Ёшлар ташаббусини ошириш муҳим

09.10.2020 16:10:42

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шайҳонтоҳур туман Кенгаши Ёшлар қаноти Кенгашининг 2015-2020 йиллардаги фаолияти натижаларига бағишланган ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Кенгаш аъзолари, Шайхонтоҳур туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Тошкент архитекура ва қурилиш институти ёшлари қатнашишди. Кенгаш йиғилиши ишида кун тартибидаги масалалар сифатида Ёшлар қанотининг беш йиллик фаолияти ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича узоқ муддатли амалий дастур кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Шайхонтоҳур туманида 2000 дан ортиқ партия аъзоси бўлгани ҳолда шундан саксон фоизини Ёшлар қаноти вакиллари ташкил этади. Ўтган йиллар давомида айнан ушбу ёш кучларнинг шижоати, партия ғоя ва мақсадларини катта жонбозлик кўрсатиб кенг омма орасида ёйиши муҳим рол ўйнади. Хусусан, партиянинг ўнлаб лойиҳаларида фаол иштирок этиб, қолаверса, бошқаларга бу борада ўрнак бўлган ёшларнинг хизматлари айниқса, беқиёс. Ўтган йилги парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар тарғиботида ҳам айнан ушбу ёшлар фаол иштирок этишди. Улар орасидан кўпларининг депутатликка номзоди кўрсатилиб, сайланишди. Шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туман Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” аъзолигига янгидан янги ёшларни қабул қилишда ташаббус кўрсатишгани, мунтазам иштирокларини таъминлаганлари туфайли уларнинг иқтидорли қирралари янада сайқал топиб, бугун нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишмоқда ёки етук мутахассис бўлиб фаолият олиб боришмоқда.

Шу билан бирга, конференцияда Ёшлар қаноти фаолиятида йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Ёшларнинг ташаббускор қобилиятларини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси келгуси фаолиятнинг асосий мезони бўлиб хизмат қилиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ёшлар қаноти конференцияси партиянинг Чилонзор туман Кенгашида ҳам ўтказилди. Мазкур конференцияда келгусидаги режа ва мақсадлар аниқ белгилаб олинди.

Тўтинисо АБДУРАҲМОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+