НАМАНГАН

Манзил: Наманган шаҳар, Банк кўчаси, 9-уй

Телефон: (69) 227-23-84, 227-20-38

Электрон манзил:  namangan@adolat.uz

Янгиликлар
News

Янги марраларга ундайди

  Ўтган ҳафтада вилоятимиз аҳли ҳаётида катта воқеа юз берди. Қиш фасли поёнига етиб, баҳор бошланаётган дамларда Наманганга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш асносида ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, пировард натижада халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш имконини берадиган истиқболли лойиҳаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш юзасидан қимматли йўл-йўриқ ва тавсияларни берди. Шу кунларда корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида юртдошларимиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш иштиёқида режалар белгилаб, янада фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Президентимизнинг мулоқотларида улкан бунёдкорлик ишларининг самарасига юксак ишонч, эртанги кун порлоқ бўлишига умидворлик барқ уриб турибди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Наманган шаҳридаги “Art Soft Tex Group” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу корхонада ҳозир 2 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган турли бичим ва рангдаги сочиқлар, халат, чойшаб ва бошқа маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия, Украина, Болгария, Молдова каби давлатларга ҳам жўнатилмоқда. Ўтган йилги экспорт ҳажми 9,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Тез орада “Art Soft Tex Group” фаолиятини кенгайтириб, кластер усулида ишлашга ўтади. Яна бир йирик лойиҳа — Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бўлиб, Фарғона водийси вилоятларида электр энергияси таъминотидаги барқарорликни таъминлайди. Объектда ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг 83 фоизи бажарилди. Шу кунларда бу ерда 2400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчилар бунёдкорлик ишлари билан банд. Қурувчилар йил охиригача ИЭСнинг ҳар икки энергоблогини фойдаланишга топширишни мақсад қилишган. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларнинг аксариятида туризм иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланган. Кейинги йилларда бу масалага Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки бу соҳа биринчидан, катта даромад келтиради. Иккинчидан, халқимизда тарихий ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш орқали қадриятларимизга меҳр-муҳаббатни оширади. Наманганда ҳам мамлакатнинг бошқа минтақалари қатори сайёҳлик индустриясини ривожлантириш учун жуда яхши имкониятлар бор. Кўпчиликнинг эътиборини жалб эта оладиган осори-атиқалар орасида Косонсой тумани маркази яқинидаги Муғ қалъаси харобалари, Наманган шаҳридаги Хўжа Амин мақбараси, Мулла Қирғиз мадрасаси, Отавалихон тўра масжиди ва бошқа ёдгорликлар бор. Улар аждодларимизнинг меъморчилик борасидаги иқтидор ва маҳоратларига қўйилган ҳайкалдай ҳозирги ва келгуси авлодлар маънавий дунёсини бойитиб туради. Тўрақўрғон туманида, азим Сирдарё соҳилида жойлашган қадимий Ахсикент харобалари вилоятдаги тарихий ва маданий ёдгорликлар орасида алоҳида ўрин тутади. У милоддан олдинги даврларда ҳам аждодларимиз шаҳарсозлик борасида катта тажрибага эга бўлганлигидан далолат беради. Айни вақтда мазкур археологик объект жаҳон илмий жамоатчилигининг ҳам эътиборини жалб этмоқда. Яқинда ташкил этилган “Ахсикент” тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва ўрганиш дирекцияси бу ердаги барча ишларни мувофиқлаштириб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан очиқ осмон остидаги тарихий мажмуа барпо этишга киришилган. Қадимий шаҳар сирларини чуқур ўрганиш мақсадида унинг харобаларида қазишма ишлари ҳажми кенгайтирилмоқда. Яқин келажакда Ахсикент йирик сайёҳлик марказига айлантирилади. Ҳар икки йилда тарихий фестиваль ўтказиш эса яхши анъанага айланади. Давлатимиз раҳбари қадимий шаҳар харобалари билан танишгандан сўнг мактаб ўқувчилари юртимиз тарихини шу ерда ўргансалар мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Наманган давлат университетида археология йўналишида кадрлар тайёрлаш таклифи ҳам берилди. Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш ҳам барчанинг диққат марказида бўлди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда кенг жамоатчилик вакиллари қаторида фаолларимиз, партиямиздан сайланган депутатлар ҳам иштирок этдилар. Давлатимиз раҳбари вилоятда ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталди, барча соҳада эришилган натижалар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, бултур умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 577 ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилгани, инвестициялар ҳажми 1,7 баробар ошгани қайд этилди. Айни пайтда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар борлиги, айрим соҳаларда мавжуд имкониятлар ва резервлар тўла ишга солинмаётганлиги таъкидланди. Мисол учун, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши республика кўрсаткичидан икки марта паст бўлди, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми камайгани танқид қилинди. Албатта, вилоятимиз аҳли Президентимиз кўрсатмалари ва йўл-йўриқларини ўзи учун дастуриламал деб қабул қилди ва уларни оғишмай амалга оширишга жиддий киришди. Наманганликлар ўзларининг фидокорона меҳнатлари, изланиш ва интилишлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга аҳд қилишган. Бу борада барча қатори партиядашларимиз ҳам ўрнак кўрсатадилар. Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси   ...

Батафсил
News

Дилдора Охунова: рағбат, ишонч ва масъулият

Кейинги йилларда “Адолат” социал-демократик партияси туманимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлиб қолди. Сафдошларимиз сони ҳам ортиб бормоқда. Чунки партия ғоя ва мақсадларининг жозибадорлиги, сайловолди дастурида кўпчилик учун катта аҳамиятга эга бўлган масалалар кўтарилганлиги кишида қизиқиш уйғотмай қолмайди. Мен ҳам шу туфайли “Адолат” СДПга аъзо бўлганман. Бошланғич партия ташкилоти ўтказадиган тадбирларда, туман миқёсидаги учрашув, давра суҳбати ва мулоқотларда қатнашиб тураман. Ўзим ҳақимда қисқача айтсам, ҳозир Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги 22-умумтаълим мактабида директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлайман. Мутахассислигим мусиқий таълим ўқитувчиси. Оилалиман, турмуш ўртоғим билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқдаман. Ишдан ва уй юмушларимдан бўш вақтларимда кўпроқ китоб ўқишга, янги куй-қўшиқлар ўрганишга интиламан. Яқинда “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли“ кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашдим. Ҳайъат аъзолари мени ғолиб сифатида эътироф этиб, пойтахтда ўтадиган якуний босқичга йўлланма бердилар. Анча-мунча тайёргарлик кўргандим, лекин биринчи ўринни олишим хаёлимга келмаганди. Чунки асосий мақсадим сафдош аёллар билан танишиш, улардан нималарнидир ўрганиш эди. Аслида ҳам шундай бўлди. Вилоят босқичида қатнашган партиядошларимизнинг чиқишларини синчиклаб кузатдим. Айниқса, уйчилик Муаттар Икромованинг топқирлиги, Рўзигул Анорқулованинг тадбиркорлиги, чортоқлик Иқболой Толибжонованинг санъатсеварлиги жуда манзур бўлди. Уларнинг шу фазилатларидан бундан кейинги фаолиятимда фойдаланишга ҳаракат қиламан. Вилоят босқичида ғолиб чиққаним менинг учун катта рағбат бўлди. Ҳар ҳолда анча тайёргарлик кўргандим. Айни пайтда бу ҳолатни ўзимга билдирилган ишонч сифатида ҳам қабул қилдим. Чунки бугун вилоят шарафини ҳимоя қилишга тўғри келди. Бу эса ўз навбатида масалага янада масъулият билан ёндошишни талаб этди. Партиямизнинг энг зукко, иқтидорли ва изланувчан аёллари баҳсида муносиб иштирок этганимдан хурсандман. Дилдора ОХУНОВА, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли“ кўрик-танловининг Республика босқичи иштирокчиси ...

Батафсил
News

Наманганда туман ва шаҳар кенгашларининг пленумлари ўтказилди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наманган вилоят Кенгашларининг пленумларида ўтган йилги фаолият натижалари сарҳисоб қилиниб, янги вазифалар белгиланмоқда. Поплик сафлошларимиз ҳам туман кенгашининг навбатдаги XI пленумида эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам рўй-рост фикр юритдилар. Бу эса ҳеч шубҳасиз, БПТ ва уларнинг аъзолари янада фаоллашиб, олдинда турган вазифаларни муваффақиятли бажаришларида муҳим омил бўлади. Мунира Салоҳиддинова, “Адолат” СДП Поп туман Кенгаши раиси: – Мен партия Сиёсий Кенгаши пленуми материаллари билан “Адолат” газетаси саҳифаларида яқиндан танишдим. Вилоят Кенгаши пленумида эса ўзим қатнашиб, у ердаги танқид ва ўз-ўзини танқид руҳида ўтганини кўрдим. Шунинг учун биз ҳам маърузани таҳлилий асосда тайёрладик. Халқ депутатлари туман кенгашидаги депутатдик гуруҳи ҳисоботидв ҳам шундай ёндошув ўз ифодасини топди. Акс ҳолда олға томон қадам ташлашимиз мушкул.    Чиндан ҳам маърузада бир қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Масалан, сафларга қарийб 700 нафар янги аъзо қўшилди. Бугунги кунда партиядошлар сони икки минг кишидан ошди. Бошланғич ташкилотлар ҳам 11 тага кўпайиб, ҳозир 24 тани ташкил этмоқда. Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида фаоллар ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, мунтазам равишда маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўрнатилди. Ҳисобот даврида 42 та маҳалладаги 720 та хонадон ва 27 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Маърузачи – партия туман кенгашининг раиси Мунира Салоҳиддинова, музокарадарда сўзга чиққан 34-мактаб ўқитувчиси Кўпайсин Эргашева, хусусий тадбиркор, ўтган йилги “Адолатли қайнона” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиби Лолахон Абдувоҳидова, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Насиба Мавлонова ва бошқалар фаолиятда бир қатор камчиликлар борлигини ҳам айтиб ўтдилар. Энг аввало, депутатлик гуруҳи ишини жонлантириш талаб этилади. Ўтган йили халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига биронта масала киритилмаганлиги ачинарли ҳолдир. Депутатлик сўровларининг миқдори ва самарадорлиги ҳам талаб даражасида эмас. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик кучайтирилиши зарур. Бу, айниқса, сайловлар йилида алоҳида аҳамият касб этади. Аъзолик бадаллари йиғишни ҳам тизимли йўлга қўйиш талаб этилади. Пленум ишида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев қатнашди ва навбатдаги муҳим вазифалар ҳақида нутқ сўзлади. Пленумда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди. Шунингдек, Косонсой, Чуст, Чортоқ туманлари, Наманган шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленумлари ҳам бўлиб ўтди. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Депутат халқ орасида: маҳаллалардаги мулоқотлар давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов Наманган шаҳри сайловчилари билан учрашувларни давом эттирмоқда. 28 февраль куни у 40-Сардоба сайлов округи ҳудудида жойлашган бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказди. Дастлаб парламент аъзоси партиямиз фаоллари ҳамроҳлигида “Янги аср” маҳалласига ташриф буюрди. Хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг турмуш тарзи ўрганилди, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида фикр алмашилди, турли-туман масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Садриддин Мираҳмедов, “Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғини раиси: Ўтган давр мобайнида ҳудудимизда катта миқёсда қурилиш ишлари амалга оширилди. Одамларимиз ҳаётдан хурсанд, мамлакат раҳбарияти олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқдалар. Айниқса, тадбиркорликка кенг йўл очиб берилгани барчага маъқул тушмоқда. МФЙ раиси Қонунчилик палатаси депутатини 6-Марғилон кўчасидаги бир қатор хонадонларга бошлаб борди. Улардан бирида Аҳадхон Мирмусаев яшайди. Икки ўғли ўзи каби умумий овқатланиш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланади. Чиройли ҳовли-жойларга эга. Шарифжон Умархоновни ҳам тадбиркорлар оиласининг бошлиғи дейиш мумкин. У чорвачилик билан шуғулланади. Чоғроқ молхонаси ва қассобхонаси бор. Бир нечта ижтимоий соҳа объектларини гўшт маҳсулотлари билан таъминлайди. Тўртта фарзанди отахон билан ёнма-ён меҳнат қилади. Шунинг учун рўзғорда барака бор, ҳаётда камчилик йўқ. Мухторжан Жўрабоев оиласи ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. МФЙ фаоллари ва аҳоли вакиллари билан ўтказилган мулоқотлар давомида маҳаллада айрим муаммолар мавжудлиги ҳам аён бўлди. Масалан, ҳозир идора сифатида фойдаланилаётган хоналар тор, кўп жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Тўғри, МФЙ идораси учун бино қурилиши бошланган, аммо ниҳоясига етмай тўхтаб қолган. Уни тезроқ битириб, фойлаланишга топшириш зарур. Қатор янги кўчаларни асфальтлаш масаласи ҳам кўпдан бери ҳал бўлмаяпти. Яна бир муаммо электр таъминоти билан боғлиқ. Бу борадаги узилишлар ҳаддан зиёд. Бу эса одамларнинг кайфиятига таъсир қилмай қолмайди, албатта. “Адолат” СДП фракцияси аъзоси уларнинг ҳаммаси билан шуғулланишни зиммасига олди. Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубовнинг аҳоли вакиллари билан мулоқотлари давом этмоқда. Навбатдаги материалларда бу мавзуга яна қайтамиз. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Депутат халқ орасида: фракция аъзоси фаоллар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик паласидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ўз сайловчилари билан учрашиш мақсадида Наманган шаҳрига ташриф буюрди. Бир неча кун мобайнида 40-Сардоба сайлов округи ҳудудида жойлашган корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида мулоқотлар ўтказилади. Депутат ўтказган илк учрашувда эса партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари иштирок этдилар. Шуҳрат Якубов дастлаб “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган пленумида кўриб чиқилган масалаларга атрофлича тўхталди. Шу йил охирида ўтказиладиган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар муносабати билан ҳудудий кенгашлар, БПТ ва фаоллар олдида турган долзарб масалалар ҳақида ҳам фикр юритилди. Бу муҳим сиёсий кампанияга тайёргарликни янада кучайтириш лозимлиги қайта-қайта таъкидланди. Парламент аъзоси бир неча кун аввал Қонунчилик палатасида муҳокама этилган ва таслиқланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси ҳақида ҳам муфассал сўзлаб берди. Тез орада ушбу Сайлов кодекси ҳозирда амалда бўлган бешта сайловга оид қонунлар, яъни «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунларнинг ўрнига амал қила бошлайди. Юқорида қайд этилган бешта қонунда мавжуд 180 та моддадаги айрим такрорлашлар бартараф этилгани ҳолда 101 та моддага жамланди. Бу фуқароларга қулайлик яратади, яъни аввалги бешта қонуннинг ўрнига барча сайлов жараёнларида битта кодексдан фойдаланилади. Янги кодексда Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Бунда амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолинади. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинади. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинади. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланади. Шунингдек, илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгилаш амалиёти жорий этилади. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 нафардан дан 5 кишигача кўпайтиришам назарда тутилмоқда. Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўлаш тартиби белгиланди. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида бундан кейин сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкин. Овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+, √, X) бирини қўйиш имконияти берилади. Шунингдек, янги Сайлов кодексидан бошқа бир қатор янгиликлар ҳам ўрин олган.  Депутат билан мулоқотда “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев, Косонсой ва Чуст туман партия кенгашларининг раислари Муроджон Жалилов, Содиқжон Аҳмедов, халқ депутатлари Уйчи туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Фарида Отахонова ва бошқалар партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, сайловларга пухта ҳозирлик кўриш, янги Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Пировардида Шуҳрат Якубов учрашув қатнашчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарди. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиб ...

Батафсил
News

Кўрик-танлов: Мингбулоқлик Дилдора пойтахтга боради

Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини янада мустаҳкамлаш ва мавқеини оширишга қаратилган изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Айни пайтда “Адолат” СДП ҳам ўзининг сайловолди дастурига мувофиқ аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалрига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишда қатор қизиқарли ва фойдали лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, муваффақиятли амалга оширилмоқда. “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови шулар жумласидандир. Ёрқиной Ҳожиматова, “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли: – Бутун жамиятда бўлган каби партиямизда ҳам опа-сингилларимизнинг фаоллиги тобора ошиб бормоқда. Улар партия ташкилотларимиз олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бугунги танловда қатнашаётганлар шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритганлар. Назаримда, уларнинг барчаси мамлакат босқичида қатнашишни ўзларига мақсад қилишган ва шунга яраша тайёргарлик кўришган. Биз сафларимизда шундай заковатли ва иқтидорли аёллар борлигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танлови Наманган вилояти босқичи қатнашчиларини дастлаб партия вилоят Кенгашининг раиси исроил Жўраев ва Ўзбекистон Респубоикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов табрикладилар. Улар ўз сўзларида партиянинг сиёсий ҳаётдаги нуфузини кучайтиришга, ролини кучайтиришга опа-сингилларимиз ҳам катта ҳисса қўшаётганликларини таъкидладилар. Бундай тадбирлар “Адолат” СДПнинг танилувчанлигини оширишга, ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилишга ҳар томонлама кўмаклашиши қайд этилди. Шундан кейин иштирокчилар кўрик-танлов шартларини бажаришга киришдилар. Биз баҳслар бошланишидан олдин бир қатор томошабинлар билан суҳбатлашдик Уларнинг аксарияти ижтимоий-сиёсий соҳага оид саволларни ўзида жамлаган иккинчи шарт натижалари усусий якунда ҳал қилувчи роль ўйнайди, деган фикр билдирдилар. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Биринчи шарт якунларига кўра уйилик Муаттар Икромова, чустлик Рўзигул Анорқулова, чортоқлик Иқболой Толибжонова бошқаларга нисбатан бирмунча юқори балл тўпладилар. Аммо савол-жавоблардан сўнг пешқадамлар ўзгарди Бу шартни бажаришда мингьулоқлик Дилдора Охунова ҳаммадан кўп балл тўплади. Мана шу устунлик унда учинчи шартдан сўнг ҳам сақланиб қолди ва биринчи ўринни эгаллаш имконини берди. Энди у пойтахтда ўтказиладиган мамлакат босқичида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилади. Иккинчи ва учинчи ўринлар эса уйчилик Замирахон Умарова ва косонсойлик Кумушхон Қаюмовага насиб этди. Ғолибларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди. Бошқа иштирокчилар эса турли номинациялар бўйича таъсис этилган мукофотларга сазовор бўлдилар. Шу ўринда вилоят босқичининг ғолиби ҳақида икки оғиз сўз. Дилдора тумандаги 22-умумтаълим мактабида директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди. Мутахассислиги бўйича мусиқий таълим ўқитувчиси. Оилали, турмуш ўртоғи билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказмоқда. Қувноқ ва ташаббускор аёл. Адабиёт ҳамда санъат ихлосманди. Жуда чиройли қўшиқ айтади. Танловда ҳам Ҳамид Олимжон шеъри билан айтиладиган “Ўрик гуллаганда” қўшиғини маромига етказиб ижро этди. Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Таълим – келажак пойдевори

Мамлакатимизда мана уч йилдирки, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида чуқур ислоҳотлар жамият ҳаётига изчил тадбиқ этилмоқда. Хусусан, таълим соҳасида ҳам қатор жиддий янгиланиш ва ўзгаришлар юз бермоқдаки, улар тез орада ўзининг ижобий самарасини беради, деб ўйлаймиз. Бу эса халқ ва миллат келажаги учун ниҳоятда катта аҳамият касб этади, десак муболаға бўлмайди. Яқинда матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжат ҳеч шубҳасиз, ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтиришни кўзда тутади. Бу эса ўз навбатида навқирон авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратадики, натижада Ўзбекистоннинг келажакдаги жадал тараққиётини таъминлай оладиган юксак малакали кадрлар тайёрлаш имкониятлари вужудга келади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ижроси ҳам шуни назарда тутади. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари қарорда таъкидланганидай, иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш билан шуғулланади. Ана шу жараёнларда ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилади, шунингдек, интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳияти оширилади. Яна бир эътиборли жиҳати – ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш ҳам диққат марказида бўлади. Бунинг учун эса барча, хусусан, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологиялари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Қарорда Президент мактабларини ташкил этиш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирларнинг бутун бир мажмуаси кўзда тутилганлиги диққатга сазовордир. Бир ҳафта муқаддам эса умумтаълим мактаблари фаолиятига дахлдор яна бир янгиликдан хабардор бўлдим. Бу ўринда мен Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланганлигини назарда тутмоқдаман. Бу ҳужжатда умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлар, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини (кейинги ўринларда битирувчилар деб аталади) олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби белгиланган. Бу ҳам ёшларда илм олишга, намунали хулқ-атворга эга бўлишга рағбат уйғотади. Айни пайтда педагогларда ва ота-оналарда ҳам ўз ўқувчилари ва фарзандлари тақдири учун масъулият ҳиссини кучайтиради. Демак, улуғ аждодларимизга муносиб, билимли ва зеҳнли навқирон авлод вакиллари шаклланиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Бу фикрларни айтишдан мақсад шуки, таълимдаги ҳар икки янгилик партиямизнинг сайловолди дастурида олға сурилган масалаларга мос тушади. Шунинг учун партиямиз фаоллари, депутатларимиз таълим сифати ва самарадорлиги устидан янада изчил жамоатчилик назоратини ўрнатишда намуна кўрсатишимиз керак, деб ўйлайман. Исроил ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Наманганда кўрик-танлов ғолиблари аниқланди

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашларида ҳам анъанавий “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловини ўткизишга уюшқоқлик билан киришилди. Бу тадбир мана бир неча йилдирки, партиянинг танилувчанлигини оширишда, унинг ғоя ва дастурларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Фарида Отахонова, “Адолат” СДП Уйчи туман Кенгашининг раиси: – Кейинги йилларда партиямизнинг жамиятда тутган ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айни пайтда сафдошларимиз орасидан сайланган вакилларимиздан олти киши халқ депутатлари туман кенгашидаги гуруҳ таркибида фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили сессия муҳокамасига икки бор масала киритгандик. Яқинда эса депутатларимиз ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактабларининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминлангаилиги каби қатор йўналишлар бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бевосита кўрик-танловга келсак, бу борада ҳам туманда яхши тажриба тўпланган. Хусусан, ўтган йилда уйчиликлар вакили — 10-мактаб ўқитувчиси Моҳира Абдуллаева “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” вилоят босқичида ғолиб чиқиб, пойтахтдаги баҳсларда муваффақиятли иштирок этди. Шунинг учун бу йил ҳам тадбирга пухта тайёргарлик кўрилди. Дастлаб танлов иштирокчилари бевосита бошланғич партия ташкилотларида сараланди. Энг яхши натижага эришган сафдош аёлларимиз эса туман босқичига йўл олдилар. Тадбир Уйчидаги маданият марказининг муҳташам залида ўтказилди. Шуни айтиш керакки, иштирокчилар кўрик-танловга пухта тайёргарлик кўрганликлари биринчи шартни бажараётганларидаёқ кўзга ташланди. Айниқса, тиббиёт бирлашмаси шифокори Муаттар Икромова ва 12-мактаб муаллимаси Замирахон Умарованинг чиқишлари барчада яхши таассурот қолдирди. Бу, албатта, бошқа қатнашчилар ёмон натижа кўрсатдилар, дегани эмас. Улар ҳам ўз салоҳиятларини тўлиқ намойиш этишга интилдилар. Бу, ҳайъат аъзолари томонидан ҳам алоҳида эътиборга олинди. Муаттар Икромова ўзини таништиришга бағишланган биринчи шартни бажаришда аввалдан ҳозирланган слайд материалларидан фойдаланганлиги кўргазмалилик даражасини оширди. Боз устига у нафақат ўзбек, балки рус ва инглиз тилларида ҳам сўзлаганлиги барчани қойил қолдирди. Замирахон Умарова ҳам тажрибали педагог эмасми, биринчи шартни бажаришда ўзига хос йўл танлади. Яъни чиқишни синфдаги сабоқ тарзида ташкил этди. Бу ҳам кўпчилик томонидан олқишланди. Қисқаси, кўрик-танлов охирига етгунча ҳар икки иштирокчи бир хил натижани қайд этаверишда. Пировардида ғолибни аниқлашда ҳайъат аъзолари ҳам қийинчиликка дуч келишди. Чунки тўпланган баллар бир хил бўлиб қолди. Ҳатто қўшимча шартнининг бажарилиши ҳам масалага ойдинлик киритмади. Узоқ давом этган муҳокамадан сўнг истисно тариқасида ҳар икки қатнашчини ғолиб деб эълон қилишга қарор берилди. Вилоят босқичида Уйчидан икки сафдошимиз қатнашадиган бўлди. Пировардида барча қатнашчилар ташкилотчилар таъсис этган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Уларни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев, Уйчи туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси Оаъно Назарова, туман партия Кенгашининг раиси Фарида Отахонова қизғин табрикладилар. Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!