Байроқ нафақат расмий, балки шахсий ифтихор ҳамдир

17.11.2020 22:11:18

Ўзбекистон байроғи миллатимизнинг абадий ифтихори десам, ҳеч қандай муболға қилмаган бўламан.

Қаерда ва ким бўлмайлик, давлат рамзлари  ­Ватанимизнинг бир бўлаги эканини эслатиб туради. Жумладан, байроғимиз ҳам шундай. У — тарихимиз, бугунимиз, келажагимиз. Бугун у бутун жаҳон кўз ўнгида намоён. Зеро, байроғи баланд элнинг юраги ҳам, қадри ҳам баланд. Байроғимиз юксакларда ҳилпирар экан, ­ юртнинг навқирон фарзандларини бугун ҳам, эрта ҳам улуғ ишларга даъват қилиб туради. Байроқ бизни жаҳон аҳли тан олган буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишга чорлайди.

Абу Наср Фаробий “Фозил инсон ўз давлатининг барча қонун – қоидаларини яхши билиши ва унга амал қилиши, доно фикрлаши, ўз касбининг устаси бўлиши, керак бўлганда, Ватани учун ўз жонини фидо қилиши лозимдир” деган эди. Дарҳақиқат, Ватанга муҳаббатини ҳар ким турлича ифода этади. Давлат рамзларига нисбатан ҳурмат ҳам мазкур муҳаббатнинг ифода воситаларидан биридир.

Турли халқаро анжуманларда байроғимизнинг мағрур ҳилпираб турганини кўрганимизда қалбимиз қувонч ва ғурурга тўлади. Бир ҳолатга эътибор қаратганмисиз, ҳалқаро мусобақаларда спортчиларимиз қўлга киритган ютуқлар эвазига байроқ кўтарганларида, уларнинг кўзларидан оққан ёшни фақат ифтихор ва ғурур ёши деб тушунсак тўғри бўлади.

Дарҳақиқат, байроқ  давлат суверенитетининг рамзидир. Яна бир муҳим жиҳат    тараққий этган мамлакатларда, у Япония бўлар, Туркия бўлар, Америка бўлар, Англия бўлар, байроқ нафақат расмий ифтихор, балки шахсий ифтихор ҳамдир.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор. Ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор.

Айтиш жоизки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. 

Бизда байроққа садоқат буюк соҳибқирон Амир Темурдан мерос.  Соҳибқирон ҳазратлари байроққа алоҳида эътибор қаратганлар. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида “Жанг майдонлари узра бизнинг байроғимиз  баланд ҳилпираб турсин. Бу байроқ  жанг майдоналарида  энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллайди, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин” деган эди у.

Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, “Темур тузуклари”да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган.

Бизнинг байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. Мана, қарийб 30 йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳон аро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Байроғимиз бугунги кунда миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига кириб бормоқда.

Ватан  ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардликни кўриб, фахрланамиз.

Энг муҳими, байроғимиз бор экан, миллатимиз бардавом, давлатимиз мустаҳкам. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

 

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сиёсий Кенгаши раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+