Жамоатчилик мухокамаси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Жамиятни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятидан кенг хабардор қилиш “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий нормани амалга ошириш ҳамда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ўзбекистонда очиқ ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ахборот соҳасида талаб ва эҳтиёжларини қондириш давлатнинг бош стратегик мақсадларидан биридир.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада ошириш, жамоатчиликка ислоҳотларнинг мақсадлари, вазифалари ҳамда натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида:

 

1. Қуйидагилар барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг
(кейинги ўринларда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб аталади) матбуот хизматлари, матбуот марказлари, жамоатчилик билан алоқалар хизматларининг (кейинги ўринларда ахборот хизматлари деб аталади) асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот ресурслари орқали халқимизга мунтазам, тўлиқ ва тезкор тарзда ахборот бериб бориш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан замонавий талабларга мувофиқ ахборот сиёсатини шакллантириш, унинг йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар имижини шакллантириш ва ривожлантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳақида жамоатчилик фикрини, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шакллар орқали ўрганиш ва унга таъсир кўрсатиш;

ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) билан самарали ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ахборот хизмати билан доимий ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар ва блогерлар доирасини ҳамда қабул қилинган қарорлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини аҳолининг кенг қатламларига етказиш, холис ва ўз вақтида шарҳлаб бориш мақсадида экспертлар гуруҳини шакллантириш;

бир ойда камида бир марта матбуот анжумани, брифинг, медиа-тур каби оммавий ахборот воситаларига ахборот беришга мўлжалланган тадбирлар ташкил этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишларини ташкил этиш;

ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг расмий
веб-сайти, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифаларида тезкор жойлаштириш ва ўз вақтида янгилаб бориш;

ахборот майдони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, давлат органи ва бошқа ташкилотлар фаолияти юзасидан танқидий-таҳлилий, аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган чиқишларга тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида материаллар тарқатиш ишларини ташкил этиш;

давлат органи ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш учун хабар, маълумот, шарҳ ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (босма маҳсулотлар, фото, аудио, видеоматериаллар ва шу кабилар) билан таъминлаш;

ўзи мансуб бўлган ташкилот фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг позициясини ўрганиш, зарур таклифларни ишлаб чиқиш ва улар тўғрисида раҳбариятига ахборот бериб бориш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига алоқадор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда уларнинг тасдиқланган матнини расмий веб-сайтга жойлаштириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига алоқадор матнли, фото, аудио ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар банкини шакллантириш ва янгилаб бориш.

 

2. Белгилаб қўйилсинки:

а) ахборот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва бошқа ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади ҳамда ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлади, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра давлат органи ва бошқа ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматлари ходимлари (раҳбаридан ташқари)нинг лавозим маошларига бошқа ҳар қандай тўловлардан қатъи назар давлат бюджети ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўланади;

ахборот хизматининг вазифалари ва функциялари давлат органи ва бошқа ташкилотнинг бошқа бўлим ва бўлинмаларига юкланишига йўл қўйилмайди;

б) ахборот хизматлари қоида тариқасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида
улар ходимлари умумий чекланган сони доирасида ахборот хизмати раҳбари – матбуот котибидан ташқари:

оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқалар;

веб-ресурслар ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш;

таржимонлик;

тасвирга олиш йўналишлари бўйича камида тўрт нафар бошқарув ва техник ходимдан ташкил топади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бўйсинувидаги ташкилотлар ва ҳудудий (Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) бўлим ва бошқармалари, туман (шаҳар) ҳокимликларида ахборот хизматлари камида икки нафар бошқарув ходими ва техник ходимлардан иборат таркибда ташкил этилади;

в) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларининг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари мос равишда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларининг раҳбарлари ҳар уч йилда бир марта Агентликда аттестациядан ўтказилади;

г) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига ахборот хизматларини замонавий моддий-техника воситалари, шу жумладан хизмат хонаси, телевизор, компьютер жамланмаси, хизмат машинаси, аудио, видео ёзиб олиш ускуналари, фотокамера, юқори тезликдаги интернет, зарур дастурий маҳсулотлар билан таъминлаш, шунингдек ахборот хизматларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланади;

д) давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва матбуот котиблари ҳар чоракда ўз касбий йўналиши доирасида аҳолини ўз вақтида ва тўлиқ хабардор қилиш бўйича амалга оширган ишлари юзасидан Агентликка ҳисобот тақдим этиб боради;

е) давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бўлим раҳбарлари ўз идораси матбуот котибига бўлими йўналиши доирасида бажарилган ишлар ҳақида мунтазам тақдим этиб боради;

ж) давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларига уларнинг низомларида назарда тутилганидан ташқари қўшимча вазифалар юкланишига йўл қўйилмайди.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, республика вазирликлари ва идоралари томонидан қабул қилиниши режаланган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг, шунингдек, ташкилий чора-тадбирларни ёритишнинг Агентлик билан олдиндан келишиш тартиби ўрнатилсин.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Агентлик билан биргаликда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида:

ахборот хизматларида фаолият кўрсатадиган кадрлар малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ўқув-курсларини ташкил этсин;

икки ой муддатда Жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги факультет ҳамда матбуот котиби тайёрлаш бўйича магистратура йўналишини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг матбуот котибларини алоқа воситалари, жумладан, ҳукумат билан алоқа, шунингдек, Интернетга кенг кўламда кириш хизматлари билан таъминласин.

 

7. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Ташқи ишлар вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда ахборот хизматлари ходимларини дунёнинг етакчи мамлакатларига ахборот хизматлари фаолиятини ўрганиш, тажриба алмашиш, стажировка ўтказиш мақсадида бир йилда камида бир марта хизмат сафарига юбориш чораларини кўрсин.

 

8. Агентлик:

бир ой муддатда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш тартибини, икки ой муддатда ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

уч ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарларини қонунчиликда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказсин;

доимий равишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, оммавий ахборот воситалари билан очиқ ва ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга, ахборот хизматлари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашга кўмаклашсин;

оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғи, жумладан ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерларда эълон қилинаётган аҳолининг кенг қатламига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотлар мониторингини амалга оширсин ва тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларига веб-сайти орқали муносабат билдириш учун юборсин;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматлари ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш, жумладан, давлат мукофотларига тавсия этиш чораларини кўрсин;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматлари реестрини шакллантирсин ва уни доимий янгилаб борсин;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот хизматларининг кадрлар билан таъминланиши, моддий-техник базаси, зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини ўрганиб борсин.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида мавжуд пресс-атташе лавозимларини ахборот иши бўйича маслаҳатчи лавозимига ўзгартириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарининг ахборот иши бўйича маслаҳатчиси лавозимларига номзодларни кўриб чиқсин ҳамда Агентлик билан келишган ҳолда тайинлаш амалиётини жорий этсин;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарининг ахборот иши бўйича маслаҳатчилари томонидан хорижий ишбилармонлик доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари ўртасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бизнес учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида кенг маълумот бериш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилган ишлар натижалари бўйича ҳар чорак якунида Агентликка ҳисобот тақдим этиб борсин.

 

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ахборот тақдим этилмагани ёки етарли даражада ахборот хизматлари кўрсатилмагани учун жавобгарлик белгилаш бўйича қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

 

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан матбуот анжуманлари ўтказиш режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

 

13. Агентлик икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

 

14. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи К.И. Алламжонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                    Ш. Мирзиёев

 

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!