“Адолат”чи “Ёшлар парламенти” аъзоларининг режалари белгилаб олинди

19.08.2020 16:08:45

Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”га сайланган парламент аъзоларининг “Ёшлар парламенти” аъзолари ва партия ҳамкорлиги: мақсад, вазифа, режалар” мавзусидаги биринчи онлайн-семинари ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад “Ёшлар парламенти”га сайланган ёшларнинг партия билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларни қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали парламент ҳаётига дахлдорлигини янада оширишдан иборатдир.

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”га бир ой давом этган сайловларда мамлакатимиз бўйлаб турли соҳаларда фаолият юритаётган 11 мингдан зиёд ёшлар орасидан 250 нафар аъзо сайланди.

Онлайн-семинарда 12-13 август кунлари бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми “Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги халқаро анжуманда “Ёшлар парламенти” аъзоларининг муваффақиятли иштироки, мазкур Форумда Ёшлар парламенти аъзолари Муҳтарам Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияни қўллаб-қувватлаганликлари таъкидланди.

Семинарда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров халқ ишончининг асоси партия сайловолди дастурида кўзда тутилган ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан белгиланишини айтиб ўтди. Шу боисдан ҳам ёшлар парламенти аъзоси дастурнинг ҳар бир банди билан яна бир бор батафсил танишиб чиқиши лозим. Унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш асосий мақсад саналади.

Дарҳақиқат, партия сайловолди дастурида ёшларга жамиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қаралган. У ўзида ёшлар масалалари бўйича кўплаб ҳаётий ва долзарб масалаларни қамраб олган. Жумладан, “Таълим тўғрисидаги кодекс” қабул қилиш, умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонини оптималлаштириш, олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш ва контракт асосида ўқишни истайдиганлар учун имтиҳон ва синовларсиз ўқишга қабул қилишни йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

“Ёшлар парламенти”нинг олдиндаги режалари ҳақида сўз очилиб,  фаол ва ташаббускор ёшлардан иборат “Ёшлар клуби”ни ташкил этиш, қонун ижодкорлиги, уларнинг ижросини жамоатчилик назоратига олиш ва ёшлар орасида қабул қилинган қонунларни тарғиб қилиш орқали ёшларни сиёсий фаол қатламга айланиши учун уларни ўз атрофига бирлаштириш, ҳар ойда бир марта ёшлар билан "Очиқ мулоқот" ўтказиш ташаббуслари билдирилди.

“Ёшлар парламенти” аъзоларининг ҳар ойда ўз ҳудудидаги камида икки нафар ёшларни муаммоларини ўрганиш ва уларни бандлигини таъминлаш таклифи ўринли деб баҳоланди. Ёшлар муаммоларини ечимига қаратилган янги, натижадор лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга келишиб олинди.

Бу каби амалий ишлар натижадорлигини ошириш мақсадида “Ёшлар парламенти” аъзоларини маҳаллий кенгаш депутатлари ва партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти билан доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда ёшлар билан боғлиқ муаммолар юзасида маҳаллий кенгашлар сессиясига масала киритиш борасида тизимли ишлаш лозимлиги белгилаб олинди.

Муҳокамалар жараёнида “Ёшлар парламенти” аъзоларининг партия билан ҳамкорлиги ва уларнинг олдида турган муҳим вазифалар таҳлил этилди. Баҳс-мунозара тарзида ўтган онлайн-семинарда “Ёшлар парламенти” аъзолари томонидан турли таклифлар ва ўз нуқтаи назарлари билдирилди.

Онлайн семинар сўнгида кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Sirojiddin G'ulomov
2020-08-20 10:55:17
Yoshlar parlamenti yig'ilish, uchrashuv yoki muhokama jarayonlarini online yoki ofline tarzda yoritib borishni iloji bormi. Jarayonlar faqatgina qisqa matn xolida ijtimoiy tarmoqlarga joylanyapti xolos!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+