Ишонч бизга қанот беради

05.09.2019 14:09:21

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида мамлакатимиз раҳбарининг сўзлаган нутқи ўзбекистонлик барча ёшларга завқ бағишлади. Имкониятлар сари ойдин йўлларимизни ёритувчи шамчироқ бўлди.

Нутқда Президентимиз бугунги Ўзбекистоннинг қиёфаси нечоғлик меҳнат ва интилиш сабаб яратилганлигини таъкидлар экан, албатта, ҳар бир соҳада қилинаётган улкан ўзгаришлар хусусида айтиб ўтди.

Таълим, тиббиёт, тадбиркорлик, бунёдкорлик ишлари дейсизми, барчасида кузатилаётган улкан ўзгаришларни тилга олиб, бунда халқимизнинг меҳнати акс этганлигини қайд этди.

“Жаҳолатга қарши маърифат” – айни мана шу пурмаъно ҳикмат бугунги кун одами учун шиорга айланиши лозимлиги эътироф этилди. Чунки маърифат сабаб инсон улкан мақсадларига эришади. Маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан, одамлар фикридан келиб чиққан ҳолда ҳар бир масалани ҳал этиш, бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларнинг ижобий натижасини кўрсата олишимиз мумкин. Бу борада нутқда таъкидланар экан, шубҳасиз, айни ривожланиш даврида ортда қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим, тажрибаларимизни ошириб боришимиз лозимлиги таъкидланди.

Сўзланган нутқ бугунги кун ёшлари учун янги қирраларини кўрсата олишда имкон берди. Айниқса, декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларда бўлиб ўтадиган сайловларнинг биз – ёшлар учун янги имкониятларни очиб беришида муҳим йўл эканлиги қайд этилди. Айтилган фикр бизларга билдирилган юксак ишончдир. Ана шу ишонч йўлида эса ҳамиша фаол бўлишимиз шарт.

Фирдавс САЙФУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши

“Ёш адолатчилар” қаноти раиси         

Улашинг!