Форум билим ва салоҳиятимизни янада юксалтиришга хизмат қилди

18.08.2020 14:08:16

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга ҳамда ёшларга оид  давлат сиёсатига бўлган муносабат, ёндашув кескин ўзгариб, янгиланаётган Ўзбекистонга хос ижобий эврилишлар кўлами тоборо кенгайди.

Ёшларни ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш,  билим ва кўникмаларини ошириш, жаҳон андозалари талабларига жавоб бера оладиган иқтидорли, интилувчан, ташаббускор ўғил-қизларни тарбиялаш, қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароитлари ва юқори даромадли ишчи ўринлари билан таъминлаш, уларнинг  ташаббус ва ғояларини  рағбатлантиришга қаратилган  қатор  Фармон ва Қарорлар баробарида  келажагимиз ворисларининг барча соҳалардаги фаолиятини яхшилаш бўйича  қулайликлар, имконият ва имтиёзлар яратиб берилмоқда. Аслида шундай ҳам бўлиши керак. Чунки, эртанги кунимизни ёшларнинг салоҳияти, иродаси, ҳаракати ҳамда Ватанга бўлган муҳаббати, садоқати белгилайди.

Мен ҳам  жонажон Ўзбекистонимнинг  ёш ва фаол фуқароси сифатида  юртимиздаги ёшларга  қаратилаётган  эътиборнинг беқиёс эканлигидан ғурурланаман. Ўқиш, ишлаш ва муносиб тарзда бахтли ҳаёт кечириш учун бизларга яратилаётган қулай шароитлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари етарлича эканлигини эътироф этаман. Жумладан,  Самарқандда бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ёшлар –2020 глобал  бирдамлик, барқарор тараққиёт  ва инсон ҳуқуқлари”  форуми  ёшлар ҳуқуқларини тарғиб этиш, уларнинг мақсад ва орзуларини қўллаб-қувватлашда ниҳоятда аҳамиятли бўлди.  Унда  мамлакатимиз ва халқаро ёшлар тузилмалари  вакиллари,  минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари мутасаддилари иштироки  форум моҳиятини оширибгина қолмай, бизларнинг жаҳон тажрибаси билан танишишимизга кенг имконият яратди. Турли мавзулар юзасидан бўлиб ўтган мунозаралар билим ва салоҳиятимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бугун мен каби Ёшлар парламенти аъзоси бўлган тенгдошларим, ака, опа, ука ва сингилларим  билан  бир сафда туриб, бизга билдирилган ишончни оқлашга, ёшларни муаммоларини бартараф қиладиган, уларнинг имкониятларини оширадиган, турмуш тарзи янада фаровон бўлишига кўмаклашадиган  таклиф ва ташаббусларни илгари суришга ўз-ўзимга ваъда бердим.  

                                        Абдуваҳоб ТАВАККАЛОВ,

Халқ депутатлари  Фарғона вилояти Қўштепа туман Кенгаши депутати,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+