Ёшлар ташаббуслар ила фаоллик кўрсатмоқдалар

22.09.2020 12:09:28

 

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил қилинган “Ёшлар парламенти” чин маънода ёшларни давлат сийёсатида аҳамиятли эканлигининг яна бир бор намунаси бўлди. “Ёшлар парламенти”га сайланган ёшларнинг ичида шижоатли, билимли ва тиришқоқ ёшлар талайгина. Буни “Адолат” СДП томонидан сайланган ёшлар мисолида кўрсак бўлади. Яқинда ўз фаолиятини бошлаган ёшларимиз тез фурсатда ўз ҳудудидаги ёшлар муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топишга эришишмоқда.

Жумладан, Хоразм вилояти Шовот туманидан сайланган Меҳриноз Абдиязова ва туман Кенгаш депутати билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларини фаолияти махсус саволнома асосида ўрганилди. Бунда тарбияланувчи болалар учун ташкил қилинган шароитлар ва болаларни хафвсизлигини таъминлашга қаратилаётган ишлар билан танишилди.

Шу билан бир қаторда Олимбек Турсунов томонидан Андижон вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларини пандемия даврида карантин талабларига мос равишда ўз фаолиятларини қайта ташкил этилиши юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасини Шаҳрихон туманида ўрганиб чиқди. Туманда 5 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш ишлари давом этаётганлиги сабаб мазкур мактабгача таълим муассасалари вақтинча очилмайди. Қолган мактабгача таълим муассасаларида 15 та мезонга таянган ҳолда ўрганиб, ўз хулосасини берди. Барчанинг кўзлаган мақсади эса ягона - болаларни пандемия шароитида хавфсиз таълим олишларини таъминлашдан иборат.

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Наманган вилояти Мингбулоқ туман ҳокимлиги ва “Ёшлар парламенти” аъзоси Нозима Акбарова билан тумандаги “Темир дафтар”га киритилган ахолига берилган моддий ёрдам ҳолати назорат қилинди. Пандемия вақтида темир дафтарга тўғри киритилгани ва моддий ёрдам маблағларини шахсан ўзлари олганлиги ўрганилди.

Пандемия шароитидан келиб чиқиб кўп ишлар масофадан қилинганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис олий таълим муассасаларида ҳам 2020-2021 - ўқув йили онлайн тарзда бошланди. Бухоро вилояти Когон туманидан сайланган “Ёшлар парламенти” аъзоси Оқила Камолова ҳудудаги онлайн таҳсил олаётган ёшларни қийнаб келаётган интернет тармоғидаги муаммоларни ўрганиб, ҳудудларда интернет сифатини яхшилаш мақсадида “Ўзбектелеком” АКнинг Когон туман бўлимига мурожаат қилди. Натижада тумандаги барча ҳудулар сифатли интернет билан таъминланиши бўйича келишувга эришилди.

Бу каби муаммоларни ўрганиб, уларни тегишли ташкилотга олиб чиқишда ёшлар ўзларининг ташаббуслари билан фаоллик кўрсатишмоқда. Ёшларимизга берилган бундай имкониятлар ёшларимизни келажакда ўз ишларига маъсулият билан ёндашишга, раҳбарлик қобилиятини оширишга ва энг муҳими халқ манфаатлари учун хизмат қилишга замин яратади.

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати етакчи мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+