Партиямиз фаол ёшлари юксак марраларни кўзламоқда

24.02.2021 19:02:11

Бугунги кунда мамлакатимизда юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қад­риятлар руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этаётган маънавий жиҳатдан етук, иродаси бақувват, замонавий фикрлайдиган, юксак салоҳиятли ёшлар юртимиз тараққиёти тақдирини белгилашда алоҳида аҳамият касб этади.

Шунинг учун ҳам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш лозимлигини, қолаверса, асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримиз, аждодларимизнинг бой маънавий меросига таянган ҳолда “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби ёт оқимлардан асрашимиз кераклиги бот-бот таъкидланмоқда.

Бу масалада оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш баробарида кейинги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда ўрни ва роли ошиб бораётган жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини ошириш долзарб аҳамият касб этади.

Ёшларимиз ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш партиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Бу борада,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш мақсадида турли лойиҳалар доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Мазкур тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган ёшларимиздан бири партиямизнинг фаол аъзоси, Жиззах политехника институти талабаси Нилуфар Абдуғаниевадир. Ёшлигидан  ҳар соҳада фаолликни қўлдан бермай келаётган Нилуфар орзуларини амалга ошириш мақсадида ўқиб ўрганди, йиллар давомида ўз устида тинимсиз ишлади. Унинг шу кунга қадар халқаро ва республика журналларида ҳамда илмий-амалий конференцияларида 30 га яқин мақола ва тезислари чоп этилди. “Йил талабаси - 2019” танловининг институт босқичи ғолиби, республика босқичи иштирокчиси. 2019 йил спортнинг “Ўзбек жанг санъати” тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида фахрли биринчи ўрин совриндори. 2020 йил “Ўзбек жанг санъати” тури бўйича Қозоғистон Республикасида ўтказилган халқаро турнирда фахрли 1-ўрин совриндори. 2020 йил  “Қурилиш материаллари ва буюмлари” фани бўйича ўтказилган "Мир олимпиада" халқаро олимпиадаси ғолиби.

Нилуфар Абдуғаниевадек  ёшларимиз Ўзбекистон “Адолат”
социал-демократик партиясининг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда ўзининг фаоллиги билан иштирок этиши, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий–сиёсий жараёндаги бевосита иштироки орқали партия фаолиятига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилояти Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+