Коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантиришда ёшларга суянамиз

26.11.2020 09:11:47

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Мирзо Улуғбек туман Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва туман прокуратураси масъул ходимлари, Плеханов номидаги институт ўқитувчилари ва талабалари, Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ўсиб келаётган ёшларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш маданиятини ривожлантириш, уларнинг жамият ҳаётига даҳлдорлигини янада оширишдан иборатдир.

Маърузачлар томонидан бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишда масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш лозимлиги таъкидланди. Коррупцияга қарши курашишда аввало ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан юксалтириш лозимлигига аҳамият қаратилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда аҳолимизни қийнаётган муаммолардан бири жамиятда учраётган коррупция тизимидир. Партия томонидан илгари сурилаётган таклифлар орқали ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизликни шакллантириш кўзланган. Партия бундай ижобий натижага эришишда энг самарали усул - халқимизнинг фаол фуқаролик позицияси деб билади.

Ҳозирда жадал ислоҳотлар билан ривожланаётган юртимизнинг барқарорлик билан тараққий этишида айрим жабҳаларда коррупция иллати қаршилик кўрсатиб келмоқда. Шу боисдан хам коррупцияга қарши курашиш барча юрдошларимиз учун долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ўстириш, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларни давом эттириш ва халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини юксалтириш мақсадида 2019 йил қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқлангани бу борада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди.

Фармонда коррупцияга қарши курашишнинг бир қатор манзилли ва самарали йўналишлари белгилаб берилган, хусусан, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссиясини ташкил этиш тавсия қилинди. Муҳими, бу билан коррупцияга қарши курашиш учун марказдаги раҳбарлар билан бирга энг қўйи тизимдаги раҳбарларга ҳам масъулият белгиланди. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.

Сўзга чиққанлар томонидан шу йили Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани ҳам тизимда салмоқли ўзгаришлар ясаш йўлида муҳим қадам бўлганлиги таъкидланди. Зеро, коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллатдир. Коррупция давлатимизнинг ривожланишига ҳамда миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Давлатнинг конституциявий асосларини хамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Коррупция уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради.

Агарда коррупцияга қарши ўз вақтида курашилмаса, жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради. Аҳолини, халқни олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилади ҳамда жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтиради. Энг ёмони, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, коррупция ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширади, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Мазкур омилларни ҳисобга олган ҳолда “Адолат” СДПнинг коррупцияга қарши курашишдаги ислоҳотлари, ғоя ва ташаббуслари муҳокама этилди. Бу йўлдаги устувор мақсадларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+