Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котибини қабул қилди

31.10.2019 20:10:00

31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевни қабул қилди. 

Президентимиз меҳмонни самимий қутлар экан, икки давлат раҳбарларининг мунтазам ва самарали мулоқоти туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Николай Патрушев, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун сидқидилдан миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликка оид, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик қилиш, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти

Матбуот хизмати

Улашинг!