Тараққиёт ва ислоҳотлар йўлида сиёсий-амалий ёндашув

04.02.2021 12:02:33

Бугунги сиёсий жараён, мамлакат фаровонлиги учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар барчамиздан фаолликни талаб этмоқда. Янги Ўзбекистонда эркин ва обод турмуш яратиш вазифаси сиёсий майдонда ўз ўрнига эга, сайловчилар ишончини қозонишга бел боғлаган сиёсий партиялардан ҳам масъулият ва шижоат талаб этиши сир эмас. 

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан ўтказган учрашувида ҳам буни яна бир бор ҳис этдик. Зеро, бугунги кунда сиёсий партиялар учун халқ ичига чуқур кириб боришга имконият қанча кўп бўлса, шунга монанд вазифалар сони ва салмоғи ҳам ошиб бормоқда.

Мавжуд 5 та сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтказилгани ғоят аҳамиятлидир. Унда партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалалари танқидий руҳда муҳокама қилиниб, ҳар бир партия етакчиси ўз олдига чора-тадбирлар белгилаб олишига имкон туғилди.

Президентимиз давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катталигини таъкидлаб, бизга ишонч билдирганлари рағбат билан тенг равишда масъулият тарзида фаолиятимизда янги қирраларни белгилади.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётган айни пайтда сиёсий партия раҳбарларидан янада жонбозлик талаб этилади. Иқтисодий-ижтимоий соҳаларни қамраб олган кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда, аммо уларнинг самараси ҳамма ерда бирдек сезиляптими? Бу ўрганишимиз керак бўлган масалалардан биридир. Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўплаб муаммоларнинг ечими сифатида қаралмоқда. “Балиқ эмас, балиқ тутиш учун қармоқ бер”, деб бежиз айтилмаган. Аҳолининг ижтимоий ҳимояси аввало бандлик даражасини ошириш билан белгиланади. Иш ўринлари кўп, аҳоли доимий даромадга эга бўлса, халқнинг яшаш даражаси сезиларли равишда ўсишига шубҳа йўқ.

Бу борада аниқ ва манзилли ислоҳотлар олиб борилмоқда, қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда, лекин уларнинг ижроси кўнгилдагидекми? Бу саволга Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашлари орқали жавоб топиш мумкин. Депутат ўз аҳолиси билан ҳамнафасликда яшаш шароитларини ўрганса, халқни ўйлаб қилинаётган ишлар ҳар бир хонадонда аксини топаётганини назорат қилса, ислоҳотлар сари тўғри йўлдан кетган бўламиз. Чунки мақсад тўғри қўйилса унга эришишда маъно-мазмун уйғунлашади.  

Учрашувда илмий-тадқиқот институтлари мамлакат тараққиёти учун қандай долзарб муаммолар билан шуғулланаётгани ва уларнинг иқтисодиётимиз тараққиётига тадбиғи масаласи мавҳумлигича қолаётгани таъкидланди. Шунингдек, ҳозирда дунёнинг барча давлатлари учун аҳамиятли бўлган Covid-19 га қарши вакцинани танлаб олиш ва фуқароларимизни эмлаш масалаларида олим ва мутахассисларнинг тавсиялари сезилмаётганига эътибор қаратилди. Бу бўйича сиёсий партиялардан жўяли таклиф ва муносабатлар билдирилса, иш самараси кучаяди. Умуман олганда, кундалик турмушда кузатилаётган муаммоларга аввало сиёсий партиялардан нуқтаи назар кутилиши жамоатчилик фикрини тўғри шакллантиради.

Маълумки, сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериш имкониятига эга. Шундан фойдаланган ҳолда таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимдир. Бу борада “марказдан қуйига” усулида ишлаш наф беради.

Учрашувда ижтимоий соҳалар қатори таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. “Адолат” социал-демократик партияси электоратининг асосий қисмини ёшлар ва аёллар ташкил этар экан, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиш масаласи долзарблигини йўқотмайди. Учрашувда бу борада фикрлар алмашилиб, янги вазифалар аниқлаштириб олинди.

Ҳаётда ёшларга оид масалалар кўп, улар ичида энг муҳимларидан бири уларнинг онги устида ишлаш, тўғри фикрлашга йўналтира олишдир. Бугун ёшлар ўртасида ғоявий бўшлиққа қарши кураш, ёт мафкуралардан ҳимоя қилиш бўйича аввалгидан кўра кўпроқ ишлашимиз зарур бўляпти. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ахборот хуружларига қарши курашиш бўйича миллий стратегия тузиш ҳақидаги таклифи инобатга олиниб, истиқболдаги режалар белгиланди. Дарҳақиқат, бу борада тизимли фаолият, таъсирчан механизмларгина иш беради. Тасаввурлари ўзгарувчан, янгиликка ташна ёшларимизнинг фикрларини эҳтиёт қилиш келажакда содир бўлиши мумкин бўлган турли муаммоларнинг олдини олади. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ўзбекона қадриятлар учун бегона эмас, шундай экан бу йўлдаги ҳаракатлар бизга ортиқча машаққат келтирмайди, шунчаки ёшлик шижоатини тўғри ва мақсадли йўналтиришга кўмаклаша олсак бас.

Кун тартибидаги муҳокамалардан яна бир долзарб масала ўрин олди. Бугунги кунда ахборот-коммуникацион технологиялар ривожланди, Интернетнинг фаол имкониятлари фойдланувчилар томонидан тезкор равишда ўзлаштирилмоқда. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик ва шаффофлик сиёсати билан бевосита боғлиқлик касб этади. Аммо ОАВга берилаётган сўз эркинлиги асло суистеъмол қилинмаслиги даркор, бу масалани назардан четда қолдиролмаймиз. Афсуски, бугунги воқеа-ходисалар ҳар доим ҳам тўғри ва холис баҳо тополмаяпти. Вазиятга шахсий қарашлари билан ёндашиб, сўнг буни омма фикрига айлантиришга уринишлар, муаммога аниқ ечим бериш ўрнига бўрттиришлар орқали салбий муҳит яратиш кўп кўзга ташланмоқда. Эътироз билдириб, норозилик уйғотиш билан иш битмайди ахир, масалани ечиш учун аниқ таклифлар зарур. Бизнинг ёшларимиз, шу жумладан “Ёш адолатчилар” қаноти ислоҳотлар иштирокчисига, ташаббускорига айлансалар, кўзлаган марраларимизни забт этишимиз осонлашади, тезлашади.

Шу жиҳатдан учрашувда блогерлик институтини яратиш, ижтимоий тармоқлардаги ҳолатларни ўрганиб борувчи махсус гуруҳ тузиш таклифи ўрганилди. Бу ишга ҳозирда холислик тамойилига риоя этган ҳолда фаолият олиб бораётган блогерларни жалб этиш мақсадга мувофиқ. Шунда ваҳимали ва ёлғон ахборотлар билан кенг жамоатчиликни чалғитиш, оммани ёлғон ва тасдиқланмаган фикрлар билан суғоришга чек қўйилади. Асоссиз ва бўҳтон маълумотларни тарқатувчиларга нисбатан қонуний жавобгарлик масаласи кўриб чиқилса, кишиларнинг огоҳлиги ошади, тўғри ва фойдали маълумотларни қабул қилиш имконияти кенгаяди.

Учрашувда ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини парламентга фаол олиб чиқиши, ўз фракциялари орқали қонунчилик ташаббусларини илгари суриши ва қонунлар ижросини таъминлашни назоратига олиши зарурлиги ўринли таъкидланди. Ҳа, айни дамда парламент аъзолари ва сиёсий партиялардан дадиллик, қатъият, ғоя ва ташаббуслар ила фаоллик талаб этилмоқда. Бу йил ўтказиладиган Президентлик сайловларида ҳар бир сиёсий куч ўз салоҳиятини имтиҳондан ўтказади.

Партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилса, ўз тарафдорларини кўпайтиради, сиёсий майдондаги ўрнини мустаҳкамлайди. Давлат раҳбари билан учрашувдаги фикр-мулоҳазаларни бир тизгинга солиб, фаолиятимизни чуқур таҳлил қилиш ва такомиллаштиришни мақсад қилдик. Эзгу ғояларни амалга оширишда эса ҳар доимгидек бунёдкор халқимизга таянамиз.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+