини узайтиришга, яъни инсон манфаатларига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бирлашмамиз ходимлари тиббиётдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уларни жорий этишда фаол иштирок этмоқдалар. Маҳалла фуқаролар йиғинларида, корхона, муассаса ва ташкилотларда тизимли равишда тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Суҳбатлар, мулоқотларнинг мавзуси соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни юксалтириш, юқумли касалликлар профилактикаси каби масалаларга бағишланган.  Шу билан бирга жамоамиз давр олдимизга аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш юзасидан янги-янги вазифаларни қўяётганлигини чуқур ҳис этмоқда. Яқинда, яъни Конституция қабул қилинганлигининг 26 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган иккита ҳужжат қабул қилинди. Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини назарда тутмоқдамиз. Уларда аҳолига давлат томонидан кафолатланган ҳажмларда сифатли ва ўз вақтида тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилган. Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда барча раҳбар ходимларнинг роли ва масъулиятини ошириш муҳимлиги ҳам таъкидланган. Мазкур ҳужжатларни ўқиб-ўрганиш жараёнида уларда бир қатор долзарб масалалар кўтарилганлигига ишонч ҳосил қилдим. Масалан, соғлиқни сақлаш органлари демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаш, аҳолининг саломатлиги ва касалланиши ҳолатини комплекс таҳлил қилиб боришлари талаб этилади. Бу борада жамоат соғлиғини сақлаш устуворлигини, касалликларни профилактика қилиш ва олдини олиш, патронаж хизмати ва фуқароларни уйма-уй юриб кўриб чиқиш, аҳолини соғлом турмуш тарзини кечиришга ундаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, энг аввало, ўз соғлиғи ва атрофидагилар соғлиғини муҳофаза қилишга масъулият руҳида тарбиялашни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш, ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳолининг соғлиғини сақлаш ва санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш доимий диққат марказида туриши лозим. Биз ҳам тиббий ёрдамни хизмат кўрсатилаётган аҳолига яқинлаштириш, ҳам ахборот технологияларини (телетиббиёт), медицина стандартларини, протоколлар ва тавсияларни кенг миқёсда жорий этиш ҳамда етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг тажрибасини минтақавий тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ходимларига бериш орқали аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитар, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати, оммабоплиги ва тезкорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор беришимиз даркор. Қисқаси, ушбу ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини комплекс ривожлантиришнинг 2019-2025 йилларга мўлжалланган концепцияси катта стратегик аҳамиятга эгадир. Уни муваффақиятли амалга ошириш 2025 йилга бориб оналар ўлимини 15 фоизга, гўдаклар ва болалар ўлимини эса 30 фоизга камайтириш имконини беради. Соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Хусусан, Соғлиқни сақлаш кодексини қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг кафолатланган ҳажми тўғрисида қонун ишлаб чиқилади. Мажбурий тиббий суғурта ҳақида ҳам қонун лойиҳаси яратилади. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳам кластер усули қўллана бошлайди. Бу, тегишли ва барча тиббий хизматларни кўрсата оладиган йирик муассасалар барпо этилади, демакдир. Ўз навбатида улар энг замонавий, халқаро мезонларга жавоб берадиган жиҳоз ва ускуналар билан таъминланади. Тиббиёт ходимларининг юқори даражадаги касб-кор малакасига эга бўлиши ҳақида ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Лўнда қилиб айтганда, тиббиётимиз улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар арафасида турибди. Улар халқимиз соғлигини янада мустаҳкамлашга йўналтирилганлиги билан диққатга сазовордир. Абдували МАВЛАНОВ, халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси ...

Батафсил
News

Янги нашр – «Адолат»чилар ҳамкори бўлади

  Наманган вилоятида чоп этилаётган матбуот нашрлари сони яна биттага кўпайди. “Оила саодати” ижтимоий, маърифий, маданий нашрининг илк сони ўқувчилар қўлига етиб борди. Газета А-3 шаклда, рангли, 8 бет ҳажмда чоп этилган. Янги нашрга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари эпиграф қилиб олинган: “Оила – ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир”. Чиндан ҳам жамиятнинг бирламчи ва энг муҳим бўғини ҳисобланган оила баркамол авлодни вояга етказишда, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда ва кенг оммалаштиришда, халқимизнинг азалий қадриятларини асраб-авайлашда ва рифожлантиришда муҳим ўрин тутади. Газетанинг шу сонидаги барча муаллифлар ана шу ҳақда ёзадилар. Хусусан, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг раиси Ирода Қўчқорованинг “Саодатли оилалар кўпайсин”, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Мўътабархон Мақсудованинг “Юксак маънавият бешиги” сарлавҳали мақолаларида оиланинг жамиятдаги ролини янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилади. Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга ечимини кутаётган муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари ҳақида ҳам гап боради. – “Оила саодати”нинг нишона сони билан синчиклаб танишиб чиқдим, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” фаолларидан бири Ойлархон Охунова. – Материалларнинг аксарияти маъқул тушди, уларда жуда муҳим масалалар кўтарилган. Жумладан, “Мустаҳкам оила сири нимада” саҳифаси, “Оила мувозанати” сарлавҳали суҳбат,” ношукурлик одамни абгор қилади” деган мақолалар, “Онаизор” ҳикояси яхши таассурот қолдирди. Айни пайтда таҳририят жамоаси билан партиямиз вилоят Кенгашининг “Аёллар қаноти” ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш фикри туғилди. Буни бошқа сафдошларимиз ҳам маъқуллашди. Менимча, бу иш ҳар икки томонга фойда келтиради. Газета муҳаррири Шаҳло Тошбековани яхши танийман. Вилоятдаги иқтидорли ва ҳар жиҳатдан фаол журналистлардан. Матбуотда долзарб мавзудаги таъсирчан материаллари билан ном қозонган. Уни янги нашр дунё юзини кўргани билан қутлаб, партиядошимизнинг фикрини ҳам маълум қилдим. Таклиф муҳаррирда ҳам қизиқиш уйғотди. Демак, тез орада таҳририят билан “Аёллар қаноти” ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишидан умид қилса бўлади. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Руҳий хасталиклар халоскори

Матбуотчи бўлганимиз учун иложи борича кўпроқ газета-журналларни кузатиб боришга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳар бир нашрда ўзига хос, ўрганишга арзийдиган жиҳатлар бор. Баъзан шундай материаллар учраб турадики, уларни бошқалар билан баҳам кўргимиз келади. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган материал ҳам шундайлар сирасига киради. Унда партиядошимиз, Наманган вилоят руҳий касалликлар шифохонаси врачи Ўткиржон Шариповнинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Бу лавҳа яқинда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Шифокор ва ҳаёт” газетасида чоп этилган. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби *** Меҳр гўё офтобга ўхшайди. Унинг тафти ҳам қалбларни мунаввар этади, илитади. Шифокор аҳлининг қуёшдек, меҳр-эътибори эса бемор танасини дарддан фориғ қилади. Улар ўз ҳаловатларидан кечиб бўлса-да, ўзгаларга ҳаловат улашишади. Ана шундай эзгу ниятли инсонлар сафида вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ўсмирлар бўлими мудири, олий тоифали врач-психиатр Ўткиржон Шарипов ҳам бор. Иш соати тугаб, кун аллақачон ўз ўрнини тунга бўшатганига қарамай, дўхтир ҳалиям касаллик варақаларини кўздан кечиряпти. Беморлари анемнизи билан обдон танишаркан, бироз ўйчан, бироз ташвишли, "Даволашни кечиктирмаслик керак, муолажаларни вақтида бошлаш керак...". У уйга кетиш олдидан яна бир бор беморларни назоратдан ўтказиш учун палаталар томон йўналди. Ташрифидан навбатчи ҳамширалару бўлим бекаларининг ҳушёрлиги янада ошади. Беморлари эса шифокорнинг самимий сўзларидан ўзларида эртанги кунга умид ва ишонч ҳиссини яна бир бор туюшлари аниқ. Яхшиси, тиббиёт заҳматкаши ҳақида бир бошдан ҳикоя қилайлик. Ўткиржон Шарипов Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида туғилган. Отаси Латипжон Шарипов эпидемиолог врач эди. Эсини танибдики, хонадонларидан қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг қадами узилмаган. Латипжон акадан нажот излаб, даво топиш илинжида келганларни кўриб, ўғли қалбида ота касбига меҳр уйғонганлиги табиий. Шу боис қишлоқдаги 33-мактабни тамомлаб, 1991 йили Андижон давлат тиббиёт институтига йўл солади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлиш бахтига мушаррафланади. Билим масканида устозлардан қунт билан таълим олади. Вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасида интернатурани ўтади. Аслида, у травматолог-ортопед мутахассиси бўлишни дилига тугган эди. Ҳатто институтдаги таътил пайтларида вилоят травматология шифохонасида вақтинча фельдшер бўлиб фаолият ҳам юритган. Аммо ўша пайтдаги бошқарма бошлиғи М. Тўрабековнинг раъйини қайтаролмайди. Вилоятда психиатр-врач кадрларга эҳтиёж юқорилиги боис бошқарма бошлиғи ундан интернатура ўтаган мазкур шифохонада иш фаолиятини давом эттиришни таклиф қилади. У 1998-1999 йиллари диспансернинг болалар бўлими мудири, 1999 йилдан ҳозирга қадар ўсмирлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у 2006-2014 йилларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг штатсиз бош суицидологи ҳамда шу йилларда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида психиатр-консультант бўлиб ҳам хизмат қилган. Ҳеч кимга сир эмаски, руҳий-асаб йўналиши анчайин мураккаб. Чунки мазкур соҳа ходимлари кўпроқ ақлан нуқсли инсонларни соғломлаштириши керак-да. Соғлом инсонлар доимо юраги, буйраги, ошқозони, қўйингки танасининг бирор аъзоси безовта қилса, шикоятини аниқ айта олади. Лекин психикаси бузилганлар-чи? Улардаги турли ўзгаришларни псиҳиатрнинг ўзи англаб етмоғи, керак бўлса унга биринчи галда кардиолог, гастроэнтеролог ва уролог сифатида ҳам ёрдам бермоғи лозим. Бу эса мутахассисдан меҳнат ва машаққат, билим ва малака, қолаверса жуда катта масъулиятни талаб этади. Шуни жуда яхши ҳис қилган Ўткиржон ҳамиша билимларини мукаммаллаштиришдан, ўз устида тинимсиз ишлашдан чарчамайди. Республика ва хориж мамлакатларида ўтказиладиган врачлар конференцияларида маърузалари билан фаол иштирок этади. Шунингдек, у матбуот нашрларида психиатрия, психотерапия, суицидология сингари долзарб масалаларга оид мақолалари билан фаол қатнашиб туради. Устозлари Шавкатжон Тўхтаназаров, Абдуллажон Нурматов, Александр Шетений, Каромат Қаюмова, Мажидхон Ҳамидов, Акбарали Қосимов, Раҳимжон Парпиев, Турсунали Сиддиқов, Абдулазиз Йўлдошевлардан олган сабоқлари етук мутахассис бўлишида жуда-жуда асқотганлигини ҳамиша эътироф этади. Ўткиржон исми-жисмига мослигини керакли пайтда доимо кўрсатишга қодир йигит. Чунончи, 2013 йили ноябрь-декабрь ойларида Россия Федерациясининг Омск шаҳрига шошилади. Балки малака оширгани дерсиз. Йўқ-йўқ, у Н. исмли Ўзбекистон фуқароси, руҳий бемор, жиноий жавобгарликка тортилганда мутахассис сифатида ҳимоя қилиш учун тиббий маълумотларини олиб боради. Жиноятга қўл урган шахснинг судида иштирок этиб, руҳий хаста эканлиги учун зарур амалий ёрдам бериб қайтади. Ҳозирда унинг раҳбарлигидаги қирқ ўринли бўлимида хулқ-атвори бузилган, ақлий, руҳий ва жисмоний нуқсони бор ўспиринлар даволанишади. Яна бу ерда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси томонидан харбий хизматга чақирилувчиларнинг ҳам руҳий ҳолатидаги нуқсонсонлилар сараланар экан. У талабчан раҳбар. Бўлим ходимларидан ҳамиша ўз касбига садоқатни, беморларга эътибор ва ғамхўрликни, муолажаларни ўз вақтида олиб боришни, кўмакка эҳтиёжмандларнинг озодалигини, хоналарнинг саранжом-саришталигини доимо диққат марказида тутади. — Фарзандим олигофрения хасталиги туфайли шу ерда тез-тез даво муолажаларини олади. Баъзан ойлаб даволатишга тўғри келади. Ҳамиша озода, тирноқлари олинган, усти-бошлари тартибли ҳолатда бўлади. Ўғлимни бу ерга олиб келганимизда у ҳеч нимани ҳис қилмас, ҳаттоки юра олмас эди. Мана, ҳозир ўзи мустақил юришни, санашни, ҳис қилишни ўрганди. Бунинг учун шифохона ходимларига раҳматлар айтаман, — дейди Саида Йўлдошева нигоҳларида қалқиган севинч ёшлари билан. Албатта, Ўткиржон Шариповдек касбига содиқ, шифокорлар бор экан, бундай миннатдорлик изҳорлари бардавом бўлаверади. Устозлар дуосини олган, бугун ўзи ҳам устоз мақомида шогирдлари Улуғбек Раҳимов, Лутфулло Дарвишев, Расулжон Эшматовларнинг тиббий билим ва кўникмаларини оширишида ҳамкору маслакдош бўлаётган шифокорни бундан буён ҳам халқ ишончини оқлаб, олқишу шарафларга лойиқ бўлиш бахти асло-асло тарк этмасин деймиз. Манзура ЭРГАШЕВА, партия фаоли ...

Батафсил
News

Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият

Шу кунларда ким билан суҳбатлашманг, ҳар бир киши сиёсатдан гап очилса, албатта, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳақида гап бўлади. Чунки бу маърузада халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганлиги яна бир бор қайд этилди. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинаётганлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари Бош қомуснинг аҳамияти ҳақида гапириб, билдирган фикрлари айниқса, диққатга сазовордир. “Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда. Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда. Бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Айнан шу сабабли Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.” Маърузада сўнгги даврда мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳар бир ишда адолат тамойилларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида гап борди. Бу фикрни далиллайдиган ишончли мисоллар ҳам келтирилди. Масалан, кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди. Яна мисолларга мурожаат қилсак. Икки йил атрофидаги муддат мобайнида 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Кўриниб турибдики, инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунда жамоат ташкилотларининг роли кучайиб бораётганлиги ҳам диққатга сазовордир. Жиноят йўлига адашиб кириб қолган, кейинчалик эса қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди. Жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилгани ҳам эътиборга лойиқдир. Президентимиз Конституциянинг 26 йиллиги арафасида имзолаган махсус Фармонга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди. Юқорида келтирилган фикрлар ва баён этилган мисоллар юртимизда барча соҳада, айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасида адолатни тиклаш юзасидан кенг миқёсли ишлар олиб борилаётганлигидан далолатдир. Партиямиз фаоллари, шунингдек, депутатларимиз халқ вакиллари, сайловчилар билан учрашганда Президентимиз маърузасининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтирмоқдалар. Кишиларимиз ҳам ўз навбатида мазкур ҳужжатда ифода этилган қоида ва ва хулосаларни қўллаб-қувватламоқдалар ҳамда қўйилган долзарб вазифаларни амалга ошириш учун бор билим ва куч-ғайратларини сафарбар этишларини изҳор этмоқдалар. Фаридахон ОТАХОНОВА, халқ депутатлари Чуст туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари ...

Батафсил
News

Бош қомус – йўлчи юлдуз

Яна бир неча кундан кейин мамлакатимиз халқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигини нишонлайди. Бу сана тарихимизда Мустақиллик сари бошланган жараёнда ҳақиқий йўлчи юлдуз вазифасини ўтади, десак муболаға бўлмайди. Истиқлол йилларида амалга оширилган улуғвор ишларнинг қайси бир йўналишига назар ташламайлик, Конституция ва унга мувофиқ қабул қилинган қонунларнинг устуворлиги таъминланаётганлиги кўзга ташланади. Рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги ва чуқурлашаётганида, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккури ўсиб бораётганида ҳам Бош қомуснинг куч-қудрати ўз аксини топмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтириш мақсадга мувофиқдир. “Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди”. Чиндан ҳам Бош қомус давлатимизнинг Истиқлол йўлидан барқарор ривожланиши, қолаверса, ҳар бир инсоннинг жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўз истеъдодларини рўёбга чиқариши, фаровон турмушга эришиши учун имкониятларни юзага келтирди. Менимча, бугунги дориломон замоннинг қадрига етиш, миллатимизнинг азалий орзулари ушалиб, Ўзбекистонимиз жаҳон ҳамжамиятида эгаллаган ўрни тобора мустаҳкамланаётганини тўлақонли ҳис этиш учун ҳар биримиз тез-тез Конституцияга мурожаат этиб туришимиз даркор. Чунки уни ўқиганингизда ҳар бир сатрдан инсонпарварлик ва адолат ғоялари уфуриб турганига амин бўласиз. Ҳар бир боб, ҳар бир моддада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга алоҳида урғу берилган. Бош қомусда битилган қоидалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви, балки ижтимой ҳаёт тамойиллари ҳам белгилаб қўйилган. Шунинг учун уларни ҳар бир киши мунтазам ўқиб-ўрганиши ва амал қилиши катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида қабул қилинган қонунлар халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида мужассам этади. Айниқса, кейинги йилларда кучга кираётган қонунлар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилаётган, одамлар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларга жиддий эътибор берилаётганлиги диққатга сазовордир. Мана, яқинда ҳаммамиз Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг жамоатчидик муҳокамасида қатнашдик. Қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирдик. Сайлов қонунчилиги мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида қандай муҳим ўрин тутиши ҳақида изоҳлар ортиқчалик қилишини ҳар бир киши яхши тушунади, деб ўйлайман. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қоидалариннинг халқаро меъёрлари ҳамда демократик принципларгага мувофиқ келишини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга. Бу ҳақда Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам таъкидланган. Лойиҳа билан танишар эканмиз, у сайловларни кузатиш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар миссияларининг тавсиялари ҳисобга олинган. Мазкур ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг сайловлар тўғрисидаги амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштиришга йўналтирилган. Жумладан, Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш институти бекор қилиниши назарда тутилган. Аммо айни пайтда Қонунчилик палатасидаги депутатлар миқдорини (150 та ўрин) сақлаб қолиш таклиф қилинган. Яна бир эътиборли жиҳат — сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхатини жорий қилиш қоидалари қонун билан тартибга солинади, ягона ҳужжатни жорий қилиш орқали “Сайлов варақаси” деган тушунча бекор қилиниб, сайлов бюллетенида муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда асосий ҳужжат сифатида фойдаланиш имконияти юзага келади. Шунингдек, сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини жорий этиш кўзда тутилади. Сайловчига, сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони ҳам берилади. Бундай ўзгаришлар анчагина ва улар сайлов жараёнларини янада такомиллаштиришга ва демократлаштиришга хизмат қилади. Бу билан фуқаролар ўзларининг сайловга оид ҳуқуқларидан янада тўлақонли фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади. Бу фикрларни айтишдан мақсад шуки, Конституциямиз нафақат бугунги кунда амал қилаётган қонунлар мажмуаси амал қилишини, балки эртанги истиқболни белгиловчи муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам йўлчи юлдуз вазифасини ўтайверади. Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Партиядошимиз нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этди

Бир неча кун аввал маҳаллий телеканаллардан бири Норин туманидаги “Шўрариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлагани ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, уни шу ерда яшовчи тажрибали педагог, мактабгача таълим фахрийси Муқаддасхон Асиева ташкил этибди. Мен ҳам бу аёлни яхши танийман, чунки у “Адолат” СДП фаолларидан бири, турли тадбирлар ва йиғилишдарда кўп кўрганман. Шунинг учун табриклаб қўйиш маъносида партиямиздан халқ депутатлари вилоят кенгашининг депутати, мазкур туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавланов орқали унинг телефон рақамини топиб, қўнғироқ қилдим. Амалга оширган эзгу иши билан қутлаб, сафдошларимизнинг яхши тилакларини ҳам етказдим. – Раҳмат, раҳмат, эътибордан ниҳоятда миннатдорман, — деди у. – Иложини топсангизлар-у бир келиб, кўриб кетсанглар. Жамоамиз аъзолари ҳам хурсанд бўларди. Балки бошланғич партия ташкилоти тузишни ўйлаб кўрармиз. Ишимизга баҳо берсангизлар, фикрингиз биз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўларди. Шанба куни вилоят марказидан Норин тумани сари йўдга чиқдик. “Шўрариқ” маҳалласи Норин-Ҳаққулобод йўлининг шундоққина устида жойлашган экан. Томларидаги тунукалари-ю, деворлари янгигина бўялган бино марказдаги чапга кетган кўчанинг бўйидалиги учун узоқдан ҳам кўзга ташланиб турибди. Бизни МТМ мудираси, партиядошимиз Муқаддас Асиеванинг ўзи кутиб олди. Хоналарни айландик, ташқарида жиндай совуқ бўлишига қарамай, бу ерда ҳарорат мўътадил. Жиҳозлар ва ашёларнинг барчаси янги. Кичкинтойларнинг кайфияти яхшилиги билиниб турибди. – Ўзим йигирма йилдан зиёд боғча мудираси бўлиб ишлаганман, — дейди Муқаддасхон Асиева. – Мактабгача таълим соҳасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилаётган янгиликлардан хурсандман. Чиндан ҳам мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилган экан, бу вазифа муносиб кадрларга боғлиқ. Уларни тайёрлашни эса айнан мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш керак. Бу эзгу ишга мен ҳам ҳисса қўшишни ният қилдим. Оила аъзоларига шу тўғрида маслаҳат солганида, улар ҳам қўллаб-қувватлашди. Айниқса, ўртанча ўғли Ойбек ташкилий масалаларни зиммасига олганидан хурсанд бўлди. Чунки у олий маълумотли иқтисодчи, тумандаги ташкилотлардан бирида бош ҳисобчи бўлиб ишлайди. Маҳалла марказида бўш ётган, аммо қаровсизликдан анчагина абгор ҳолатдаги собиқ қишлоқ фуқаролар йиғини биноси “ноль” қийматда ташаббускор аёлга берилди.   Қишлоқда хусусий мактабгача таълим муассасаси очмоқчи бўлган тадбиркорларга бинони мукаммал таъмирлаш учун 609 миллион сўм зарур бўлиши аниқланди. Бу бўйича “Капиталбанк”нинг Наманган бўлимига мурожаат қилишди. Юқоридаги маблағнинг тўртдан уч қисми имтиёзли кредит сифатида берилди. Унга ўзларининг жамғармаларидан ҳам қўшиб, малакали қурувчи усталарни мшга чорлашди. Икки ой ичида қилинган зарбдорларча меҳнат ўз самарасини берди. Ана шу муддат ичида бинонинг ташқи ва ички қиёфаси батамом ўзгарди. Муҳандислик тизимларидан тортиб ёритиш ва иситиш учун шарт-шароитлар ҳам янгиланди. Атрофдаги ҳудуд ҳам ободонлаштирилди. Нодавлат мактабгача таълим муассасасига “Жажжи зукколар” деган ном берилди. Янги МТМ 75 ўринга эга бўлиб, таълим жараёнида болаларга инглиз ва рус тиллари чуқур ўргатилади. Кейинчалик  корейсчани ўзлаштириш имконияти ҳам пайдо бўлади. Шунингдек, тарбияланувчилар гимнастика ва рақс сирларини ўзлаштирадилар. Лойиҳа ижроси натижасида 16 та иш ўрни вужудга келди. Уларга  маҳалладаги  тегишли  мутахассисликларга эга хотин-қизлар жалб этилди. Психолог Мадина Шамсиддинова, тарбиячи Одина Жуманова, инглиз тили муаллимаси Маҳбуба Эргашева, рус тили ўқитувчиси Гулшода Раҳимжонова шулар жумласидандир. Дарвоқе, меҳмонлар МТМ фаолияти билан танишиш асносида “Адолат” СДПнинг сайловолди дастури, Низома ва ғоялари ҳақида жамоа аъзолари билан қисқача суҳбат ҳам ўтказдилар. У ҳаммада яхши таассурот қолдирди. Ажаб эмас, тез орада Шўрариқда янги бошланғич партия ташкилотимиз пайдо бўлса. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!