1 сентябрдан нималар ўзгаради

31.08.2019 19:08:18

2019 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган қонун ҳужжатларидаги асосий ўзгартиришлар жамламасини тақдим этамиз.

ЭКИҲ қўлланмайди

1 сентябрдан энг кам иш ҳақи ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори қўлланади. Қайси ҳолатларда қандай кўрсаткичдан фойдаланилиши ҳақида – бу ерда, жорий қийматлари – бу ерда.

Эгасиз давлат мулки фойдаланишга берилади ёки сотилади

Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари, шу жумладан таълим муассасалари (академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият муассасалари ҳамда давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари хўжалик фаолиятига жалб этилади.

Фойдаланилмаётган активларнинг мулкдорларига Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Давергеодезкадастр қўмитасининг ҳудудий бошқармаларидан сўровлар келиб тушади. Улар 2 ой мобайнида объектлар ва бўш турган ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича «йўл харитаси»ни тақдим этишлари шарт. У махсус ҳудудий ишчи комиссияси томонидан тасдиқланади. Балансда сақловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёки назарда тутилган тадбирларни белгиланган муддатда бажармаса, маҳаллий ҳукуматнинг қонунчилик ва ижро этувчи органлари фойдаланилмаётган активларни олиб қўйишга ва реализация қилишга ҳақли бўлади.

Божхона рухсат бермайди

1 сентябрдан илгари фойдаланилган генерацияловчи ускуналар, кучни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлари ва энергия самарадорлигининг D тоифасидаги энергияни истеъмол қилувчи ускуналарни олиб кириш тақиқланади. «Экологик» энергетика, энергия тежовчи ва энергия самарадор технологияларни ривожлантириш учун қандай чора-тадбирлар кўрилаётганлиги ҳақида – бу ерда.

Пойтахтдаги кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди

Энди айрим ҳолатларда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ ўтганда уни рўйхатдан ўтказиш учун алоҳида мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Нотариуслар Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестрида ҳуқуқ эгаси ҳақидаги маълумотларни ўзлари ўзгартирадилар ва ундан кўчирмани берадилар. Буларни барчаси, ўзгаришлар нотариал ҳаракатлар (масалан, квартиранинг олди-сотди шартномасини тасдиқлаш ва ҳ.к.) натижасида юз берганда амалга оширилади. Давлат нотариал идорасининг аризасига кўра олдиндан (кўчмас мулк битими тасдиқлангунга қадар) электрон кадастр паспорти тузилади.

Ҳозирча ушбу тартиб фақат Тошкент шаҳрида, кейинги йилдан бошлаб Қорақалпоғистон ва вилоятларда қўлланилади.

Шу билан бирга 1 сентябрдан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун йиғимнинг янги миқдорлари жорий этиляпти. Ҳаволадан ўтиб улар билан танишиш мумкин.

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХПга

Ойнинг бошидан қуйидаги давлат хизматларини олиш учун ихтисослаштирилган марказларга ёки ЯИХДП орқали мурожаат қилиш керак:

  • ўрта (умумий ўрта) маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни эътироф этиш;
  • товар белгисини рўйхатдан ўтказишга буюртма бериш;
  • юридик шахслар томонидан сув қудуқларини бурғулашга рухсатнома олиш.

Аттестация ва аккредитация –­ янгича усулда

Давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Энди бу мактабдан ташқари ташкилотлар, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Республика бизнес ва бошқарув олий мактаби ҳамда ҳарбий таълим муассасаларига тааллуқли бўлади. Давлат муассасалари ҳам аттестация учун йиғим тўлайдилар (илгари фақат «хусусийлар» тўлаган), унинг миқдори табақалаштирилган

Ўзини ўзи банд қилганларга – гувоҳномалар ва имтиёзлар

Рўйхат бўйича айрим турдаги ишлар (хизматлар)ни бажарадиган фуқароларга ўзини ўзи банд қилганлик гувоҳномасини бериш бошланади. Бу қатор афзалликлар беради. Масалан, даромад солиғи тўланмайди, ташкилот шартнома асосида жалб қилган ўзини ўзи банд қилганларнинг меҳнатига тўлаган тўловга ЯИТ солинмайди. Гувоҳноманинг тегишли амал қилиш муддати учун бир марталик тўлов киритилиши етарлидир (1 ойдан бир йилгача, прейскурантга қаранг). Ушбу давр ҳужжат эгаси ишлаган ёки ишламаганлигидан қатъи назар пенсия ҳисоблаш учун стажга киритилади. Батафсил маълумот – бу ерда.

Таълим: кимларнинг маоши оширилади, кимларга устама тўланади

Биринчидан, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ва ИИВнинг махсус мактаб-интернатларида қуйидагиларнинг базавий тариф ставкалари оширилади:

  • директор ва унинг ўринбосарлари, ўқитувчилар, ўқув бўлими ходимлариники – 5 баравар;
  • тўгарак (секция) раҳбарлари ва психологларники – 3 баравар;
  • ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ходимлари, ахборотлаштириш ва алоқа бўлимлари, инструкторлар ва лаборантларники – 2 баравар.

«Темурбеклар мактаби»да хизматни ўтаётган ҳарбийларга ойлик устама лавозим маошининг 50%и миқдорида тўланади.

Иккинчидан, қуйидагиларнинг лавозим маошларига ва базавий тариф ставкаларига 100% миқдорида устамалар жорий этилади:

  • кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларининг ёрдамчилари;
  • қўшма типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар гуруҳларидаги тарбиячилар ёрдамчилари, педагогик ва тиббиёт ходимлари.

Учинчидан, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбарлари ва педагоглари, шу жумладан тарбиячилари ва уларнинг ёрдамчиларига алоҳида меҳнат шароитларида ишлаганлиги учун ойлик устамалар базавий тариф ставкаларининг 75%и миқдорида тўланади.

Қишлоқ хўжалиги муҳандисларига ўқиш учун ҳақ тўланади

«Эл-юрт умиди» жамғармаси қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича молиялаштиришни бошлайди:

  • икки томонлама диплом бериладиган қўшма дастур асосида таҳсил олаётган иқтидорли бакалавр талабаларга – хорижий олий таълим муассасасида ўқиш контракти тўлаб берилади;
  • магистр, докторант, профессор-ўқитувчи, илмий ходим ва соҳа муҳандис техник ходимларига – етакчи хорижий олий таълим ва илмий-техника муассасаларига ўқиш ва малака оширишга йўлланма молиялаштирилади.

Патент вакилларига – малака ошириш

Интеллектуал мулк соҳасининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган муаммолардан бири – малакали кадрларнинг етишмовчилиги. Шу сабабли 1 сентябрдан  патент вакиллари кейинчалик аттестациядан ўтказилган ҳолда ўз малакаларини оширишлари лозим. Бунда даврийлик - ҳар 5 йилда камида 1 марта. Интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнига илғор таълим стандартлари ва технологиялари жорий этилади.

Автобусда юришлар хавфсиз бўлади

Бунинг учун чора-тадбирлар комплекси амалга оширилмоқда. Хусусан, тунги вақтларда вилоятлараро, шаҳарлараро, халқаро йўналишлар бўйича йўловчилар автобусларини ички ишлар органларининг махсус жиҳозланган хизмат автомобиллари кузатиб боради. Бу болалар гуруҳларини, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларини ташишга ҳам тааллуқли.

Сменалар ўртасидаги дам олиш 12 соатдан камни ташкил этган автобуслар ҳайдовчиларининг сафарга чиқишига йўл қўйилмайди. Автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия битимларида лицензиатнинг автобусларни ҳайдовчининг толиққанлигини назорат қилиш қурилмалари билан таъминлаш мажбурияти назарда тутилади. Фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия карточкалари берилишига йўл қўйилмайди.

ТВда – янги канал

«O`zbekiston tariхi» телеканали HD форматида кўрсатувларни намойиш этишни бошлайди. У мамлакат бўйлаб тарқалган умумий фойдаланиладиган рақамли кўрсатувлар ижтимоий пакетига киритилади.

«Қоракўлчилик» уюшмасига янги ваколатлар

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда «Ўзбек қоракўли» компанияси Республика «Қоракўлчилик» уюшмасига айланди. Сентябрдан бошлаб уюшма қоракўлчилик субъектларига нисбатан қуйидаги қўшимча ваколатларга эга бўлади:

  • қоракўл зотли қўйларнинг бош сони, генофондини сақлаш ва такомиллаштириш, наслчилик-селекция ишлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати юзасидан даврий мониторинг ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
  • қоракўл зотли қўйларнинг генофондини сақлаш, бошқа зотли қўйлар билан чатиштирмаслик ҳамда бириктирилган ер (яйлов) майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тўғрисида зарур тавсиялар бериш.

    Манба: Norma.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+