Назорат-таҳлил тадбирида аниқланган камчиликлар бартараф этилади(ми?)

27.11.2020 12:11:43

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижроси Андижон вилояти мисолида бажарилиши кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат тиббиётда хусусий сектор улушини ошириш, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш, илғор тиббий технологияларни татбиқ этган ҳолда аҳоли саломатлиги йўлида кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, давлат-хусусий шерикликнинг хуқуқий асосларини яратиш имконини беради. Шунингдек, соҳага хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга кенг йўл очади.

Ушбу ҳужжат Андижон вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилганда, ҳудуднинг давлат-хусусий шериклик лойиҳалари концепциясига хулоса бериш комиссияси тузилган. Тизимдаги даволаш профилактика муассасалари хатловдан ўтказилган. 2020 йил хатлов натижаларига кўра, бўш турган бино ва иншоот ҳамда ер участкаларининг 41 таси жорий йил 20 август куни расмий веб-сайтга жойлаштирилган. Шундан 6 нафар талабгор тадбиркорнинг лойиҳаларини баҳолаш хужжатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда. Орадан анча муддат ўтаётган бўлишига қарамай лойиҳаларни Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига юбориш фақат “режа”лигича қолмоқда. Шу боис, инвестиция киритиш ва лицензия олиш муаммо бўлиб турибди.

Шунингдек, Андижон вилоятида Президент қарори қабул қилинганидан буён бир ярим йил вақт ўтаётганига қарамасдан, бирорта тиббий давлат-хусусий шериклик объекти фаолият кўрсатмаяпти. Ваҳоланки, яна 7 та объектда шу тамойил асосида шифохона очишни режалаштирган талабгор тадбиркор томонидан лойиҳа баҳолаш ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга ошириш шакллари тўғрисида вилоятда қарорнинг 2-банд “а” қисми бўйича тиббиёт муассасаларининг қўшимча хизматларидан аутсорсинг асосида 23 та муассасанинг овқат тайёрлаш, 4 та муассасанинг кир ювиш хизматлари тадбиркорларга белгиланган тартибда берилган.

Бироқ аутсорсинг хизматида бир қанча муаммолар аниқланди. Бюджетдан овқат тайёрлаш учун беморга ажратилган бир кунлик маблағларнинг камлиги туфайли ўртача бир беморга бир кунга 7-8 минг сўм атрофида, тайёрланаётган овқат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Лекин белгиланган хизмат таннархига иш хақи, иш хақига ажратмалар, моддий харажатлар, билвосита ва аутсорсер харажатларини қоплаш учун 20 фоизлик устама харажатларини тўлаш молия органлари томонидан амалга оширилмаган. Масалан, Қорасув туман тиббиёт бирлашмасидаги 80 ўринли ошхонадаги ҳолатни қониқарли деб бўлмайди. Унда қўрғонтепалик тадбиркор аутсорсинг хизматини кўрсатади. Вазият ўрганилганда, кечки таомни тайёрлашга ўз вақтида киришилмагани кузатилди. Газ йўқ, ошхонанинг санитар ҳолати талаб даражасида эмас.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишида депутатлар қарор ижросини таъминлаш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, соҳада учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсифлар бердилар. Мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Тадбир якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+